Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг моҳияти (2)

Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг моҳияти (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Муҳаррам ойининг 10-куни, яъни Ошуро кунида азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли набиралари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг ёронлари Карбало чўлида шаҳид бўлганлар. Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга таъзия изҳор этамиз.

 Эркинлик – бу инсон ўз қадр-қийматини англаши, бировларнинг ўзини ҳақорат ва таҳқир қилишига, камситишига ва оёқлари остига олиб топташига йўл қўймаслик демакдир.
 Эркин ва озод одам ўз нафсига ва ўткинчи дунёнинг жилваларига ҳам асир бўлмайди. Баъзи кишилар мансаб, бойлик ва шуҳратга эришиш учун ҳар қандай пасткашликка боришдан ҳам чекинишмайди. Бундай шахслар дунёвий паст мақсадга ноил бўлиш учун ўзларини хору залил этишади ва ўз ориятини ёт-бегоналарга сотиб, беномусликка тан беришади. Аммо эркталаб ва эркин инсонлар ҳатто ўз жонларини фидо қилиб бўлса ҳам номус ва ориятларини қўлдан беришмайди.
 Имом Ҳусайн (алайҳис салом) буюрадилар: «Шарафли ўлим беномусларча яшашдан кўра афзалдир.»
  Ошуро воқеаси имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазрат ёронларининг эркинлик ва сарбастликлари жилвасидир. Ислом маданиятида эркинлик ва сарбастлик бебаҳо қадрият сифатида тилга олинади. Эркинлик ва комил ихтиёрлилик инсон вужудига қоришган бўлиб, ушбу хусусият кишининг ривожланиб, камол топиши ва энг олий маънавий ва руҳоний даражаларни касб этиши зарурдир. Ҳазрат Али (алайҳис салом) ўз фарзандларига қилган насиҳатларида шундай буюрадилар:

«Болам, йўқотган ва сотиб юборган ашёларнинг қиймати бўлиши мумкин. Аммо дунёда бир нарса борки, унинг қийматини белгилаб бўлмайди, у- руҳ ва жонингдир. Уни дунёдаги ҳеч қандай бойлик, ҳатто бутун дунё билан алмаштириб бўлмайди.»

  Қуръон таълимотида эркинлик, комил ихтиёрлилик, деб Аллоҳдан ўзгага бўйин эгишдан сақланишга айтилади. Бу илоҳий китобнинг оятларида таъкидланишича, Аллоҳга бўйин эгиб, Унга бандалик қилиш эса динга ихлос билан киришиш, ифлосликлардан ҳазар қилиш, барча оғиш ва гумроҳликлардан узоқлашишга олиб келади. Парвардигори олам муборак «Зумар сураси»нинг 2-ояти каримасида буюради:

«فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ»

  «Аллоҳга сиғин ва ўз динингни Унинг учун холис тут» (Зумар сураси, 2-оят)

