Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Яҳудий олимларнинг мураккаб саволларига Ҳазрати Али (а.с)нинг берган илмий жавоблари

Яҳудий олимларнинг мураккаб саволларига Ҳазрати Али (а.с)нинг берган илмий жавоблари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрати Али (а.с) яҳудий олимларнинг мураккаб саволларига берган илмий жавоблари ва натижада уларнинг мусулмон бўлиши ҳақида суҳбат қилмоқчимиз.

Ислом тарихида айтилишича, бир гуруҳ яҳудий олимлар Ислом дини тўғри ва ҳақ ёки нотўғрилигини билиш учун Мадина шаҳрига келиб, агар Ислом дини рост ва ҳақ бўлса, унга иймон келтирмоқчи бўлишди, акс тақдирда ўз қавмларининг олдига қайтиб бориб, Ислом дини шунчаки шиор ва даъводир, холос ва ҳақ дин Тавротдаги яҳудий дин экан, деб айтмоқчи бўлишди. Хуллас, етмиш нафар яҳудий олимлар Ислом динини ўрганиш учун ўз ватанларидан туриб Мадинага келишди, лекин ўша замоннинг сафар қилиш, йўл босиб ўтиш ва хабарлашиш имкониятлари жуда оз ва ибтидоий ҳолда бўлгани сабаб, улар Мадинага етиб келганларида, аллақачон пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вафотларидан икки ярим йил ўтган эди.

Улар дунёнинг қаеридан келгани ҳақида тарихда маълумот йўқ. Ҳар ҳолда улар Мадинаи Мунаввара шаҳрига келишганида, Пайғамбар масжидларига кириб келишди-да: «Биз Ислом динини ўрганиш ва изланиш учун бу ерга келдик ва бир неча саволларимиз бор, уларни Пайғамбарингиздан сўрамоқчимиз», дейишди. Мусулмонлар уларга: «Пайғамбар (с.а.в) оламдан ўтдилар», деб жавоб беришди.

Яҳудий олимлар: «Агар Пайғамбар (с.а.в) оламдан ўтган бўлса-да, унинг келтирган дини борми ёки йўқми?», деб сўрашди. Мусулмонлар: Ҳа, у зотнинг дини бор, деб жавоб қайтаришди. Яҳудий олимлар: «Унинг вориси ва халифаси ким?», деб сўрашди. Мусулмонлар: «У зотнинг биринчи халифаси ҳам дунёдан ўтди», дейишди. Улар: «Пайғамбарнинг иккинчи вориси ва халифаси ким?», деб сўрашганида, мусулмонлар: «Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб», деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўринларида ўтириб, инсонларни бахт-саодат ва нажот йўли томон етакла олмай, уларни ҳидоят йўлидан адаштирган бундай хоин кимсаларни кўриб, одамнинг юраги қанчалар оғрийди.

Мусулмонлар ўртасидаги бунча ихтилоф ва қолоқликларнинг ҳаммаси ҳазрати Алини уйларида қолдириб, бошқа бировни халифалик мансабига ўтқизган ана шу хиёнатлар сабаблидир. Яҳудий олимлар: «Умар ибн Хаттоб ҳозир қаерда?», деб сўрашди. Мусулмонлар: «Умар ҳозир Пайғамбарнинг масжидларида у зотнинг ўринларида, минбарда ўтириб, одамларга маъруза қилаяптилар», деб жавоб беришди. Мусулмонлар уларга: «Халифа Умар ибн Хаттобга нима ишларинг бор?», деб сўраганда, улар: «Бизнинг бир неча саволларимиз бор, барча саволларимизнинг жавоби Қуръонда ҳам бор, Тавротда ҳам бор. Сиз мусулмонлар бизнинг динимиз хотамул-анбиё, яъни охирги Пайғамбарнинг дини бўлган энг мукаммал дин, деб айтасиз. Агар динингиз энг мукаммал дин бўлса, саволларимизнинг жавоби сизнинг Қуръонингизда ҳам бўлиши керак, бизнинг Тавротимизда келган сўзлар ва жавоблар сизнинг Қуръонингизда ҳам келган бўлиши керак. Чунки, сизнингча, Ислом дини яҳудий динидан ҳамда Қуръон Тавротдан кўра, мукаммалроқдир. Агар саволларимизнинг жавобларини билсангиз, биз сизнинг Ислом динингизга иймон келтириб, мусулмон бўламиз ва биз яҳудий олимлар тоифасиданмиз. Шу боис, биз Ислом динини қабул қилган тақдирда, бориб одамларга биз Ислом динига иймон келтирдик, сизлар ҳам иймон келтиринглар, деб айтамиз. Бизнинг ёмон ниятимиз йўқ, биз адолатли одамлармиз», деб айтишди.

