Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Нега Имом Ҳусайн (а.с) таъзияларида ё Ҳусейн дея ўзимни уришим керак?!

Нега Имом Ҳусайн (а.с) таъзияларида ё Ҳусейн дея ўзимни уришим керак?!

Ассалому Алайкум Нажот Кемаси Таҳририяти.

Саволим ўз-ўзини уриш ва Синазанлик қилиш ҳақида. Бир дўстим ушбу масала сабаб “Шиа” эътиқодини бошқа эътиқодга ўзгартирибди. Савол шундан иборат: Мен тарихда бўлиб ўтган ўша машъум воқеалардан, яъни Карболо фожиасидан ҳамда Пайғамбаримиз авлодларини хўрланганлари тўғрисидаги кўплаб маьлумотларга эгаман. Аммо нега энди масжидга бориб тўп-тўп бўлиб, дод солиб ё Али ё Ҳусейн дея ўзимни уришим керак?! Ахир уларни бошқа диний услублар билан эслашлик, тазия қилишлик мумкун-ку.

  • Ҳурмат билан
  • Расулбек

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Бир мазҳаб ва ғоянинг тўғри ёки нотўғри эканлигини англаб етиш учун ўша мазҳабнинг ақидасини ва ўз ақидасини исботлаш учун келтирган далил-исботларини чуқур ўрганиш керак бўлади. Агар бирор мазҳабнинг ақида тизими чуқур далил-исботларга асосланган мустаҳкам эътиқод бўлмаса, унда киши ўз ақидасини ўзгартириши ёки бошқа эътиқодга ўтиши мумкин бўлади. Бир мазҳабдаги айрим амалларни ёқтирмаслик сабабли, ўз ақидасини бошқа эътиқодга ўзгартириши тўғри ва оқилона иш эмас, балки аввал ўша ёқтирмаган ишнинг маъно-моҳиятини ўрганишга ҳаракат қилиш керак ва агар ўша амал тўғри маъно-моҳиятга эга бўлмаса, у ҳолда бу иш ўша мазҳабнинг номукаммал ва нуқсонли эканидан дарак беради, деб айтиш мумкин.

Албатта, бу борада Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш, намозда қўлларни боғлаб ўқиш, таҳорат олганда оёқларга масҳ тортиш ўрнига уларни ювиш, намозда сураларни «Бисмиллаҳсиз» ўқиш, намозда Ҳамд сурасини ўқиб бўлгач, «Амин» дейиш, сафарда қаср ва шикаста ўқиладиган 4 ракъатли намозларни тўлиқ ва комил ҳолда ўқиш, иккинчи халифа томонидан Бомдод намозининг азонига «Ассолату хайрумминнавм» деган ибора қўшимча қилиниб, «Ҳаййа ъала хойрил» амал жумласининг олиб ташланиши каби бидъат амалларни мисол қилиб келтириш мумкин. Албатта, бундай амаллар ўша мазҳабнинг номукаммал ва нуқсонли эканини билдиради.

Энди шаҳидлар Саййиди ва Сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг таъзия мажлисларида мотам тутиш ниятида синазанлик қилиш ёки сизнинг таъбирингизча ўз-ўзини уриш масаласига келсак, бу масалани яхшироқ тушиниб олиш учун илк навбатда ул ҳазратнинг Ислом динини сақлаб қолиш учун қилган мислсиз улкан ишларини изоҳлаб бу борада қисқача тушунча берамиз.

Ислом тарихининг гувоҳлик беришича, Ислом динини сақлаб қолишда Саййид аш-Шуҳадо Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ўринлари беқиёс бўлган. Зероки, ул ҳазрат ўзларининг бор-йўғи 72 ёр-асҳоблари ҳамда ўз оила аъзолари ва ака-укаларининг ўсмир фарзандлари ва ёш болаларидан иборат оз сонли кишилар билан ичишга сув ва ейишга бирор озуқа бўлмаган Карбало чўлининг ўта оғир шароитида холис Аллоҳнинг ризолигини истаб, боболари Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келтирган Ислом динини сақлаб қолиш учун Исломнинг ашаддий душмани бўлмиш Язид ва унинг 30 минг сонли қўшинлари қаршисида қаттиқ туриб, Карбало чўлининг жазирама иссиқ ҳавосида ўта сувсиз ва оч ҳолда ўз жонлари ва молу-фарзандларини, бир сўз билан айтганда, бор-йўғларини Аллоҳнинг йўлида фидо ва қурбон қилганлар. Ул ҳазрат ўзларининг мислсиз улкан фидокорликлари билан Ислом умматининг танасига янги ҳаёт ва янги жон бахшида этиб, уларга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда невалари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га хитоб қилиб шундай дедилар:

فَقَالَ رَسُولُ اللّه ِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ: مَرْحَبًا بِكَ يَا أَبَا عَبْدِ اللّه ِ يَا زَيْنَ السَّمَاوَاتِ والْأَرْضِ، فَقَالَ لَهُ أُبَيٌّ: وكَيْفَ يَكُونُ يَا رَسُولَ اللّه ِ زَيْنَ السّماواتِ وَالْأَرْضِ أحَدٌ غَيْرُكَ؟! فَقَالَ لَهُ يَا أُبيُّ، والّذي بَعَثَني بالحَقِّ نَبيًّا إنَّ الحُسينَ بْنَ عَلِيٍّ في السَّمَاءِ أكْبَرُ مِنْهُ في الأَرْضِ؛ فإنَّهُ مَكْتُوبٌ عَن يَمينِ العَرْشِ: مِصْبَاحُ هادٍ وسَفِينَةُ نَجَاةٍ.

