Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Фотима (с)нинг ахлоқий сифатлари ва ҳаётларидан баъзи намуналар

Фотима (с)нинг ахлоқий сифатлари ва ҳаётларидан баъзи намуналар

 Тарки дунёчилик

 Имом Содиқ (а)дан ривоят қилинишича расулаллоҳ бир куни Фотима (с) ёнларига келиб уни қўпол матодан қилинган кийимда кўрадилар. У киши болани эмизар ва қўл тегирмонини айлантирардилар.

 Пайғамбар кўзларида ёш пайдо бўлди ва унга қарата дедилар: «Эй менинг қизим, бу вақтинча дунёнинг аччиғига сабр қил, бу  бошқа у ширин дунёнинг хабаридир».

  Фотима(с)  дедилар: «Эй расулаллоҳ, Мен Худога шукр қиламан» Ва шу пайт қуйидаги оят нозил бўлди: «Валасавфа йуътика раббука фатарза»  яъни «Яқинда Раббингиз сизга (шундай неъматларни) ато этурки, сиз албатта, (ундан) рози  бўлурсиз» (93-5).

Уй ишлари

   Имом Содиқ (а)дан ривоят қилинишича Али(а) уйга сув ва ўтин олиб келардилар, Фотима(с) эса буғдой янчиб нон пиширар ва кийимларни ямоқ қилардилар. Яна имом давом эттирадиларки, «Бу буюк аёл комил эди. Худонинг унга, отасига, турмуш ўртоғи ва болаларига марҳамати бўлсин!».

Расулаллоҳ Фотима(с)га ёрдам берадилар

   Бир куни пайғамбар Али(а)нинг уйларига кириб Али (а) ва Фотима (с) буғдой янчаётганларини кўриб сўрадилар: «Қайсиларингиз кўпроқ чарчадингиз?» «Фотима, эй расулаллоҳ!» жавоб бердилар Али(а). Расулаллоҳ Фотимага мурожаат қилдилар: «Тур, эй қизим!». Фотима(с) турдилар ва пайғамбар эса Али(а)га ёрдам бердилар.

Турмуш ўртоғидан ҳеч нарса сўрамайдиган аёл

   Имом Боқир(а) айтадилар: «Ҳазрати Фотима (с) ва Али (а) уй ишларида, яъни хамир қилиш, нон ёпиш, уйни тоза тутишни Фотима бажаришларига, уйдан ташқари ишларни, яъни ўтин ва егуликни уйга олиб келишни Али(а) бажаришларига қарор қилишади. Бир куни Али (а) Фотима (с)дан сўрадилар: «Уйимизда егулик нарса борми?» Жавоб бердилар: «Сени имом қилиб буюк қилганга қасамки, мана уч кундан буён уйда ҳеч нарса йўқ». «Нега менга бу ҳақда ҳеч нарса айтмадинг?». «Расулаллоҳ сендан сўрашни менга ман қилганлар ва айтганлар: –Ҳеч қачон эрингга ташвиш бўлма, ва магар ўзи олиб келмаса, ундан ҳеч нарса сўрама».

Ҳамфикрлик (бир-бирини тушуниш)

   Амирал мўъминин Али (а) айтганлар: «Аллоҳга қасам, Аллоҳ уни мендан олмагунга қадар, Фотима (с) билан бўлган бутун умрим давомида мен ҳеч қачон уни ранжитмаганман, жаҳлини чиқармаганман, бирор ишга мажбур қилмаганман. У ҳам мени хафа қилмас ва жаҳлимни чиқармас эди. Фотима(с) ҳеч вақт гапимни икки қилмас (қайтармас) эди. Мен унга қараган ҳар қандай пайтда барча ташвишларим ва ҳаёт муаммоларим ўтиб кетарди».

Энг ҳаққоний аёл

   Ойшанинг айтишича: «Агар унинг отаси расули Худони ҳисобга олмаганда, мен Фотима (с)дан ҳақгўйроқ (тўғри сўзроқ) инсонни кўрмаганман».

Художуйлик

   Ҳасан Басри айтади: «Бу уммат ичида Фотима(с)дек художуй одам бўлган эмас. У шундай намоз ўқирдики, унинг оёқлари қон юришмасликдан қотиб қоларди».

