Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Жаъфар Субҳонийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Жаъфар Субҳонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрат Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний 1308 ҳижрий шамсий йилнинг 20 фарвардин ойида, яъни 1929 милодий йил 9 апрелда Эроннинг Табриз шаҳрида туғилдилар. У зотнинг отаси Шайх Муҳаммад Ҳусайн Субҳоний Хиёбоний эди. Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний бошланғич таълимдан сўнг Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” китобларини, “Тарих ал-Мўъжам”, “Нисоб ас-Сибён” ва “Абвоб ал-Жинон” китобларини ўқиб, 14 ёшда Табризнинг “Толибия” номли илмий мадрасага ўқишни давом эттириш учун кирдилар. Ушбу мужтаҳид Араб тилининг адабиёт фанларини Ҳасан Наҳвий ва Али Акбар Наҳвий ҳузурида ҳамда Мутаввал китобининг бир қисмини, Мантиқ, Манзума ва Шарҳи Лумъа китобларини Муҳаммад Али Мударрис Хиёбоний ҳузурида таълим олдилар.

Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний 1325 ҳижрий шамсий йил, яъни 1946 милодий йилда Пешеварий бошчилигида “Демокрот” гуруҳи пайдо бўлиши ва Озарбайжон ҳудудида мухторият ҳукуматининг ташкил топиши билан Оятуллоҳ Субҳоний илм-маърифатнинг маркази бўлган Қум шаҳрига ҳижрат қилиб, “Фароид ал-Асул” китобининг қолган қисмини Муҳаммад Мужоҳидий Табризий (1327-1379 ҳижрий қамарий) ҳамда Мирзо Аҳмад Кофий (1318-1412 ҳижрий қамарий) дарсларидан ва “Кифоятул Усул” китобини эса Оятуллоҳ Гулпойигоний дарсларидан баҳраманд бўлдилар.

Оятуллоҳ Субҳоний Фиқҳ ва Усул дарсларини ўрганиш билан бирга фалсафа, илоҳиёт ва тафсир илмларини ўрганиш билан ҳам шуғулландилар. Ушбу мужтаҳид Табризда “Шарҳу Қавоидул ақоид” китобини Саййид Муҳаммад Бодкубаийдан ўрганиб, Қум шаҳрининг илмий ҳавзасида эса Аллома Таботабоийнинг “Мантиқ” ва “Шарҳи Манзума” ва “Асфорул Арбаъа” дарсларига қатнадилар ва шу билан бирга, Аллома Таботабоийнинг пайшанба ва жума оқшомлари ташкил этиладиган илмий мажлисларида ҳозир бўлардилар. Аллома Таботабоийнинг “Фалсафа асослари ва реализм усули” унвонли китоби чоп этилгач, Алломанинг талабига биноан, Оятуллоҳ Субҳоний ушбу китобни Араб тилига таржима қилдилар. Унинг биринчи жилди Аллома Таботабоийнинг муқаддимаси билан чоп этилди.

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТЛАР ВА ТАДҚИҚОТЛАР

Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний маориф ва маданият соҳасида кўп фаолиятлар юритганлар. Талабаларни ўқитиш ва тарбиялаш, китоблар ёзиш ва ихтисослашган “Калом” таълим муассасасини таъсис этиш шулар жумласидандир.

Оятуллоҳ Субҳоний 1321 ҳижрий шамсий йилдан, яъни 1942 милодий йилдан буён дарс бериб келадилар. Бу мужтаҳид дастлаб Араб адабиётини, яъни Сарф-мофология, Наҳв-синтаксис ҳамда Маоний, Баён ва Бадийъ фанларини, сўнгра бир неча маротаба “Маолим” ва “Ламъатайн” китобларини, етти марта Шайх Ансорийнинг “Фароид ал-Асул”, бир неча маротаба “Макосиб” китобларини ҳамда Охунд Хуросонийнинг “Кифоятул Усул” китобини ва беш марта “Шарҳи Манзума” китобини дарс бердилар ва 1354 ҳижрий шамсий йилдан, яъни 1975 милодий йилдан буён Фиқҳ ва Усул фанларидан «Дарси Хориж», яъни мужтаҳидлик даражасига етиш учун ўрганиладиган юқори поғонада дарс бериб келмоқдалар.

