Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза тутиш бидъат амал бўлиб, мусулмончилик хулқига тўғри келмайдими?!

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га аза тутиш бидъат амал бўлиб, мусулмончилик хулқига тўғри келмайдими?!

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Охирги кунларда салафийлик ёхуд тўғрироғи ваҳҳобийлик ақидасининг тарафкашлари Аҳли-Байт издошларининг шаҳидлар Саййиди ва Сарвари бўлган Имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатларида азадор бўлиб, кўз ёш тўкишлари ҳақида айрим шубҳаларни илгари суриб, ўзларининг ғаразли фикр-мулоҳазаларини билдиришган. Биз ушбу асаримизда дастлаб айтилган шубҳаларни тўлиқ келтириб, бу борада ўзимизнинг илмий-таҳлилий жавобларимизни тақдим этгаймиз:

«Рофизийлар, шиалар ва бошқа фирқаларнинг бидъат йўлларига тушмаслиги керак, йиғлаб-сиқтаб, фарёд кўтариб, аза тутишлар ярамайди. Чунки бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқига тўғри келмайди. Агар мусулмончилик хулқида дод-фарёд солиб, ўнгу сўлга қарамай ҳар ёққа лаънатлар ёғдириб мотам тутиш бўлсайди, Ҳусайннинг бобоси, коинотнинг қуёши – Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) вафоти куни бунга лойиқроқ эди».

Ушбу шубҳага жавобан илк навбатда шуни айтиш лозимки, шиаларнинг Муҳаррам ойида Имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатларини хотирлаб мотам ва таъзия маросимларини барпо этишлари уларнинг Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларига бўлган чуқур муҳаббатлари учундир. Бу борада Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда бизга шундай кўрсатма берган:

﴿قُل لَّا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْرًا إِلَّا الْمَوَدَّةَ فِي الْقُرْبَىٰ﴾

[Эй, Муҳаммад (с.а.о), мусулмонларга] айтгин: «Мен сизлардан бу даъватим эвазига ажр-мукофот эмас, фақат яқинларимга [Аҳли-Байтимга] муҳаббатли бўлишнигина сўрайман, холос» (Шўро сураси, 23-оят).

Ушбу ояти каримага биноан, Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларига бўлган муҳаббатимиз сабабли уларнинг бошларига келтирилган бало-мусибатларни ёдга олиб, кўз ёши тўкиб йиғласак ва аза тутсак, бидъат йўлларига тушган бўламизми?! Лекин агар бошқа тоифадаги мусулмонлар сингари юқоридаги оятга амал қилмай, Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларига нисбатан бепарво ва бефарқ бўлсак, унда ҳидоят ва тўғри йўлда юрган мусулмонлар саналамизми?! Қандай ҳам асоссиз ва бемаъни гап!!

Биз яшаётган ҳозирги кунда Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларига қандай йўл билан меҳр ва муҳаббат кўрсатишимиз мумкин? Агар у улуғ зотларни, уларнинг қиёматгача тенги бўлмаган фидокорликларини, Ислом умматининг ҳидояти учун қилган улкан ишларини хотирлаш ҳамда уларнинг мусибатларида ғамгин ва азадор бўлиб, у улуғ зотларнинг хотираси ва номини сақлаб қолишдан бошқа қандай йўл билан Аҳли-Байтга бўлган меҳр-у муҳаббатимизни изҳор этишимиз мумкин? Бошқалар каби бефарқ ва бепарво бўлиш билан нимага эришишимиз мумкин?!

Агар Сарвари коинот Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўрсатмалари асосида ул зотнинг Аҳли-Байтларига азадор бўлиб, таъзия очсак, унда «бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқига тўғри келмайди», деган гап қай даражада ўринли бўлади, деб ўйлайсиз?!

Шубҳасиз, Ислом тарихида ачинарли ва унутилмас мусибатлардан бири Карбало заминида рўй берган Ашуро кунининг ўта оғир ва дардли воқеасидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу воқеа ҳақида кўп маротаба сўз очиб, унинг қандай содир бўлишини олдиндан хабар бериш чоғида неваралари Имом Ҳусайннинг мазлум ҳолда шаҳид бўлишига кўз ёш тўкиб йиғлаганлар. Зероки ул зот Ислом уммати кейинчалик дуч келадиган воқеа-ҳодисалардан ваҳий ва илоҳий илм орқали хабардор бўлиб, ушбу ҳақиқатларни турли ўринларда мусулмонларга айтиб берардилар. Шу боис, ул зот Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг келажакда шаҳид бўлиши ва унинг Ислом уммати орасидаги улкан таъсири ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ لِقَتْلِ اَلْحُسَيْنِ حَرَارَةً فِي قُلُوبِ اَلْمُؤْمِنِينَ لاَ تَبْرُدُ أَبَداً».

«Албатта, Ҳусайннинг қатл этилиши мўминлар қалбида ҳеч қачон совимайдиган ҳароратни юзага келтиради».

Манба: Муҳаддис Нурий, «Мустадракул васоил», 10-жилд, 318-бет, 12084-ҳадис.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг таваллуд топган кунида йиғлайдилар. Бу ҳақда Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий, Али ибн Ҳусайн (а.с)дан ва ул ҳазрат Асмо бинти Умайсдан шундай ривоят қиладилар:

«Мен Ҳасан ва Ҳусайн туғилганида бувингиз Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг дояси эдим. Ҳусайн (а.с) дунёга келганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менга: «Эй Асмо, боламни менинг ёнимга олиб кел», дедилар. Ҳусайнни оқ матога ўраб, ул зотнинг қўлларига бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) боланинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтдилар. Сўнг болани қучоқларига олиб йиғладилар! Шунда мен ул зотга ота-онам сизга фидо бўлсин! Нега йиғлаяпсиз? дедим. У ҳазрат менга: «Ўғлимга йиғлаяпман!», дедилар. Мен ул зотга: Бола эндигина туғилган бўлса, дедим. У зот: «Эй Асмо, бир гуруҳ золимлар ўғлимни ўлдирадилар. Аллоҳ таоло шафоатимни уларга ато этмасин!», дедилар. Кейин ул ҳазрат: «Эй Асмо, буни Фотимага айтмагин! Чунки унинг эндигина кўзи ёришган», дедилар».