«Хуш келибсан, эй Або Абдуллоҳ, эй осмонлар-у ернинг зийнати!». Шунда Убай ибн Каъб у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб сиздан бошқа бирор киши осмонлар-у ернинг зийнати бўла олади?!», деди. Шунда Сарвари олам унга: «Эй Убай, мени ҳақ-ла пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, албатта, Ҳусайн ибн Али ердан кўра осмонда улуғроқдир. Зероки Аршнинг ўнг томонида: «У ҳидоят этувчи чироқ ва нажот кемасидир», деб ёзилган», дедилар.

Манба: Шайх Садуқ, Муҳаммад бин Али бин Бобавайҳ ал-Қуммий, «Камолуддин ва тамомун-Ниъмаҳ», 265-бет, 11-ҳадис.

Шаҳидлар Саййиди ва Сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг холис Аллоҳ таоло учун Унинг сўнгги динини ҳимоя қилиш йўлида тўкилган қонлари мусулмонларнинг ғафлат уйқусидан уйғониб, огоҳ бўлишларига сабаб бўлди ҳамда ушбу огоҳлик золимлар, тоғутлар ва язидийларга қарши кўплаб инқилобий ҳаракатларга олиб келди. Ул ҳазратнинг кўрсатган йўллари ва ғоявий мактаблари ҳозирги кунда ҳам зулму-адолатсизликка қарши курашиш ҳамда дунёнинг эркталаб одамлари онгининг уйғониши ва улар тўғри йўлни топишлари учун ҳидоят маёғи бўлиб келмоқда. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) боболари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг улкан фидокорликлари ҳақида айтадилар:

بَذَلَ مُهْجَتَهُ فِيكَ لِيَسْتَنقِذَ عِبَادَكَ مِنَ الْجَهَالَةِ وحَيْرَةِ الضَّلالَةِ، وقَد تَوَازَرَ عَلَيْهِ مَنْ غَرَّتْهُ الدُّنيَا وبَاعَ حَظَّهُ بِالْأَرْذَلِ الْأَدْنَىٰ.

«У зот [Имом Ҳусайн (алайҳис салом)] Сенинг бандаларингни жаҳолатдан ҳамда залолатда ҳайрону-саргардон бўлиб юришдан қутқариш учун юрак қонини Сенинг йўлингда фидо қилди. Бу дунё уларни алдаб, охиратдаги насибасини бу паст дунёга сотган кишилар у зотга қарши бирлашишди».

Манба: Шайх Абу Жафар Муҳаммад бин Ҳасан Тусий, «Таҳзийбул аҳком», 6-жилд, 113-бет, 201-ҳадис ва шунингдек, Шайх Тусий, «Мисбоҳул мутаҳажжид», 788-бет, 857-ҳадис. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 101-жилд, 331-бет, 2-ҳадис.

Бу ерда шуни таъкидлаб айтиш лозимки, Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) машаққат ва қийинчиликлар билан 23 йил давомида Аллоҳ таоло томонидан олиб келган Ислом дини Сақифа воқеадан кейин Сақифа аҳли томонидан Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари четга суриб қўйилиши билан нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолганди. Чунки, иккинчи халифа ҳисобланмиш Умар ибн Хаттобнинг давридан бошлаб Шом диёрига ҳукмронлик қилиб келаётган Муовия ибн Абу Суфён 41-ҳижрий қамарий йилда расмий равишда Ислом умматига раҳбарлик қилишни ўз қўлига олди. Қурайш қабиласи орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг энг буюк душмани бўлмиш Абу Суфённинг ўғли Муовия ҳукумат тепасига келиши билан Ислом динининг қадриятлари мусулмонлар орасида шу даражада ўзгардики, Исломдан фақатгина қуруқ бир ном қолди, холос. Ушбу ном ҳам Муовия ўлимидан сўнг Язиднинг тахт тепасига келиши билан савол остида қолди. Зероки, Язид отаси Муовия пинҳон ва сир тутиб яширинча бажарадиган майхўрлик ва раққосаларни ўйнатиб айш-ишрат қилиш каби фисқу фужур ва фаҳшо ишларни ошкор қила бошлади. Ҳаттоки Язид ҳукуматни эгаллагач, бирданига ҳамма ҳақиқатларни инкор этиб шундай деди:

«لَعِبَتْ هاشِمُ بِالْمُلْكِ فَلاَ                        خَبَرٌ جآءَ وَلاَ وَحْيٌ نَزَلْ»

«Ҳошимийлар (Пайғамбарни назарда тутган) подшолик билан ўйин қилишди. Ҳеч қандай хабар осмондан келгани йўқ ва ҳеч қандай ваҳий ҳам нозил бўлган эмас!».

Шунинг учун Язид Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўринларига ўтириб, ўзини Ислом умматининг халифаси ҳамда мусулмонларнинг сиёсий ва диний раҳбари деб таништирганида, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) унинг раҳнамолигини инкор этиб, унга байъат қилишдан бош тортиб шундай дедилар:

«إنَّا للهِ وَإنَّا إلَيْهِ رَاجِعُونَ وَعَلَي الإِسْلَامِ السَّلَامُ إذْ قَد بُلِيَتِ الأُمَّةُ بِرَاعٍ مِثْلَ يَزِيدَ وَلَقَدْ سَمِعْتُ جَدِّي ‏رَسُولَ اللهِ‏ «ص‏» يَقُولُ: الخِلَافَةُ مُحَرَّمَةٌ عَلَي آلِ أبِي سُفيَانَ‏»

«Шубҳасиз, биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтувчидирмиз. Исломга салом бўлсин, яъни Ислом билан видолашмоқ лозим. Зероки, Ислом уммати Язид каби ҳукмдорга мубтало бўлди. Шубҳасиз, мен бобом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шундай деганларини эшитганман: «Халифалик Абу Суфён хонадонига ҳаром этилгандир».