Бошқаларни дуо қилиш

   Имом Мужтабо хабар қиладилар: «Мен бибим Фотима(с)ни жума оқшоми куни меҳроб ичида то саҳаргача намоз ўқиганларини кўрдим. Мен уни бирор марта ҳам ўзи учун Аллоҳдан бирор нарса сўрамай, балки мусалмонлар номини тутиб, улар учун дуо қилганларини эшитганман. Шунда мен сўрадим: – Онажон! нега ўзингиз учун ҳеч нарса сўрамайсиз? Жавоб бердилар: – Ўғлим, аввал яқинларинг учун, кейин эса ўзинг учун дуо қилиш керак».

Ҳижоб (исломда аёллар кийими)

   Имом Мусо(а) ўз оталаридан, у киши эса амирал мўъмин Али(а) айтганларини ривоят қилдилар: «Бир куни бир кўр киши ҳазрати Фотима(с) уйларига киришга рухсат сўради. Ҳазрати Фотима(с) ҳижобларини кийдилар. Пайғамбар сўрадилар: – Нега ҳижоб кийдинг, ахир у сени кўрмайди-ку? Фотима(с) жавоб бердилар: – У мени кўрмайди, лекин мен уни кўраяпман. Расулаллоҳ дедилар:  – Ҳақиқатан шаҳодатлик(гувоҳлик) бераман, сен, ислом анъаналарига эргашадиган, менинг қизимсан».

Ахлоқий поклик ва иффат

   Ҳазрати Фотима(с) «Иффатли аёл учун энг яхши нарса нима?» деган саволга жавоб бердилар: «Аёл учун энг яхши нарса  номаҳрам одамларни кўрмаслиги, ва номаҳрам эркаклар уни кўрмаслигидир». Пайғамбарнинг саҳобалари «Қайси ҳолатда аёл Аллоҳга энг яқин бўлади?» деган саволларига ҳазрати Фотима(с) жавоб бердилар: «Номаҳрам кишилар кўзидан ўз уйининг энг хилват жойига яширинганда, аёл Аллоҳга яқин бўлади». Бу сўзларни эшитган расулаллоҳ дедилар: «Ҳақиқатан, Фотима(с) мендан». Шуни таъкидлаш керакки, агар аёл жамиятни бузувчи гуноҳ мақсадида кўчага чиқмаётган бўлса, уни уйдан чиқишлиги ман қилинмаган. Ва бу ҳадис аёлни нотаниш(номаҳрам) эркак олдида пайдо бўлишини маъқулламайди.

Физза билан уй ишларини тақсимлаш

   Салмон Форси ривоят қиладилар: «Бир куни ҳазрати Фотима (с) уйларига кирдим ва уни тош тегирмон ёнида кўрдим. Мен тегирмон дастаси қонлигини кўрдим, чунки Фотима (а)нинг қўллари доимий оғир меҳнатдан яра бўлган эди. Кичик Ҳусейн эса хонанинг бурчагида ўтириб очликдан йиғлар эди. Мен Фотима(с)га мурожаат қилдим: – Эй расулаллоҳ  қизи,  қўлларингиз  яраланибди,  нега  Физзадан  бу  ишни қилишни сўрамайсиз? Фотима(с) жавоб бердилар: – Расулаллоҳ менга уй ишларини бир куни мен ва бир куни Физза бажаришини маслаҳат бердилар, бугун эса мени навбатим».

Дунё бойликларига лоқайдлик

   Имом Сажжод(а) айтганлар: «Амиш қизи Асмо менга бир куни Фотима уйларида бўлганида расулаллоҳ келганларини айтиб берди. Фотиматаз-Заҳро(с) бўйинларида амирал мўъминин Али(а) совға қилган олтин тақинчоқ бор эди. Пайғамбар дедилар: – Фотима! Бу сенга буюрилган бойликдан воз кечсанг яхшироқ бўлар эди. Одамлар шунда, пайғамбар қизи бойлардек кийинади, деб айтишмайди. Ҳазрати Фотима(с) тақинчоқни сотиб уни пулига қул сотиб олдилар ва уни озод қилдилар. Бу расулаллоҳни хушнуд этди».