Мусулмонлар ҳам уларга: «Ундай бўлса, саволларингизни бориб, иккинчи халифа Умар ибн Хаттобдан сўрангиз», дейишди. Умар ибн Хаттоб одамларга тўлган масжидда минбарда ўтириб маъруза қилаётган бир пайт, тўсатдан масжидга юзлари ўзгача бўлган янги одамлар кириб келишди. Бу одамлар ҳамманинг фикрини ўзларига жалб этишди. Умар минбардан туриб: «Сизларга нима керак? Қаердан келдиларинг? Мақсадингиз нима?», деб сўради. Улар: «Биз маълум бир юртдан келдик, бизнинг сўрамоқчи бўлган саволларимиз бор», деб жавоб қайтаришди. Умар ҳам: Марҳамат, саволларингизни сўранглар, деди.

Яҳудий олимлар ичида ҳаммадан билими кучлироқ бўлган бир киши вакил сифатида ўрнидан туриб, саволларни сўрай бошлади: Эй Умар жаноблари, бизнинг Тавротимизда осмоннинг қулфи борлиги айтилган. Осмоннинг ўша қулфи нима? Умар деди: Осмоннинг қулфи бормикан? Буни эшитмаган эканман. Бу қанақа савол эди? Шунча йўлдан осмоннинг қулфи нима деб сўрашга келдиларингми? Кейинги саволга ўтинг. Яҳудий олим деди: Бу саволнинг жавобини билмас экансиз! Яна бир савол: Таврот китобида осмоннинг ўша қулфининг махсус калити борлиги айтилган. Ўша калит нима? Умар бу саволнинг ҳам жавобини билмай жим турарди. Гўё байтулмол хазинасининг қулфи қаерда? Калити қаерда? деб сўрасангиз, буни биламан, лекин осмон ва унинг калитини билмайман, дегандек жим турарди.

Умар ундан яна кейинги саволни беришини сўради. Яҳудий олимлар мусулмонларни масхара қилиб, бир-бирларига қарашарди ва минбар атрофида ўтирган мусулмонлар эса қаттиқ уялганларидан бошларини ерга эгиб ўтирардилар. Албатта, бу уларнинг ҳақи эди, чунки улар нолойиқ ва номуносиб бир кишини ўзларига йўлбошчи қилиб танлагандилар. Мусулмонлар ночор ва аянчли аҳволга тушиб, уялиб ўтирардилар. Бироқ бу яҳудий олим овозини йўғонроқ ва баландроқ чиқариб, улкан жасорат билан савол беришда давом этиб: «Эй Умар жаноблари, бутун йиллар ва асрлар давомида фақат бир марта қуёш нурини кўрган бир парча ер бор ва ўша ер қиёматгача қуёш нурини кўрмайди! Ернинг ўша парчаси қаерда?», деб яна сўради ва Умар ибн Хаттоб эса билмайман, деб жим турарди.

Яҳудий олим савол беришда давом этиб: «Эй Умар жаноблари, отасиз ва онасиз туғилган бешта жонзот бор! Улар кимлардан иборат?», деб сўради. Умар: «Бу саволнинг жавобини биламан. Улардан бири Исо пайғамбардир», деди. Яҳудий олим эса унинг бу жавобини рад этиб: «Исонинг отаси йўқ эди, лекин онаси бор эди. Отаси ҳам, онаси ҳам бўлмаган жонзотлар ҳақида сўраяпман», деди. Умар эса билмайман, деб жавоб қайтарди.