Энди Ислом дини нобуд ва маҳв бўлиш ҳолатига келиб қолган бир пайтда Сарвари оламнинг неваралари ва мусулмонларнинг учинчи пешвоси Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзининг оз сонли ёр-асҳоблари билан ўта оғир бир шароитда Аллоҳ таолонинг энг сўнгги ва комил дини бўлмиш Ислом динини сақлаб қолиш учун оёққа турдилар ва ўз жонларини инсоният учун фидо қилиб, инсониятнинг зулматли, қоронғу ва нотекис йўлини ёритиб, барчага ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатдилар. Шу билан бирга, ул ҳазрат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун Унинг йўлида фидокорлик ва жонбозлик қилиш қандай бўлишини дунёдаги барча эркталаб ва ҳақиқатни изловчи кишиларга кўрсатиб бердилар.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтганларидек, ҳақиқатан ҳам Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Аллоҳнинг бандаларини жаҳолатдан ҳамда залолатда ҳайрону-саргардон бўлиб юришдан қутқардилар. Натижада, ул ҳазратнинг инқилобий ҳаракатлари ва ғоявий мактабларидан илҳомланиб, ўша даврнинг ўзидаёқ Бани Уммайя ҳукмронлигининг зулму-адолатсизлигига қарши оёққа туриб курашиш мусулмонлар орасида юзага келди ва оқибат кўп ўтмай, Бани Уммайя ҳукмронлигининг ағдарилишигача етиб борди. Ҳаттоки ҳозирги кунда ҳам Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатлари ва ғоявий мактабларидан илҳомланиб, зулму-адолатсизликка қарши курашиш дунёнинг эркталаб одамларига улкан таъсир кўрсатган. Бунга Англиянинг мустамлакачилигига қарши шаклланган Ҳиндистондаги озодлик ҳаракатини мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу озодлик ҳаракатининг раҳбари Маҳатма Гандий ўзининг Англия мустамлакачилигига қарши курашувида Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатлари ва ғоявий мактабларидан илҳом олганини айтади.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Аллоҳ таоло йўлида Унинг динини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилганликларида ҳеч бир шак-шубҳага ўрин йўқдир. Ва Аллоҳ йўлида жонини фидо қилган кишига Ислом динида «ШАҲИД» дейилади. Шаҳид бўлган кишилар ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:

وَلَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ قُتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتًا ۚ بَلْ أَحْيَاءٌ عِندَ رَبِّهِمْ يُرْزَقُونَ ﴿١٦٩﴾‏ فَرِحِينَ بِمَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَيَسْتَبْشِرُونَ بِالَّذِينَ لَمْ يَلْحَقُوا بِهِم مِّنْ خَلْفِهِمْ أَلَّا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ ﴿١٧٠﴾‏

«Аллоҳнинг йўлида ўлдирилган кишиларни зинҳор ўлганлар деб ҳисобламангиз! Балки улар тириклардир! Улар Парвардигорлари ҳузурида ризқланурлар. Улар Аллоҳ Ўз фазлу-раҳматидан уларга берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига, уларга ҳеч хавф-хатар йўқлиги ҳамда ғамгин ҳам бўлмасликлари ҳақида хушхабар берурлар». (Оли Имрон сураси, 169 ва 170-оятлар)

Ислом динида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг амакилари ҳазрати Ҳамза (алайҳис салом) ҳамда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га Саййид аш-Шуҳадо, яъни шаҳидларнинг Саййиди ва Сарвари деб ном берилган. Демак, 1400 йил муқаддам шаҳид бўлган кишига аза тутишнинг маъноси нима? деган саволга жавобан Қуръони Каримнинг ушбу оятлари аниқ маъно ва тушунчани баён этган. Ва шунингдек, Қуръонда ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)ни имтиҳон қилиш учун ўз фарзанди ҳазрати Исмоилни қурбон қилиши ҳақида берилган хабар аслида ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг наслидан бўлган Имом Ҳусайннинг Карбало чўлида шаҳид бўлиши билан ушбу катта қурбонлик амалга ошишини бизга эслатиш бўлган:

وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ ﴿١٠٧﴾

«Биз унинг [ҳазрат Исмоилнинг] ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик». (Соффот сураси, 107-оят)

Энди юқорида айтилганларга биноан, Ислом умматининг Саййид аш-Шуҳадоси бўлган Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза ва мотам тутишнинг аҳамияти нақадар улкан экани ошкора маълум бўлади. Чунки, шаҳидлар Саййиди ва Сарвари учинчи пешвоимиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳамда у ҳазратнинг вафоли ёр-асҳобларига мотам тутишдан кўзланган мақсад пайғамбаримиз Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда ул зот Аҳли-Байтларининг таълимот ва кўрсатмаларини ёдга олиб, қайта жонлантириш ва ул зотларнинг кўрсатган йўлларидан боришга бардавом ва мустаҳкам эканлигимизни изҳор қилишдир. Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عَلِيِّ بْنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ فَضَّالٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَ الرِّضَا عليه السلام: «مَنْ تَذَکَّرَ مُصَابَنَا وَبَكَىٰ لِمَا ارْتُکِبَ مِنَّا کَانَ مَعَنَا فِي دَرَجَتِنَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَمَنْ ذُکِّرَ بِمُصَابِنَا فَبَكَىٰ وَأَبْكَىٰ لَمْ تَبْكِ عَيْنُهُ يَوْمَ تَبْکِي الْعُيُونُ وَمَنْ جَلَسَ مَجْلِساً يُحْيَا فِيهِ أَمْرُنَا لَمْ يَمُتْ قَلْبُهُ يَوْمَ تَمُوتُ الْقُلُوبُ»

«Ким бизнинг мусибатимизни эслаб, бизга нисбатан қилинган ишлар учун кўз ёш тўкса, у қиёмат кунида бизнинг даражамизда биз билан бирга бўлади. Кимки бизнинг мусибатимизни ёдга олиб йиғласа ва йиғлатса, кўзлар йиғлайдиган кунда [қиёмат кунида] унинг кўзи йиғламайди. Кимки бизнинг кўрсатмаларимиз жонлантириладиган мажлисда ўтирса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди».