  Имом Боқир (а) ривоят қиладилар: «Сафарга чиқа туриб, расулаллоҳ ўз яқинлари билан ва энг охирида Фотима(с) билан хайрлашардилар. Пайғамбар ҳарбий сафарга доим ҳазрати Фотима(с) уйларидан жўнардилар. Ва ҳар сафар қайтганда энг аввал Фотимаз Заҳро (с)» билан кейин эса қолганлар билан дийдор кўришардилар. Бир куни Расулаллоҳ жангга кетдилар ва бу жангда Али(а) баъзи бир ҳарбий ўлжани Фотима(с)га бердилар. У ҳазрат бу ўлжага икки кумуш билакузук ва пардалик мато сотиб олдилар. Пардани уй эшигига осдилар. Пайғамбар  навбатдаги жангдан қайтаётганларида аввал масжидга  ва кейин, одатдагидек, Фотима(а)никига бордилар. Фотима(с) хурсанд бўлиб, севимли оталарини кутиб олиш учун пешвоз чиқдилар.

  Эшикдаги парда ва Фотима(с)нинг қўлларидаги кумуш билакузукни кўрган пайғамбар ичкари кирмадилар ва қизларини кўриш мумкин бўлган остонада ўтирдилар. Ҳазрати Фотима(а) хафа бўлдилар ва йиғлаб дедилар: – Илгари ҳеч қачон отам менга бундай муносабатда бўлмаганди.  Пардани ечиб, Фотима(с) ўз ўғилларини чақирдилар, уларга билакузукларни ва пардани ҳам топшириб дедилар: – Отам олдига боринглар, мендан салом айтинг ва денг, Сизни йўқлигингизда бундан бошқа ҳеч нарса олмадик. Буларни ўз хоҳишингизга қараб ишлатинг. Ҳасан (а) ва Ҳусейн (а) ўз оналари топшириқларини бажардилар. Расулаллоҳ Ҳасан (а) ва Ҳусейн (а)ларни ўпдилар, қучоқлаб олдилар, тиззаларига  ўтқаздилар. Билакузукларни кичик парчаларга бўлишни буюрдилар. Кейин уйсиз, аҳли суф – муҳожирларни чақирдилар. Расулаллоҳ кумуш бўлакларини уларга тарқатдилар, матони эса кийимсизликларга бердилар.

 Сўнгра дедилар:  Худоё, Фотима(с)га ўз неъматларингни юбор! Аллоҳ, парда эхсонига унга жаннати кийимлар, ва билакузуклари учун жаннати зийнатлар беради».

Тўйлик либос

   Ҳазрати расулаллоҳ тўй маросими учун Фотима (с)га кўйлак сотиб олдилар. Худди шу пайт уй олдига бир фақир келди ва кийим сўради. Фотима(с) олдин кийилган кийимни бермоқчи бўлдилар, лекин Аллоҳ қуръонда «Оли имрон» сурасининг 92-оятида (3:92) «Лан танаалул бирра ҳаттаа тунфиқу лимма туҳиббуна, ва ма тунфиқу мин шайъин фаинналлаҳа биҳи аълим» яъни «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшилик (жаннат)га ета олмайсизлар. Нимаики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» деганини эсладилар. Шунинг учун гадойга у ҳазрат янги тўй либосларини бериб юбордилар.

Худодан қўрқиш

   Қуръоннинг «Ҳижр» сурасидаги (15:43-44) «Ва Инна жаҳаннама ламавиъдуҳум ажмаиън. Лаҳаа сабаъту абвобин ликулли бабин минҳум жузъун мақсум» яъни  «Уларнинг (кофир ва гумроҳларнинг) барчаси учун ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб,  ҳар бир дарвоза учун уларнинг бир тўдаси тақсим(тайин) этилгандир» ояти нозил бўлганда пайғамбар йиғлаб юбордилар. Пайғамбар кўз ёшларини кўрган саҳобалар хафа бўлдилар ва бунинг сабабини билмасдилар. Ҳеч ким йиғи сабабини сўрашга журъат қилолмади. Бундан сўнг расулаллоҳ анча вақтгача хафа бўлиб қолдилар. Салмон пайғамбар хафалигини фақат Фотима (с) тарқатиши мумкинлигини билар эди ва шунинг учун пайғамбар хафаликларини етказиш учун уйларига бордилар.

