Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Манзилат ҳадиси

Манзилат ҳадиси

  «Манзилат» ҳадисини шиа ва сунний олимлари Аъроф сурасининг 142-ояти тафсирида нақл қилинган. Бу ояти каримада ҳазрат Мусо (алайҳис салом) 40 кун давомида Парвардигори карим мулоқотига боргани ва Ҳоруннинг Бани Исроил қавми ораси Мусо тарафидан ўринбосар этилиши ҳақида сўз юритилган. Ҳадис қуйидагича нақл қилинган:

  Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га шарқий рум империяси катта қўшин тўплаб Ҳижоз, Макка ва Мадинага ҳамла қилиш нияти борлигининг хабари етиб келди. Рум императори Ислом дини ўзининг махсус инсонпарвар дастуриламалларини ва эркталаблик таълимотларини ушбу минтақага ёйишдан олдин уни бешикдалигидаёқ йўқ қилиб юбориш ниятида эди. Шу боис, сарвари олам йирик қўшин билан «Табук»[1] номли жанг майдони томон отландилар ва ўзларининг ўринларига ҳазрат Али (алайҳис салом)ни Мадинага ҳоким ва бошлиқ қилиб қўйдилар.

  Али (алайҳис салом) ранжиган ҳолда: «Ё Расулуллоҳ, мени румликларга қарши бўладиган жиҳодга олиб бормасдан аёллар ва болалар орасига қўйиб кетаяпсизми?» -дедилар.

  Шунда сарвари олам буюрдилар:

أَلَا تَرْضَي أَن تَکُونَ مِنِّی بِمَنْزِلَةِ هَارُونَ مِن مُوسَي إِلَّا أَنَّهُ لَيْسَ نَبِيٌّ بَعْدِي؟

  «Менинг наздимдаги манзилатинг (ўрнинг) Ҳоруннинг Мусо наздидаги манзилати каби бўлишига рози эмасмисан? Фақат фарқи шундаки, мендан сўнг пайғамбар келмайди.»

  Юқоридаги ҳадис аҳли суннатнинг энг машҳур ҳадис китобларида, яъни Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслимда нақл қилинган. Фақат Бухорийнинг китобида ҳадис тўлиқ келтирилган бўлса, Саҳиҳул Муслимда эса бир марта тўлиқ ва бир марта эса бир қисмигина:

أَنْتَ مِنِّی بِمَنْزِلَةِ هَارُونَ مِن مُوسَي إِلَّا أَنَّهُ لا نَبِيَّ بَعْدِي

  «Сен менга Ҳорун Мусога бўлганидексан. Илло мендан кейин пайғамбар келмас» умумий шаклда нақл қилинган[2].

  «Манзилат» ҳадиси Аҳли суннатнинг кўплаб ҳадис китобларида жумладан; «Сунани ибн Можа», «Сунани Термизий», «Муснади Аҳмад» ва бошқа кўпгина китоблар-да нақл қилинган. Ушбу ҳадисни йигирмадан ортиқ саҳобалар, жумладан; «Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий», «Абу Саид Худрий», «Абдуллоҳ бин Масъуд», «Муовия» ва бошқалар нақл қилишган.

  Абу Бакр Бағдодий ўзининг «Бағдод тарихи» китобида Умар бин Хаттобдан нақл қилади: Бир кишини кўрдимки, Али ҳақида нораво ва ҳақоратли сўзларни айтар эди. Умар унга қараб шундай деди: Менимча сен мунофиқлардан бўлсанг керак. Зеро, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али борасида шундай марҳамат қилгандилар:

إِنَّمَا عَلِيٌّ مِنِّی بِمَنْزِلَةِ هَارُونَ مِن مُوسَي إِلَّا أَنَّهُ لا نَبِيَّ بَعْدِي

  «Алининг менинг ёнимдаги ўрни ва манзилати Ҳоруннинг Мусога бўлган манзилати кабидир. Илло фарқи шундаки, мендан сўнг набий бўлмас[3].»

