Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Лутфуллоҳ Софий Гулпойигонийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Лутфуллоҳ Софий Гулпойигонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Ҳож Шайх Лутфуллоҳ Гулпойигоний 1337 ҳижрий қамарий йил, 1297 ҳижрий шамсий ва 1919 милодий йилда Эроннинг Гулпойигон шаҳрида дунёга келдилар. Оталари Оятуллоҳ Охунд Мулло Муҳаммад Жавод Софий йирик уламолардан бири бўлиб, кўп китобларнинг муаллифи эди.

Ҳазрат Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний бошланғич таълимотларни, яъни Сарф, Наҳв ҳамда Маоний, Баён ва Бадийъ фанларини ўз ичиган олган Балоғат илмидан иборат Араб тилининг адабиёти, Калом, Тафсир, Ҳадис ва илмий ҳавзанинг сатҳ дарсларини туғилган жойлари бўлмиш Гулпойигон шаҳрида ўқиб тугатдилар. Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний ўзлари туғилган шаҳарда «Қутб» лақаби билан машҳур бўлган Охунд Мулло Абул Қосимдан ҳамда оталаридан илмий ҳавзанинг кўп дарсларини ўргандилар. Кейин Ҳазрат Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний илм-маърифатнинг юқори чўққиларини эгаллаш учун 1360 ҳижрий қамарий йил, 1941 милодий йилда илм-маърифатнинг маркази бўлмиш Қум шаҳрига ҳижрат қилдилар. Оятуллоҳ Гулпойигоний Қум шаҳрига келганларида қуйидаги мужтаҳид устозларнинг теран илм-маърифатларидан баҳраманд бўлдилар:

  1. Оятуллоҳ Саййид Муҳаммад Тақий Хонсорий
  2. Оятуллоҳ Саййид Муҳаммад Ҳужжат Куҳ Камареий
  3. Оятуллоҳ Саййид Садриддин Садр Омилий
  4. Оятуллоҳ Ҳож Саййид Муҳаммад Ҳусайн Буружердий
  5. Оятуллоҳ Ҳож Саййид Муҳаммад Ризо Гулпойигоний.

Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний Қум шаҳрида тўрт йил истиқомат қилганларидан сўнг бир йил давомида Нажаф шаҳарига ҳижрат қилиб, у ердадаги устозларнинг теран илм-маърифатидан баҳраманд бўлдилар. Улар қуйидаги мужтаҳидлардан иборат эди:

  1. Оятуллоҳ Оғо Шайх Муҳаммад Козим Шерозий
  2. Оятуллоҳ Саййид Жамолиддин Гулпойигоний
  3. Оятуллоҳ Шайх Муҳаммад Али Козимий.

Кейин яна Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний Қум шаҳрига қайтиб, у ерда турли соҳалардан Оятуллоҳ Буружердий илмидан қарийб 17 йил баҳраманд бўлдилар. Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний Қум шаҳридаги илмий ҳавзада Олий сатҳ дарсларидан имтиҳон олувчи саноқли олимлардан бири эдилар. Эрон Ислом Инқилоби ғалаба қозонганидан сўнг Ислом давлати конституциясини ёзган кишилардан бири эдилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний «Хубрагонлар Шўроси», яъни мутахассис фуқаҳо ва мужтаҳидлар кенгашига вакил қилиб сайланган мужтаҳидлардан бири эдилар. Эрон Ислом Инқилобининг Буюк Раҳбари ҳамда Ислом ҳокимиятининг асосчиси Ҳазрат Имом Хумайний (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ташаббуси билан «Шўройи Нигаҳбон», яъни Қўриқчилар Кенгаши ташкил этилганидан кейин Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний ушбу Кенгашга етакчилик қила бошладилар. Бу буюк мужтаҳид узоқ йиллар давомида ана шундай юксак масъулиятли ва шарафли лавозим эгаси бўлиб ишладилар ва Эрон Ислом Инқилобидан кейин Ислом ҳукуматига улкан хизматлар кўрсатдилар.

ИЛМИЙ МАВҚЕ ВА МАРЖАЪИЯТ

Бу зот Оятуллоҳ Буружердийнинг шогирдларидан бўлиб, Оятуллоҳ Буружердий томонидан бу мужтаҳидга фиқҳий ва эътиқодий саволларга жавоб бериш ҳамда «Мунтахабул асар», яъни танланган асарлар китобини ёзиш топширилди. Ва шунингдек, Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний Оятуллоҳ Буружердийнинг яқин маслаҳатчиларидан ҳамда фатво бериш кенгаши аъзосидан эдилар. Бу зот Фиқҳ, Усул, Калом, Ҳадис ва Рижол фанларидан дарс бериб, кўп тадқиқот ва изланишларни амалга ошириб ушбу соҳаларда асарлар ёзганлар. Бу мужтаҳиднинг илмий мақомига шиа фуқаҳо ва мужтаҳидларидан Оятуллоҳ Саййид Жамолиддин Гулпойигоний, Оятуллоҳ Саййид Ҳусайн Таботабоий Буружердий, Имом Хумайний ва Оятуллоҳ Саййид Муҳаммад Ризо Гулпойигонийлар алоҳида урғу берганлар.

Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний 1372-ҳижрий шамсий ва 1993 милодий йилдан бошлаб, Оятуллоҳ Саййид Муҳаммад Ризо Гулпойигоний вафотидан кейин МАРЖАИ ТАҚЛИД, яъни унга тақлид қилинадиган мужтаҳид сифатида танилдилар. Зеро, Оятуллоҳ Саййид Муҳаммад Ризо Гулпойигоний ўз васиятномаларида Софий Гулпойигонийни чинакам ва одил мужтаҳид деб атаган эдилар.

ИЛМИЙ АСАРЛАР ВА КИТОБЛАР

Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний Форс ва Араб тилларида саксондан ортиқ илмий китоблар таълиф этганлар. Бу буюк мужтаҳиднинг айрим асарлари инглиз ва урду тилларига таржима қилинган ва айримлари эса “Вилоят йили китоби” ва “Маҳдавит йили китоби” мукофотларига сазовор бўлган. Бу зотнинг ёзган кўплаб мақолалари ҳамда шеърлари журналларда ва турли оммавий ахборот воситаларида нашр этилган.

Ҳазрат Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний умрларининг охири дамларига қадар Аҳли-Байт мактабининг юксалиши учун тинимсиз илмий фаолиятлар юритиб, ниҳоят 2022 йилнинг 1 феврал кунида 103 ёшларида Қум шаҳрида оламдан кўз юмдилар. Бу буюк мужтаҳиднинг васиятларига биноан, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳарамларига дафн этилдилар.

Аллоҳ бу буюк мужтаҳидни Ўз раҳматига олиб, Аҳли-Байт мактаби таълимотларини кенг ёйиш йўлида қилган улкан хизматларини қабул қилсин ва у зотга жаннатнинг юқори даражаларидан жой берсин!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжоний 1346 ҳижрий қамарий йил, 1306 ҳижрий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.