Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Энг xавфли вирус шу яқин атрофдадир, эҳтиёт бўлайлик

Энг xавфли вирус шу яқин атрофдадир, эҳтиёт бўлайлик

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Шу пайтгача энг xавфли вирус ҳақида эшитганмисиз? Унинг энг ўзгарувчан ва мослашувчан вирус эканлигини биласизми? Унинг номи ва фаолият юритиши ҳақида маълумотга эгамисиз?

Бугунги кунда вирус десак, кўпчиликнинг кўз олдига медицинадаги вируслар ёки нари борса, компютерларга тушадиган вируслар келади. Албатта, бизлар ҳам бундай вирусларнинг xавфли эканлигини инкор этмаймиз ва улардан эҳтиёт бўлиш кераклигини биз ҳам таъкидлаймиз.

Аммо айтмоқчи бўлган нарсамиз шуки, дунёда бошқа хил вируслар ҳам борки, уларнинг xатари бошқаларникидан анча кучлироқдир. Агар биз бир зум улардан ғафлатда қолсак, улар қалбимизда абадий ҳасратга айланади. Сўнгги пушаймонлик эса бефойдадир.

Шундай экан, унга мубтало бўлмасдан туриб унинг аянчли оқибати ҳақида фикр юритмоқ лозимдир. Бу вирус гоҳида кўринишидан яxши диний амалнинг устига миниб оладики, одам алданиб қолиб унга мубтало бўлиб қолади ва зараридан азобга гирифтор бўлади.

Ҳамма вируслар орасида ўзига яраша ўxшашликлари ва ўзаро фарқлари бордир. Масалан, компютерларга тушган вирусларни олиб қарайдиган бўлсак, улар теxнология ва илм-фан тараққиёти билан чамбарчас боғлиқдир. Вирусдан қутулиш учун умуман фан-теxникадан қутулиш керак, деган гап бемани xомхаёлликдир. Xудди шунга ўxшаб, биз айтаётган вирус ҳам одамлар ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетгандир. Шунинг учун ундан қутулиш осон иш эмасдир.

Биз айтаётган вирус бу – ҳар бир инсон нафсининг ёмонликка буюрувчи хоҳиш-истаги ва ҳою ҳавасидир. Ушбу ҳою ҳавас турли куринишда, ҳатто диндорлик тимсолида ҳам намоён бўлиши мумкин, лекин шунда Аллоҳ таолонинг ризолигини эмас, балки нафснинг ёвуз ният ва истакларини амалга оширишни кўзда тутади. Ва бу ёвуз нафс диний қиёфада бўла туриб риё (ўзини кўрсатиб кўз-кўз қилиш), такаббурлик (ўзини бошқалардан юқори тутиш), худбинлик, манманлик, ҳасад (кўра олмаслик), хиёнат, сотқинлик ва ҳатто қотиллик каби хислатларга мубтало бўлиши мумкин.

Атрофимизни ва баъзан ўзимизни қамраб олган ушбу хавфли вирусдан фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг мадади ва раҳмати билангина қутилишимиз мумкин. Бу борада Қуръони Каримда бундай дейилади:

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ ﴿يوسف: ٥٣﴾

(Ҳазрат Юсуф (а.с) деди:) «Мен нафсимни оқламайман. Чунки, нафс – агар Раббимнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта, ёмонликка кўп буюрувчидир. Шубҳасиз, Раббим мағфиратли, раҳмлидир» (Юсуф сураси; 53-оят)

Ҳазрат Юсуф пайғамбардек буюк зот ушбу вирус, яъни ёмонликка буюрувчи нафсдан қутулишнинг ягона йўли бу – Раббимнинг менга раҳм қилиб ёрдам бериши, деб айтсалар, маълумки, биз оддий одамлар учун бу хавфли вирусдан қутулиш жуда оғир кечади. Шунинг учун ҳам, нафснинг ёмонликка буюрувчи хоҳиш-истаги ва ҳою ҳавасига қарши курашиш Ислом динида «Жиҳоди Акбар», яъни энг катта жиҳод ва курашув деб номланган.

Агар биз Аллоҳ таолонинг мадади ва раҳмати ёғдусида ушбу ўта хавфли вирус бўлмиш нафснинг хоҳиш-истаги ва ҳою ҳавасларидан қутулиб ололсак, шак-шубҳасиз, Худонинг ҳақиқий мўмин бандалари сафига қўшиламиз ва оқибат Аллоҳнинг ризолигини қўлга киритиб, бу дунё ва охирати обод бўлган бахтиёр инсонлар бўламиз.

Ва шунингдек, биз ўз нафсимиз устида ишлаб юқорида айтилган нафснинг ҳою ҳавас ва иллатларидан қутулиб олсак, том маънода ҳидоят топган бўлурмиз ва у ҳолда бошқаларнинг йўлдан озишлари ва уларнинг бизга қарши йўналтирилган хатти-ҳаракатлари бизга зарар етказа олмагай. Аллоҳ таоло бу борада шундай деб буюради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا عَلَيْكُمْ أَنفُسَكُمْ لَا يَضُرُّكُم مَّن ضَلَّ إِذَا اهْتَدَيْتُمْ إِلَى اللَّـهِ مَرْجِعُكُمْ جَمِيعًا فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿المائدة: ١٠٥﴾

«Эй иймон келтирганлар, ўзингизга киришингиз (нафсингиз устида ишлангиз). Модомики, ҳидоят топган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмаслар. Ҳаммангизнинг қайтишингиз Аллоҳнинг ҳузуригадир. Ўшанда сизни қилиб юрган ишларингиздан хабардор этур». (Моида сураси; 105-оят)

Шу боис, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг нафслари ҳою ҳаваслардан тамоман йироқ бўлган ва Аллоҳ таолонинг нурафшон каломини қабул қила олган буткул нур бўлишига қарамай, ул зот доиман қўлларини дуога кўтариб шундай дердилар:

«أعَاذَنَا اللهُ مِنْ شُرُورِ أنْفُسِنَا وَ مِنْ سَيِّئَاتِ أعْمَالِنَا»

«Аллоҳ бизни нафсимизнинг ёмонликларидан ва амалларимизнинг ёвузликларидан Ўз паноҳига олсин».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.