  Салмон у ҳазратни буғдой янчиб, қуръондан «Ал қасос» сурасидан «Ва маа утитум мин шайъин фаматауъл ҳайатид дунё ва зинатуҳаа, ва маа иъндаллаҳи хайрун ва абқоо афала таъқилун» яъни «Сизларга нима берилган бўлса фақат дунё ҳаётининг мато ва зийнатларидир. Аллоҳ ҳузуридаги (мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир, ақл юргизмайсизми?!» (28:60), «Шуро» сурасидан «Фамаа утитум мин шайъин  фама таауъл ҳайаатид дунё ва ма иъндаллаҳи хайрун ва абқо лиллазина аману ва аъла роббиҳим йатаваккалун»  яъни (42:36) «Бас, (эй инсонлар!) Сизларга ато этилган нарса(лар) дунё ҳаёти матосидир ва имон келтирган, ҳамда ёлғиз Парвадигорларига таваккул қиладиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир» оятини ўқиётганларини кўрдилар. Фотима (с) жундан қилинган ямоқли ёпинғичда эдилар. Салмон Фотима (с)га пайғамбар ҳолатлари ва оят нозил бўлганини айтдилар. Ҳазрати Фотима(с) ёпинғичга ўраниб ўз ўрниларидан турдилар. Ҳайратланган Салмон дедилар: – Шоҳ саройларида шойи кийишади, Муҳаммад (с.а.в.с.) қизи эса дағал жундан қилинган ямоқли ёпинғичда. Ҳазрати Фотима(с) расулаллоҳ олдиларига келдилар, саломлашиб дедилар: Эй ҳурматли отажон, Салмон мени кийимимга ажабланиб қаради. – Сизни пайғамбар қилиб танлаган  Худога қасам, мана беш йилдирки бизда Али(а) билан ҳеч нарсамиз йўқ. Расулаллоҳ дедилар: – Эй Салмон, Менинг қизим Аллоҳ марҳаматига эришишда ҳаммадан устун туради. Ҳазрати Фотима(с) сўрадилар: – Эй ота! Сизга жоним фидо! Нима сизни бунчалик қайғуга солди? Шунда пайғамбар нозил бўлган оятни ўқиб бердилар. Бу оятни эшитган Фотима (с) йиғлаб юбордилар ва дедилар: – Дузахга тушганлар аҳволига вой!  Шундай деб тизза чўкдилар ва тинмай шу сўзларни такрорлардилар.

Очлик ва самовий овқат

   Абу Саид Худри ривоят қилади: Бир куни Али (а) ибн Аби Толиб Фотима(с)га мурожаат қилдилар: “Уйда егулик овқат борми?” жавоб бердилар: “Ўзим ва икки боламиз Ҳасан (а) ва Ҳусейн (а)га раво кўрмай, сизга берган бироз егуликдан бошқа мана икки кундирки, уйимизда ҳеч нарса йўқ”

Эй Фотима! Нега унда менга ҳеч нарса демадинг?

Абул Ҳасан! Ҳеч қандай имконият бўлмаган пайтда сендан бирор нарса сўрашга Аллоҳ олдида уяламан.

   Имом Али(а) Худога таваккул қилиб кўчага чиқдилар ва қарзга бир динор олдилар. У ҳазрат оиласи учун бирор нарса сотиб олмоқчи бўлганларида Миқдод ибн Асвадни учратдилар. Кун жуда иссиқ, қуёш қиздирар ва  иссиқдан ер қизиб кетганди. Миқдод ўзини ҳолсиз ҳис қилар эди.

   Унинг ҳолати Али (а)ни безовта қилди ва сўрадилар: “Эй Миқдод! Бундай иссиқда уйингдан чиқишга сени нима мажбур қилди?”

Абул Ҳасан! Бу ҳақда сўраманг.

Бародар! Мен қайғунгни билмай туриб сени ташлаб кетолмайман.

Агар ундаётган бўлсангиз, айтаман. Муҳаммад (с)ни пайғамбар ва сизни унинг вассиййи қилиб танлаган Аллоҳга қасам, агар мен ва оиламни қийнаётган очлик бўлмаганида, мени ҳеч нарса ташқарига чиқишга мажбур этмас эди. Мен бунга чидай олмадим, ва оиламни боқишга бирор нарса топиш умидида уйни ғамгин тарк этдим.