Манба: Ҳофиз Абул Муаййид Хоразмий, «Мақталул Ҳусайн», 1-жилд, 88-бет, олтинчи фасл: Ҳасан ва Ҳусайн фазилатлари.

Исломдаги ушбу мотам мажлиси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уйларида Имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатида ўтказилган биринчи мотам мажлиси эди. Ўша кунга қадар дунё аҳли боланинг туғилган кунида қувонч-шодлик ва хурсандчилик мажлиси ўтказиш ўрнига мотам мажлиси ўтказилганини ва янги туғилган боланинг дастлабки соатидаёқ, қувонч ила табриклаш ўрнига боланинг шаҳид бўлиши ҳақида хабар берилишини эшитмаган эди! Тарих Одам Ато алайҳиссаломдан то қиёматгача бундай воқеа-ҳодисани кўрмаган! Фарзанд дунёга келган илк чоғдаёқ қувончли совғалар ўрнига фарзанднинг Карбало заминида ўта аянчли ва фожеали тарзда қатл қилиниши ҳақида олдиндан хабар берилгани тарих бўйлаб Имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан бошқа ҳеч бир киши ҳақида келмаган!

Аҳли суннатнинг йирик ҳадисчи олимларидан бўлган Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн» номли китобида Умму Фазлдан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг дунёга келишлари ҳақида шундай ривоят қилади:

Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига шарафёб бўлиб, кеча жуда қўрқинчли туш кўрганимни у зотга айтдим. У зот менга: «Тушингни айтиб бер», дедилар. Мен дедим: Тушимда сизнинг муборак танангиздан бир парча узилиб, менинг этагимга тушганини кўрдим! Шунда ул ҳазрат дедилар:

«رأيت خيرًا تلد فاطمه غلامًا فيكون في حجرك. فولدت فاطمة الحسين فكان في حجري كما قال رسولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ فدخلت يومًا إلى رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ فوضعته في حجره ثمَّ حانت منِّي إلتفاته فإذًا عينا رسول اللّه تهرقان من الدموع فقلتُ: يا نبيَّ اللّه بأبى أنت وأمِّي ما لك؟ قال: أتاني جبرئيل عليه الصَّلاة والسَّلام، فأخبرني أنَّ أُمَّتي ستقتل ابني، فقلت هذا؟ فقال: نعم وأتانى تربةً من تربته حمراءَ».

«Яхши туш кўрибсан! Фотима ўғил бола дунёга келтиради ва у бола сенинг этагингда катта бўлади». Орадан бироз вақт ўтгач, Фотима Ҳусайнни дунёга келтирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтганларидек бола менинг қарамоғимда эди. Бир куни мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига бориб, болани у зотнинг қучоқларига қўйдим. Кейин у зот болани эркалаётиб, ногаҳон муборак кўзлари ёшга тўлиб йиғладилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, отам ва онам сизга фидо бўлсин! Сизга нима бўлди?», дедим. Шунда ул зот дедилар:

«Жаброил (алайҳис салом) менинг ёнимга келиб, умматим ўғлим Ҳусайнни ўлдириши ҳақида менга хабар берди. Шунда мен: «Бу боламними?», дедим. Жаброил (алайҳис салом): «Ҳа, шу болангизни», деди ва менга унинг [Карбалонинг] тупроғидан бўлган бир қизил тупроқ берди».

Ҳоким Нисобурий ушбу ҳадисни ривоят қилгач, айтади:

«هذا حديث صحيح على شرط الشيخين ولم يخرجاه».

«Ушбу ҳадис Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг шартига кўра, саҳиҳ саналади, гарчи у иккаласи ушбу ҳадисни ривоят қилмаган бўлсалар-да».

Манба: Ҳоким Нишобурий, «Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн», 3-жилд, 176-бет. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 14-жилд, 197-бет. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», 6-жилд, 258-бет. Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 12-жилд, 123-бет. Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 3-жилд, 8-бет. Ибн Саббоғ Моликий, «Ал-фусулул муҳиммаҳ фий маърифатил аиммаҳ», 2-жилд, 760-бет. Миқризий, «Имтоъул асмоъ», 12-жилд, 237-бет. Солиҳий Шомий, «Субулул ҳудо вар-рошод», 10-жилд, 154-бет.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Уммул Мўминин [мўминларнинг онаси] Умму Саламанинг уйларида Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Карбало заминидаги мусибатини хотирлаб азадор бўладилар. Бу ҳақда Умму Салама шундай ривоят қилганлар:

Ҳасан ва Ҳусайн менинг уйимда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўз олдиларида ўйнаб юришганди. Шу пайт ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) ерга тушиб Пайғамбарга деди:

«يا محمَّد! إنَّ أمَّتك تقتل ابنك هذا من بعدك فأومأ بيده إلى الحسين فبكى رسول اللّه صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ و وضعه إلى صدره ثمَّ قال رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ وديعةٌ عندك هذه التربة وقال رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ يا أمَّ سلمة إذا تحوَّلت هذه التربة دمًا فاعلمي أنَّ ابني قد قتل».

«Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз бу ўғлингизни сиздан кейин ўлдиради, деб қўли билан Ҳусайнга ишора қилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йиғладилар-да, Ҳусайнни қучоқлаб, бағриларига босдилар. Сўнг ул зот менга: «Бу тупроқ сенинг наздингда омонат бўлсин!», дедилар-да, сўзларида давом этиб: «Эй Умму Салама, қачон бу тупроқ қонга айланса, билгинки, ўғлим Ҳусайн ўлдирилган бўлади», дедилар».

Манба: Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр Ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 189-бет, Бобу маноқибил Ҳусайн ибн Али.

Уммул Мўминин [мўминларнинг онаси] Умму Салама онамиз ушбу воқеани қуйидагича ҳам ривоят қилганлар:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم جالسًا ذات يوم في بيتي، فقال: لا يدخل عليَّ أحد، فانتظرت فدخل الحسين رضي الله عنه، فسمعت نشيج رسول الله صلى الله عليه وسلم يبكي، فاطلعت فإذًا حسين في حجره والنبي صلى الله عليه وسلم يمسح جبينه وهو يبكي، فقلت: والله! ما علمت حين دخل، فقال: إنَّ جبريل عليه السلام كان معنا في البيت فقال: تحبُّه؟ قلت: أما من الدُّنيا فنعم، قال: إنَّ أمتك ستقتل هذا بأرض يقال لها كربلا، فتناول جبريل عليه السلام من تربتها فأراها النَّبيَّ صلى الله عليه وسلم، فلمَّا أحيط بحسين حين قتل، قال: ما اسم هذه الأرض؟ قالوا: كربلاء، قال: صدق الله ورسوله أرض كرب و بلاء.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир куни менинг уйимда ўтиргандилар. Шунда у зот менга: «Ҳеч ким менинг олдимга кирмасин», дедилар. Мен қараб тургандим. Ҳусайн разияллоҳу анҳу уйга кириб келди. Шунда мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг йиғи товушларини эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, Ҳусайн у зотнинг қучоқларида ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йиғлаган ҳолда унинг пешонасини силаб-сийпардилар. Шунда мен: «Аллоҳга қасамки, Ҳусайннинг кириб келганини пайқамабман!», дедим. У зот: «Уйда Жаброил (алайҳис салом) биз билан бирга эди. Шунда у менга: «Бу фарзандингизни севасизми?», деди. Мен: «Ҳа, бу дунёда албатта», дедим. У менга: «Умматингиз бу фарзандингизни Карбало деган заминда ўлдиради», деди. Шунда Жаброил (алайҳис салом) у ернинг тупроғидан бир оз олиб, уни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га кўрсатди. Имом Ҳусайн ҳар томондан қуршаб олиниб ўлдирилаётган пайтда: «Бу ернинг номи нима?», деб сўрадилар. Ул ҳазратга: Бу ернинг номи «Карбало», деб айтилди. Имом Ҳусайн: «Аллоҳ ва Унинг Расули тўғри сўзладилар. Бу ер бало ва мусибатлар заминидир», дедилар».

Манба: Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 3-жилд, 108-бет. Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр Ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 188-бет, Бобу маноқибил Ҳусайн ибн Али.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Уммул Мўминин [мўминларнинг онаси] Оиша онамизнинг уйида ҳам Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мусибатини ёдга олиб йиғладилар. Бу ҳақда Оиша онамиз ривоят қилиб айтадилар:

Бир куни ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб, Аллоҳ таоло томонидан ул зотга ваҳий келтирди. Шу пайт Ҳусайн Пайғамбарнинг ёнларига келди-да, ул ҳазратнинг елкаларига ва белларига чиқиб ўйнай бошлади. Ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) у зотга деди:

«يا محمَّد! إنَّ أُمَّتك ستفتن بعدك وتقتل ابنك هذا من بعدك ومدَّ يده فأتاه بتربةٍ بيضاءَ وقال: في هذه الأرض يقتل ابنك اسمها الطَّفُّ. فلمَّا ذهب جبرئيل خرج رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ إلى أصحابه والتُّربة في يده وفيهم أبوبکر وعمر وعليّ وحذيفة وعمَّار و أبوذر وهو يبكي، فقالوا: ما يُبكِيك يا رسولَ اللّه! فقال: أخبرنى جبرئيل أنَّ ابني الحسين يُقتل بعدي بأرض الطَّفِّ وجائني بهذه التربة فأخبرني أنَّ فيها مضجعَه».

«Эй Муҳаммад, умматингиз сиздан кейин фитналар қилиб, бу ўғлингизни ўлдиргайлар. Шунда Жаброил (алайҳис салом) қўлини чўзиб, оқ рангли тупроқ олиб келиб деди: «Сизнинг ўғлингиз шу заминда ўлдирилади. У ернинг исми Тафдир! [Карбало чўлига «Таф» ҳам дейилади]». Ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёнларидан кетгач, ул зот қўлларида ўша тупроқни тутиб йиғлаган ҳолда Абу Бакр, Умар, Али, Ҳузайфа, Аммор ва Абу Зардан иборат бир гуруҳ саҳобалар олдига чиқдилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг йиғлашингизга нима сабаб бўлди?», деб сўрашди. Ул ҳазрат уларга: «Ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) ўғлим Ҳусайннинг мендан кейин «Таф» деган заминда ўлдирилиши ҳақида менга хабар бериб, ушбу тупроқни менга олиб келди ва унинг қабри ўша ерда бўлиши ҳақида менга хабар берди», дедилар».

Манба: Мовардий, «Иъломун-Нубувваҳ», 83-бет. Ибн Ҳажар Ҳайтамий, «Ас-Савоиқул муҳриқаҳ», 192-бет, 3-фасл: Ҳусайн ибн Али ҳақидаги ҳадислар. Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр Ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 188-бет, Бобу маноқибил Ҳусайн ибн Али. Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 3-жилд, 107-бет.