  Ислом таълимотида Аллоҳдан ўзгага бўйин эгиб бандалик қилиш гуноҳ ва нафснинг талабларига бўйинсуниш эса тутқунлик ёки қулликка ўхшатилган.
Ўзининг ҳою ҳавасидан кечиш, дунёга боғлиқлик ипларини узиб ташлаш, Ҳақ йўлига киришнинг биринчи шартидир. Дунёнинг ҳою ҳавасларига тутқун бўлган кишилар ҳеч қачон олий мақсадларга эриша олмаслар. Бойлигини қўлдан беришдан ҳадиксираш ёки орзу-ҳавасларга ета олмаслик ҳасрати инсоннинг иродасини бўшаштиради, улкан мақсадларни кўзлашига йўл қўймайди.
 Комил ихтиёр ва озодлик эгаси бўлган кишиларнинг асосий хислатлари шундан иборатки, улар ортиқча ҳою ҳавасларга, дунёнинг молу-матосига, бойлик ва шуҳратга маҳлиё бўлмайдилар. Баъзида тамагирлик ва орзу-ҳавас илинжида бўлиш инсонни кўкдан ерга тушириб, унинг обрў-эътиборини барбод этган. Аммо дунёвий орзу-ҳавасларни оёқ ости қилиб, олий маънавий мақсадларни кўзлаган кишиларнинг обрў-эътибори эса кўка кўтарилган. Карбалодаги фидокорлик саҳнасининг қаҳрамонлари каби худди шундай зотлардир.
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари илоҳий ва инсоний қадриятларни муҳофаза этиш ва уни қайта тиклаш йўлидаги курашда абадий қаҳрамонлик достонини яратиш учун ўткинчи дунёнинг ҳою ҳавасларига тобе бўлмаган эркин ва комил ихтиёрли ёронларга эҳтиёж сезардилар. Ана шундай тутқунликдан озод бўлган инсонлардан бири Ҳур ибн Язид Риёҳий эди.
  Ўз қадр-қийматини яхши билган, дунёвий шон-шуҳратни назар-писанд қилмаган бу комил ихтиёрли инсон Умар ибн Саъд қўшинида юқори мансабни эгаллашига қарамай, душман учун кутилмаган лаҳзада дунёнинг мансаби, шуҳрат ва бойлиги каби лаззатларидан воз кечиб, Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) ёронлари сафига келиб қўшилди.
  Ҳур ўзи истамаган топшириқни бажариш учун чўлу биёбонларни босиб ўтди. У Язиднинг фосиқ киши эканлигини биларди. Аммо отаси ва оила аҳлининг жонини омон сақлаш мақсадида унга байъат қилган эди.
 Язид томонидан Куфа шаҳрига ҳоким қилиб тайинланган Убайдуллоҳ ибн Зиёд минг кишилик қўшин қўмондонлигини Ҳурга топширди. Унинг қалбини аллақандай бир хавотир кемирарди. У ўзининг қўл остидаги сипоҳи билан имом Ҳусайн (алайҳис салом) карвонининг йўлини тўсиб, ушбу карвонни Куфага бошлаб бориши керак эди.
  Само бағрида чарақлаётган қуёш чўлнинг қумлоқларини аёвсиз қиздирарди. Қўшин толиққан, чанқаган ва ҳолдан тойган эди. Охир-оқибат имом Ҳусайн (алайҳис салом) карвони кўзга ташланди. Имом ҳазратларининг ҳайбатлари Ҳурнинг юрагини забт этди. Иккилланиш учқунлари унинг вужудини куйдирди.
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ҳурнинг лашкари сувсизликдан беҳол бўлганини билгач, ёронларига буюрдилар:

 «Бу жамоатни ва уларнинг отларини сувга суғоринг.»

 Ул ҳазрат лашкар аҳлидан бирининг сув ичишга мажоли қолмаганини кўргач, бориб, муборак қўллари билан ўша аскар ва унинг отига сув ичирдилар.
 Намоз вақти бўлди. Ҳур ўз лашкари билан биргаликда имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг орқаларида туриб, ул зотга иқтидо қилиб намоз ўқишди. Намоз тугагач, имом ҳазратлари шундай қисқа нутқ сўзладилар:

«Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқиб, ҳақни ҳақдорга тегишли, деб билсаларинг, Аллоҳ сизлардан рози бўлгай. Агар илгари берган ваъдаларингга содиқ бўлсаларинг, янгидан байъат-қасамёд қилингиз. Аммо агар бизни ноҳақ, деб билсангиз ва сизнинг истагингиз бизга йўллаган мактубларда ёзилгандан кўра бошқача бўлса, мен қайтиб кетаман.»

  Ҳур деди: «Қайси мактуб ҳақида сўзлаяпсиз?»
 Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларидан бири куфаликлардан келган мактублар солинган халталарни Ҳурга кўрсатди.
  Ҳур деди: «Менинг бу мактублардан хабарим йўқ. Менга сизларни Куфанинг ҳокими Убайдуллоҳнинг ҳузурига олиб бориш топшириғи берилган.»
 Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ҳур ва унинг сипоҳи билан гаплашиш бефойдалигини сезгач, ўз карвонига йўлни давом этиш топшириғини бердилар. Аммо Ҳур ва унинг лашкари йўлни тўсди. Ҳурнинг қўшини имом ҳазратларининг карвонига Куфа шаҳри томон йўл олишга имкон бермади. Карвон ноилож Карбало даштига бурилди.
  Ҳур бу қилмишлари учун ўзини надомат қилавериб, охир-оқибат имом Ҳусайн (алаҳис салом) ҳазратларининг мазлумликларини бутун вужуди билан ҳис қилди ва сўнгги қарорга келди. Отининг сувсаганини баҳона қилиб, Язид лашкаридан узоқлашди, узоқлашаверди ва оқибат ҳақ сипоҳига қўшилди.
  У имом Ҳусайн (алаҳис салом) чодирларига етиб келди ва деди:

  «Эй Ҳусайн, Мен Зайнаб (саломуллоҳу алайҳо) кўнглини синдирган ва сизни ташналик билан меҳмон қилиб, 33 минг қилич ва найза билан қамал қилиб, бу биёбонга бошлаган одамдирман.»

