Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Болаларни исломий руҳда тарбиялаш кўрсатмалари-2

Болаларни исломий руҳда тарбиялаш кўрсатмалари-2

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Худо нима ва У қаерда?

Кўпинча ота-оналар фарзандларининг моддий камол топишлари ва илмий савияларини юқорилаш бобида кўп қайғурадилар. Лекин уларга исломий тарбия бериш масаласида эса ўзларининг қилаётган муносабатлари-ю юриш-туришлари қанчалик таъсирли эканлигини унутиб қўядилар. Бошқа тарафдан эса болалар билан диний мавзуда суҳбатлашиш кераклигидан ғафлатдадирлар. Биз шу ўринда ота-оналарга кўмак бўлсин дея диний суҳбат ўтказиб ўз тавсияларимизни бермоқчимиз.

Дастлаб болаларга Худо ҳақида билим беришимиз керак. Табиийки, болалар онгида Худо ҳақида кўплаб саволлар бор бўлиб, баъзида улар бу саволларни ота-оналаридан сўрамайдилар. Ота-оналарнинг вазифаларидан бири фарзандларини Худо ҳақида сўрашга қизиқтиришдир. Шундай йўл тутиш керакки, болалар бемалол ўзларини қизиқтираётган саволларини ота-оналаридан сўрасинлар. Қуйида биз болалар ёшларига муносиб айрим тавсияларни бу ерда келтирамиз:

Бирдан уч ёшгача бўлган болалар

Гарчи бу ёшдаги болалар ҳали жуда кичкина бўлсалар-да, аммо Аллоҳ таоло ҳақидаги баъзи нарсаларни ёд олиш қобилиятига эгадирлар. Аввало Худо, Қуръон ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) исмлари каби сўзларни болаларга ёдлатиш керак бўлади. Албатта, болалар аввалига бу сўзларни шунчаки ёдлайдилар, лекин бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки, улар каттароқ бўлгач, кичиклигида ёдлаган сўзларининг маъносини тушунишга ҳаракат қилишади. Ислом психологларнинг айтишларига қараганда, муҳими болалар бу сўзларнинг катталар томонидан нақадар муҳаббат билан тилга олинишини кўришларидир.

Уч ёшдан беш ёшгача

Баъзилар шундай савол беришади: Қандай қилсак, болам Худога эътиқод қиладиган бўлади? Дарҳақиқат, бундай савол беришнинг ўзи нотўғридир. Аслида бундай деб сўраш керак: Нима қилсам, фарзандим Худонинг борлигини ҳис қилади.

Бу борада қуйидагича жавоб берамиз; агар фарзандингиз жуда хурсанд бўлган пайтида, ёки бирор қизиқ нарсани табиатда кузатганида ва ёки хафа бўлган пайтида у билан Худо ҳақида суҳбатлашинг ва гўзалликлар, куч-қудратларнинг барчаси Аллоҳники эканлигини ва У буларнинг барчасини инсонларнинг ихтиёрига бериб қўйганлигини фарзандингизга тушунтириб беринг. Шунда у Худонинг борлигини ҳис қила бошлайди.

Беш ёшдан саккиз ёшгача

Кўпинча болалар бу ёшда: Худо қаерда? Худони кўрса бўладими? деб савол беришади. Худо жисм ва жисмоний эмас, шунинг учун, Унинг макони йўқ ва Уни кўз билан ҳаргиз кўриб бўлмайди, деб уларга тушунтириш ҳали эрта! Чунки, болалар бу ёшда ҳали бундай чуқур тушунчаларни идрок эта олмайдилар.

Агар фарзандингиз сизга ушбу саволларни берса, унга илмий жавоб бериш ўрнига мисол келтириш билан уни қониқтира олинг. Масалан; эрталаб унга ширин чой қилиб бераётганингизда болангизнинг кўз олдида шакарни чойнинг ичига солинг-да, кейин яхши аралаштиринг. Сўнгра бу чойдан бир оз ичгин, деб унга беринг. Чойдан бир оз ичгач, ундаги шакар қаерда? деб сўранг. Шунда бола ўйланиб қолиб чойнинг ичида деб жавоб бериши мумкин. Мен чойнинг ичида шакарни кўрмаяпман-ку, деб унга айтинг. У сизга шакар чойнинг ичида бор, лекин эригани учун кўзга кўринмайди, деб жавоб қилиши мумкин. Ана шу пайт Худо қаерда? Худони кўрса бўладими? деган саволларга бола тилида шундай жавоб бериш мумкин:

Худо ҳам  ҳамма жойда бор. Лекин Уни худди мана шу эриган шакар каби кўз билан кўриб бўлмайди. Балки ширин чойни ичганингда унинг ширин эканлигини татиб ҳис қилганингдек, Худони ҳам осонликча ҳис қила оласан. Чунки, чиройли табиат ва манзараларни Худо бизга Уни танишимиз учун яратган деб болангизга тушунтира бошлайсиз ва у ўзининг пок қалби билан Худони ҳис қила бошлайди.

Фарзандингиз сизни ишқу муҳаббат ва бутун вужудингиз билан берилиб Аллоҳ таолога тоату ибодат қилаётган ва намоз ўқиётган ҳолда кўриб туриши ҳам Худони ҳис қилишга ёрдам беради. Шунинг билан бирга, улар Худога ибодат ва итоат қилиш кераклигини тушуна бошлайдилар ва сиз билан бирга намоз ўқишга ўтадилар. Лекин уларнинг намоз ўқишлари болаларга хос бўлади ва ибодатни чала-чўлпа ҳолда амалга оширадилар. Шунда уларни тузатишга ҳаракат қилманг, балки қиладиган ибодатида ўз ҳолига қўйиб қўйинг.

Саккиз ёшдан ўн бир ёшгача

Бу ёшда болалар кўпроқ нарсаларни билишга интилишади ва кўп саволлар бера бошлашади. Биз ота-она сифатида уларнинг саволларига бирма-бир зерикмай жавоб беришимиз керак. Бу ёшда болангизга Худонинг Ўз бандаларига меҳрибон ва жонкуяр эканлиги, шунинг учун уларга пайғамбарлар юборганлиги ва илоҳий китоблар тушургани ҳақида ўргатиб боринг. Чунки, улар бу ёшда ҳақиқатни билиш ва тушуниш сари интиладилар. Ва бу ёшда ўрганиб боришлари эса уларнинг келажакда юқори савияли, етукли ва тушунчали шахс бўлиб етишлари учун жуда аҳамиятли ва таъсирлидир.

Шунинг билан бирга, бу ёшдаги болаларни масжид ва улуғ авлиёлар зиёратгоҳлари каби муқаддас масканларга олиб боришингиз ва у ерларда ўтказиладиган ибодат, намоз ва диний маросимларда иштирок этишлари ҳам улкан аҳамиятга эга.

Шуни ҳам эслатиб ўтишимиз лозимки, қиз болалар ҳижрий қамарий йили ҳисоби билан тўққиз ёшга (милодий йили ҳисоби билан 8 йил 8 ой ва 28 кунга) тўлганида шариат нуқтаи назаридан балоғат ёшига етадилар. Шу пайт уларга шариат аҳкомлари, жумладан намоз ўқиш, рўза тутиш ва ўзини номаҳрам эркаклардан беркитиш (ҳижоб кийиш билан баданининг қалтис жойларини ёпиш) вожиб бўлади.

Ўғил болалар эса ҳижрий қамарий йили билан ўн беш ёшга (милодий йили ҳисоби билан 14 йил, 6 ой ва 20 кунга) тўлганида шариат нуқтаи назаридан балоғат ёшига етадилар. Албатта, ўғил болалар 15 ёшдан олдин ҳам балоғатга етишлари мумкин. Агар улардан эркаклик суви чиқса ёки қўлтиқ ва киндик остидан тук чиқса, бу икки ҳолда 15 ёшга етмай туриб ҳам балоғатга етган ҳисобланади.

Сўзимиз ниҳоясида яна таъкидлаб айтамизки, ўғил ва қиз болалар юқорида келтирганимиздек, балоғат ёшига етгач, намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳижоб кийиш каби шариат аҳкомлари уларга вожиб бўлади. Ва биз ота-оналар бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак ва болаларимизга шариати исломиянинг қонун-қоидаларини ўз вақтида ўргатиб боришимиз зарур. Токи, ҳам ота-оналик бурчини бажарган бўлайлик ҳамда фарзандларимиз чинакам мусулмон фарзандлари бўлиб етишсин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.