Ушбу маъно-мазмунда Уммул Мўминин Оишадан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда у зотнинг саҳобалари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлишлари ҳақида хабардор бўлганларида кўз ёш тўкиб йиғлайдилар. Бу ҳақда Аҳли суннатнинг буюк олимларидан бўлган Ибн Аъсам ал-Куфий Ибн Аббосдан ривоят қилади:

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг икки ёшли гўдаклик чоғлари эди. Пайғамбар (с.а.в) сафарга ҳозирлик кўраётиб, сафарнинг илк қадамларидаёқ ногаҳон тўхтаб: إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчилармиз», дедилар-да, муборак кўзларидан ёш оқиб йиғладилар. Саҳобалар у зотнинг йиғлашлари сабабини сўрашганида, у зот уларга:

«هذا جبرئيل يخبرني عن أرض بشط الفرات يقال لها کربلا يقتل فيها الحسين بن فاطمة».

«Бу Жаброил (алайҳис салом) Фурот дарёси бўйидаги Карбало деб айтиладиган ер ҳақида менга хабар бермоқда. Фотиманинг ўғли Ҳусайн ўша ерда ўлдирилар экан».

Саҳобалар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қотили ҳақида сўрашганида, у зот шундай дедилар:

«رجل يقال له يزيد وكأنِّي أنظر إلى مصرعه ومدفنه».

«Фарзандимнинг қотили Язид деган кишидир. Гўё мен Ҳусайннинг ўлдирилган ва дафн этилган жойини кўриб тургандекман».

Кейин Сарвари олам ғамгин ва хафа ҳолда сафарни давом эттирмай, Мадинага қайтдилар. Ул зот хутбаларини тугатгач, ўнг қўлларини Имом Ҳасаннинг бошига, чап қўлларини эса Имом Ҳусайннинг бошига қўйдилар. Сўнгра муборак қўлларини осмонга кўтариб:

«أَللّهُمَّ، إنَّ مُحَمَّدًا عَبدُكَ ورَسولُكَ ونَبِيُّكَ، وهذانِ أطائِبُ عِترَتي، وخِيارُ ذُرِّيَّتي وأرومَتي، ومَن أُخلِفُهُما في اُمَّتي، وقَد أَخبَرَني جَبرَئيلُ أنَّ وَلَدي هذا مَقتولٌ مَخذولٌ، أَللّهُمَّ فَبارِكْ لَهُ في قَتْلِهِ، وَاجعَلهُ مِن ساداتِ الشُّهداءِ، أَللّهُمَّ ولا تُبارِك في قاتِلِهِ وخاذِلِهِ، وأَصْلِهِ حَرَّ نارِكَ، وَاحشُرهُ في أسفَلِ دَرَكِ الجَحيمِ».

«Эй Аллоҳим, Муҳаммад Сенинг банданг, элчинг ва пайғамбарингдир. Ва бу иккиси менинг Аҳли-Байтимнинг покизалари ва зурриётимнинг танланганлари ҳамда менинг аслим ва илдизимдирлар. Мен бу иккисини умматим орасида ворисим ва давомчим қилиб қолдираман. Жаброил (алайҳис салом) бу ўғлимнинг ўлдирилиши ва ёрдамчисиз қолдирилиши ҳақида менга хабар берди. Эй Аллоҳим, Ҳусайнга шаҳидликни муборак этгин ва уни шаҳидлар сарвари қилгин! Эй Аллоҳим, унинг қотилига ҳам, хорловчисига ҳам хайр-барака ато этмагин! Уни Ўз дўзахингнинг ҳароратли оловига киргизгин ва унга жаҳаннамнинг энг паст даражасидан жой бергин», дедилар.

قال: وَضجَّ النَّاس في المسجد بالبكاء. فقال النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ:

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сўзлари бу ерга етгач, масжидда ҳозир бўлган кишилар баланд овозда фарёд кўтариб йиғлай бошлашди. Шунда Сарвари коинот уларга юзланиб:

«أَتَبْکُونَ وَلَا تَنْصُرُونَهُ؟».

«Йиғлайсизлар-у, унга ёрдам бермайсизларми?», дедилар. 

ثم نزل علي المنبر ولم يبق أحد من المهاجرين والأنصار إلَّا واستيقن أنَّ الحسين مقتولٌ.

Сўнгра Пайғамбар (с.а.в) минбардан тушдилар. Муҳожир ва ансорлардан иборат саҳобалардан бирор киши қолмадики, Имом Ҳусайннинг шаҳид бўлишига ишонч ҳосил қилмаган бўлсин.

Шундан сўнг ул зот масжиддан ташқарига чиқдилар ва бир неча вақтдан сўнг у зотнинг ранглари ўзгарган ва юзлари қизарган ҳолда масжидга қайтиб келиб, кўзлари ёшли ҳолда дедилар:

«اأَيُّهَا النَّاسُ إنِّي خَلَّفْتُ فِيكُمُ الثَّقَلَيْنِ كِتَابَ اللّهِ وعِتْرَتِي أَهْلَ بَيْتِي ومِزَاجَ مَائِي وثَمَرِي، لَن يَّفْتَرِقَا حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ، وإنِّي لا أَسْأَلُكُمْ في ذَلِكَ إلَّا مَا أَمَرَنِي رَبِّي أَنْ أَسْأَلَکُمُ الْمَوَدَّةَ في الْقُرْبَىٰ، فَانْظُرُوا أَن لَّا تَلْقُونِي غَدًا عَلَى الْحَوْضِ، وقَدْ أَبْغَضْتُمْ عِتْرَتِي وظَلَمْتُمُوهُمْ».