   Имом ҳазратлари унга қараб дедилар: «Ҳур, нега отдан тушмайсан?»
  Ҳур деди: «Норасида фарзандларингиз мени кечирмагунча, Зайнаб (саломуллоҳу алайҳо) гуноҳимдан ўтмагунча, сизнинг меҳрли қўлларингиз қўлимдан тутмагунча отдан тушмайман.»
 Имом ҳазратлари буюрдилар: «Отдан туш, биз сени кечирдик.»
 Ҳур деди: «Аллоҳ менинг тавбамни қабул қилармикан?»
 Имом ҳазратлари дедилар: «Ҳа, Аллоҳ тавбангни қабул айлаб, гуноҳларингни авф этгай.»
  Ҳур деди: «Мен сизнинг йўлингизни тўсган илк шахс эдим. Ва сизнинг мақсадларингизни амалга ошириш йўлида биринчи бўлиб жонимни фидо қилишга ижозат бермагунингизча отдан тушмайман. Токи, шу йўлда шаҳид бўлиб, қиёмат куни Расулуллоҳ (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суҳбатдоши бўлсам.»
  Ҳур жанг майдонига от солди. Аввалига душман қўшинига насиҳат қилди. Аммо ҳар томондан ўқ ёмғири ёғила бошлади. У баралла фарёд этиб:

«Мен Ҳурман! Макка диёрининг улуғ шахсияти тарафдориман. Курашаман, қилич тортаман, ҳеч нарсага парво қилмайман. Чунки, биламан, ҳақ йўлдаман.»

  Ҳур қаҳрамонларча жанг қилиб, душманнинг қалбига даҳшат ва таҳлика соларди. Ногаҳон унинг оти душман ўқидан жароҳатланиб йиқилди. Ҳур отдан тушиб, жангга киришди. Язид аскарларини аёвсиз равишди қиличдан ўтказарди. Тўсатдан кўксига найза санчилди, ерга қулаб тушди. Томоғидан сўнгги нидо сирғалиб чиқди:

«Эй Расулуллоҳнинг фарзанди, менга ёрдам беринг.»

  У ўз маҳбубининг висолига ташна эди. Бир лаҳза ўтар-ўтмас ўз пешонасида имом Ҳусайн(алайҳис салом) муборак қўлларининг тафтини ҳис қилди. Имом ҳазратлари дедилар:

«Тинчлан, кел, саллам билан пешонангни боғлаб қўяй. Сўнгги лаҳзада ёнингизда бўлай, демаганмидинг. Кўзингни оч, қара, сен эрклисан, эркинсан ҳам бу дунёда, ҳам охиратда.»

  Имом ҳазратлари Ҳурнинг пешонасини боғладилар. Ҳур ул ҳазратга деди:

   «Мени кечирдингизми? Худо гуноҳимни кечирармикан? Мавлоим ва Сарварим, табассум қилинг, кўнглим тинчлансин ва хотиржам ҳолда Аллоҳнинг ҳузурига борай.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари Ҳурнинг юзидан чанг-тўзон ҳамда қонни артар ва секингина шивирлаб дердилар:

«Қандай эзгу инсон эди, Ҳур! Ҳусайн мадад сўраганида ёрдамга келди ва ўз жонини фидо айлади. Парвардигоро, уни жаннат билан сийлагин.»

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг ўзига хос хусусиятларидан бири уларнинг ул ҳазратга бўлган чексиз муҳаббатлари эди. Улар имом Ҳусайн (алайҳис-салом) тутган йўлнинг ҳақлигига тўла ишонган ҳолда ул ҳазратнинг муборак вужудлари чироғи атрофида парвона бўлиб, сўнгги нафасларигача Расулуллоҳ (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фарзандига содиқ ва вафодор қолдилар.
  Ёронларнинг ул ҳазратга бўлган чексиз муҳаббатлари одатдаги эҳтиром ва меҳр-муҳаббат ҳудудларига сиғмасди. Улар Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом)га мадад бериш йўлида ўз мол ва жонларини фидо этишга тайёр эдилар. Ҳатто имом ҳазратлари уларга ўз уйларига қайтиб кетиш ихтиёрини ҳавола этганларида ҳам йўлдан қайтмадилар. Ишларининг оқибати шаҳид бўлиш билан тугашини билган ҳолда имом Ҳусайн (алайҳис-салом) ёнларидан жилмадилар. Бу йўлда жуда кўп қийинчилик ва оғир синовларга дуч келишини билган имом ҳазратлари ўз ёронларини машаққатли сафарга тайёрлаб, тарбиялаб борардилар.
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг меҳр-муҳаббатлари уларнинг Ошуро кечаси айтган сўзларида яққол намоён бўлади. Улардан бири Зуҳайр ибн Қайн Ошуро кечаси имом ҳазратларига деди:

