Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ҳазрат Аббос ибн Али (а.с)нинг Карбалодаги фидокорликлари

Ҳазрат Аббос ибн Али (а.с)нинг Карбалодаги фидокорликлари

  Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Азиз ўқувчилар, муҳаррам ойининг 10-куни Ошуро куни бўлиб, ушбу кун азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли неваралари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафоли ёронлари Карбало даштида шаҳид бўлишди.

  Бу қайғули муносабат билан азиз ўқувчиларимизга ва барча мусулмонларга таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳижрий қамарийнинг 61-йили Ошуро кунидаги инқилобий ҳаракатлари ҳаққоният йўлидаги энг олий эътиқодий ва ғоявий қадрият ҳисобланади. Ва бу юксак қадриятни азиз тутганларнинг борар манзили дунё ва охиратдаги иззат-эътибордир.

  Карбалода жилваланган гўзал инсоний қадриятлардан бири, эътиқод йўлида нафснинг барча ҳавою ҳаваслари, ҳатто ширин жондан кечиб, Тангрининг фармонига бўйин эгиш эди. Жавонмардлик маслакида Аллоҳ йўлида инсонлар ҳидояти учун ўз манфаатидан воз кечиш амали – бу ийсор ёки фидокорликдир.

  Ислом таълимотида Аллоҳнинг дини учун ўзининг бутун борлиғи, ҳаттоки, жонини фидо айлашга ҳозир ва Аллоҳнинг розилиги учун ўзининг барча истак ва орзусидан воз кеча оладиган киши «фидокор», деб аталади.

  Парвардигори олам «Ҳашр» сурасининг 9-ояти каримасида Расуллулоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонасида мадиналик фидокорларнинг Маккадан келган муҳожирларни жон-дилдан кутиб олишлари ҳақида шундай буюради:

«وَالَّذِينَ تَبَوَّؤُوا الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِن قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِّمَّا أُوتُوا وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ»

  «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам тутган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга- муҳожирларга берилган нарса – ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар, ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб, (ўзгаларни) ийсор- ихтиёр қилурлар. Кимки, ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, демак, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир.»

  Фидокорлик ва ўзидан кечиш илдизлари инсоннинг эрки ва руҳий қудратига бориб тақалади. Карбало фожиаси Аллоҳнинг ризосини касб этиш учун имом Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) ва ул зотга эргашган фидокор инсонларнинг ҳикоятидир.

  Исломнинг шон-шавкатли тарихининг зарварақларида ўзидан кечиш ва фидокорлик намуналари кўплаб учрайди. Аммо ҳеч бир курашда Ислом мужоҳидлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул зотнинг ёронлари намойиш этган фидокорлик намунасини кўрсатиша олмаган.

  Ошуро куни пешин намози чоғи, содиқ ва вафоли ёронлар имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни тирик қалқон мисоли ажал ёғдирувчи ўқ ёмғиридан тўсиб, имом ҳазратларини муҳофаза қилишди. Имом ҳазратлари намозларини тугатган чоғи, баданига 13 та ўқ қадалган Саид ибн Абдуллоҳ ерга қулаб тушди ва шаҳид бўлди.

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ёронлари орасида ул ҳазратнинг биродарлари, Аббоснинг фидокорлиги ёрқин жилваланиб турарди. Али ибн Абу Толиб (алайҳимас салом) ҳамда уммул Банин хонимнинг фарзанди ҳазрат Аббос имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан 20 ёш кичик эди. Аммо имом ҳазратларига ўзгача меҳр-муҳаббат қўйганди. Имом ҳазратлари ҳам Аббосни жуда-жуда яхши кўрардилар. Ёшлигидан имом Ҳусайн (алайҳис салом) Аббосни эркалаб, оталари Али (алайҳис салом) каби унинг қўлларини ўпардилар. Бир куни Уммул Банин хоним ҳазрат Али (алайҳис салом)дан сўради:

  «Мавлойим, нега фарзандимиз қўлчаларига термулиб, уларни жуда кўп ўпасиз?»

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) маҳзун овозда дедилар:

  «Бу қўллар Аллоҳ йўлида Аббоснинг танидан жудо бўлишади.»

  Ҳазрат Аббос бу борса келмас сафарда иккиланмасдан шаҳидлар саййиди ва сарвари имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ҳамроҳлик қилди.

  Ҳижрий қамарийнинг 61-йили муҳаррам ойининг 10-куни имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёронлари Имом ҳазратларининг буйруқларини сабрсизлик билан кутишарди. Улар бирма-бир жанг майдонига чиқиш учун имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан изн олиб душманга ташланар ва улардан кўпларини ўлдиргач, ўзлари ҳам оғир тан жароҳати олганликлари боис ерга йиқилиб шаҳид бўлар эдилар.

