Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Болаларни исломий руҳда тарбиялаш кўрсатмалари-3

Болаларни исломий руҳда тарбиялаш кўрсатмалари-3

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ушбу мақолада ёш авлодни тарбиялашга доир фойдали ва таъсирли маълумотларни тақдим этиб, берилган йўл-йўриқ ва дастуриламаллар фарзандингизни тўғри тарбия қилишингизга ёрдам беради, деб умид қиламиз.

Дастлаб, болаларга ибодат қилишни ўргатиш ҳақида сўз юритамиз: Баъзи ота-оналар кичик ёшдаги болаларининг намоз ўқишларига ўйин деб қарайдилар. Шунинг учун, болаларнинг ибодати ҳеч қандай савобга эга эмас, деб ўйлайдилар. Аслида эса ундай эмас. Болаларнинг қилган ибодатлари ҳам савобга эга бўлиб, оилага жуда кўп хайр-баракот келтиради.

Азиз ота-оналар қуйидаги ҳақиқатни билишингиз сизга фарзандларингизни тарбиялашда қўл келади. Ўша ҳақиқат шундан иборатки, катта ёшдагилар учун фарз ёки мустаҳаб бўладиган амаллар болалар учун мустаҳаб, катталар учун ҳаром ва макруҳ ҳисобланган амаллар болалар учун макруҳ ва катталарга мубоҳ ҳисобланган амаллар эса болалар учун ҳам мубоҳ ҳисобланади.

Агар болаларимизга қилган ҳар қандай ибодатлари учун меҳрибон Аллоҳ тарафидан ажру-савоб берилади, деб айтадиган бўлсак, шаксиз, уларнинг ибодат қилишга рағбатлари ошади, иккинчи тарафдан эса кишик ёшдан намоз ўқишни ўрганган болалар каттароқ бўлганларида ҳам ибодат қилишни тарк қилишмайди. Чунки, ибодатга ёшликдан одат қилишган бўлади. Аммо кичиклигида ҳеч намоз ўқимаган болалар балоғат ёшига етганларида (балоғат ёши ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиш учун ушбу мақолани ўқишни тавсия этамиз: http://bit.ly/2zEYNaK) бирданига намоз ўқишни бошлашлари бир оз қийинроқ кечади.

Шунинг учун, агар фарзандларимиз намозхон бўлсинлар десак, уларнинг кичиклик даврини ғанимат билиб, аста-секин уларни намоз ўқишга одатлантирмоғимиз даркор. Ёшликдан болаларни ибодатга ўргатишнинг яна бир яхши томони шуки, кичиклигидан масжидга чиқиб юрган бола у ердаги маънавий муҳит билан танишади, мўмин ва иймонли одамлар билан ошно бўлади ва бу эса уни келажакда фасод ва бузғунлик томонга кетиб қолишининг олдини олади. Шундай экан, болаларимизни кичиклигидан бошлаб исломий одоб ва таълимотлар билан таништиришимиз керак. Биз бу ўринда ота-оналар амалга оширишлари керак бўлган вазифаларни санаб ўтамиз:

1. Болаларни исломий руҳда тарбиялаш ҳақида;

Бунинг учун дастлаб тарбия асосини яратишимиз керак бўлади. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) неваралари имом Ҳасан (а.с) ва имом Ҳусайн (а.с)лар дунёга келишганида, уларнинг ўнг қулоқларига азон ва чап қулоқларига эса иқомат айтганлар. Бу иккала амал (азон ва иқомат айтиш) намоз ўқишдан олдин бажариладиган мустаҳаб амалларидандир.