Оятуллоҳ Субҳоний Усул фанининг «Хориж» дарсини беш марта тўлиқ ўтганлар ва Усул фанининг «Хориж» дарсини ҳар бор ўргатиш олти йил давом этган ва ҳозир эса ушбу дарсни олтинчи маротаба ўтмоқдалар. Бу мужтаҳиднинг Усул фанидан берган «Хориж» дарслари тўлиқ шаклда ёзилиб, “Ал-Маҳсул фий илмил Усул” ва “Иршодул Уқул илаа илмил Усул” номи билан 4 жилдда нашр этилган. Ушбу мужтаҳид Фиқҳ фанидан «Хориж» даражасида дарс берганларида закот, ҳудуд, диёт, қазо, музораба (икки марта) макосиби маҳаррамаҳ, хиёрот, ирс (мерос), талоқ, никоҳ ва хумс каби китобларни ўтганлар. Оятуллоҳ Субҳоний Мулло Садронинг “Асфорул Арбаъа” китобидан ҳам дарс берганлар. Ва шунингдек, у зот “Ақоид”, “Рижол”, “Дироя”, “Ислом ва шиа тарихи”, “Милал ва Ниҳал”, “Тафсир” фанларидан ҳам дарс берганлар.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАЪФАР СУБҲОНИЙНИНГ ШОГИРДЛАРИ

Оятуллоҳ Жаъфар Субҳонийнинг узоқ йиллар давомида – қарийб 70 йилга яқин берган таълим ва дарсларидан минглаб инсонлар баҳраманд бўлишган. Улар орасида қуйидаги шахсларни қайд этиш мумкин:

  1. Оятуллоҳ Ризо Устодий
  2. Оятуллоҳ Маҳдий Шабзендедор
  3. Оятуллоҳ Юсуф Сониъий
  4. Оятуллоҳ Ҳодавий Теҳроний
  5. Ҳужжатил Ислом Али Раббоний Гулпойигоний
  6. Ҳужжатил Ислом Абдул Ҳусайн Хусрувпаноҳ

ОЯТУЛЛОҲ ЖАЪФАР СУБҲОНИЙНИНГ ИЛМИЙ АСАРЛАРИ

Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, калом, тарих, фалсафа, милал ва ниҳал (миллатлар ва элатлар), рижол, дироя, адабиёт илмлари, шиалик ақидасини ҳимоялаш, ваҳҳобийликни танқид қилиш ва бошқа мавзуларда диний илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб, бир талай таълифотлар соҳибидир.

Оятуллоҳ Субҳонийнинг айрим асарлари Эрон Ислом Инқилобидан кейин илмий ҳавзанинг дарслик китоблари қаторидан жой олди. Масалан: “Ал-Муҳозарот фил илоҳиёт”, яъни Илоҳиётда маърузалар китоби (ушбу китоб Оятуллоҳ Субҳонийнинг “Ал-Илоҳиёт ъало ҳудал китоби вас-суннати вал-ақл”, яъни Китоб (Қуръон) ва Суннат ва ал-ақл ҳидояти асосидаги илоҳиёт номли 4 жилдлик китобининг қисқача мазмуни бўлиб, Али Раббоний Гулпойигоний томонидан хулоса қилиб ёзилган). Саккиз жилддан иборат “Буҳусун фил-милали ван-ниҳал”, яъни дунёдаги миллатлар ва элатлар хусусидаги баҳслар”, номли китобнинг хулосаси, “Куллиётун фий илмир-Рижол” ва “Усулул ҳадис ва аҳкомуҳу” каби Оятуллоҳ Субҳонийнинг ёзган китоблари эндиликда илмий ҳавзанинг дарслик қўлланмалари сифатида ўргатилади.

ИМОМ СОДИҚ (А.С) НОМЛИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИ ТАЪСИС ЭТИШ

Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний 1370 ҳижрий шамсий йил, яъни 1991 милодий йил Қумнинг илмий ҳавзасида илоҳиёт илмининг ихтисослашган маркази сифатида Имом Содиқ (алайҳис салом) номли олий таълим муассасасига асос солдилар. Ушбу муассасада илоҳиёт илми иккинчи сатҳ даражасида (магистрлик), учинчи сатҳ даражасида (аспирантлик) ва тўртинчи сатҳ даражасида (докторлик) бўйича ихтисослашган бир соҳа шаклида ўқитилади. Шунингдек, ушбу марказ томонидан исломий илоҳиёт журнали нашр этилади.

2007 йил ноябр ойида Абдулкарим Сурушнинг Мишел Ҳубинк билан Қуръон ҳақидаги «Муҳаммад сўзлари» сарлавҳали интервюсидан сўнг Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний Сурушга танқидий мактуб йўлладилар. Сурушнинг Оятуллоҳ Субҳонийга жавоб тариқасида йўлланган “Башар ва Башир” ва “Тўтиқуш ва Ари” номли икки мактуби ҳамда Оятуллоҳ Субҳонийнинг унга жавоб тариқасида “Доктор Суруш Ислом қучоғига қайтсин” ва “Оятуллоҳ Субҳонийнинг Доктор Сурушга иккинчи мактуби” сарлавҳалари билан ёзган икки мактублари чоп этилди. Ушбу айтишувлар 2012 йилда “Ваҳий масаласи” китобида нашр этилди.