«Эй одамлар, мен сизларнинг орангизда икки қимматбаҳо нарсани қолдираман; Аллоҳнинг китоби – Қуръон ҳамда Аҳли-Байтим, хонадоним аҳлидир. Улар менинг ҳаётим суви билан қоришган ва вужудим меваси бўлган кишилардир. Бу иккиси Кавсар ҳовузи ёнида менинг ҳузуримга кириб келгунга қадар зинҳор бир-биридан ажралмас. Ва мен фақат Парвардигорим менга буюрган нарсанигина сиздан сўрайман, холос. У ҳам бўлса, Аҳли-Байтимга нисбатан муҳаббатли бўлишингиздир. Демак, қарангиз, эртага қиёмат кунида Кавсарнинг ёнида менинг Аҳли-Байтни ёмон кўрган ва уларга зулм-жабр қилган ҳолингизда мен билан учрашмангиз».

Манба: Аҳмад ибн Аъсам ал-Куфий, «Ал-Футуҳ», 4-жилд, 326-бет. Ибн Намо Ҳиллий, «Мусийрул аҳзон», 18-бет. Саййид ибн Товус, «Ал-Луҳуф фий қотлаа аттуфуф», 14-бет.

Аҳли суннатнинг юқоридаги мўътабар манбаларида келган ҳадиси шарифлардан пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) мусибатларида аза тутишнинг асосчиси эканликлари ҳамда Карбало фожеасини хотирлаб азадор бўлиш Пайғамбаримиздан бизга МЕРОС ва СУННАТ эканлиги ва натижада ушбу амал бидъат эмаслиги ошкора маълум бўлади. Ҳаттоки, юқоридаги ривоятга кўра, Сарвари оламнинг саҳобалари ул зотдан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га нисбатан Карбало заминида рўй берадиган фожеа ва мусибатларни эшитганларида фарёд кўтариб, баланд овозда йиғлайдилар.

Юқоридаги маълумотлардан ташқари, «йиғлаб-сиқтаб, фарёд кўтариб, аза тутишлар ярамайди. Чунки бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқига тўғри келмайди», деб айтилган гап нақадар асоссиз ва бемаъни эканлигини билиш учун эътиборингизни Уммул Мўминин Оишанинг аза тутиши ҳақидаги ривоятга жалб этамиз:

Аҳмад ибн Ҳанбал ўзининг «Ал-Муснад» номли китобида Уммул Мўминин Оишадан шундай ривоят қилади:

«مات رسول الله صلى الله عليه وسلم … وقمت ألتدم، أضرب صدري، مع النِّساء وأضرب وجهي».

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафот этганларида аёллар билан бирга йиғлаб-сиқтаб, кўксимга урар ва юзимга урар эдим».

Манба: Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 6-жилд, 274-бет. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 2-жилд, 441-бет. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», 2-жилд 323-бет. Ибн Ҳишом Ал-Ҳумайрий, «Ас-Сийратун Набавийяҳ», 4-жилд, 1069-бет. Ибн Касир, «Ас-Сийратун Набавийяҳ», 4-жилд, 477-бет ва яна Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», 5-жилд, 261-бет.

Хўш, энди ўзингиз айтинг-чи, Уммул Мўминин Оиша онамизнинг Сарвари коинот вафот этганларида йиғлаб-сиқтаб, фарёд кўтариб, кўксига ва юзига уриши бидъат бўлганми?! Оиша онамиз бу ишлари билан бидъат амални бажарганларми?! Ва бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқига тўғри келмайди, деб айтишга журъат эта оласизми?!

Яна бу борада «Саҳиҳи Бухорий» китобида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан сўнг у зотнинг нуридийдалари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) оталарининг мотамларида куюниб, нола қилиб кўз ёши тўккан ҳолда аза тутганлари ҳақида шундай ривоят қилинган:

٤١٩٣ – حدثنا سليمان بن حرب: حدثنا حماد، عن ثابت، عن أنس قال: لَمَّا ثَقُلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جعل يتغشاه، فقالت فاطمة عليها السلام: واكرب أباه، فقال لها: «لَيْسَ عَلَى أَبِيكَ كَرْبٌ بَعْدَ اليَوْمِ». فلما مات، قالت: يا أبتاه، أجاب ربا دعاه، يا أبتاه، من جنة الفردوس مأواه، يا أبتاه، إلى جبريل ننعاه. فلما دفن، قالت فاطمة عليها السلام: يا أنس! أطابت أنفسكم أن تحثوا على رسول الله صلى الله عليه وسلم التراب.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хасталиги оғирлашиб, у зотнинг беморлик оғриғи ҳушдан кетиш ҳолатларига етгач, Фотима (алайҳас салом) дедилар: Оҳ, отам қанчалар дард чекмоқдалар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қизларига: «Бугундан кейин отангга дарду азоб бўлмас», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафот этганларида, Фотима (алайҳас салом): «Эй отажон, отам Парвардигорнинг даъватини ижобат этдилар. Эй отажон, жаннатул Фирдавс отамнинг жойларидир. Эй отажон, отамнинг вафотлари хабарини Жаброил (алайҳис салом)га айтурмиз», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дафн этилгач, Фотима (алайҳас салом): «Эй Анас, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг устларига тупроқ ташлашга кўнглингиз бўлдими?!», дедилар».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 67-Китобул Мағозий, 78-Бобу марозун-Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва вафаатуҳу, 4193-ҳадис.

Энди яна айтинг-чи, аёлларнинг саййидаси ва сарвари бўлган ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) оталари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вафотларида куюниб, нола қилиб азадор бўлишларини ҳам бидъат деб билиб, бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқига тўғри келмайди, деб айта оласизми?!

Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) билан бирга Ибн Аббос Карбало диёридан ўтаётганларида қаттиқ йиғлаганлари ҳақида Аҳли суннатнинг мўътабар манбаларида айтилган. Ибн Аббос бу ҳақда шундай ривоят қилади:

Биз Сиффийн жангида ҳазрати Али (алайҳис салом) билан биргаликда Найнаво [Карбалонинг бошқа номи] диёридан ўтаётганимизда, ул ҳазрат менга дедилар:

«يا ابن عباس! أتعرف هذا الموضع؟ قلت له: ما أعرفه يا أميرالمؤمنين فقال عليه السَّلام: لو عرفته كمعرفتي لم تكن تجوزه حتَّى تبكي كبكائي، قال: فبکى طويلاً حتَّى اخضلَّت لحيته وسالت الدموع على صدره وبكينا معاً وهو يقول: أوه أوه مالي ولآل أبي سفيان، مالي ولآل حرب، حزب الشَّيطان وأولياء الکفر صبراً أبا عبداللّه… ثمَّ بکى بكاءً طويلًا وبكينا معه حتَّى سقط لوجهه وغشَّ عليه طويلًا ثمَّ أفاق».

«Эй Ибн Аббос, бу ерни танийсанми? Мен: «Йўқ, бу ерни танимайман эй мўминлар амири», дедим. Шунда ул ҳазрат: «Агар мен таниганимдек бу ерни танисанг эди, менинг йиғлаганимдек йиғламай туриб бу ердан ўтмасдинг», дедилар. Ибн Аббос айтади: Кейин ул ҳазрат узоқ йиғладилар, токи соқоллари ҳўл бўлиб, кўз ёшлари кўксиларига оқди ва биз ҳам у зот билан бирга йиғладик. Ҳазрати Али (алайҳис салом) йиғлаган ҳолда: «Ажабо! Абу Суфён хонадонининг ва Ҳарб хонадонининг, шайтон гуруҳи ва куфр авлиёларининг мен билан нима иши бор!», дедилар ва сўзларида давом этиб: «Эй Абу Абдуллоҳ, [фарзандим Ҳусайн,] сабр қилгин», дедилар-да, кейин узоқ йиғладилар ва биз ҳам ул ҳазрат билан бирга йиғладик. Токи, у зот [кўп йиғлашдан] юзлари билан ерга йиқилиб, узоқ вақт ҳушдан кетдилар. Сўнгра ул ҳазрат ўзларига келдилар».

Манба: Сибт ибн Жавзий, «Тазкиратул хавос», 225-бет. Ҳофиз Абул Муаййид Хоразмий, «Мақталул Ҳусайн», 162-бет.

Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) Карбало заминидан ўтаётганларида у ерда тўхтаб келажакда рўй берадиган Карбало фожеасини хотирлаб ҳушдан кетгунча узоқ ва қаттиқ йиғлашларини бидъат амал деб билиб, бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқига тўғри келмайди, деб айтишга тилингиз борадими?!

Бу ҳақда шиа ва аҳли суннатнинг ҳадисий ва тарихий китобларида кўплаб ҳадислар ва ривоятлар келган. Ҳатто айрим Улул-Азм [мустақил шариат ва китоб соҳиби бўлган] пайғамбарларнинг Карбало заминидан ўтаётганда у ерда тўхтаб, сўнгги пайғамбар Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фарзанди шаҳид бўлиши ҳақида хабар бериб йиғлаганликлари ҳадисий ва тарихий китобларда айтилган.

Энди «агар мусулмончилик хулқида дод-фарёд солиб, ўнгу сўлга қарамай ҳар ёққа лаънатлар ёғдириб мотам тутиш бўлсайди, Ҳусайннинг бобоси, коинотнинг қуёши – Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) вафоти куни бунга лойиқроқ эди», деган гапга келсак, дастлаб шуни айтмоқлик лозимки, шиалар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларига зулм қилган золим кимсаларга лаънатлар айтишлари Аллоҳнинг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримнинг кўрсатмасига биноандир. Қуръони Каримда бу борада шундай марҳамат қилинган:

﴿وَنَادَىٰ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ أَصْحَابَ النَّارِ أَن قَدْ وَجَدْنَا مَا وَعَدَنَا رَبُّنَا حَقًّا فَهَلْ وَجَدتُّم مَّا وَعَدَ رَبُّكُمْ حَقًّا ۖ قَالُوا نَعَمْ ۚ فَأَذَّنَ مُؤَذِّنٌ بَيْنَهُمْ أَن لَّعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ﴾

«Ва жаннат эгалари дўзах эгаларига қараб: «Бизлар Парвардигоримиз бизга берган ваъданинг ҳақ эканини топдик. Сизлар ҳам Парвардигорингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдингизми?!», деб нидо қиладилар. Улар: «Ҳа», дерлар. Шунда улар ўрталарида бир жарчи: «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!», деб жар солади. (Аъроф сураси, 44-оят)

﴿وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّهِ كَذِبًا ۚ أُولَٰئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَىٰ رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الْأَشْهَادُ هَٰؤُلَاءِ الَّذِينَ كَذَبُوا عَلَىٰ رَبِّهِمْ ۚ أَلَا لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ﴾

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? Ундай кимсалар Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва ҳамма гувоҳлар: «Ана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни айтганлардир», дерлар. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларга бўлсин!». (Ҳуд сураси, 18-оят)

Демак, юқоридаги икки ояти каримага кўра, «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!», деб золим кимсаларга лаънатлар ёғдирилган. Лаънатлаш ва лаънат айтишнинг маъноси Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлаштиришни Ундан сўраш бўлиб, шиалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларига зулму жафо қилишга асос солиб, Сарвари коинотдан кейин Мадинаи Мунавварада у зотнинг нуридийдалари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг уйларига бостириб бориб кўп ноҳақликларга қўл уриб, Карбало фожеаси рўй беришига замин яратган илк золимларга ҳамда Карбало фожеасида Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари бўлмиш Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни, ул ҳазратнинг фарзандларини, биродарларини ва ёр-асҳобларини қатл этиш билан Ислом тарихида ўта буюк зулм ва жиноят содир этган кимсаларга лаънатлар айтиб мотам тутадилар. Бундай золим кимсалар ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

﴿وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنْقَلَبٍ يَنْقَلِبُونَ﴾

«Ва золим кимсалар қай оқибат томон кетаётганликларини билиб олурлар». (Шуаро сураси, 227-оят).