Манба: Шайх Садуқ, «Амолий», 73-бет.

Ушбу мотам ва таъзия маросимларини ўтказишдан кўзланган яна бир мақсад зулм ва адолатсизликка қарши курашишдир, яъни Ашуро ҳаракатини жонлантириш золимлар ва тоғутларга қарши туриш руҳиятини шакллантиришга ва уни сақлаб қолишга ҳамда инқилобий ғоянинг доимий равишда тарғиб қилинишига сабаб бўлиб, инсонларда довюраклик ва фидойилик руҳини парваришлайди. Бироқ баъзилар бундай ҳақиқатни тушунишдан ожизлар.

Қуръони Карим оятларига кўра ҳамда кўпгина ҳадиси шарифларга кўра, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан кейин боболари Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), оталари ҳазрати Али (алайҳис салом), оналари ҳазрати Фотима Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ва акалари Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) билан бирга Барзах оламидаги жаннатда бўлсалар, лекин шунга қарамай, нега ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутилади?! Нимага дин пешволари бўлган маъсум имомларимиз ҳам Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мусибатлари ҳар йили янгиланиши керак ва ул ҳазратнинг муборак номларини сақлаб қолиш учун мотам мажлислари ўтказилиши керак, деб чуқур кўрсатмалар берганлар?!

Шак-шубҳасиз, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ислом динида бир амалий мактаб яратдилар. Шу боис, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) исломий ҳаракатларнинг амалий намунасидирлар. Бизнинг диний пешволаримиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом) асос солган мактаб ва ғоянинг тирик ва жонли давом этишини хоҳлаганлар. Улар Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзининг ширин, теран маъно-мазмунли ва эҳтиросли чақирувлари билан йилига бир марта инсонлар онгида қайта жонланишини истаганлар!

Бу ерда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Карбало заминига кириб келганда, айтган ҳаётбахш ва нажотбахш чақирувларини кўздан кечирамиз:

«ألاَ تَرَوْنَ أنَّ الْحَقَّ لا يُعْمَلُ بهِ، وأنَّ الْبَاطِلَ لا يُتَنَاهَىٰ عَنْهُ، لِيَرْغَبِ المُؤمنُ في لِقَاءِ اللّه ِ مُحِقًّا، فإنِّي لا أَرَى المَوْتَ إلَّا سَعَادَةً، ولا الْحَيَاةَ مَعَ الظَّالِمِينَ إِلَّا بَرَمًا».

«Ҳақ ва тўғриликка амал қилинмаётганини ҳамда ботил ва ёмонликдан қайтарилмаётгини кўрмаяпсизми? Ҳақиқатан ҳам мўмин шундай бир вазиятда Аллоҳ [ва ўлим] билан юзма-юз бўлишга интилиши керак. Зеро, мен [бундай вазиятда] ўлимни бахт-саодатдан бошқа нарса эмас ва золимлар билан яшашни эса ранж ва қайғу-ҳасратдан бошқа нарса эмас, деб биламан».

Манба: Хатиб Хоразмий, «Мақталул Ҳусайн», 2-жилд, 5-бет. Ҳасан ибн Шуъбаҳ ал-Ҳароний, «Туҳафул уқул», 245-бет.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Карбало заминида ул ҳазратга қарши тўпланган ўттиз минг оламон қаршисида туриб, ул зотнинг ўзи ҳамда хонадони аҳли ўта оғир вазиятга дучор бўлган ҳолда мардона курашдилар. Дунё аҳли бундай мардона зотни ҳеч қачон кўрмаган. Ул ҳазрат шундай ўта оғир ва машаққатли бир шароитда зулму-зўравонлик қаршисида қаттиқ туриб дедилар:

«ألَآ إنَّ الدَّعِيَ ابْنَ الدَّعِيَ قَدْ رَكَزَ بَيْن اثنَتَيْنِ، بَيْنَ السِّلَّةِ والذِّلَّةِ وهَيْهَاتَ مِنَّا الذِّلَّةُ».

«Огоҳ бўлингизким, пасткашнинг ўғли бўлмиш пасткаш кимса мени икки йўл ўртасида бирини танлашга ундади; қилич тортиб ўлим билан юзланиш ёки хорликни қабул қилиб унга тан бериш! Зиллат-хорлик биздан йироқдир!».

Манба: Хатиб Хоразмий, «Мақталул Ҳусайн», 2-жилд, 6-бет. Ибн Асокир, «Тарихи Дамашқ», 14-жилд, 219-бет.

«خُطَّ المَوْتُ عَلَىٰ وُلْدِ آدَمَ مَخَطَّ القِلَادَةِ عَلَىٰ جِيدِ الفَتَاةِ».

«Ўлим одам фарзандлари бўйнига қизларнинг бўйнидаги тақинчоқ сингари тақиб қўйилган».

