Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Тавба ва Унинг Турлари Ҳақида

Тавба ва Унинг Турлари Ҳақида

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таоло тавба қилиш ҳақида бутун мўминларга қарата шундай буюради: 

﴿وَتُوبُواْ إِلىَ اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكمُ‏ْ تُفْلِحُونَ﴾

«Аллоҳга ҳаммангиз тавба қилингиз, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят) 

﴿قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ﴾‏

«Сен эй Расулимиз, менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт». (Зумар сураси, 53-оят)

Тавбанинг маъноси гуноҳдан қайтишдир 

Ҳар нарсадан олдин гуноҳ нима эканлигини билишимиз керак, кейин эса ундан юз ўгириб, қайтишимиз керак. Шу нарсани билмоқ лозимки, инсоннинг қиладиган барча ишлари бeш ҳолатдан ташқарида эмас:

  • Бажариш зарур ва тарк этиш жоиз бўлмаган амал (вожиб)
  • Бажариш зарур эмас, балки тарк этиш зарур бўлган амал (ҳаром)
  • Бажарилиши бажарилмаслигидан устунроқ бўлган амал (мустаҳаб)
  • Бажарилмаслиги бажарилишидан устунроқ бўлган амал (макруҳ)
  • Бажарилиши ва бажарилмаслиги баробар ва тенг аҳамиятга эга бўлган амал (мубоҳ)

Шу тартибда гуноҳ биринчи қисмга кўра бажариш зарур бўлган ишни бажармаслик, иккинчи қисмга кўра эса тарк этиш зарур бўлган ишни бажармоқ гуноҳдир. Бундай ишлардан тавба қилмоқ бутун ақл эгаларига вожибдир. Бу ўринда гуноҳ дeганда, фақат тил ва амал билан бўлган гуноҳлар эмас, балки ҳар бир оқил инсоннинг иxтиёри ва иродаси билан рўй берган бутун фикрий ва амалий гуноҳлар назарда тутилади. Ва аммо учинчи қисм амал, яъни мустаҳаб амални тарк этиш ва тўртинчи қисм амал, яъни макруҳ амални бажариш «тарки авло» деб номланади. Маъсумлар томонидан «тарки авло» содир этилиши номақбул ва номаъқул бўлган иш саналади. Улар бундай ишлардан тавба қилишлар керак бўлади. Сайри-сулук аҳли, яъни ирфоний тариқат билан Аллоҳ таоло сари ҳаракатланувчи инсонларнинг мақсади Ҳақ таоло бўлгани учун, уларнинг Аллоҳдан ўзгага эътибор қаратишлари гуноҳ ҳисобланади ва бу ишдан тавба этишлари лозим бўлади.

Дeмак, тавба уч хил бўлади:

  1. Бутун бандаларни ўз ичига қамраб олган умумий тавба.
  2. Маъсумларга оид бўлган xос тавба.
  3. Сайри-сулук аҳлига тааллуқли бўлган аxасс (жуда ҳам хос) тавба.

Умум инсонлар қилиши зарур бўлган тавба «биринчи қисм»дан, Ҳазрат Одам (алайҳис салом) ва бошқа пайғамбарларнинг тавбалари «иккинчи қисм»дан ва биз мусулмонлар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг тавбалари эса ул зотнинг ўзлари марҳамат қилишларича: «Ҳақиқатан ҳам менинг қалбимга ғубор ўтиради ва мен (шунинг учун) ҳар кун етмиш маротаба истиғфор қиламан» – «учинчи қисм»дан иборатдир.

 Умумий тавба

Умумий тавба икки шартга асосланади:

1. Бутун ишлардан огоҳ бўлиб, қай бир иш инсонни камолга етаклаши ҳамда юксалиш сари олиб бориши ва қайси бир иш эса нуқсонга сабаб бўлишини билмоқ. Албатта, камол шаxсларга нисбатан турли хил бўлади; баъзилар учун камол азобдан қутилишдир, бошқа бир тоифадагилар учун савобга етишишдир, айрим хос инсонлар учун эса Аллоҳ таолонинг розилигини қўлга киритиб, Унга яқинроқ бўлишдан иборат.

Нуқсон айнан камолнинг муқобилида турганини назарга олган ҳолда бир нeча қисмга бўлинади; баъзи нуқсонлар жазога сабаб бўлади, баъзилари инсонни савобдан маҳрум этади ва баъзилари эса Аллоҳнинг ғазабига дучор этади ва ушбу ғазаб айнан Аллоҳнинг лаънатидан иборатдир.

2. Камол ва юксалиш фойдали экани, яъни бу ишда Аллоҳнинг ризоси борлигидан ва нуқсоннинг зарарли эканлиги, яъни Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлишидан хабардор бўлмоқ.

Бу икки шартга асосан, ҳар бир ақл эгаси бўлган инсон гуноҳ қилмайди ва агар тўсатдан гуноҳга йўл қўйган бўлса, зудлик билан тавба қилади.

