Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Ҳазрат Али (а) Расулуллоҳ (с)нинг доимий ёр ва ворислари

Ҳазрат Али (а) Расулуллоҳ (с)нинг доимий ёр ва ворислари

 Тинчлик ва раҳмат элчиси, севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг Ғадир кунида халифалик ва пешволик мақомига тайин этилганликларига бағишланган «ҳазрат Али (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг доимий ворислари» мавзусидаги махсус суҳбатимизни сизга тақдим этамиз.

  Бу шукуҳли муносабат билан барча мусулмонларни қутлаймиз.

  Ҳазрат Али (алайҳиссалом) Каъбада оламга кўз очган пайтлари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) 30 ёшда эдилар. Орадан бир неча йил ўтгач, Аллоҳнинг ҳабиби, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кўп болали амакилари Абу Толибга кўмаклашиш учун Алини ўзлари билан уйларига олиб бориб, ўз тарбияларига олишни таклиф қилдилар. Абу Толиб ҳам бунга кўндилар ва Али (алайҳиссалом) ўша гўдаклик пайтларидан бошлаб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ёнларида қолиб, ул зотнинг тарбиялари ости катта бўла бошладилар.

  Али (алайҳиссалом) ҳазратлари халифалик пайтларида хутбаларининг бирида ҳаётларининг бу даврига ишора қилиб, буюрадилар:

  «Сиз асҳоблар, Аллоҳнинг Расули билан қариндошлигимдан хабардорсиз. Биласиз, гўдаклигимда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мени қучоқлаб, кўкракларига босар эдилар. Мен Аллоҳ Ҳабибининг хушбўй ҳидларидан лазатланардим. Ул ҳазрат эса оғзимга овқат берардилар. Мен онасинингортидан эргашувчи болакай каби Расулуллоҳга эргашардим. Ул ҳазрат ҳар куни ўзларининг ахлоқий фазилатларидан бирини менга ўргатиб, унга амал қилишимни буюрардилар.»

  Исломнинг дастлабки давридан бошлаб, ҳазрат Али (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ёнларида эдилар. Даъват пайти хоҳ хуфёна, хоҳ ошкора бўлсин, Маккадами ёки Мадинада бўлсин, ҳар қандай фидокорликка тайёр эдилар. Ислом тараққиёти йўлида хизмат ва жиҳод қилиб, мислсиз жасоратлар кўрсатардилар.

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) биринчи бўлиб иймон келтирдилар ва ул ҳазрат болаликдан муваҳҳид (худопараст ва яктопараст) эдилар. Ўша замон одамлари каби бутпарастлик қилмаган эдилар.

  Исломни қабул қилишда илғор ва пешқадам бўлиш ўзига хос фазилатга эга эди. Бу фазилатни Қуръони карим таъкидлаб, «Исломни қабул қилишда бошқалардан илгари бўлганлар Аллоҳ таолонинг наздида олий мартабага эгалар», деб буюради.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) биъсатларидан кейин, уч йил давомида хуфёна даъват қилдилар. Уч йилдан сўнг, Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Расулуллоҳга ўз қариндош – уруғларидан бошлаб, умумий даъватга киришсин, деган буйруқни келтирди.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бани Ҳошим уруғини ўз уйларига чақириб, ошкора даъватни бошладилар. Ул ҳазрат сўзларининг охирида; «Орангизда менга бу йўлда ким кўмаклашади, токи, менинг ворисим ва халифам бўлсин?»– дея савол бердилар. У ерда ҳозир бўлганларнинг барчаси бошларини эгиб сукут сақлар, ҳеч ким бир оғиз ҳам сўз очмасди.

  Ногаҳон Али (алайҳиссалом) оғир сукутни синдириб, ўринларидан туриб, Расулуллоҳга юзланиб, дедилар:

  «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу йўлда мен сизга кўмаклашаман.»

  Азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али (алайҳиссалом)га ўтириш ишорасини қилдилар-да, саволларини уч марта такрорладилар.

  Уч мартада ҳам, Али (алайҳис салом) ўрниларидан турдилар. Пайғамбар у кишининг қўлларидан тутиб, йиғилиш аҳлига шундай деб, буюрдилар:

  «Эй менинг қариндошларим! Сизнинг орангиздан Али менинг биродарим, васий ва халифамдир!»

  Беъсатнинг 13- йили Ясриб, яъни Мадина шаҳрининг аҳолиси Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га байъат қилиб, ул ҳазратни ҳимоялашга аҳдлашадилар.

  Қурайш қабиласи хавф-хатарни сезиб, йиғилиш ўтказишади. Йиғилишда узоқ баҳслашувдан сўнг, Аллоҳнинг пайғамбарини ўлдириш учун режа тузишади. Аммо Пайғамбарни ўлдириш осон иш эмасди. Бани Ҳошим қабиласи қасос олишни талаб қилиши аниқ эди. Шу сабабли, ҳар бир қабиладан бир нафар қотил этиб тайинланди.

  Улар кечаси Расулуллоҳнинг уйларига ҳужум қилиб, ул ҳазратни бўлакларга бўлиб ташлашга келишишади. Бу ҳолда бани Ҳошим қабиласи барча қабилаларга қарши чиқолмай, қон баҳосини олишга рози бўларди.