Яҳудий олим: «Эй Умар жаноблари, шундай бир қабр борки, маййит ва қабр эгаси ўша қабрга қўйилгач, қабр қимирлаб юра бошлади! У қабр қайси ва қабр эгаси ким?», деб сўради. Умар «билмайман», деди. Яҳудий олим яна савол сўрашда давом этиб: «Эй Умар жаноблари, Таврот китобида бир сонининг маъноси бор. Ўша бир сони нимани англатади?», деди. Умар эса «билмайман», деб жавоб қайтарди. Яҳудий олим сўзини давом эттириб: «Таврот китобида икки сонининг ҳам маъноси бор! Икки сонининг маъноси нима? Уч сони нима маънони англатади?», дея саволларини бирин-кетин сўрай бошлади.

Шунда Умар минбар тепасидан туриб кимнидир қидиришга тушди. Умарнинг кўзи хизматкорига тушиши биланоқ, уни чақириб, қулоғига: «Тезлик билан Алининг уйига югуриб бориб: Эй Али, дарҳол масжидга югуриб келинг! Тезлик билан масжидга келинг! деб чақириб келгин», деди унга Умар. Унинг хизматкори ўрнидан туриб, йўлга тушмоқчи бўлганида, яна Умар уни чақириб: «Агар борди-ю Али келмайман, деса, унга Исломнинг обрў-эътибори ва шаъни хавф остида турибди, деб айтгин», деди.

Мусулмонларнинг бу ҳолатини кўриб, инсон қон йиғласа арзийди. Одамлар ноўрин ва номуносиб танлаши билан нимани ҳам қўлдан бермади. Тарихда айтилишича, Умарнинг хизматкори ҳазрати Алининг уйларига югуриб келиб, эшикни тақиллатганида, у ҳазратнинг ўзлари келиб, эшик орқасида ким? деб сўрадилар. Мен Умарнинг хизматкориман, деди. Ҳазрати Али эшикни очиб, нима иш билан келдингиз? деб сўрадилар.

Умарнинг хизматкори айтади: Мен ҳазрати Али (алайҳис салом)га: «Эй Али ибн Аби Толиб, яҳудий олимлар Ислом динининг ҳақ ёки ноҳақ эканлигини билиш учун бир неча саволлар билан Мадинага келишган ва уларнинг саволларига жавоб берадиган ҳеч ким йўқ! Келинг, сиз уларга жавоб беринг!», дедим. Амирул мўминин-мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) унинг бу талабига жавобан: «Ким Пайғамбар (с.а.в)нинг ўринларида ўтирган бўлса, ўшанинг ўзи саволларга жавоб берсин!», дедилар. Умарнинг хизматкори у ҳазратга мурожаат қилиб деди: «Эй Али ибн Аби Толиб, ҳозир бу гапларга ўрин йўқ. Ислом динининг обрў-эътибори хавф остида турибди. Чунки яҳудий олимлар: «Агар биз саволларимизга жавоб топмасак, ўз шаҳримизга бориб: «Ислом дини шунчаки бир иддао ва асоссиз дин экан! Ислом динларнинг энг мукаммали эмас, деб айтамиз», дейишди».

Умарнинг хизматкори айтади: Аллоҳга қасамки, мен бу гапни айтишим билан ҳазрати Али (алайҳис салом) яктагини киймасдан, оёқ кийимини киймай югуриб масжид томон келдилар.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) Масжидун-Набийга етиб келганларида, яҳудий олим Умардан шундай деб савол сўраётган эди: «Эй Умар жаноблари, тўрт сонининг маъноси нима? Беш сонининг маъноси нима? Олти сони нимани англатади? Етти сонининг маъноси нима? Саккиз сонининг маъноси нима? Тўққиз сони нимани англатади? Ўн сонининг маъноси нима? Ўн бир ва ўн икки сонлари нима маънони англатади?» Умар ҳам билмайман, деб жавоб берарди. Шунда ўша яҳудий олим ўзи билан бирга келган яҳудий олимларга юзланиб: «Эй яҳудий олимлар, бу дин бемаъни, асоссиз ва иддао бир дин экан! Ислом динида ҳақиқатдан ҳеч бир хабар йўқ экан! Ўрнингиздан туринг, бу ердан кетайлик!», деди.