«Агар, ўлдирилиб, яна тирилсам, яна ўлдирилиб, яна тирилсам, бу ҳолат минг марта такрорланса ҳам, сиздан ажралмайман.»

  Ёронлардан бир неча нафари имом ҳазратларига қарата дейишди:

«Аллоҳга қасамки, сиздан ҳаргиз ажралмаймиз. Жонимиз сизга фидо бўлсин! Биз ўлдирилсак, аҳдимизга вафо қилган бўламиз.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратларининг ёронлари энг қийин лаҳзалар, ҳатто ҳаётларининг сўнгги дақиқаларида ҳам имом ҳазратларининг ғамида эдилар. Улардан айримлари ўзларини ўқ ёмғирини тўсувчи тирик қалқонга айлантирдилар. Модомики, улар тирик экан, бирор бир ўқ имом ҳазратларининг муборак баданларига қадалмади.
  Машҳур тарихчи Табарий ўзининг «Тарихи Табарий» асарида ёзади:

«Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратларининг ёронлари душманларнинг борган сари кўпайишаётганини сезгач, имом ҳазратларини муҳофаза қилиш мақсадида шаҳид бўлиш учун бир-бирлари билан талашар эдилар.»

  Ёронларнинг имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бўлган меҳр-муҳаббатлари фақатгина ҳиссий муҳаббат эмас эди. Бу муҳаббатнинг илдизлари илоҳий мантиққа бориб тақаларди. Ҳазратнинг ёронлари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг вужудларини зулм-ситам, ҳийла-найранг, ёлғон, фисқ-фасод ва бузғунликлар зулмати ичра бир нур, деб билишар ва ул ҳазрат ёнларида бўлишни Ҳақ йўлида юриш, деб аниқ ишонишар эди.
  Ислом тарихидаги ҳатто Исломнинг айрим машҳур шахсиятлари ҳам имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратларининг инқилобий ҳаракатига мойиллик билдирмаган бир пайтда ул ҳазратнинг ёронлари илоҳий қадрият ва фазилатларнинг барқарор ва абадий қолиши учун ўз жонларини фидо қилишга тайёр турдилар. Имом ҳазратлари ҳам ўз ёронлари васфида шундай буюрмишлар:

«Мен сизлардан кўра яхшироқ, вафолироқ ва содиқ дўст-ёрни кўрмаганман. Аҳли-Байтимдан кўра, яхшироқ хонадон йўқ. Парвардигор сизларга хайрли жазо берсин.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёронлари ҳақиқат учун жанг майдонида жасорат ва мардоналикнинг энг гўзал жилваларини намойиш этдилар. Ана шундай фидоийлардан бири Мадинадан имом ҳазратлари билан бир сафда келган имом Ҳасан (алайҳис-салом)нинг фарзандлари – Қосим ибн Ҳасан ибн Али (алайҳимас салом) эди.
  Қосим ўша вақт 14 ёшли ўсмир эди. У амакиси имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қаттиқ кўнгил қўйганди. Отаси имом Ҳасан (алайҳис салом) ўз оғалари имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қилган васиятларида болаларининг тарбиясини ўз зиммасига олишларини сўрагандилар.
  Инсоний меҳр-муҳаббатнинг қайноқ булоғи бўлган Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) Қосимни ўз фарзандлари қатори азиз тутар, отасизлигини билдирмасликка уринар эдилар. Қосим амакисининг ёнларида умрининг энг гўзал лаҳзаларини ўтказарди.

Ошуро кечаси

  Ёронлар имом ҳазратлари атрофларини парвона каби ўраб олишган. Ҳазрат эртаси куни шаҳид бўлиш куни эканлигини аниқ билардилар. Аммо шаҳодатга ҳар бир киши дил амри ва ўз танлови билан бориши керак эди. Шу боис, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз ёронларига қарата буюрдилар:

«Ким бизнинг сафимизни тарк этмоқчи бўлса, бу кеча кетсин. Тун қоронғулиги кетиш учун қулай фурсатдир. Эртага шаҳид бўлиш кунидир.»