   Ҳазрати Али(а) йиғладилар ва дедидлар: “Сен ичган қасамни мен ҳам ичаман. Мен  ҳам уйни шу сабаб билан тарк этдим. Мен бир динор қарз олдим ва уни сенга бераман» тангани  Миқдодга бериб, Али(а) пайғамбар масжидига йўл олдилар, у ерда аср,   шом, ва хуфтон намозларини адо этдилар. Хуфтон намози тугагач,  пайғамбар биринчи қаторда турганлар орасида Али(а)ни кўрдилар. Ишора билан уларга  эргашишини буюрдилар. Али (а) ҳазрат билан саломлашдилар саломга жавоб бериб пайғамбар сўрадилар: “Эй Абул Ҳасан, мен сен билан бирга борсам, кечки овқатга бирор егулик борми?”

   Али(а) бошларини қуйи солиб, нима жавоб беришни билмай жим қолдилар. Пайғамбар танга воқеасини, кимдан олиниб кимга берилганлигини билар эдилар. Буюк Аллоҳ пайғамбарга бу кеча Алини уйида бўлишни буюрган эди. Алини  жим турганини кўрган пайғамбар дедилар: “Эй Абул Ҳасан! Нега “йўқ” демайсан ва мен қолай ёки нега “ҳа” демайсанки, ва мен сен билан борай?”

   Али пайғамбарга ҳурмат маъносида дедилар: “Хуш келибсиз, мен сизнинг хизматингиздаман”.

   Алини қўлларидан ушлаб расулаллоҳ қизларининг уйига йўл олдилар. Улар уйга кирганда ҳазрати Фотима(c) хуфтон намозини ўқиб бўлгандилар.

   Орқаларида чиройли идишда бутун уйга хушбўй ҳид таратаётган овқат турарди. Расулаллоҳ овозларини эшитган Фотима(с) салом бердилар.  Пайғамбар учун у энг севимли ва қадрдон инсон эди.

   Фотима (с)нинг саломига жавоб бериб пайғамбар дедилар: “Бугунги кунинг қандай ўтди? Аллоҳ сенга ўз марҳаматини ёғдирсин, қизим! Бизга овқат бергин”.

   Ҳазрати Фотима (с) пайғамбарга овқат узатдилар, Али(с) эса уни кўриб ва хушбўй ҳидини сезиб ҳайратландилар ва  сўрадилар: “Фотима! Мен бундай овқатни ҳали ҳеч кўрмаганман, у қаердан?”

   Ҳазрати Расулаллоҳ қўлларини  Али(а)нинг елкаларига қўйиб дедилар: “Али! Бу сенинг сахийлигинг учун Аллоҳдан неъмат.

Ҳақикат, «Инналаҳа йарзуқу ман йашаауъ биғайри ҳисоб» яъни“Албатта, Аллоҳ Ўзи  хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур”.(3,37)

   Фотима имрон қизи Марьям кабидир. Расулаллоҳ уларга оят  ўқиб бердилар: Ҳар вақт Закариё Марьям ёнига меҳробга кирганида, унда егулик борлигини кўрар эди”

Камбағалларга садақа ва илоҳий маржон

    Жобир ибн Абдулло Ансори ривоят қилади: Бир куни Расулаллоҳ  биз билан шом намозини ўқир эдилар. Намоздан кейин ўз жойларида ўтиришни давом эттирдилар, одамлар эса пайғамбар атрофида тўпландилар. Шу пайт масжидга муҳожирлардан бир қари киши кирди. Муҳожир эски, кийилган кийимда эди. У секин пайғамбар ёнига  яқинлашди. Қария шундай ҳолсиз эдики, оёғида зўрға турар эди. Расулаллоҳ ундан соғлиғини сўрадилар.

   Қария деди: «Эй Расулаллоҳ! Мен очман, қорнимни тўйғаз. Менда яхши кийимим йўқ, мен мискинман, менга меҳрибонлик ва ғамхўрлик қил».