Шундай қилиб, шиаларнинг золимларга лаънатлар ёғдириб мотам тутиши Қуръони Каримнинг юқоридаги икки оятига мувофиқ ҳамда Сарвари коинот Али-Байтларини яхши кўриш кераклиги ҳақидаги Шўро сурасининг 23-ояти кўрсатмасига биноандир. Демак, шиалар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларига бўлган муҳаббатлари сабабли у буюк зотларнинг бошларига келтирилган бало-мусибатларни ва уларнинг энг оғири бўлмиш Карбало фожеасини хотирлаб, кўз ёши тўкиб йиғлайдилар ва мотам тутадилар. Зеро, шиалар бажарадиган ушбу амаллар Қуръони Карим кўрсатмаларига мувофиқдир. Аммо афсуски бошқа тоифадаги мусулмонлар ушбу ҳақиқатдан бехабар ва баъзан бепарво бўлиб, ҳатто уни фаҳмлашдан ҳам ожиздирлар.

Яна ушбу шубҳада: «Ҳар ёққа лаънатлар ёғдириб мотам тутиш бўлсайди, Ҳусайннинг бобоси, коинотнинг қуёши – Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) вафоти куни бунга лойиқроқ эди» деб айтилган гапнинг навбатдаги жавобига келсак, дастлаб шуни таъкидлаб айтиш лозимки, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатлари ул ҳазратнинг боболари Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) машаққат ва қийинчиликлар билан 23 йил давомида Аллоҳ таоло томонидан олиб келган Ислом динини сақлаб қолиш ва уни қайта жонлантиришга қаратилган эди. Зеро, Абу Суфённинг ўғли Муовия ҳукумат тепасига келиши билан Ислом динининг қадриятлари ва кўрсатмалари мусулмонлар орасида шу даражада ўзгардики, Исломдан фақатгина қуруқ бир ном қолди, холос. Ушбу ном ҳам Муовия ўлимидан сўнг Язиднинг тахт тепасига келиши билан буткул нобуд бўлиш ҳолатига келди. Бу ҳақда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ўзлари шундай деб марҳамат қилганлар:

إنّي لَم أَخْرُجْ أَشِراً ولَا بَطِراً ولَا مُفْسِداً ولَا ظَالِماً وإِنَّمَا خَرَجْتُ لِطَلَبِ الْإصْلَاحِ فِي اُمَّةِ جَدِّي أُرِيدُ أَنْ آمُرَ بِالْمَعْرُوفِ وَأَنْهَى عَنِ الْمُنْكَرِ وأَسِيرَ بِسِيرَةِ جَدِّي وَأَبِي عَليِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ عَلَيْهِ السَّلَامُ.

«Дарҳақиқат, мен исён ва худбинлик юзасидан ёки бўйин товлаш ва такаббурлик юзасидан ёки фасод-бузғунлик қилиш ёхуд зулму адолатсизлик юзасидан чиқиш қилмадим, балки мен бобом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг умматларини ислоҳ қилиш учун оёққа турдим. Мен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармоқчиман ҳамда мен бобом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва отам Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом)нинг йўлларидан бормоқчиман».

Манба: Хатиб Хоразмий, «Мақталул Ҳусайн», 1-жилд, 188-бет.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг келажакдаги бундай улкан ишларидан ғайбий илм ила олдиндан хабардор бўлган ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз набиралари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳақида шундай деб марҳамат қилганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: «حُسَيْنٌ مِنِّي وَأَنَا مِنْ حُسَيْنٍ، أَحَبَّ اللهُ مَنْ أَحَبَّ حُسَيْنًا».

«Ҳусайн мендан ва мен ҳам Ҳусайнданман. Ҳусайнни севган кишини Аллоҳ ҳам севсин».

Манба: Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад ибн Ҳанбал», 29-жилд, 103-бет, 17560-ҳадис.

Демак, «агар мотам тутиш бўлсайди, Ҳусайннинг бобоси, коинотнинг қуёши – Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) вафоти куни бунга лойиқроқ эди» деб билдирилган фикр-мулоҳаза мутаассиблик юзасидан ўйлаб ўлчамай илгари сурилган. Чунки, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатлари Пайғамбаримиз олиб келган Ислом динини сақлаб қолиш ва уни қайта жонлантириш учун бўлиб, ушбу улкан иш сабабли Сарвари коинот: «Ҳусайн мендан ва мен ҳам Ҳусайнданман» деб марҳамат қилганлар. Ул зотнинг «Ҳусайн мендан», деб айтишлари маълум ва тушунарли, лекин «Мен ҳам Ҳусайнданман», деб айтишлари эса айнан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Ислом динини сақлаб қолиб, уни қайта жонлантиришга қаратилган инқилобий ҳаракатларига ишорадир. Зеро, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг инқилобий ҳаракатлари билан буткул нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолган Ислом динини сақлаб қолиб, уни қайта жонлантирдилар. Шунинг учун, Сарвари коинот ўзларини Имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан деб билганлар.

Бу айтилганлардан ташқари, шуни эслатиб ўтиш лозимки, Ислом оламида Карбало воқеасидан оғирроқ фожеа ва мусибат юз бермаган. Шунинг учун ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келгусида содир бўладиган Карбало воқеасини эслаб йиғлаганлар ҳамда ул зот ўз саҳобалари билан бирга мотам мажлиси барпо этганлар. Карбало фожеаси нақадар оғир мусибат эканлигини билиш учун Аҳли суннатнинг буюк уламолари айтган сўзларни кўздан кечирамиз:

لما قتل الحسين مكثنا سبعة أيام إذا صلينا فنظرنا إلى الشمس على أطراف الحيطان كأنها الملاحف المعصفرة ونظرنا إلى الكواكب يضرب بعضها بعضًا.

