Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а.с) ҳаракатларида инсоний каромат ва иззатнинг жилваланиши

Имом Ҳусайн (а.с) ҳаракатларида инсоний каромат ва иззатнинг жилваланиши

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ҳусайн ибн Али (алайҳис салом) раҳбарлигида Ошуродаги ўйғонишнинг буюк жилваларидан бири – бу инсоний каромат ва иззат ҳисобланади. Иззат-эҳтиром инсонга тавсиф этиб бўлмас чидамлилик, устуворлик, қудрат, енгилмаслик ва нафс буюклигини бағишлайди. Бу ўйғонмоқлик шундай бир ҳолатдирким, кишини нафақат золимлар қаршисида хору зор этмайди, балки унинг иззат ва устуворлигига янада куч бағишлайди. Ҳамда каромат ва улуғворликнинг маъноси ҳар қандай пасткашлик, разиллик ва заифликдан узоқда бўлиш демакдир.

Инсоний каромат исломий бир қадрият сифатида ҳамиша аҳамият ва диққат марказида бўлиб келган. Каромат (улуғворлик)га эга бўлган инсон шундай бир руҳий юксакликда бўладиким, ўзини турли пасткашликлар ва олчоқликлардан узоқда сақлайди ва барча ҳолатларда ўзининг ҳурмат ва шахсиятини муҳофаза этади. Бундай инсон касб этган ўзининг каромати ва иззати билан ҳаётда юз берадиган турли ҳодисалар баробарида енгилмайди ва энг оғир мусибатлар ва машаққатлар қаршисида эса матонат билан устувор туради. Чунончи имом Ҳусайн (алайҳис салом) ана шундай буюк шахслар жумласидан эдилар. Бу улуғ инсон хорлик, пасткашликлар ва қўрқоқликлар баробарида таслим бўлмадилар. Ҳолбуки, ул зот Ошуро куни Карбало заминида инсон тасаввурига сиғмайдиган энг оғир ва мудҳиш ҳодисалар ва жиноятлар билан юзма-юз бўлдилар. Ул ҳазратнинг фарзанд ва вафоли ёронларининг ҳаммаси қурбон бўлишди, оила аъзоларини эса асир қилиб олишди. Ул зотнинг танаси қилич билан тилиб ташланган бўлса-да, аммо руҳияти устувор ва мустаҳкам қолди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) инсоний каромат ва иймон иззатига эга бўлиб, бу йўлда устувор қолиш учун қонли ўлимни қабул қилдилар. Ҳақиқатан ҳам имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзлигини англаб етишни инсониятга ўргатиб, инсоний каромат ва иззатни муҳофаза этдилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) тафаккурида иззат ва каромат (улуғворлик)га эга бўлиш учун зоҳирда мағлубиятга дуч келиш мувафаққиятсизлик эмас, балки ҳақиқий ғалаба қозониш саналади. Шунинг учун ул зот Ошуро кунида шундай марҳамат қилдилар:

«Агар мағлуб бўлсак ва ҳалок бўлсак ҳам, ҳеч қачон енгилган бўлмаймиз, чунки ушбу йўлда биз учун мағлуб бўлиш йўқдир.»

Ушбу инсоний каромат ва иззат-эҳтиром имом Ҳусайн (алайҳис салом)га Ибн Зиёднинг разилликлари баробарида таслим бўлишга ижозат бермади.

Нафақат дин, балки инсониятга аҳамиятсиз ва бепарво бўлган шахслар инсоний қадриятларни масхара этиб, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) набираси имом Ҳусайн ибн Али (алайҳис салом)га ҳам ҳурматсизлик қилиш пайида эдилар. Аммо ул ҳазрат ҳеч бир саросима ва қўрқувга тушмасдан уларга матонат билан қаршилик кўрсатдилар ва ул ҳазратга Язидга байъат қилиш таклифини берган шахсларга шундай дедилар:

«Огоҳ бўлингизким, Язиднинг бу пасткашлиги мени қилич тортиш билан хору зор бўлиш ўртасида қўйган! Лекин разиллик ва хорликка нисбатан бизнинг таслим бўлишимиз амри маҳолдир. Худо, Унинг Расули, иймонли ва покиза инсонлар бунга рози бўлишмайди.»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ушбу сўзлари ила шаҳид бўлиш билан хорлик, пасткашлик ва қабиҳликка тан бериш ўртасида қарор топганларини эълон қилиш билан хорлик ва пасткашликни қабул қилиш номуносиб иш эканлигини уқтирдилар. Зеро, ул ҳазрат Парвардигори карим инсоннинг иззат-эҳтироми ва каромати (улуғворлиги)ни хоҳлайди ва оламларнинг Яратгувчиси, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва мўминларнинг барчалари хору залиллик ва пасткашлик билан бирга бўлган ҳаётни қабул қилишмайди, деб таъкидлайдилар.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Язидга байъат қилиш таклифини қабул қилсалар эди, Язид ва Уммавийлар ҳукуматига машрулик ва қонунийлик бағишлаш маъносида бўларди. Ва бу эса имом Ҳусайн (алайҳис салом) қабул қила олмайдиган амаллар жумласидан эди. Шунинг учун юқорида зикр этилган сўзларга қўшимча ўлароқ, ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

«Аллоҳ таоло номига онт бўлсинки, мен хору залиллик қўлини сизлар томон узатмайман ва қул бўлган шахслар каби асло қочмайман. Ва мен фақат Парвардигоримдан менга паноҳ беришини сўрайман.»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) баён этган ушбу сўзларида хору залиллик ва пасткашликдан иборат байъат қилмасликни эълон қилишлари билан Аллоҳ таолони ўзларининг пушту паноҳи деб таништириб, барча иззат, юксаклик ва қудрат Ундан эканлигини эълон қиладилар ва бу эса инсоний кароматнинг энг олий даражаси ҳисобланади.

Инсоний каромат инсоний ва исломий қадриятлардан бири сифатида имом Ҳусайн (алайҳис салом) томонларидан улкан эътибор ва аҳамият касб этган. Ул ҳазрат доимий равишда халққа нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ила муносабат қилардилар ва бирон-бир кишини таҳқирлаш ёки камситишга ижозат бермасдилар.

Ривоятларда айтилишича, ансорийлардан бўлган бир киши имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳузурларига келди-да, ҳаётидаги эҳтиёжини баён этишни истаб, молиявий кўмак сўрамоқчи бўлди. Шунда имом Ҳусайн (алайҳис салом) унга шундай буюрдилар:

«Эй ансорлик биродар, бу истак-хоҳишларингни баён этишдан тийилиб обрў-эътиборингни сақлагин ва эҳтиёжларингни бир мактубга ёзгин!»

Ансорлик ушбу шахс имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёзган мактубида шундай деди:

«Эй Або Абдуллоҳ, мен фалончидан 500 динор қарзим бор ва у бу қарзни қайтариб олишни билдирмоқда. Менга яна фурсат бериши учун у киши билан суҳбат этинг!»

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ушбу хатни ўқиб чиққанларидан сўнг ичида минг динор пул мавжуд бўлган халтачани унга бериб шундай марҳамат қилдилар:

«500 динор билан қарзингни қайтариб бер ва яна 500 динорни эса эҳтиёжларингни бартараф этиш учун сарфлагин ва ўз истак-хоҳишларингни қуйдаги уч киши; биринчи диндор шахс, иккинчи меҳр-мурувватга эга бўлган шахс ва учинчи аслу насабга эга бўлган шахсдан бошқа ҳеч кимга айтмагин! Диндор шахс ўз диёнатини сақлаш учун сенинг эҳтиёжингни қондиради, меҳр-мурувватга эга бўлган киши эса сенинг эҳтиёжингни қондирмасликдан уялади ва аслу насабга эга бўлган киши эса сен ушбу истак-хоҳишинг билан обрў-эътиборингни унинг олдига олиб келиб, унга топширганингни билади ва шу боис, сенинг обрў-эътиборингни муҳофазат этади ва эҳтиёжларингни қондирмасдан қўймайди».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.