Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Тўсатдан ароқ қўйиб ичилган мажлисдан туриб кетиш керакми?

Тўсатдан ароқ қўйиб ичилган мажлисдан туриб кетиш керакми?

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят. Битта саволим бор силарга. Бир одам туғилган кун ўтказди, туғилган кунига атаб ёзган дастурхонда ҳамма ҳалол нарсаларни қўйган. Худо ҳаром қилган нарсаларни қўймаган, ҳақиқатан ҳам ҳаракат қилди Худо ҳаром қилган нарсалар дастурхонда бўлмаслигига. Ўша одам мени ҳам таклиф қилди. Мен у ерга борганимда, столни устига қарадим, Худо ҳаром қилган нарсалар йўқ эди. Кейин ярим соат, бир соат ўтиб, 4-5 киши бошқа столда ўтиришди. Шунда мен уларнинг ароқ ичиб ўтиришганини билиб қолдим. Бу гуруҳ одамлар ўзлари билан ароқни олиб келишган экан, лекин туғилган кун қилган киши бу одамларга гапи ўтмайди ёки гапирмайди ҳам. Шу ҳолатда мен шу даврадан туриб кетишим керакми? Туриб кетаётганда, сабабини базм эгасига айтишим керакми ёки айтмасдан туриб кетсам ҳам бўладими? Шунақа ҳолатда нима қилиш керак?

Саволга яна шуни ҳам қўшимча қилишим керакки, мажлис эгаси 4 ёки 5 столни ташкиллаштирган ва шу столладан биттасида ароқ ичиляпти. Бу битта мажлис бўладими? Кейин бу ароқ ичганлар ўзи билан олиб келган, мажлис эгасини хабари йўқ. Олдиндан раҳмат.

Ҳурман билан

Зайниддин

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ва алайкум ассалом. Сиз саволда сўраган ҳолат ҳамма учун юз бериши мумкин, шариатимиз ҳам енгилликка асосланган ва инсоний жамиятда одамлар билан яхши алоқада бўлиш керак. Аммо мужтаҳидларимиз маъсумлардан ривоят қилинган ҳадисларга асосланиб гуноҳ бўлган мажлисга, яъни ароқ ичиладиган ёки ҳаром ашула чалиб ё айтиб ўйналадиган мажлисларга қатнашиш ҳаром деб фатво берганлар. Агар сиз айтган ўша туғилган кунда Худо ҳалол қилган таомлар ва ичимликлар дастурхонга қўйилган бўлса ҳамда ҳаром куй ва мусиқа чалиб ёки айтиб ўйналмаётган бўлса, у ҳолда бундай мажлисга қатнашиш жоиздир.

Аммо кейинчалик айрим кимсалар ўзи билан ароқ олиб келиб ичишса ва уларнинг ўтирган жойи сизнинг ўтирган жойингиздан узоқроқда бўлса, шариат таъбири билан айтганда, бир мажлис ҳисобланмаса, ўша мажлисдан туриб кетиш вожиб эмас. Лекин наҳйи мункар қилиш (ёмонликлардан қайтариш) шароити муҳайё бўлса ҳамда наҳйи мункар қилиш уларга таъсир қиладиган бўлса, у ҳолда бу амал вожиб бўлади. Чунки, наҳйи мункар худди намоз ва рўзадек вожиб қилингандир. Наҳйи мункар қилиш ҳамма вақт ҳам тилда булавермайди, балки баъзан амалда кўрсатилган найҳи мункар тилдагидан ҳам кучлироқ ва таъсирчанроқ бўлиши мумкин. Шуни назарга олган ҳолда яна таъкидлаб айтамизки, агар шароит муҳайё бўлса, наҳйи мункар бобидан ўша мажлисни тарк этсангиз ва тил билан айтиш ҳам мумкин бўлганда тилда ҳам айтсангиз, шубҳасиз, шаръий вазифангизни бажарган бўласиз. Албатта, бундай вазиятни аниқлаш ўзингизнинг зиммангиздадир.

Бу сўраган саволингиз тўйларга ҳам тааллуқлидир. Асосан, ҳаром билан ҳалолни ажратиш меъёри – бу гуноҳ мажлиси эканлиги ёки эмаслигини аниқлаб олишдадир. Агар базм эгаси ҳаром нарсаларни дастурхонга қўймаган бўлса, у ҳолда бундай базмларга бориб ўтириш шариатда жоиз ва мумкин дейилган. Агарчи айрим нобоб кимсалар кейинроқ ўша базм мажлисига ҳаром нарсаларни олиб келиб, ўзлари айри ҳолда ва узоқроқ жойда ичсалар-да, сиз учун ўша мажлисни тарк этиш вожиб бўлмайди. Магар юқорида айтганимиздек, наҳйи мункар қилиш шароити муҳайё бўлса, у ҳолда наҳйи мункар бобидан туриб кетиш вожиб бўлади. Буни аниқлаш эса ўзингизнинг зиммангиздадир.

Демак, сўзимизни хулоса қилиб айтадиган бўлсак, агар мажлис эгасининг ўзи ҳаром нарсаларни дастурхонга қўймаган бўлса, у мажлисга бориб ўтириш жоиздир. Агарчи кейинчалик баъзилар ўзи билан ҳаром ичимликларни олиб келиб, айри ҳолда ичишса-да. Асосан, бундай мажлисларда базм эгасининг ўзи ҳеч бир столда ҳаром нарсаларни қўймагани учун, кейинроқ баъзилар ўзи билан олиб кирган тақдирда, битта мажлис ҳисобланмайди. Сиз учун ўша мажлисда ўтириш ҳаром эмас. Махсусан, мажлис эгасини гапи ўтмаса, мажлис эгасининг ўзи бу ишдан рози бўлмаса ва сиз учун ҳам наҳйи мункар қилиш шароити мавжуд бўлмаса, у ҳолда ҳеч қандай вазифа зиммангизда бўлмайди.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.