«Имом Ҳусайн ўлдирилганида, етти кеча-кундуз қуёш нури деворлар устига тушганига қараганимизда, гўё улар устига қизил пардалар тортилганидек кўринарди ва юлдузларга қараганимизда эса, улар бир-бирига урилаётгандек эди».

Манба: Миззий, «Таҳзийбул камол», 6-жилд, 432-бет. Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 3-жилд, 114-бет. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 14-жилд, 227-бет. Ҳофиз Нуриддин Али ибн Абу Бакр Ал-Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 197-бет, Бобу маноқибил Ҳусайн ибн Али. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Сияру аълаамин-нубалааи», 3-жилд, 312-бет. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Тарихул ислом ва вафаётил машоҳийр вал-аълом», 5-жилд, 15-бет.

Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий Ибн Сийрийндан шундай ривоят қилади:

لم تبك السماء على أحد بعد يحيى عليه السلام إلَّا على الحسين.

«Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломдан кейин Ҳусайндан бошқа ҳеч кимга осмон йиғламади».

Манба: Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Сияру аълаамин-нубалааи», 3-жилд, 312-бет. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 14-жилд, 225-бет.

Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий шундай ривоят қилади:

«لما أن قتل الحسين بن علي مطرت السماء دماً فأصبحت وكل شيء لنا ملآن دماً».

«Ҳусайн ибн Али ўлдирилганида, осмондан қон ёғилди ва биз нимага қўл текизсак, қонга бўялган эди».

Манба: Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Сияру аълаамин-нубалааи», 3-жилд, 312-бет. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 14-жилд, 227-бет. Миззий, «Таҳзийбул камол», 6-жилд, 433-бет. Миқризий, «Имтоъул асмоъ», 12-жилд, 241-бет. Ибн Ҳиббон, «Ас-Сиқот», 5-жилд, 487-бет.

لمَّا قتل الحسين اسودَّت السماء وظهرت الكواكب نهارًا، حتى رأيت الجوزاء عند العصر وسقط التراب الأحمر.

«Ҳусайн ўлдирилганида, осмон қоронғулашиб, кундузи чоғи юлдузлар кўринди. Кечқурун пайти эса мен Жавзо юлдузини кўрдим ва осмондан қизил тупроқлар ёғиларди».

Манба: Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзибут-таҳзиб», 2-жилд, 305-бет. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 14-жилд, 227-бет. Миззий, «Таҳзийбул камол», 6-жилд, 432-бет. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 14-жилд, 226-бет.

Табароний Зуҳарийдан шундай ривоят қилади:

لما قتل الحسين بن علي رضي الله عنه لم يرفع حجر ببيت المقدس إلا وجد دم عبيط.

«Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳу ўлдирилганида, Байтул-Мақдисда [яъни Қуддусда] кўтарилган ҳар бир тошнинг тагида лахта қон бор эди».

Манба: Табароний, «Ал-Мўъжамул Кабийр», 3-жилд, 113-бет.

Бинобарин, Карбало воқеа-ҳодисаси Ислом оламида рўй берган энг оғир ва энг улкан фожеа ва мусибат бўлганини, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилобий ҳаракатлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) олиб келган Ислом динини сақлаб қолиш ва уни қайта жонлантириш учун бўлганини ҳамда Сарвари оламнинг ўзлари набилари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бошига тушадиган ўта оғир мусибатларни хотирлаб, саҳобалар билан бирга мотам мажлисини ташкил этганликларини назарга олсак, «агар мотам тутиш бўлсайди, Ҳусайннинг бобоси, коинотнинг қуёши – Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) вафоти куни бунга лойиқроқ эди», деб айтилган гап нақадар бемаъни ва асоссиз экани ошкора маълум бўлади.

Сўзимиз ниҳоясида шуни айтиш жоизки, Ашуро воқеаси нафақат шиалар учун, балки бутун дунё аҳли учун улкан сабоқдир. Христиан динининг арабзабон олимларидан бўлган Антуан Баро исмли шахс Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳақида «Ал-Ҳусайну фил-фикр ал-Масиҳий» номли бир китоб ёзган бўлиб, ушбу китоб ҳозиргача дунёнинг 53 тилига таржима қилинган. У ушбу китобда айтади:

لو كان الحسين منَّا لنشرنا له في كل أرض رايةً ولأقمنا له في كل أرض منبرًا ولدعونا النَّاس إلى المسيحية باسم الحسين.

«Агар Ҳусайн биздан бўлса эди, унинг учун ҳар бир заминда бир байроқни кўтарардик ва унинг учун ҳар бир ерда бир минбар ташкил этиб, Ҳусайн номи билан одамларни насронийликка чақирар эдик».

Манба: Антуан Баро, «Ал-Ҳусайну фил-фикр ал-Масиҳий», 357 ва 358-бетлар; www.scribd.com/doc/18759058/null

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг инқилобий ҳаракатлари билан дунёнинг зулм ва адолатсизлик остида қолган барча мазлум халқларига муқовамат, яъни зулмга қарши туриш ҳамда басийрат ва огоҳлик дарсини ўргатдилар. У ҳазрат инсонларга душманга қарши туриш қандай бўлишини амалда кўрсатиб бердилар.

Ушбу маълумотни қуйидаги тугманинг устига босиб қўйиш билан юклаб олишингиз мумкин: 

NAJOTKEMASI.NETXalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

ОШУРО КУНИ РЎЗА ТУТИШ ҲАҚИДА

Ошуро куни рўза тутиш – бу пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадони …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.