Тўртинчи пешвоимиз имом Зайнулобидин (алайҳис салом)нинг сўзларига асосан, болалар уч ёшга тўлганларида уларга «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишни ўргатиш керак. Бола уч ёшу етти ой ва йигирма кунлик бўлганида эса унга «Муҳаммад» дейишни, тўрт ёшга тўлганида эса салавот «Аллоҳумма солли алаа Муҳаммад ва оли Муҳаммад» айтишни ўргатмоқ керак. Беш ёшга тўлганида унга қиблани ўргатинг, олти ёшлигида рукуъ ва сажда қилишни ва етти ёшга тўлганда эса қандай вузу (таҳорат) олиш кераклигини ўргатиш керак.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)нинг берган тавсиялари эса рўза тутиш ҳақидадир. Ул зотнинг айтишларига биноан, болаларни рўза тутишга одатлантирмоқ лозим. Бунда улар қачон қоринлари очса, ифторлик қилишлари мумкин бўлади. Шунда болалар аста-секин рўза тутишга ҳам одатланадилар ва бу эса балоғатга етганда рўза тутишда қийналмасликларини таъминлайди.

2. Ибрат бўлиш ҳақида;

Маълумки, болалар жуда тақлидчи бўладилар. Нимани кўрсалар, ўшани бажаришга ҳаракат қиладилар. Улар аксари рафтор ва хулқ-атворларни катталарга тақлид қилиб ўрганган бўладилар. Шунинг учун, болаларни тўғри тарбияламоқчи бўлган киши, аввало ўзининг амали ва рафторида тўғри йўлни тутиши зарур. Амирал мўминин ҳазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

«كُونُوا دُعَاةَ النَّاسِ بِغَیْرِ أَلْسِنَتِكُمْ»

«Одамларни тилингиз билан эмас, (амал билан тўғри йўлга) дават қилинглар»

Одамлар ҳидоят йўлини танлашлари учун Аллоҳ таоло Ўз элчиси Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни уларга намуна ва ўрнак қилиб кўрсатади:

﴿لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّـهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ﴾

«Шак-шубҳасиз, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир». (Аҳзоб сураси, 21-оят)

Биз ҳам фарзандларимизнинг ота-оналари сифатида шундай бўлишимиз керакки, улар бизларни кўриб ўрнак олсинлар. Агар биз болаларимизга «намозингни ўқи» десагу, ўзимиз намозга эътиборсизлик қилсак, шубҳасиз, айтганларимиз болаларимизга таъсир қилмайди.

Оилада униб-ўсаётган фарзанд агар ҳар куни ота-онаси беш вақт ҳамма ишини четга суриб қўйиб, намозини вақтида адо этишга шошилаётганлигини кўрса, сўзсиз мана шунинг ўзи оғзаки айтганимиздан кўра бир неча баробар таъсирлироқдир. Таълим-тарбиянинг илмий тилида бундай тарбиялаш услуби энг таъсирли услублардан ҳисобланиб унга «намуна бўлиш» услуби дейилади.

3. Даъват қилишни унутмаслик ҳақида;

Биз яшаётган илм-фан ва техника тараққиёти даврида адашган тоифалар кўпайиб кетган бўлиб, эндиликда улар ёшларни ўз домларига тортмоқдалар. Коммунисталару либералистлар, демократлару феминистлар ва гуманистлару секуляристлар, ваҳҳобий фирқасига мансуб ҳизбу таҳрирчилару ИШИДчилар, сохта сўфийлар ва бошқалар илдиз отиб кўпайиб кетишган.

Уларнинг баъзилари дунёпараст бўлсалар, ваҳҳобийлар каби айримлари эса кўриниши диндорлардир. Шунинг учун, фарзандларимизни ғоявий ва ақидавий нуқтаи назардан турли хавф-хатарлар таҳдид қилиб туради. Юқорида зикр этилган гуруҳлар ўзларининг хилма-хил даъват ва чақириқлари билан тажрибасиз ва камсавод ёшларни ўз тарафларига оғдириб олмоқдалар.

Мана шунинг учун ҳам, ота-оналар аввало ўзлари диний саводга эга бўлишлари ва бу борадаги билимларини болаларига ўргатишлари керак. Шундагина болаларимизни ёт ва ажнабий унсурлар қўлидан нажот берган бўламиз. Агар фарзандларимиз бизнинг йўриғимиздан ҳаммадан муҳими Ислом динининг тўғри йўналишидан четга оғадиган бўлсалар, биринчи бўлиб ўзимизни маломат қилмоқлигимиз керак.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.