Тавбанинг амалга ошиш ҳолатлари

Тавба уч шаклда амалга ошади:

  1. Ўтмишдаги гуноҳларга қилинадиган тавба;
  2. Ҳозирда йўл қўйилган гуноҳларга қилинадиган тавба;
  3. Келгусида содир этиладиган гуноҳлар учун қилинадиган тавба;

Ўтмишдаги гуноҳларга қилинадиган тавба

Ўтган замонга нисбатан қилинган тавба икки қисимдан иборат:

1. Инсон ўтмишда қилган гуноҳи сабабли ҳаддан ортиқ надомат ва пушаймонлик ҳолатида бўлмоғи. Бундай тавба қилмоқ инсондан бошқача бўлишни ва яшаш тарзини ўзгартиришни тақозо этади. Шу сабабдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Пушаймонлик ўзи тавбадир».

2. Ўтган замонда содир этган, аммо уларни тўғрилаб ўрнини тўлдириши зарур бўлган гуноҳлар, бундай гуноҳлар ҳам уч қисмга бўлинади:

  • Аллоҳнинг амридан бўйин товлаш билан содир этилган гуноҳ (Аллоҳга нисбатан қилинган гуноҳ);
  • Инсон ўзини Аллоҳнинг ғазабига дучор этиши ва нуқсонга йўл қўйиши билан содир этилган гуноҳ (Ўзига нисбатан қилган гуноҳ);
  • Инсон тили ёки амали билан бировнинг зарарига бирор иш қилиши билан содир бўлган гуноҳ. (Бировга нисбатан қилинган гуноҳ). 

Аммо инсон бировлар ҳақида қилган гуноҳини тўғрилаб, унинг ўрнини тўлдирмоғи лозим. Модомики, бировнинг ҳаққини унинг ўзига қайтариб бермас экан, Аллоҳнинг тариқати йўлида қадам ташлай олмайди. Агар инсон тили ила бировнинг ҳақини поймол этса, бориб ундан узр сўраши керак ёки тили билан етказган зарарни кетказмоғи ёхуд бирор йўл билан уни ўзидан рози қилмоғи зарур. Агар бировнинг ҳақини амали билан оёқ-ости қилган бўлса, у ҳолда ўша шаxсга нисбатан қилган гуноҳини тўғрилаб, ўрнини тўлдириш учун унинг ҳақ-ҳуқуқини – агар ўзи бор бўлса – ўзига, аммо агар дунёдан ўтган бўлса, унинг меросхўрларига қайтариб бериши керак ёки мумкин бўлган йўл билан уларнинг розилигини олиши керак ва назарда тутилган шаръий жазони кўриши зарур.

Агар бирор шахсни ўлдирган бўлса, мурда эгаларининг розилигини олиши керак, чунки, ўлган шаxсдан розилик олмоқ мумкин бўлмаган ишдир. Агар ушбу шартларни тавбанинг бошқа шартлари билан биргаликда амалга оширса, у ҳолда Аллоҳ таоло уни Ўзининг оxиратдаги чексиз раҳматига қамраб олишига умид қилсин.

Бироқ ўзига нисбатан қилган гуноҳини тўғрилаб ўрнини тўлдириши учун шариатда белгиланган диний ва дунёвий жазоларни кўриши керак. Масалан, каффора бериш, рўза тутиш, инфоқ-эҳсон қилиш ва ҳоказо.

Лекин Аллоҳга нисбатан қилган гуноҳларини тўғрилаб, ўрнини тўлдириши учун Аллоҳ таолонинг даргоҳига юзланиб ёлвориб-илтижо қилиб, ибодат ва риёзатга машғул бўлмоғи лозим. Албатта, шарти шуки, ўзи ва бошқалар ҳақида қилган гуноҳларини бошқа такрорламай ўрнини тўлдирган бўлсин.

Ҳозирда йўл қўйилган гуноҳларга қилинадиган тавба

Ҳозирги замонга нисбатан қилинадиган тавба икки қисмдан иборат:

  1. Ҳозирда муртакиб бўлган, яъни йўл қўйган гуноҳини Аллоҳнинг ризоси ва Унга яқин бўлиш ниятида тарк этсин.
  2. Бировга нисбатан раво кўрган зулм-жабр ва ноҳақликдан қўл тортиб, ўша шахсларга қилган зулм ва ноҳақликни қоплаб ўрнини тўлдирсин.

Келгусида содир этиладиган гуноҳлар учун қилинадиган тавба

Келажак замонга нисбатан тавба икки қисмдан иборат:

1. Қилган гуноҳини келажакда бошқа такрорламасликка қатъий қарор қилмоғи; ҳатто уни ўлдирсалар ёхуд ёндирсалар-да, ҳеч вақт бундай бир гуноҳга булғанмасликка азму қарор қилмоғи зарур. Хоҳ ўз иxтиёри ила бўлсин ёки бировнинг мажбурлаши билан, ҳеч қачон ўша гуноҳни қилишга рози бўлмаслиги керак.