  Қосим ялт этиб амакисига қаради, нигоҳлар тўқнашди. Болакай фикрида кезинган саволни тилига кўчирди:

«Амакижон, эртага мени ҳам ўлдиришадими?»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг чеҳраларига зил-замбил ғам-қайғу кўланка ташлайди. Имом ҳазратлари Қосимнинг гўзал қад-қоматига нигоҳ ташлаб, ундан сўрайдилар:

«Фарзандим, ўлим сенинг назарингда қандайдир?»

  Қосим илдам жавоб беради:

«Ўлим ва шаҳодат мен учун асалдан ҳам ширинроқ ва ёқимлироқдир. Агар менга эртага шаҳид бўласан, деб башорат берсангиз, жуда-жуда қувонаман. Бутун вужудим фараҳ ва шодликка тўлади.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Қосимнинг саволига жавобан дедилар:

«Эртага ҳаммамиз шаҳид бўламиз. Сен ҳам шаҳидлардан бирисан, болам.»

  Амакисининг бу сўзларини эшитган Қосим ўз вужудида ажойиб бир осойишталик ва хотиржамликни пайқади.

Ошуро куни

  Кун тушликдан оғиб, қуёш қон тусига кирмоқда эди.
  Қосим жанг майдонига чиқиш лаҳзаларини сабрсизлик билан кутмоқда. Аёллар ва болалар у билан видолашишга чиқишган. Қосим бошқа фидоийлар каби ижозат олиш учун амакиси имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳузурларига боради. Одоб-ахлоқ ва виқор ила амакисининг муборак чеҳраларига термулади. Қосимни кўриш билан имом ҳазратларининг кўзлари ёшланади. Қучоқ очиб Қосимни бағирларига босадилар. Икковлон йиғлашди.
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) дейдилар:

«Сен қолгин, болам, қолгин, жароҳатли қалбимнинг малҳами бўлиб қол, Қосим.»

  Қосим жавоб беради: «Амакижон, бормасам бўлмас. Ахир биз жуда оз қолмоқдамиз.»
  Ижозат олган Қосим отни елдириб, жанг майдонига кириб боради: «Ким мени танимаса, билиб қўйсин: Мен Ҳасан Мужтабонинг фарзанди, Расулуллоҳнинг набирасиман», деб наъра тортади у…
 Умар ибн Саъд сипоҳининг ровийси Ҳамид ибн Муслим ёзади:

«Кутилмаганда бошига кулоҳ кийиш ўрнига салла ўраган, от чоптириб келаётган ўсмир болакайни кўриб қолдим. Бу ўсмир шунчалик чиройли эдики, худди Ой парчаси биз томон югуриб келаётгандек.»

  Ривоят қилишларича, Қосим душманнинг бир неча аскарларини қилич зарби билан отдан қуллатди. Кўзи Умар ибн Саъдга тушганида наъра тортиб деди:

«Эй Умар, Худодан қўрқмайсанми?! Унинг адолатли маҳкамасида нима, деб жавоб берасан?! Пайғамбарнинг эҳтироми шуми?! Аллоҳ Расулининг фарзандлари билан уришиб, яна мусулмонлик даъвосини қиласанми?!»

  Умар ибн Саъд буйруғи билан сипоҳийлар Қосимни ўраб олишди. Қиличлар ҳалқаси тобора торайиб келаверарди. Бошига қилич, елкасига ўқ, курагига найза санчилди.
 Даҳшатли бир чинқириқ кўкка кўтарилди: «Амакижон, мени унутманг!»
 Имом Ҳусайн (алайҳис салом) елдак учиб келиб, азиз биродарининг ёдгори Қосим жасадини бағирларига босадилар. Юзларидаги қонларни артиб пешонасидан ўпадилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг йиғи садолари самони тутди. Ҳатто душман бу ҳузнли манзарани томоша қилишга ботина олмади.
 Имом Ҳусайн (алайҳис-салом) йиғлаган куйи дуо қилардилар:

«Аллоҳим, бу душманни хароб айла. Барчасини ҳалок эт, бирортасини тирик қолдирма. Ўз раҳматингни улардан дариғ тут!»

  Борлиқ ато этувчи ва раҳмли Аллоҳ таолога шукроналар айлаб, азиз ва севикли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳияти» номли иккинчи мақоламизни шу ерда якунлаймиз.

 NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.