Манба: Хатиб Хоразмий, «Мақталул Ҳусайн», 2-жилд, 6-бет. Ибн Асокир, «Тарихи Дамашқ», 14-жилд, 219-бет.

قالَ الإمامُ الحسينُ عليه السلام: «مَوْتٌ فِي عِزٍّ خَيْرٌ مِنْ حَيَاةٍ فِي ذُلٍّ».

«Иззатли ҳолдаги ўлим хорликдаги ҳаётдан кўра яхшироқдир».

وأنشَأ عليه السلام يَومَ قُتِلَ:

Ва шунингдек, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлишларидан олдин ушбу сўзларни айтдилар:

المَوْتُ خَيْرٌ مِنْ رُكوبِ العَارِ

وَالْعَارُ أَوْلَىٰ مِن دُخُولِ النَّارِ

واللّه ِ ما هذا وهذا جاري.

«Ўлим шарманда ҳаётдан яхшироқдир ва шармандалик эса дўзах оловига киришдан афзалдир. Аллоҳга қасамки, мен на шарманда ҳаётга, на дўзах оловига йўл қўймайман».

Манба: Ибн Шаҳр Ошуб, «Ал-Маноқиб», 4-жилд, 68 ва 110-бетлар. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 44-жилд, 192-бет, 4-ҳадис.

Бизнинг диний пешволаримиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутиш билан ул ҳазратнинг ушбу бебаҳо сўзлари одамларнинг онгига сингиб, тирик ва мангу қолишини хоҳлаганлар. Улар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг амалий мактаблари, тарбиявий ҳаракатлари ва юксак маданиятлари тирик ва мангу қолишини истаганлар. Диний пешволаримиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг довюрак, қўрқмас ва шижоатли руҳининг нури Ислом умматини қамраб олишини хоҳлаганлар.

Карбало заминида ҳақ билан ботил ўртасидаги тўқнашув жараёнида Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га кўп оғир бало-мусибатлар, машаққат ва қийинчиликлар ҳамда ғам-кулфатлар кескин тарзда ортиб оғирлашиб бораверди. Шундай ўта оғир ва қийин бир пайтда Имом ҳазратларининг Аллоҳ таоло ирода ва истаги баробарида сабрлилик ва таслим бўлмоқлик ҳолатлари ҳамда Яратган Зотнинг ризолигига рози бўлмоқлик даражалари ортарди. Ул ҳазрат бало-мусибатлар ҳамда машаққат ва қийинчиликлар энг чўққига чиққан бир пайтда муборак юзларини Карбало заминининг қизиган тупроқларига қўйиб, Аллоҳ таолога шундай дуо-илтижо қилдилар:

«إلهِي! رِضًا بِرِضَاكَ، صَبْرًا عَلَىٰ بَلَائِكَ، تَسْلِيمًا لِأَمْرِكَ، لَا مَعْبُودَ سِوَاكَ، يَا غِيَاثَ المُسْتَغِیثِینَ».

«Эй Аллоҳим, Сенинг ризолигингга розиман. Балоларга сабр қиламан. Сенинг амр-фармонингга таслимман. Сендан ўзга маъбуд йўқдир! Эй ёрдам сўровчиларга ёрдам берувчи Зот!».

Ушбу ҳидоят ва нажот сари етакловчи илоҳий чақириқ ва кўрсатмалар инсонлар онгида мангу қолиши учун ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза тутилиши керак! Аҳли-Байт издошлари ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутишлари ва ул ҳазратнинг бошларига тушган оғир бало-мусибатларни эслашлари билан ҳамма ҳолатларда, айниқса бало-мусибатлар ва қийинчиликларга дуч келганда, Аллоҳ таолонинг амр-фармонига таслим бўлиб, фақат Унгагина бандалик қилишни ўрганадилар.

Демак, ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутишнинг фалсафаси жуда аниқ ва равшан. Бундай ҳақиқатнинг унутилишига йўл қўймаслигимиз керак. Зероки, бизнинг маънавий ҳаётимиз шунга боғлиқ ҳамда бизнинг инсонийлигимиз ва номус-у шарафимиз шунга боғлиқ. Зероки, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг ҳидоят ва нажот сари етакловчи теран мазмунли ва бебаҳо сўзлари ила ҳамда зулму адолатсизликка қарши бўлган инқилобий ҳаракатлари билан нафақат мусулмонларни, балки бутун дунё аҳлини қайта жонлантирдилар ва агар ул ҳазратнинг инқилобий ҳаракатлари бўлмаганида, бизнинг ҳеч нарсамиз бўлмас эди. Шу тариқа, биз шаҳидлар Саййиди ва Сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутиш билан ул ҳазрат бизга кўрсатган ва таълим берган Ислом динини сақлаб қола оламиз!

Биз Аҳли-Байт издошлари бўлган мусулмонлар ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутиш билан Аллоҳнинг инсонлар ҳидояти ва нажоти учун танлаган Валийси ва Ҳужжатига вафодор бўлиб, Унинг йўлида жон-у молимизни фидо қилишга тайёр бўламиз ҳамда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг 72 нафар ёр-асҳоблари каби вафоли ва художўй инсонлар бўлиб тарбия топамиз. Токи замонамиз Соҳиби ва Пешвоси бўлган Аллоҳнинг сўнгги Валийси ва Ҳужжати Имом Маҳдий (алайҳис салом) ғойибликдан чиқиб, дунё аҳлига раҳнамолик қилганларида ул ҳазратнинг ҳақиқий ёр-асҳобларидан бўлиб, молимиз ва жонимизни ул ҳазратнинг йўлларида фидо қила олайлик. Бир сўз билан айтганда, Имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳам боболари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) каби ёр-асҳобсиз ва аскарсиз ёлғиз қолиб, шаҳид бўлишларига йўл қўймаймиз. Бундай вафодорлик, фидоийлик ва художўйлик руҳини ўзимизда шакллантиришимиз учун ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатларида кўз ёши тўкиб, аза тутамиз.