Улар ўринларидан туриб кетмоқчи бўлишганида, ногаҳон бир киши ўзининг малакутий ва жозибали овози билан бутун масжид аҳлига салом берди. Улар ўгирилиб, масжид эшиги томон қарадилар ва юзи нурли бир йигитни кўрдилар. Ўша йигит: «Ассалому алайкум, шаҳримизга хуш келибсиз. Эй яҳудий олимлар, саволлар билан бу ерга келдиларингизми?», деди. Улар: Ҳа, шундай дейишди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) уларга: «Саволларингизни мендан сўранглар», дедилар. Улар: Эй йигит, нима деябсиз? Биз саволларимизни Пайғамбарингиз халифасидан сўрадик, лекин у саволларимиздан ҳатто биттасининг жавобини ҳам айтиб беролмади. Ахир бизнинг эътиқодимизга кўра, Таврот илоҳий китобдир, агар сизнинг Қуръонингиз ҳам илоҳий китоб бўлса, унда бизнинг Таврот китобимизда келган сўзлар сизлар энг мукаммал деб даъво қилган Қуръонингизда ҳам келган бўлиши керак. Сизлар Исломни динларнинг энг мукаммали деб билиб, Қуръонда Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар берган, деб айтасиз:

﴿اليَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيْتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا﴾

«Бугун мен сизлар учун динингизни комил қилдим ва сизларга неъматимни тўла-тўкис қилиб бердим ва сизлар учун ислом дин бўлишига рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят). Ҳолбуки, сизнинг халифангиз биргина саволнинг жавобини ҳам билмади.

Ҳазрати Али (алайҳис салом): «Энди саволларингизни мендан сўранглар», дедилар. Улар: «Сиз кимсиз? Аввал ўзингизни таништиринг», дейишди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) дедилар:

أنا عبدٌ من عبيدِ محمّدٍ (صلَّی الله عليه وآله وسلَّم)

«Мен Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қулларидан бўлган бир қулман. Мен Хотамул-Анбиё мактабининг бир шогирдиман. Саволларингизни мендан сўранг! Мен жавоб бера оламан ва агар билмасам, унда орқангизга қараманг», дедилар.

Шунда яҳудий олимлар: «Эй йигит, бизнинг Таврот китобимизда осмоннинг қулфи бор дейилган. Ўша қулф нима?», деб савол беришди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) ҳеч ўйламай дарҳол: «Ўша қулф Аллоҳга ширк келтиришдир. Агар ҳамма одамлар мушрик бўлишса, осмон ер аҳлига қулфланиб, осмондан ерга ҳеч бир хайру-баракот ёғилмайди», дедилар. Яҳудий олимлар бу жавобни эшитишлари билан юзлари очилиб: «Тўғри жавоб», дейишди. Улар яна: «Энди айтинг-чи, бу қулфнинг калити нима?», деб сўрашди. Ҳазрати Али (алайҳис салом): «Ушбу қулфнинг калити тавҳид ва яккахудоликдир. Агар осмондан раҳмат ёмғири ер аҳлига ёғадиган бўлса, ер юзида нафас оладиган художўй ва муваҳҳид кишиларнинг борлиги учундир. Улар لَا إِلَهَ إلَّا الله Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб Унинг ягоналигига доим иқрор бўладиган кишилардир», дедилар. Яҳудий олимлар: «Бу ҳам тўғри жавоб», дейишди.