  Аммо улар Аллоҳ таоло ўзининг Ҳабибини уларнинг нопок режаларидан огоҳлантирганини ва Мадина шаҳрига ҳижрат қилишни буюрганини ҳали билишмасдилар. Шу кеча душманларни чалғитиш учун фидоий бир киши Раусулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўринларига кириб ётиши керак эди. Ўлим билан тенг бўлган бу жасорат ва фидокорликни фақатгина ҳазрат Али (алайҳис салом) қила олардилар.

  Душманлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уйларига ҳужум қилганларида ҳазрат Али (алайҳиссалом) учун ҳаёт ва шаҳодат орасида умуман оралиқ қолмаган эди. Шу лаҳза қотиллик ниятида келганлар уни таниб қолишди.

  Қуръони карим муборак «Бақара» сурасининг 207-ояти каримасида бу фидойилик намунасини юксак ва абадий эканлиги борасида шундай дейди:

<وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْرِي نَفْسَهُ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ>

  «Одамлар орасида Аллоҳнинг ризолигини истаб, ўз жонини сотадиган (Аллоҳ учун жонини фидо қиладиган) зотлар ҳамбор. Аллоҳ бундай бандаларга нисбатан ғамхўр-меҳрибондир.»

  Мусулмонлар ўртасида ўзаро диний биродар тутиниш ислом суннатларидан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мусулмонларни ушбу тариқада бир-бирларига яқинлаштиришга саъй-ҳаракат қилар эдилар. Шу мақсадда кунлардан бир куни мусулмонлар жамияти орасидан туриб буюрдилар: «Аллоҳнинг йўлида бир-бирингиз билан биродар бўлингиз.»

  Мусулмонлар бир-бирларининг қўлларини сиқиб, биродар бўлдилар. Бу аҳдлашувда одамларнинг ўзаро иймон, исломий ва инсоний шахсий фазилатларининг муносиблигига риоя қилинарди.

  Йиғилиш аҳлидан ҳар бири ўз исломий биродарини аниқлаб олгач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али (алайҳис салом)га буюрдилар: «Сен менинг ҳар икки оламдаги биродаримсан.»

  Бу нарса Али (алайҳис салом)нинг азамат ва фазилатларини намоён этар, Али (алайҳис салом)ни Аллоҳнинг ҳабибига нечоғлик яқин эканликларини кўрсатар эди.

  Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳижратдан олдин ва ундан кейин Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг охиригача ул ҳазрат билан ҳамнафас кечган бўлиб, жанглардаги қаҳрамонлик ва жасорат лавҳалари билан безанган.

  Мусулмонлар Бадр жангида ғолиб келгач, қурайш қабиласи қасос олиш оловида ёнарди. Улар тиш-тирноқларигача қуролланиб, мусулмонлар билан урушиш учун Уҳуд тоғи этагига келишди. Жангда қурайш мағлубиятга учради.

  Мусулмонлар зудлик билан уруш ўлжаларини йиғишга киришдилар. Бу ҳолни кўрган соқчилар ҳам, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг қатъий топшириқларига қарамай, ўз мавқеларини ташлаб, ўлжа йиғиш учун тоғнинг орқасида бўлган ўринларини тарк этиб, пастга тушдилар. Бу ҳолни пойлаб турган қурайш қўмондонларидан бири ўз суворий (отлиқ)лари билан мусулмонлар устига ҳужум қилиб, улардан кўпчилигини ўлдирди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳаётлари ҳам, хавф-хатар остида қолганди. Шу лаҳзаларда Али (алайҳис салом) улкан фидойилик ва жасорат намунасини кўрсатиб, Аллоҳнинг Расулига ҳужум қилаётган барча душманларни ер тишлатдилар.

  Машҳур тарихчи Ибн Асир ўзининг «Алкомил фит-тарих» китобида ёзади: «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамла қилаётган мушриклар гуруҳини кўриб қолдилар. Ҳазрат Али (алайҳис салом)га уларга ҳужум қилишни буюрдилар. Али (алайҳис салом) мушрикларнинг бир нечтасини ўлдириб, уларни тарқатиб юборди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мушрикларнинг бошқа бир гуруҳи ҳужум қилаётганини сезиб, ҳазрат Алига уларни қайтаришни буюрдилар. Ҳазрат Али (алайҳис салом) уларни ҳам тарқатиб юборди. Шунда ваҳий фариштаси келиб, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га деди: «Алининг фидокорлиги комил фидойиликдир.»

  Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрдилар: «Алимендан ва мен ундандирман.» Шу пайт самодан бир садо инди:

«لا فتي إلاعلي لا سيف إلا ذو الفقار»

  «Али каби жувонмард, унинг зулфиқори каби шамшир йўқдир.»

  Азизлар, сиз ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг Ғадир кунида халифалик ва пешволик мақомига тайин этилганликларига бағишланган «Ҳазрат Али (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг доимий ёр ва ворислари» мавзусидаги махсус суҳбатимизни тингладингиз. Хайр, омон бўлинг.

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.