Биз Аҳли-Байт издошлари бўлган мусулмонлар ҳар йили Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га таъзия ва мотам тутишимиз билан ўзимизда ул ҳазратга нисбатан руҳий ва маънавий боғлиқлик яратамиз ва мотам мажлисида ул ҳазратни хотирлаб маърифат ва чуқур тушунча билан кўз ёши тўкиб йиғлашни тавбанинг бир тури деб билиб, Аллоҳ таоло томонидан гуноҳларимиз мағфират қилинишига ишонамиз. Чунки, хато-камчиликларидан пушаймон бўлиб, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) азаларида кўз ёши тўкиб йиғлаган киши гуноҳларидан тавба қилувчи ҳисобланади. Бу ҳақда саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) айтадилар:

فَعَلَىٰ مِثْلِ الحُسَيْنِ فَلْيَبْكِ الْبَاكُونَ فَإنَّ البُكَآءَ عَلَيْهِ يَحُطُّ الذُّنُوبَ الْعِظَامَ.

«Йиғлайдиганлар Имом Ҳусайн каби зотга йиғласинлар! Зероки Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га йиғлаб кўз ёши тўкиш катта гуноҳларни парчалаб инсонни поклайди».

Манба: Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 44-жилд, 284-бет.

Шуни унутмаслик лозимки, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни ёдга олиб, мотам тутиш учун ўтказиладиган мажлисларда ул ҳазратнинг инқилобий ҳаракатлари ва ғоявий мактабларини изоҳлаб беришда Қуръон Карим оятларининг таржима ва тафсиридан фойдаланиб, Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ва ул зот Аҳли-Байтларининг ҳидоятбахш каломлари жуда кўп тилга олинади. Шу боис, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза тутиш учун ташкиллаштирилган мажлис шубҳасиз, мавъиза ва насиҳат мажлиси бўлиб, ҳар бир инсоннинг қалби нуронийлашиши ва маънавий жонланиши учун бундай мавъиза мажлисига эҳтиёж сезади. Шунинг учун, шаҳидлар Саййиди ва Сарвари бўлган Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза тутишнинг хайр-баракотларидан бири оқибати яхши ва хайрли бўлган пок инсонлардан бўлиш ҳамда нопок ва гуноҳ ишлардан сақланишдир.

Хуллас, Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари бўлган диний пешволаримиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мотам мажлисларини ҳар доим шукуҳли ва жонли ташкил этишга ва уни сақлаб қолишга чақирганлар ва бу иш айни ҳақиқатдир. Демак, Имом Ҳусайн ибн Али (алайҳис салом)га тутиладиган мотамнинг ҳақиқатан ҳам тўғри ва олий даражали фалсафаси ва чуқур маъно-мазмуни бор. Биз бу йўлда қанча саъй-ҳаракат қилсак-да, бу ишдан кўзланган мақсад ва маънони тўғри тушиниб етиш шарти билан албатта, ўринли ва хайрли ишни амалга оширган бўламиз.

Энди бизнинг жонимиз, молимиз ва аҳли оиламиздан ҳам биз учун азиз ва қадрли бўлган учинчи илоҳий пешвоимиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қай тарзда мотам тутиш мумкин? деган савол ўртага келади. Бошқа таъбир билан айтганда, ул ҳазратга аза ва мотам мажлиси барпо этганда синазанлик қилиш, яъни ўз кўксига уриш мумкинми? Ва ушбу амал тўғри иш ҳисобланадими?

Ушбу ингичка ва қалтис саволга жавобан, дастлаб шуни айтиш лозимки, синазанлик қилиш мотам тутишнинг кенг тарқалган бошқа усуллари қатори одамлар ўз дарду-ғамини изҳор этиш учун табиий усул сифатида қўлланиб келган. Инсон табиати шундайки, қачон у мусибат кўриб ғамгин ва маҳзун бўлса, йиғлайди ёки дод солиб нола қилади ёхуд ўзининг кўксига уриш каби синазанлик ҳолатини ўзидан намоён этади. Худи шундай инсон табиати шундайки, у хурсанд бўлган ва қувонган вақтда табассум қилади ёки кулади.

Энди Аллоҳ таоло бизнинг ҳидоят ва нажот топишимиз учун тайин этган учинчи пешвоимиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Карбало чўлида бошларига тушган бало-мусибатлар шунчаки оддий бир мусибат бўлмаган, балки Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларининг юқоридаги ҳадиси шарифларида Ислом умматига «ОСМОНЛАР-У ЕРНИНГ ЗИЙНАТИ» ҳамда «ҲИДОЯТ ЭТУВЧИ ЧИРОҚ ВА НАЖОТ КЕМАСИ» деб таништирган буюк бир илоҳий раҳбарни ўзини мусулмон деб билганлар ўта фожеали тарзда ўлдиришган. Шунинг учун, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)дек буюк зотга аза ва мотам тутганимизда, кўз ёши тўкиб йиғлаш билан бирга кўксимизга ҳам урамиз (синазанлик қиламиз) ва бу ишни шариати исломия қонунига биноан, жоиз деб биламиз. Чунки, бу иш ўзига зарар етказиш ҳисобланмайди. Ҳатто биз етарли далилларга кўра, бундай тарзда мотам тутишни савобли амал деб ҳисоблаймиз. Зеро, биз шаҳидлар Саййиди ва Сарвари бўлган Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бу тарзда таъзия ўтказиш ва мотам тутишни ўн иккинчи илоҳий пешвоимиз Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг нуроний каломларидан англаб етганмиз.