Улар бу жавобларни эшитишлари билан секин юзларини минбардан масжид эшиги томон буришди. Бу йигит кўп нарсаларни билар экан, деб ҳамманинг диққат-эътибори ҳазрати Али (алайҳис салом)га қаралди. Яҳудий олимлар сўзларини давом эттириб: «Эй йигит, ернинг шундай бир жойи борки, қуёш нури у ерга фақат бир марта тегган, холос. Ўша ер қаерда?», деб савол беришди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) ушбу саволга жавобан дедилар: «Пайғамбарингиз ҳазрати Мусо (алайҳис салом) Фиръавн ўз аскарлари билан у зотга етиб олишидан олдин Аллоҳ таолонинг мўжизаси билан денгиз сувидан ўтмоқчи бўлганида, ҳассаси билан сувга урди. Шунда Аллоҳ таолонинг қудрати билан денгиз бўлиниб, унинг туби кўринди. Шу пайт қуёш нури денгиз тубига тушди. Ҳазрати Мусо (алайҳис салом) Бани Исроил қавми билан ўша очилган йўлдан ўтиб олгач, сув яна олдинги ҳолатига қайтиб ёпилди. Ернинг ўша қисми қиёматгача қуёш нурини бошқа кўрмайди». Қуръонда бу борада шундай дейилган:

﴿فَأَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰ مُوسَىٰٓ أَنِ ٱضۡرِب بِّعَصَاكَ ٱلۡبَحۡرَۖ فَٱنفَلَقَ فَكَانَ كُلُّ فِرْقٍ كَٱلطَّوۡدِ ٱلۡعَظِيمِ﴾

«Бас, Биз Мусога: «Асонг билан денгизни ур», деб ваҳий қилдик. Шунда у (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди» (Шуаро сураси, 63-оят)

Яҳудий олимлар: «Эй йигит, бешта жонзот отасиз ва онасиз туғилган! Улар кимлар?», деб савол беришди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) дедилар: «Ўша бешта жонзот Одам Ато, Момо Ҳавво, ҳазрати Исмоилга қурбонлик қилинган қўчқор, пайғамбарингиз ҳазрати Мусо (алайҳис салом)нинг аждаҳо ва катта илонга айланган ҳассаси, Солиҳ пайғамбар тоғ орасидан олиб чиққан туядир. Буларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бўлмаган».

Яҳудий олимлар: «Эй йигит, ўз эгаси билан юрувчи ва доим ҳаракатда бўлган бир қабр бор! У қайси қабр ва унинг эгаси ким?», деб сўрашди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) дедилар: «Бизнинг Қуръонимизда айтилишича, у ҳазрати Юнус пайғамбар бўлиб, у ҳазрат ўз қавмига ғазаб қилиб, уларни ташлаб чиқиб кетганлари учун Аллоҳ таоло у зотни танбеҳ қилиб, денгиздаги катта наҳанг балиққа: Оғзингни оч ва Юнусни ютиб юбор, деди. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿وَذَا ٱلنُّونِ إِذ ذَّهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَن لَّن نَّقۡدِرَ عَلَيۡهِ فَنَادَىٰ فِي ٱلظُّلُمَٰتِ أَن لَّآ إِلَٰهَ إِلَّآ أَنتَ سُبۡحَٰنَكَ إِنِّي كُنتُ مِنَ ٱلظَّـٰلِمِينَ﴾

«Зуннун – Юнусни [ўз қавмидан] ғазабланган ҳолда чиқиб кетган пайтни эсла. Шунда у Бизни унга [ер юзини] торайтирмаймиз, деб ўйлади. Сўнг [Бизнинг амримиз ила наҳанг балиқ Юнусни ютгач, у балиқ қорни ичра] зулматларда туриб: «Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен [барча айб-нуқсонлардан] поксан. Албатта, мен [ўз жонига] жабр қилгувчилардан бўлдим», деб нидо қилди» (Анбиё сураси, 87-оят). Демак, қабр эгаси ҳазрати Юнус пайғамбар ва қабр эса наҳанг балиқ қорнидир. Ҳазрати Юнус (алайҳис салом) учун қабр бўлган балиқ қорнида қарор топгач, ушбу қабр ўз эгаси билан бирга юра бошлади».