2011 йилда Қум шаҳрида бўлиб ўтган илмий ҳавзанинг ўн саккизинчи китоб анжуманида Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний илмий ҳавзанинг атоқли илм арбоби сифатида таништирилиб, илмий ва маданий хизматлари ҳамда дарс берганликлари ва асарлар ёзганликлари учун ушбу анжуманда тақдирландилар.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАЪФАР СУБҲОНИЙНИНГ ИЖТИМОИЙ ВА СИЁСИЙ ФАОЛИЯТЛАРИ

1342 ҳижрий шамсий йилнинг 15 Хурдод ойи, яъни 1963 милодий йил 5 июнда содир бўлган воқеа жараёнида Имом Хумайний ҳибсга олингач, Оятуллоҳ Субҳоний Қум илмий ҳавзаси олимларининг ўша давр ҳукумати бошқарувига ёзган эътирозли мактубини имзолаганлардан бири эди. Шунингдек, бу мужтаҳид 1342 ҳижрий шамсий йилнинг Исфанд ойида, яъни 1964 милодий йилнинг март ойида ўша пайтдаги бош вазир Ҳасанали Мансурга йўлланган мактубни имзолаганлардан бири бўлиб, ушбу мактубда Имом Ҳумайнийни ва бир гуруҳ уламоларни қамоқда сақлаш давом этишига эътироз билдирганди. Оятуллоҳ Субҳоний Имом Хумайнийнинг Туркиядан Нажаф Ашрафга кўчирилиши жараёнида уламоларнинг Имом Хумайнийни ҳимоя этиш учун ёзган мактуби матнига ҳам имзо чеккандилар. Бу мужтаҳид Имом Хумайнийнинг ўғиллари Саййид Мустафо Хумайний вафотидан сўнг Имом Хумайнийга таъзия ва ҳамдардлик билдиргандилар.

ИСЛОМ МАКТАБИ ЖУРНАЛИНИНГ ТАЪСИС ЭТИЛИШИ

Оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний Оятуллоҳ Макорим Шерозий, Мустафо Замоний ва Довуд Илҳомий, Саййид Ҳодий Хусрувшоҳий, Али Ҳужжатий Кермоний, Ризо Гўлсурхий Кошоний ва Ҳож Оғо Мужтабо Ироқий каби уламо фа фуқаҳолар билан бирга “Дорут-Таблиғи Исломий” ташкилотини етакчи бошқарувчиларидан бўлганлар. Ушбу марказ 1344 ҳижрий шамсий йил, 1966 милодий йил Қум шаҳрида Оятуллоҳ Шариатмадорий томонидан диний мубаллиғларни (тарғиботчиларни) тайёрлаш, динга ва шиаликка қарши бўлган тарғиботлар қаршида туриб керакли жавоблар бериш мақсадида ташкил этилганди. Оятуллоҳ Субҳоний ушбу марказни бошқаришга ёрдам кўрсатиб, у ерда дарс берар ва маъруза қилар эдилар.

1337 ва 1338 ҳижрий шамсий йилларда, яъни 1959 ва 1960 йилларда Оятуллоҳ Субҳоний ва бир гуруҳ олимлар ўша даврдаги айрим маржаи тақлид бўлган мужтаҳидлар бошчилигида “Ислом Мактабидан сабоқлар” номли журналга асос солдилар. Оятуллоҳ Субҳоний журналнинг доимий ёзувчиларидан бири эдилар. Бу мужтаҳид ҳозирда ҳам ушбу журнални чоп этиш ҳуқуқига эга бўлиб, журнал унинг назорати остида нашр этилади.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАЪФАР СУБҲОНИЙ АСОСИЙ ҚОНУН МУТАХАССИСЛАРИДАН

Оятуллоҳ Субҳоний Қум илмий ҳавзаси мударрисларининг Паҳлавий режимига қарши айрим эълонларининг остига имзо чекканлар. Бу мужтаҳид Эрон Ислом Инқилобининг ғалаба қозонганидан сўнг халқ овози билан шарқий Озарбайжон вилоятининг Асосий Қонун Мутахассислари Мажлисидаги вакили бўлдилар.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАЪФАР СУБҲОНИЙНИНГ МАРЖАИ ТАҚЛИД БЎЛИШЛАРИ

Оятуллоҳ Субҳоний Оятуллоҳ Шайх Жавод Табризийнинг 2008 йил 19 мартда вафот этишлари билан ва айрим Озарбайжон халқининг талабига биноан ўз “Рисолаи амалийя” китобларини чоп этиб, халқнинг олқишлаши билан маржаи тақлид, яъни халқ томонидан тақлид қилинадиган мужтаҳид сифатида тан олиндилар.

Аллоҳ таоло ушбу мужтаҳидимизнинг умрларини узоқ қилиб, Қуръон ва Аҳли-Байт таълимотларини ўргатиш ва кенг ёйиш йўлидаги улкан хизматлари давом этишида тавфиқ ва марҳамат ато этсин! Омин!

Фойдаланилган манба:

https://fa.wikishia.net/view/%D8%AC%D8%B9%D9%81%D8%B1_%D8%B3%D8%A8%D8%AD%D8%A7%D9%86%DB%8C

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Лутфуллоҳ Софий Гулпойигонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Ҳож Шайх Лутфуллоҳ Гулпойигоний 1337 ҳижрий қамарий йил, 1297 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.