     – Менда сенга берадиган нарса йўқ, лекин сенга маслаҳатим билан ёрдам бера оламан. Аллоҳ ва унинг расулини севувчи, уни ҳам Аллоҳ ва расулаллоҳ севадиганни уйига бор. Аллоҳ йўлида ҳамма нарсани берадиганни уйига бор. Фотиманинг уйига  бор. Фотиманинг уйлари пайғамбар уйлари ёнида қурилган эди.

   Расулаллоҳ дедилар: «Эй Билол!» Ўрнингдан тур ва қарияга Фотимани уйига  бориб етишга ёрдам бер!» Қария Билол ёрдамида ҳазрати Фотима (с) уйларига етди эшикни ёнида тўхтаб, баланд овоз билан деди: «Ассаломуалайкум эй аҳли байти пайғамбар! Уйига фаришталар келадиган, малоика Жаброили Амин пайғамбарга ваҳий олиб келганда ташриф буюрадиган хонадон соҳибларига тинчлик бўлсин”

   Ҳазрати Фотима(с) дедилар: «Сенга ҳам тинчлик бўлсин! Кимсан?»

     – Мен араб қабиласидан бир қарияман, қийинчилик ва муаммолар туфайли муҳожир бўлдим (кўчдим). Мен, барча инсонлар бошлиғи бўлган, отангга эргашдим. Энди, пайғамбар қизи, мен камбағал ва очман, менга меҳрибонлик қил ва ёрдам бер, Аллоҳ эса сени ўз марҳаматидан дариғ қилмайди.

   Агар у араб ҳазрати Фотима(с), Али(а) ва Расулаллоҳ Муҳаммад (с.а.в.с.) ҳам уч кундан буён ҳеч нарса емаганларини билганида, Фотимадан бирор нарса  сўрашга уялган бўларди. Фотима (с) чолга егулик ҳеч нарса беролмагани туфайли болалари Ҳасан ва Ҳусейн ётадиган ишланган терини бердилар ва дедилар: «Мана буни ол, умид қиламанки, Аллоҳ сенга бундан кўра бирор яхшироқ нарса беради»

  – «Эй  Муҳаммад (с.а.в.с.) қизи! Мен сизга очлигимдан шикоят қилаяпман, сиз қўй терисини бераяпсиз». Бу сўзларни эшитган Фотима (с) Ҳамза ибн Абдал  Муталлиб қизи Фотима  совға қилган бўйин тақинчоғини чолга бердилар: «Мана буни ол ва сот, умид қиламанки, Аллоҳ буни эвазига сенга яхшироқ нарса беради»

   Тақинчоқни олиб, чол пайғамбар олдиларига масжидга борди. Бу пайт расуллаллоҳ яқин саҳобалари билан турардилар.Чол деди: «Эй Расулаллоҳ, қизингиз Фотима (с) менга бу тақинчоқни берди ва деди: Мана буни ол ва сот, умид қиламанки, Аллоҳ уни эвазига сенга яхшироқ нарса беради».

   Расулаллоҳ йиғладилар ва дедилар: Бу тақинчоқ Муҳаммад қизи, барча аёллар сардори  томонидан берилган бўлса, наҳот Аллоҳ сенга яхшироқ нарса бермаса?

   Шу пайт Аммор ибни Ёсир ўрнидан туриб деди:  «Эй расулаллоҳ! Бу  тақинчоқни сотиб олишимга рухсат беринг». Расулаллоҳ дедилар: «Эй Аммор! Уни сотиб ол! Агар бу тақинчоқни сотиб олишда инсу-жинслар бир-бирига ёрдам берса ҳам, уни сотиб олганга дузах олови ҳеч қачон яқинлашмайди» Аммор деди: «Эй араб! Бу тақинчоқ нархини айт». Чол деди: «Мен уни қорнимни тўйдирадиган нон ва гўшт, намоз ўқиш учун яман абоси, ва уйимга етиш учун пулга сотсам бас». Амморда хайбар жангидан қўлга тушган ўлжаларни сотгандан кейин қолган бир оз пули бор эди. Аммор деди: “Мен сенга 20 динор ва 200 дирҳам, яман матосини, уйингга етиб олишинг учун бир туя бераман, нон ва гўшт билан тўйдираман” Қари араб деди: “Сен жуд сахий экансан” Чол Аммор ибни Ёсир билан кетди ва у барча ваъда қилган нарсаларини берди. У пайғамбар олдига қайтганда расулаллоҳ сўрадилар: “Қорнинг тўқ устинг бутми?” “Ҳа мен энди ҳеч нарсага муҳтож эмасман. Ота-онам сизга қурбон” “Сенга қилган ғамхўрлик ва меҳрибонлиги учун Фотимани дуо қил!” “Эй раббим! Сендан ўзга илоҳий куч йўқ ва сиғинишда сенга тенги йўқ. Сен ҳаммага қисмат берувчисан. Инсон кўзлари  шу кунгача кўрмаган ҳамма яхшиликларни Фотима(с)га бер” “Илоҳи омин (айтганинг келсин)” Сўнг расулаллоҳ саҳобаларига мурожаат қилиб дедилар:

   “Ҳақиқатан буюк Аллоҳ Фотима(с)га бу дунёда буюк неъматлар берганки, улардан бири Аллоҳ яратганлари орасида тенги йўқ бўлган унинг отаси менман. Али(а) унинг турмуш ўртоғи. Агар Али(а) бўлмаганида, Фотима(с)га тенг ҳамсар топилмаган бўлар эди. Буюк ва қудратли Аллоҳ Фотима(с)га Ҳасан(а) ва Ҳусейн(а)ни ҳадя этди ва дунёда бу икки фарзанддан ажойиб ўғиллар йўқ, ахир улар пайғамбар авлоди сардорлари, жаннат ёшлари сардорларидир”. Ўша пайтда пайғамбар ёнида  Миқдод, Аммор ибни Ёсир ва Салмон ўтирардилар. Расулаллоҳ уларга мурожаат қилиб дедилар: “Фотима(с)нинг арзигўлик сифатлари ҳақида яна гапириб берайми?” “Ҳа, расулаллоҳ” “Малоика Жаброил менга Фотима(с) бу дунёни тарк этганда ва дафн қилинганида унинг ёнига икки малоика келиб қуйидагини сўрашини айтди: “Раббинг ким?” У жавоб беради: “Аллоҳ раббим” “Пайғамбаринг ким?” улар сўрашади: “Менинг отам” “Ким сенинг мавлонг ва имоминг?” “Менинг қабрим устида турган инсон Али(а) ибни Аби Толиб, менинг ҳамсарим” дейди Фотима.” Расулаллоҳ давом этдилар. Фотима(с)нинг буюк ҳислатлари ҳақида яна шуни айтмоқчиман, буюк Аллоҳ ўзига яқин бўлган бир гуруҳ малоикаларига Фотима(с)ни ўнг ва сўлдан, олдию орқасидан қўриқлашни буюрди. Улар унинг бор умри давомида ёнидадирлар ва вафотидан кейин ҳам уни тарк этишмайди. Бу малоикалар унга, отасига, ҳамсарига ва болаларига салом ва саловотлар юборишади. Ҳар ким мени  ўлганимдан кейин қабримни зиёрат қилса, мени тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади, ҳар ким Фотима(с)ни зиёрат қилса,  мени зиёрат қилгандек бўлади, Али(а) ибни Толибни зиёрат қилса, Фотима(с)ни зиёрат қилгандек бўлади, Ҳасан(а) ва Ҳусейн(а)ни зиёрат қилганида, Алини зиёрат қилгандек бўлади. Ҳасан(а) ва Ҳусейн(а)нинг авлодларини зиёрат қилган эса, Ҳасан(а) ва Ҳусейн(а)ни зиёрат қилган бўлади.  Шунда Аммор тақинчоқни олиб ҳидли мушклар сепиб, яман матосига ўради. Амморнинг Саҳм исмли қули бор эди, уни чақириб, қўлига тақинчоқни берди ва деди: “Уни расулаллоҳга олиб бор, энди ўзинг ҳам пайғамбарникисан”. Қул тақинчоқни олиб пайғамбар олдига келди ва Аммор ибни Ёсир айтган гапларни хабар қилди. Расулаллоҳ қулни тақинчоқ билан Фотима(с)га юбордилар ва қул ҳам уники эканлигини айтдилар. Бу гапни қул Фотима(с)га айтганда у ҳазрат тақинчоқни олдилар ва қулни озод  қилдилар. Қул кулиб юборди. Фотима ҳайратланиб, нега кулаётганини сўрадилар.