Яҳудий олимлар ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг берган жавобларига қойил қолиб: «Боракаллоҳ, жуда тўғри жавоблар!», дейишди ва сўзларини давом эттириб: «Эй йигит, бир сони нима маънони англатади?», дейишди. Ҳазрати Али (алайҳис салом): «Аллоҳ бир ва ягона илоҳдир, деган маънони англатади», дедилар. Улар: «Икки соннинг маъноси нима?», деб савол беришди. У ҳазрат: «Одам Ато ва Момо Ҳавво дегани», дедилар. Улар: Уч сони нимани англатади?», дейишди. У зот: «Уч фаришта; Ҳазрати Жаброил, Микоил ва Исрофил фаришталар деган маънода», дедилар. Улар: «Тўрт сонининг маъноси нима?», дейишди. У зот: «Тўрт сонининг маъноси тўртта буюк илоҳий китоблар; Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони Карим дегани», дедилар. Улар: «Беш сонининг маъноси нима?», дейишди. У зот: «Беш марта ўқиладиган фарз намозлар дегани», дедилар. Улар: «Олти сони нима маънони англатади?», дейишди. У Зот: «Бизнинг Қуръонимизда бу ҳақда айтилган ва сизнинг Тавротингизда ҳам келган:

﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ وَمَا مَسَّنَا مِن لُّغُوبٍ﴾‏

«Албатта, осмонлару ерни ва уларнинг ўртасидаги нарсаларни олти кунда яратдик ва Бизни ҳеч қандай чарчоқ тутмади» (Қоф сураси, 38-оят). Демак, олти сони Аллоҳ таоло ер ва осмонни яратган олти кеча-кундуз маъносини англатади», дедилар.

Улар: «Етти сонининг маъноси нима?», дейишди. У зот: «Етти сони осмон етти қаватдан иборат эканини билдиради», дедилар ва:

﴿وَبَنَيْنَا فَوْقَكُمْ سَبْعًا شِدَادًا﴾

«Устларингизда етти [қават] мустаҳкам осмонни бино қилдик», Набаъ сураси, 12-оятни ўқидилар.

Улар: «Саккиз сонининг маъноси нима?», дейишди. У зот: «Қуръонда бу борада шундай дейилган:

﴿وَيَحْمِلُ عَرْشَ رَبِّكَ فَوْقَهُمْ يَوْمَئِذٍ ثَمَانِيَةٌ﴾‏

«Ва уларнинг устида Парвардигорингнинг Аршини у кунда саккиз [фаришта] кўтариб туради» (Ал-Ҳоққа сураси, 17-оят) «Саккиз сони Парвардигори олам Аршини кўтариб турадиган саккизта фариштани билдиради», дедилар.

Улар: «Эй йигит, тўққиз сони нима маънони англатади?», дейишди. У зот: «Тўққиз сонининг маъноси Аллоҳ таоло пайғамбарингиз ҳазрати Мусо (алайҳис салом)га тўққиз хил мўжиза берди, дегани. Аллоҳ таоло Қуръонда бу борада шундай марҳамат қилган:

﴿وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَىٰ تِسْعَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ ۖ﴾

«Дарҳақиқат, Биз Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжизалар бердик» (Ал-Исро сураси, 101-оят).

Улар: «Ўн сонининг маъноси нима?», дейишди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) дедилар: «Аллоҳ таоло пайғамбарингиз ҳазрати Мусо (алайҳис салом)га берган ваъдасига ўн кечани қўшиб, ваъдасини комил қилганини англатади. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿وَوَاعَدْنَا مُوسَىٰ ثَلَاثِينَ لَيْلَةً وَأَتْمَمْنَاهَا بِعَشْرٍ فَتَمَّ مِيقَاتُ رَبِّهِ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً﴾

«Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Кейин эса, уни яна ўн [кеча] билан тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди.» (Аъроф сураси, 142-оят)».