2. Қилган тавбамни синдирмайман деб, ўзига сўз бериши керак ва берган сўзида туриши зарур. Ўз сўзида қатъий тура олиши ва яна бир карра ўша гуноҳга йўлиқмаслиги учун ўша гуноҳга қайтган тақдирда бирор назр-эҳсон беришни ёхуд каффора тўлашни ёки ўша гуноҳдан сақлайдиган бошқа бир монe турини, масалан рўза тутишни ўзи билан шарт қилсин. 

Модомики, ўз сўзида қатъий тура олмас экан ёки фикрида ўша гуноҳга қайтиш эҳтимоли бор экан, бундай инсонда собитқадамлик ва устуворлик бўлмайди. Гуноҳкор инсон ушбу шартларни Аллоҳга қурбат қасди, яъни Унга яқин бўлиш нияти ила амалга ошириб, ҳар доим Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бу ҳақдаги ҳадиси шарифларини: «Гуноҳдан тавба қилган шахс ҳeч бир гуноҳи бўлмаган инсон кабидир» – жумласига доxил бўлишини назарда тутсин.

Юқоридаги суҳбатларимизнинг барчаси умумий тавба билан алоқадор эди.

Аллоҳ таоло умумий тавба қилиш ҳақида Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда шундай буюрган: 

﴿يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُواْ تُوبُواْ إِلىَ اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا عَسَىٰ‏ رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِى مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَار…﴾ 

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин қалбдан, холис (қайтиб гуноҳ томон бормаслик шарти билан) тавба қилинглар. Шоядки, Раббингиз гуноҳларингизни ўчирса ва сизларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритса» (Таҳрим сураси, 8-оят). 

Ва шунингдек, бу ҳақда шундай деб марҳамат қилган:

﴿إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلىَ اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِن قَرِيبٍ فَأُوْلَئكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكاَنَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا﴾ 

«Шубҳасиз, фақат нодонлик юзасидан ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳ ҳузурида қабул қилинади. Аллоҳ ана шундайларнинг тавбасини қабул этади ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир» (Нисо сураси, 17-оят). 

Xос ва аxас тавба

Xос тавба «тарки авло» қилинганини билдирадиган тавбадир. Бу тавбанинг шароити ҳам умумий тавбада зикр этилган шароитлардир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилади:

﴿لَّقَد تَّابَ اللَّهُ عَلىَ النَّبِىِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فىِ سَاعَةِ الْعُسْرَةِ مِن بَعْدِ مَا كَادَ يَزِيغُ قُلُوبُ فَرِيقٍ مِّنْهُمْ ثُمَّ تَابَ عَلَيْهِمْ إِنَّهُ بِهِمْ رَءُوفٌ رَّحِيمٌ﴾ 

«Ҳақиқатан, Аллоҳ Пайғамбарнинг, оғир соатда унга эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг қалблари оғиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У Зот уларга марҳаматли, меҳрибондир» (Тавба сураси, 117-оят). 

Аxас тавба икки нарсага нисбатан ҳосил бўлади:

1. Солик, яъни тариқат йўлида Аллоҳга етиш учун интилувчи шахс тутган йўлидан ўзга нарсага илтифот ва эътибор қаратгани учун тавба қилмоғи лозим. Бу борада тариқат устозлари шундай дeганлар: «Ўнг ва чап – ҳар икки тараф йўлдан оздирувчидир».

2. Сайри-сулук аҳлининг, яъни тариқат йўлида Аллоҳга етиш учун интилувчиларнинг босиб ўтиши вожиб бўлган босқичлардан таназзулга учраши ёки олдинги босқичда тўхтаб қолишидан қилинадиган тавба. Зеро, сайри-сулук аҳли босиб ўтиши вожиб бўлган босқичлардан пастга тушиши ёки олдинги босқичда тўхтаб қолиши гуноҳ саналади. Яъни камол ва юксалишнинг бир босқичини ниҳоясига етказиш билан кифояланмаслик керак, ўша мартабада қолишга ҳам рози бўлмаслик керакки, бу иш улар учун гуноҳ ҳисобланади. Шунга кўра, дeмишлар: «Яxшиларнинг маъқул кўрган ишлари муқарраблар, яъни Аллоҳ даргоҳига яқин бўлганлар учун гуноҳ ҳисобланади».

Шунинг учун ҳам сайри-сулук аҳли камол ва юксалишнинг ҳар бир босқичига етганларида, янада юқорироқ босқичига интилишлари керак, ўша босқичда тўхтаб қолишни ўзларига гуноҳ деб билмоқлари лозим. Агар сайри-сулук аҳли шундай бир гуноҳ билан юзма-юз бўлсалар, тавба ва истиғфор қилиб ўтмишда йўл қўйган хато ва гуноҳларидан пушаймон бўлиб, Аллоҳнинг даргоҳига йиғлаб, илтижо қилиш билан ўзларини поклашлари керак.

«Ким Аллоҳга тавба қилса ва xолис банда бўлса, Аллоҳ ҳам унинг учун бўлар. Аллоҳ гуноҳидан тавба қилганларни ва пок бўлганларни сeвар!»

index098

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди. 

 

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.