Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Ҳазрат Али (а) нинг тафаккур ва амалларида исломий бирдамлик ғояси

Ҳазрат Али (а) нинг тафаккур ва амалларида исломий бирдамлик ғояси

  Бирдамлик исломий жамиятнинг асосий ва муҳим маслалаларидан биридир. Исломий бирдамлик ва мусулмонлар иттифоқи Аллоҳнинг ягоналигига, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда Қуръони каримга эътиқод қилиш юзасидан шаклланган илоҳий неъматдир.

  Қуръони карим, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), имомлар ва дин пешволарининг таълимотларида исломий умматнинг иттифоқ ва бирдамлик масаласи қайта-қайта уқтириланган. Динимизнинг улуғлари мусулмонларни бирдамликка чорлаб, динни нифоқ ва тафриқадан, яъни турли гуруҳларга бўлиниб кетишдан сақланишга даъват этишган.

  Қуръони каримнинг муборак оятларига биноан, тафриқадан қутилишнинг бирдан бир йўли ислом ва «Сиротал мустақийм» яъни, тўғри йўлдан юришдир. Яъни Аллоҳга бандалик ва ибодат қилишдир.

  Муборак «Анъом» сурасининг 153 ояти каримасида буюрилади:

<وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ>

  «Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! Бошқа йўлларга (тобе бўлманг) эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан адаштирмасинлар. Шояд тақво қилсангиз деб,сизларни мана шу нарсаларга буюрди.»

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) ислом умматининг иттифоқ ва бирдамлигини жуда-жуда улуғлар эдилар. Ул ҳазрат бу нарсани Аллоҳнинг муҳаббати белгиси ва бандаларига ато этган чексиз неъмати, деб билардилар.

  Амирал мўъминийн (мўъминлар амири) Али (алайҳис салом) ҳазратлари бирдамлик ва якдиллик соясида жамиятнинг хайр-баракот топишини таъкидлаб, буюрадилар:

  «Парвардигорнинг ғайб қўли жамоат устидадир. Мусулмонлар ўз ваҳдат ва бирдамликларини муҳофаза этишлари лозим.»

  Ул ҳазрат уммат орасига тафриқа ва ихтилоф солиш ва уни бўлакларга бўлиш хатарининг даҳшатидан огоҳлантириш учун бу ҳолатни сурувдан ажралган қўйга ўхшатадилар ва таъкидлардиларки, подадан ажралган қўй чўпоннинг ҳимоясидан маҳрум бўлади ва осонликча бўрига ем бўлади. Шу боис, киши мусулмонларнинг мустаҳкам сафидан узоқлашмаслиги керак. Шундагина у ташқи душман хийла-найрангларидан омон қолиб, диндошларининг меҳр-муҳаббатларига сазовор бўлади.

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) баракотли ҳаёт йўллари ислом жамиятининг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлиги йўлида муҳим сабоқдир. Оят ва ҳадислар асосида маълум бўлишича, Парвардигори олам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин ислом жамиятининг раҳбарлиги ва имомлигини ҳазрат Али (алайҳис салом)га белгилаган эди.

  Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан бир оз олдинроқ, Ғадир куни ул ҳазратни ўзларига ўринбосар этиб тайинлаб, буюрдилар:

  «Мен кимнинг пешвоси ва мавлоси бўлсам, мендан сўнг, унинг мавлоси Алидир.»

  Али бин Абу Толиб (алайҳимас салом) тақво, илм ва юксак инсоний фазилатлар эгаси эдилар. Ул ҳазратнинг бу олий фазилатларини Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз муборак ҳадисларида қайта-қайта таъкидлаганлар. Амиралмўминийн Али (алайҳис салом) ўз нафсларига тўлиқ ҳукмрон ва исломга жуда-жуда вафодор эдилар. Ўша пайтда жуда кўп кишилар халифалик сизнинг ҳаққингиз, дея тарғиб қилишар, аммо баъзиларнинг нияти холис эмасди. Жумладан Абу Лаҳабнинг ўғилларидан бири Али (алайҳис салом)нинг фазилатлари ва ул ҳазратнинг хилофатга ҳақдорлиги ҳақида шеър ёзиб, ҳазратнинг мухолифлари наздида ўқийди. Аммо, Али (алайҳис салом) унинг шастини қайриб, дедилар:

  «Мен учун исломнинг барҳаётлиги ва бардавомлиги муҳимроқдир. Ислом асосларининг боқий қолиши ҳамма нарсадан кўра арзирлироқдир.»

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг ислом умматининг иттифоқ ва бирдамлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракат ва фидойиликлари, муборак умрларининг охирларигача давом этди. Кейинчалик, ул ҳазратнинг халифалик даврида айрим кишилар ихтилофларга берилиб, ул ҳазратга қарши уруш эълон қилганларида, ҳазрат Али (алайҳис салом) иложи борича сабр-тоқатни пеша айлаб, буюрадилар:

  «Мен мусулмон умматининг бўлакларга бўлиниб кетмаслиги учун ўз ҳаққим- халифаликдан кўз юмдим. Булар ўз майллари билан менга байъат қилиб, яна байъатларини қайтариб олишди. Улар мусулмонлар орасида ихтилофлар вужудга келишидан парво қилишмади.»

  Азизлар, башарият тарихида энг улуғ шахсиятлардан бири амиралмўминийн Али (алайҳис салом) ҳазратларининг Ғадир Хум номли маконда раҳбарлик ва пешволикка тайин этилган кунларини яна бир маротаба сизга муборакбод айлаб, ул ҳазратнинг заковатли ҳикматларидан бирини эътирборингизга ҳавола этамиз. Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (алайҳимас салом) ислом уммати боқийлигининг асоси, ихтилофлардан парҳез қилиш ҳамда уюшқоқлик ва бирдамликка эришиш эканлигини таъкидлаб буюрадилар:

  «Қатъий равишда айтиш мумкинки, ваҳдат ва бирдамликка эришган ҳар қандай миллат қудратга эришди. Аллоҳ таоло бало ва хорликлар келтирадиган паришонликларни улардан узоқлаштирди, уларни дин йўлида ҳидоят топиш билан иззатлантирди.»

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.