Ул ҳазрат ўзларининг «Ноҳия ал-Муқаддасаҳ» номли зиёратиларида боболари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га хитоб қилиб айтадилар:

«فَلَئِنْ أَخَّرَتنِى الدُّهُورُ وَعَاقَنِى عَن نَّصرِكَ المَقدُورُ وَلَم أَكُن لِمَن حَارَبَكَ مُحَارِبًا وَلِمَن نَّصَبَ لَكَ الْعَدَاوَةَ مُنَاصِبًا فَلَأَنْدُبَنَّكَ صَبَاحًا وَمَسَآءً، وَلَأَبْکِيَنَّ عَلَيْكَ بَدَلَ‏ الدُّمُوعِ‏ دَمًا، حَسْرَةً عَلَيْكَ وَتَأَسُّفًا عَلَىٰ مَا دَهَاكَ وَتَلَهُّفًا، حَتَّىٰ أَمُوتَ بِلَوْعَةِ الْمُصَابِ وَغُصَّةِ الِاکْتِيَابِ‏».

«Агарчи замонлар мени кечиктириб, илоҳий тақдир мени сизга ёрдам беришдан тўсган бўлса ва мен сиз билан жанг қилганларга қарши жанг қилувчи бўлмаган ҳамда сизга адоват ва душманлик қилганларга қарши турмаган бўлсам-да, лекин мен эртаю кеч сизни эслаб фарёд этиб йиғлайман ва сизнинг мусибатингизда кўз ёшлар ўрнига қон йиғлайман. Менинг бундай йиғлашим сизнинг бошингизга тушган оғир мусибатдан ҳасратланганим ва сизни қамраб олган бало-мусибатлардан афсусланганим ва қайғурганим учундир. Токи мен бу мусибатларнинг қайғу-аламидан ва шиддатли ғам-ғуссадан жон бергайман».

Манба: Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 101-жилд, 238-бет.

Албатта, биз Аҳли-Байт издоши бўлган мусулмонлар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутганда ҳаддидан ошиб, тиғ, ханжар ва қилич каби кесувчи асбобларни бошга ва елкаларга уриб қон оқизишни тўғри ва жоиз иш деб билмаймиз. Зероки, бу иш Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам тутишдан кўзланган мақсад ва маънога ҳамоҳанг ва монанд эмасдир. Бундан ташқари, шиа мазҳабини бошқаларга суст ва асоссиз қилиб кўрсатади. Шунинг учун, фуқаҳо ва мужтаҳидларимиз Аҳли-Байт издошларини бу ишдан қайтарганлар. Лекин юқоридаги: «Нега энди масжидга бориб тўп-тўп бўлиб, дод солиб ё Али ё Ҳусейн дея ўзимни уришим керак?!», деб сўралган саволга берган жавобларимиздан ташқари яна шуни ҳам қўшимча қилишимиз керакки, Ислом тарихида айтилишича, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳамма ёр-асҳоблари Карбало чўлида шаҳид бўлгач, ул ҳазрат қарши томонда турган мусулмонларга юзланиб баралла:

«هَلْ مِن نَّاصِرٍ يَنصُرُنِي؟ هَلْ مِنْ ذَابٍّ يَذُبُّ عَنْ حَرَمِ رَسُولِ الله؟»

«Менга ёрдам берадиган бирор ёрдамчи борми? Расулуллоҳнинг ҳарамларини [хонадонлари аҳлини] ҳимоя қиладиган бирор ҳимоячи борми?», деб ёрдамга чақирдилар.

Манба: Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 45-жилд, 46-бет.

Шунда жуда оз кишилар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ушбу чақириқларига «Лаббайка» деб ижобий жавоб бериш билан ул ҳазрат томонларига ўтишди. Лекин кўпчилик мусулмонлар Язиднинг зулм-у адолатсизлигига қарши чиқиб кўксини қалқон қилган Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам бермай ва ҳимоя қилмай, ул ҳазратнинг қонини Карбало заминига тўкишди. Энди ўзингиз айтинг-чи, бундан ҳам каттароқ ва улканроқ гуноҳ бормикан?! Бундан ҳам оғирроқ ва каттароқ мусибат бормикан?!

Биз Аҳли-Байт издошлари бўлган мусулмонлар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ўта оғир мусибатларида масжидга бориб шукуҳли ва улкан мотам мажлислар ташкил этиб, тўп-тўп бўлган ҳолда дод солиб ё Али, ё Заҳро, ё Ҳусейн дея шунчалар кўп кўз ёши тўкиб кўксимизга урамизки, то Карбало заминида маъсум имомнинг бошига ёғилган бундай оғир бало-мусибатлар дунёда қайта содир бўлишига ва яна такрорланишига йўл қўйилмасин ҳамда бутун дунё аҳли Аллоҳ таолонинг ер юзидаги сўнгги Ҳужжати ва Валийси бўлган ўн иккинчи илоҳий пешвоимиз Имом Маҳдий (алайҳис салом) ғойибликдан чиқиб келганларида, ул зотнинг ҳузурларида ўзларини қандай тутиши кераклигини билиб олишсин!