   Қизиғи шундаки, мўътабар ҳадис манбаларидан маълум бўлишича, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Манзилат» ҳадисини фақат Табук ғазотидагина марҳамат қилмай, балки бошқа турли муносабатлар билан етти ўринда буюрган эдилар. Бу эса ушбу ҳадиснинг умумлашма ва кенг қамровли маъно-мафҳумга эга эканига ёрқин далилдир. Бу ерда ушбу ҳадис баён этилган ўринлар ва замонларни санаб ўтамиз:

  Пайғамбаримиз сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Маккада илк дафъа «биродарлик аҳд-паймони»ни ансорлар ва муҳожирлар орасида боғлаганларида ушбу аҳдлашувда Алини ўзлари учун танлаб, юқоридаги «Манзилат» ҳадисини марҳамат қилган эдилар.

  Расулуллоҳ иккинчи маротаба «биродарлик аҳд-паймони»ни ансорлар ва муҳожирлар ўртасида жорий қилганларида ҳам «Манзилат» ҳадисини яна бир бора такрорлаган эдилар.

  Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг буюк масжидлари томон очиладиган саҳобаларнинг барча эшикларини уларга ёптириб, фақат Али (алайҳис салом) нинг эшиги масжид томон очиқ қолишини буюриб, бу борада ушбу «Манзилат» ҳадисини марҳамат қилдилар.

  Шунингдек сарвари олам «Табук» ғазотида ва бошқа яна уч ўринда мазкур «Манзилат» ҳадисини буюрганлар. Барча ўринларда айтилган ушбу ҳадис Аҳли суннатнинг кўпгина муҳим манбаларида келтирилган. Бинобарин, санад жиҳатидан «Манзилат» ҳадисида ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолмай, маъно-мафҳум нуқтаи назаридан ҳам ушбу ҳадис кенг қамровли хусусиятга эгадир.

Манзилат ҳадисидан келиб чиқадиган хулосалар

  Агар «Манзилат» ҳадисини ўз фикр-мулоҳазаларимизни четга суриб, бетарафона ва холислик билан кўриб чиқадиган бўлсак, шу хулосага келамизки, Бани Исроил қавмида Ҳорун Мусо (алайҳис салом)га нисбатан қанақа ўрин, мартаба ва мақомга эга бўлсалар, ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳам ўша мартаба ва мақомларнинг ҳаммасига эгадирлар, илло Ҳорун (алайҳис салом) каби набий эмаслар. Чунки, ҳадисда фақат «набийлик» истисно қилинган. Ушбу ҳадисда ҳеч бир қайд-шарт (шарт-шароит) зикр қилинмай, мутлақ ҳолда келганлиги фикримизнинг далилидир.

  Демак, ҳадисдан қуйидаги хулосаларни чиқара оламиз:

  1.   1. Али (алайҳис салом) Пайғамбаримиздан сўнг умматнинг энг афзали эди. Зеро, Ҳорун ҳам умматнинг энг афзали эди.
  2.   2. Али (алайҳис салом) Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг вазирлари, ворис ва ўринбосарлари ҳамда раҳбарлик ва йўлбошчилик қилишда сарвари оламнинг хос шериклари эди. Чунки, Қуръони Каримда ушбу мансаб ва мақомларнинг ҳаммаси Ҳорун (алайҳис салом)га нисбатан айтилган. (Тоҳо сураси/ 29-оятдан 32-оятларгача)
  3.   3. Али (алайҳис салом) Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифа, ворис ва ўринбосарлари эди. Али (алайҳис салом) борлигида ундан бошқа ҳеч ким халифалик ва раҳбарлик мансабини эгаллашга ҳаққи йўқ эди. Зеро, Ҳорун ҳам Мусо (алайҳис салом) га нисбатан шундай мақом ва мансабга эга эди.

[1]. Табук минтақаси Арабистон ярим оролининг шимолий томонида жойлашган бўлиб, шарқий рум империяси билан чегарадош эди.

[2]. Саҳиҳул Бухорий, 6-жуз, 3-бет ва Саҳиҳи Муслим, 1-жилд, 44-бет ва 4-жилд, 187-бет.

[3]. «Бағдод тарихи», 7-жилд, 452-бет.

Share

Check Also

Qayta tirilishning fitratdagi o`rni

 O`tgan darslarda aytib o`tganimizdek, хudоshunоslik insоnning fitrati va tabiatida jоy оlgan. Agar insоnning ichki dunyosidagi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.