  Шу тартибда, ул зотнинг ҳазрат Аббосдан бошқа ҳеч бир ёронлари қолмаганди. Ҳазрат Аббос ҳам бир неча маротаба имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан жанг майдонига чиқиш учун изн сўради. Чунки, у ҳам жанг майдонига чиқиб сони ўттиз мингдан иборат, баъзи ривоятларга кўра юз мингдан ошиқ душманлар билан олишиб Ҳақ таоло йўлида шаҳид бўлишни сабрсизлик билан кутарди. Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) унга: «Сен менинг лашкарбошимсан. Агар сен ҳам кетсанг, душманлар Ҳусайн ёлғиз қолди деб севинишади», деб ҳазрат Аббосни жангга чиқишдан қайтарардилар.

  Кун ярмидан оққан. Қуёш Карбало саҳросини тандирдек қизитмоқда. Сувсизлик ҳаммани ҳолдан тойдирганди. Чодирлардан чанқаган гўдакларнинг ҳолсиз нолишлари эшитиларди. Ким буларга сув келтиради? Душман томонидан отилаётган ўқ ёмғирига қарамай, сув келтириш учун ўз жонини хатар остига қўйиб, сув келтирадиган киши бормикин?!

  Умидли кўзлар ҳазрат Аббосга қадалганди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари Аббосга юзланиб, ҳорғин бир алфозда дедилар:

  «Укам Аббос, чодирдагилар сувсизликдан ҳолсизланиб қолишган. Уларга бир оз сув келтир.»

  Ҳазрат Аббос чодирдан қуриб қолган мешни олиб чиқди. Болаларнинг кўзларида умид жилваланди. Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қалблари безовта эди.

  Аббос мешни елкага олганча, от чоптириб кетди. Йўлини тўсган душманларни қиличдан ўтказиб, олға босди ва сувнинг бўйига етиб борди. Муздек сувдан қониб ичмоқчи бўлди. Аммо бир фикр чақмоқ каби зеҳнида чақнади:

  «Имом ҳазратлари ташна, имомнинг болалари, гўдаклари ташна, Али Асғар ташнадир. Улар мени кутишаяпти. Менинг бемалол сув ичишим мардоналикка тўғри келмайди.»

  У тезда мешни тўлдириб, отга миниб, орқага қайтди. Ўқ ёмғирдек ёғиларди. Сув тўла меш унга жанг қилиш имконини бермасди. Ногаҳон ўнг тирсагида қиличнинг зарбини сезди. Аббоснинг қўли ажралиб тушди. Аммо у олдинга интилар, сувни ташналикдан жон узиш ҳолатига келиб қолган бегуноҳ болакайларга етказиш учун олдинга талпинарди. Унинг ташна лаблари ушбу қатъий сўзларни такрорлар эди:

  «Агар иккинчи қўлимни кесиб ташласаларинг ҳам мен динимни, пайғамбаримнинг фарзандини ҳимоя қиламан.»

  Шу он шафқатсиз бир зарба Аббоснинг иккинчи қўлини ҳам танидан ажратди. У эпчиллик билан мешни тишлаб олди. Ҳали ҳам сувни етказиш умидида эди. Аммо, афсуски, душманнинг дайди ўқларидан бири мешни тешиб ўтди. Аббоснинг кўз ёшлари равона бўлди. Яна бир ўқ унинг кўзини нишонга олганди. Энди унинг умиди узилди. Отдан қулаб тушди.

  Ҳолсизланган Аббоснинг боши имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг тиззаларида, томоғидан сўнгги садолари сирғалиб чиқарди:

  «Биродарим Ҳусайн, кўзларимдаги қонни артинг. Сўнгги маротаба гўзал чеҳрангизга термулиб боқай. Мени кечиринг, одоб юзасидан кўксимга қўйгали қўлим йўқ.»

  Ҳазрат Аббоснинг шаҳодати Карбало даштини оҳу фиғонга тўлдирди. Бундай даҳшатли Карбало фожеаси Ислом оламида фақатгина бир марта юз берди. Бу даҳшатли фожеанинг ҳақиқий моҳиятини тўла-тўкис тушуниш биз каби ожиз бандалар учун мумкин эмас. Ушбу ҳақиқатни тушуна олганимизда эди, кўз ёш ўрнига қон йиғлаган бўлардик ва бу мусибатнинг нақадар оғир эканига бардош бера олмай, бу фоний оламни тарк этган бўлардик.

أَلَا لَعْنَةُ اللَّـهِ عَلَى الظَّالِمِينَ

«Огоҳ бўлингизким, золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» (Ҳуд сураси, 18-оят)

وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ

«Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билурлар» (Шуаро сураси, 227-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.