Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳиятига бир нигоҳ (2)

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳиятига бир нигоҳ (2)

image(221078)   Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Ҳаёт турли воқеа-ҳодисалар гирдобида шошилинч ҳолда ўтгувчидир. Аммо айрим воқеа-ҳодисалар тарих саҳифаларига муҳланиб, одамларнинг дунёқараш ва нуқтаи назарларини жилолантириб туради.

  Ҳижрий қамарийнинг 61-йили рўй берган улкан бир воқеа асрлар ўтса-да, инсоният тарихидаги ижтимоий ва сиёсий ўзгаришларга сабаб бўлиб келмоқда.

  Сўз Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратларининг Карбало даштидаги қаҳрамонликлари ҳақида бормоқда. Бу қаҳрамонлик воқеасини замонлар ва маконлар ғубори кўмиб ташлай олмади. Бу жасорат тарихий ва географик сарҳадларни ортда қолдириб, барча асрлар учун таъсирли ва илҳом бахш этувчи бир буюк воқеага айланди.
  Инсоният тарихидаги энг шафқатсиз фожеага гувоҳ бўлган муҳаррам ойининг аввалида Карбало даштидаги мислсиз қаҳрамонлик ва жасорат хотирасини эслаб, имом Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом)га салом ва дурудлар йўллаймиз!
  Иззат ва каромот чўққисида чарақлаб, бутун инсониятга абадиятдан сабоқ берган улуғ имомга Аллоҳнинг саломлари ва дуруди бўлсин!
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг Исломни қайта жонлантириш учун ўз жонларини фидо айлаган вафоли ёронларига Аллоҳнинг саломи бўлсин!
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ислом таълимоти сохталаштирилган бир шароитда ўз муқаддас курашларини бошладилар. Ул ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг орзу-армонлари секин-аста унутилиб борилаётган бойлик ва зўравонликка суянган умавий ҳокимлар халқнинг устидан макр-хийла асосида ҳукмронлик қилаётганликларини кўриб турардилар.
  Исломда пешво ва раҳбарнинг асосий масъулияти одамларни нурафшон ҳидоят йўлига бошқаришдир. Шу сабабли, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз замонасининг ярамас иллатларига қарши инқилоб қилдилар. Бу ҳақда ул ҳазрат шундай буюрмишлар:

  «Огоҳ бўлинг! Булар, (яъни баъни Уммайя) шайтон билан биргадирлар. Аллоҳнинг буйруқларини тарк этиб, ошкора фасод ва бузғунлик қилишади. Улар илоҳий шариъат қонун-қоидаларини назарга илмай, умумий мол-мулкни ўзлариники қилиб олишган. Улар Аллоҳ ҳаром этган нарсани ҳалол ва Аллоҳ ҳалол этган нарсани ҳаром қилганлардир.»

  Бу оташин сўзлардан билиниб турибдики, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) курашининг мақсади жамиятда диний қадриятларни қайта жонлантириш ва уларни мустаҳкамлаш эди. Ул ҳазрат ўз курашлари мақсадини шундай ифодалайдилар:

  «Аллоҳим, ўзинг гувоҳсан, биз мансаб эгаллаш учун рақобатлашиш мақсадида курашга отланмадик. Биз дунё талашганимиз йўқ! Биз сенинг муқаддас динингни қайта жонлантириш, Сенинг юртларингни ислоҳ қилиш, диннинг аҳкомларига амал қилишлари учун жабр-жафо чеккан бандаларингни осойишта айлаш учун курашга отландик.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари Ислом дини номи билан ҳокимиятга эришган ҳокимлар Исломдан олдинги жоҳилият даврининг амалларини янги либосларда ҳаётга жорий этаётганларига гувоҳ бўлган эдилар. Аллоҳ ҳалол айлаган нарсаларни ҳаром ва Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни ҳалолга чиқармоқда эдилар. Шу сабабли, Имом ҳазратлари Язидга қарши бўлган курашнинг мақсадини шундай ифодалаганлар:

  «Мен бобом умматини ислоҳ қилиш учун майдонга чиқдим. Яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариб, бобом – Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатлари ва ҳаёт тарзларига амал қилмоқчиман.»

  Имом ҳазратлари ислом умматини ислоҳ қилиш ва Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларини қайта тирилтиришни ўз курашларининг фалсафаси, деб биладилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳақиқий Исломдан чекиниш- бу илоҳий муқаддас дин таълимотини хавф-хатарга юзлантиргани, агар шундай давом этаверса, Ислом мағз-мазмун эмас, балки арзимас пуч пўчоққа айланиб қолишини яхши билардилар.

  Язидга ва у каби аҳлоқсиз ҳамда Ислом умматининг пешвоси бўлишга нолойиқ киши Ислом хилофоти тахтига ўтирган чоғи имомат нуқтаи назаридан унга қарши курашиш зарур. Негаки, юзага келган бундай ҳолат пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг барча меҳнатларини ва чеккан заҳматларини йўққа чиқариши мумкин.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилоблари дарвоқе, бир огоҳлантириш эди. Бу огоҳлантириш маълум замон ва маконга хос эмас. Шу боис, барча замонларда Исломни ёқлаб, зулм ва адолатсизликка қарши курашган кишига имом ҳазратларининг курашлари илҳом бахш этиб келган. Айтиш жоизки, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари ўз ҳаракатларининг мислсиз жасорат ва фидойиликлари билан Исломга қайта жон бахш этдилар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.