   У жавоб берди “Бу тақинчоқнинг қимматбаҳолигидан ҳайратдаман, у очни тўйғазди, зарурда қолганнинг заруратини берди, бир қулни озод қилди ва яна ўз эгасига  қайтиб келди”.

Кийим – нур

   Бир куни ҳазрати Али(а) бироз арпани бир яҳуддан қарзга олганда, кафолати ўрнига бирор нарса қолдиришни сўрайди. Имом Али(а) Фотима(с) нинг жун чодираларини олиб келиб берадилар. Яҳуд уни ўз уйида қўйди. Кечаси чодира турган хонага унинг аёли киради ва матодан чиқаётган нурни кўради. Эри олдига қайтган аёл унга бошқа хонадаги ажойиб нур ҳақида хабар қилади. Яҳуд аёли сўзига ҳайратланиб, ўша хонага тезда борди. У ҳазрати Фотима(с)нинг чодирасидан чиқаётган нурни кўрди. Бу нур кечқўрун чарақлаётган ойнинг нури каби эди. Яҳуд жуда ҳам ҳайратланиб ва ғаройиб нур ҳақида ўз яқинлари ва дўстларига айтиб берди. Унинг қариндошлари ва танишлари уйига келиб бу мўжизани кўришди. Бундан кейин 80 дан ортиқ яҳут ислом динини қабул қилди.

Кийим бўлмаганда жаннат либоси

   Бир куни яҳудлар тўй қилишмоқчи эди. Улар расулаллоҳ олдига келиб дедилар: «Биз сизнинг қўшнингиз ва қизингиз Фотима(с)ни тўйга таклиф қиламиз». Яҳудлар жуда кўп илтимос қилдилар ва рад жавобини бермасликни сўрадилар. Расулаллоҳ дедилар: «У Али ибн Аби Толиб ҳамсари (яъни рухсатни Алидан сўранг)». Шунда яҳудийлар пайғамбардан воситачи бўлиб, Али(а)дан рухсат сўрашни илтимос қилишди. Яҳудлар бу тўйга ҳамма нарсани олий даражада тайёрлашди. Улар, байрамга оддий кийимда келадиган Фотима (с) энг яхши кийимларини кийган яҳуд аёллари олдида яхши кўринмайди, деб ўйлардилар. Бу пайт эса малоика Жаброил(а) Фотима(с)га ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган жаннат либосларини келтирдилар. Фотима (с) рагни ва чиройини тасвирлаб бўлмайдиган бу либосни кийдилар. Аёллар йиғилган жойга кирганларида яҳуд аёллари бундай буюклик ва гўзалликни кўриб, Фотима (с)  юриб ўтмоқчи бўлган ерга тиз чўкиб, ерни ўпа бошладилар. Ўша воқеа куни кўпчилик яҳудийлар исломни қабул қилдилар ва мусалмон бўлдилар.

Малоикалар Фотима(с)га ёрдам берадилар

    Абу Зарр ривоят қиладилар «Бир кун Расулаллоҳ мендан Али (а)ни олдиларига чақириб келишни буюрдилар. Мен Али(а)ни олдиларига келиб уни чақирганимда, ҳеч ким жавоб бермади. Диққатимни ўзидан-ўзи айланиб буғдой янчаётган қўл тегирмони тортди. Мен яна Али(а)ни чақирдим. Эшитдилар ва олдимга чиқдилар ва биз биргаликда расулаллоҳ олдиларига бордик. Пайғамбар улар билан ҳамсўҳбат бўлдилар, гаплари тугагач мен дедим: – Али(а)нинг уйида мен ўзидан-ўзи буғдой янчаётган қўл тегирмонини кўрдим. Бу мени жуда ҳайратлантирди. Расулаллоҳ дедилар: – Менинг Фотимам шундайки, Аллоҳ унинг қалбини поклаган, унга ҳақиқий имон берган. Ахир Аллоҳ унга нима оғир эканлигидан хабардор ва шунинг учун унга уй ишларида ёрдам беради. Сен Аллоҳнинг пайғамбар оиласига ёрдам бериш учун малоикалари борлигидан хабаринг йўқми?» 

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.