Улар: «Ўн бир сони нимани англатади?», дейишди. У зот дедилар: «Ўн бир сони ҳазрати Юсуф пайғамбар оғаиниларининг сонидир ва бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган:

﴿إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ﴾

«Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳамда қуёш ва ойни кўрдим, уларни менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим», деганини эсла.» (Юсуф сураси, 4-оят)».

Улар: «Ўн икки сони нимани англатади?», дейишди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) дедилар: «Пайғамбарингиз ҳазрати Мусо (алайҳис салом) асоларини тошга урганларида, Бани Исроилнинг ўн икки қабиласи учун ўн икки булоқ отилиб чиқди. Ўн икки сони ўша ўн икки булоқни англатади. Қуръонда бу борада шундай дейилган:

﴿وَإِذِ اسْتَسْقَىٰ مُوسَىٰ لِقَوْمِهِ فَقُلْنَا اضْرِب بِّعَصَاكَ الْحَجَرَ ۖ فَانفَجَرَتْ مِنْهُ اثْنَتَا عَشْرَةَ عَيْنًا ۖ قَدْ عَلِمَ كُلُّ أُنَاسٍ مَّشْرَبَهُمْ﴾

«Мусо ўз қавми учун сув сўраганида: «Ҳассанг билан тошга ур», [деганимиз замонни эсла.] Шунда [ҳазрати Яъқуб наслидан бўлган ўн икки қабила учун] ўн икки булоқ отилиб чиқди. Ҳар қабила ўз сув жойини билди» (Бақара сураси, 60-оят)».

Бу жавобларни эшитган яҳудий олимлар жим бўлиб қолишди. Шунда ҳазрати Али (алайҳис салом) уларга: «Нимага сукут сақлаб жим турибсиз?! Саволларингизни сўрангиз», дедилар. Улар эса: «Эй йигит, бизнинг ҳеч бир саволимиз қолмади», дейишди. Шунда яҳудий олимларнинг ҳаммалари биргаликда:

نشهد أن لا إله إلَّا الله ونشهد أنَّ محمَّدًا رسولُ اللهِ

«Гувоҳлик берамизки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик берамизки, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули-Элчисидир», дейишди. Эндигина Ислом динига кирган бу яҳуд олимлари нақадар яхши ва тўғри танладилар! Қуръонда ҳам тушуниб етганингдан кейин яхши танла, деб айтилган. Кейин улар ҳақиқатни эътироф этиб:

ونشهد أنَّك عَلِیًّا خَلِیفةُ رَسُولِ اللهِ.

«Ва гувоҳлик берамизки, сиз Али Расулуллоҳнинг халифасисиз, минбарда ўтирган бу шахс эмас», дейишди.

Бу ерда юракларни оғритадиган аччиқ ҳақиқатни айтмай иложимиз йўқ! Тарихда айтилишича, ўша мажлис тугагач, яна ҳазрати Али (алайҳис салом) уйларига ёлғиз қайтдилар!

Афсуски, Сарвари олам вафотларидан кейин кўпчилик мусулмонлар ўз замоналарининг имоми ва пешвосига нисбатан бефарқ ва бепарво бўлдилар. Улар ўз замоналарининг имоми ва йўлбошчисига эргашиб, ҳимоя қилиш ўрнига у зотни яккаю ёлғиз қўйдилар. Бунга тарих гувоҳ!

Сўзимиз ниҳоясида қўлимизни дуога кўтариб, яратган Эгамиз Аллоҳ таолодан ўз замонамиз имоми ва йўлбошчиси ҳазрати Имом Маҳдий (алайҳис салом)га нисбатан бефарқ ва бепарво бўлмай ва у ҳазратни яккаю ёлғиз ташлаб қўймай, ҳамма ҳолатларда у зотга эргашувчи ва у зотни ҳимоя қилувчи кишилардан бўлишни дуо-илтижо қилиб сўраймиз!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Имом Али инсоний адолатнинг овози номли китоб ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ✍🏻 Жаноб Доктор Муҳаммад Асадий Гарморудий ўзининг «Ғадирнинг инсонлар камолотидаги ўрни» китобида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.