Юқоридаги сўралган саволда ёки тўғрироғи илгари сурилган шубҳада: «Ахир уларни бошқа диний услублар билан эслашлик, тазия қилишлик мумкун-ку!», деб таклиф қилинган. Агар ушбу таклифдан мурод Қуръони Карим суралари ҳамда оятларини ўқиб, улардан ҳосил бўлган савоб-у самараларни Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг руҳи покларига бағишлаш бўлса, у ҳолда ушбу таклифга жавобимиз қуйидагича:

Биринчидан, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) сизнинг Қуръони Карим оятларини ўқиб ул ҳазратга бағишлашингизга асло муҳтож эмаслар. Чунки, ул ҳазрат боболари Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), оталари ҳазрати Али (алайҳис салом), оналари ҳазрати Фотима Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ва акалари Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) билан бирга Барзах оламидаги жаннатдалар ва биздек ожиз бандаларнинг хайрли ва савоб ишларига сира эҳтиёж сезмаслар, балки биз бу моддий дунёда ғафлат ва бехабарликка учраб, маънавий ўлимга дучор бўлган қалбимизни қайта жонлантириш ва нуронийлаштириш учун Имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатларини эслаб кўз ёши тўкиб, таъзия ўтказиш ва мотам тутишга муҳтожмиз. Чунки, биз ожиз бандалар Аллоҳ таоло томонидан тайин этилган «ҲИДОЯТ ЭТУВЧИ ЧИРОҚ ВА НАЖОТ КЕМАСИ»га ҳар доим эҳтиёж сезамиз.

Иккинчидан, Ислом тарихига кўра, Карбало воқеасидан сўнг Язид қўшинлари Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларини хилофат маркази бўлган Шом диёрига асир қилиб олиб келишди. Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ва Имом Зайнулобидин (алайҳис салом) ўзларининг Шом заминидаги оташин ва бедор этувчи нутқлари билан Шом аҳлини Пайғамбар Аҳли-Байтларининг бошига келтирилган бало-мусибатлардан хабардор қилгач, халқ орасида кўп шов-шувлар пайдо бўлиб, Язид ҳокимиятининг пойдевори тебраниб қолди. Зеро, Аҳли-Байтнинг бошларига келтирилган ушбу бало-мусибатларга Язиднинг атрофидаги кишилари ва ҳатто унинг айрим оила аъзолари ҳам йиғлай бошлашди. Шунда ҳокимияти тебраниб қолганини кўрган Язид асир қилиб олиб келинган Пайғамбар Аҳли-Байтларига сиз бизнинг меҳмонимизсиз, деди ва бундан кейин Аҳли-Байтнинг асирликлари тугади. Язид ўзини оқлаш учун:

«Мен Куфа ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёдга Пайғамбар Аҳли-Байтларини қатл этгин, деб буюрмаган эдим. Унинг ўзи бу ишни ўз ёнидан қилиб ҳаддидан ошган», деди. Ҳолбуки, Язиднинг бу сўзлари ёлғон эди. Чунки, Аҳли-Байт бошларига келтирилган бало-мусибатлар Язиднинг тўғридан-тўғри буйруғи билан амалга оширилган эди. Кейин Язид яна ўз қилмишини оқлаш ва жамоатчиликни алдаш учун бир неча масжидларда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам ва таъзия мажлислари ўтказишни буюрди. Лекин Язид мотам ва таъзия мажлисларида мусулмонлар ўртасида фақат Қуръон тарқатилиб, фақат Қуръон ўқилсин ва ҳеч қандай баҳс-суҳбатлар бўлмасин, яъни Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни ким ўлдирди ва нима учун ўлдирди? деб ҳеч ким савол бермасин, деб кўрсатма берди.

Энди ҳурматли биродар, сизнинг Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мотам ва таъзия мажлисларини ташкил этиш учун берган таклифингиз, айнан ул ҳазратнинг қотили ва душмани бўлган Язиднинг таклифидир. Албаттаки, бундай бемантиқ ва бемаъни таклифнинг рад этилиши маълум.

Сўзимиз сўнггида шуни таъкидлаб айтиш жоизки, ҳидоят ва нажот йўли фақат Сарвари коинот Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот Аҳли-Байтларига эргашиш ва у улуғ зотларнинг кўрсатган йўлларидан бориш бўлиб, ушбу улуғ зотларни қўйиб бошқаларга эргашиш эса ҳидоят ва нажот йўлидан узоқлашиб, залолат ва гумроҳлик йўлига қадам қўйишдир. Зеро, Аллоҳ таоло у буюк зотларни бутун инсоният учун раҳнамо ва йўлбошчи этиб танлаган. Биз шиалар ушбу улуғ зотларни қабул қилиб, уларни жонимиз, молимиз ва аҳли оиламиздан ҳам кўпроқ яхши кўрганимиз учун у буюк зотларнинг хурсандчиликларида хурсандмиз ва уларнинг мусибатларида эса азадор ва ғамгинмиз. Ҳаётимизни бу улуғ зотларга маънавий боғланиш асосида шакллантириб, нуроний ҳолда давом эттирамиз. Бешинчи илоҳий пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) «Зиёрати Ашуро»да бизга ўргатганларидек қўлимизни дуога кўтариб, Парвардигори оламдан:

«أَللّٰهُمَّ اجْعَلْ مَحْيَاي مَحْيَا مُحَمَّدٍ وَآلِ مُحَمَّدٍ وَمَمَاتِي مَمَاتَ مُحَمَّدٍ وَآلِ مُحَمَّدٍ».

«Эй Аллоҳим, менинг ҳаётимни айнан Муҳаммад ва Оли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаётларидек қилгин ва ўлимимни ҳам айнан Муҳаммад ва Оли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўлимларидек қилгин», деб сўраймиз.

Ушбу маълумотни қуйидаги тугманинг устига босиб қўйиш билан юклаб олишингиз мумкин: 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.