Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Мавло Али (алайҳис салом) умматнинг ҳидоятчиси (1)

Мавло Али (алайҳис салом) умматнинг ҳидоятчиси (1)

  Бизни сўнгги ҳақ ва комил дин бўлган Исломга бўйин эгиб, ҳидоят сари юзланиб ҳақ йўлни танлашдек буюк тавфиққа шарафёб этган Юксак Парвардигоримиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, ҳамда ул Зотнинг севикли бандаси ва энг сўнгги элчиси бўлмиш сарвари олам Муҳаммад Мустафо

(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га ва ул ҳазратнинг барча гуноҳ ва хатолардан йироқ бўлган маъсум ва мутаҳҳар аҳли-байтлари (хонадонлари аҳли)га салавоту дурудларимиз бўлсин.

  Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, Тангрини таниб инсоний ҳаёт кечиб, юксак камолотга эришиб, ер юзида Аллоҳнинг халифаси, энг шарафли ва юксак бандаси бўлиши учун Ўз элчилари ва пайғамбарларини улар томон юборди ва улар орқали Ўзининг ҳаётбахш кўрсатмаларини- илоҳий китобларини жўнатиб турди. Ушбу илоҳий китобларнинг энг охиргиси, ўзидан олдинги самовий китобларнинг энг мукаммали ва Қиёматга қадар ўзгариб кетишдан сақланиб турадигани муқаддас китоб Қуръони Карим бўлиб инсон ҳидояти учун зарур бўлган барча йўл-йўриқларни ўз ичига олгандир.

  Асосан инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган нарса унинг ўз ихтиёри билан танлаб оладиган дини ва тўғри эътиқоди бўлиб, яратган Зотнинг ҳузурида мақбул бўлган ягона барҳақ дин – бу Исломдир. Лекин шунга қарамасдан; Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) оламдан кўзюмишлари биланоқ, ул ҳазратнинг ҳокимиятни эгаллаш мақсадида тахт устида талашган айрим саҳобалари ўзаро ихтилоф қилиб, Ислом оламида турли хил фирқа ва оқимлар пайдо бўлишига сабаб бўлишди.

  Ушбу воқеа юз беришини олдиндан билган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз умматлари келажакда етмиш уч фирқага бўлиниб кетишидан мусулмонларни хабардор этиб тўғри йўлни кўрсатганлар.

  Шундай экан, Исломда пайдо бўлган мазҳаблар орасида қайси бири Пайғамбаримиз кўрсатган тўғри ва ҳақ йўлда эканини билиб олиб унга эргашишимиз зарур эканлиги ҳаммага маълум. Акс ҳолда ҳидоят йўлидан адашиб, залолат ва гумроҳликка йўлиқиб меҳрибон Парвардигоримиз биз учун кўзлаган инсоний камолотга етиша олмаслигимиз муқаррар.

  Бинобарин, ота-бобларимиз шу йўлни тутганлар ёки бу мазҳабда яшаб ўтганлар ёхуд ота-бобларим кўрсатган йўл тўғри, деган мантиққа таяниб ҳақ йўлни изламаслик Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримда баён этган ҳукмига қарши чиқиб ҳидоят йўлидан узоқлашиш демакдир.

  Бу борада эътиборингизни қуйидаги ояти карималарга қаратамиз;

﴿وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللّهُ قَالُواْ بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لاَ يَعْقِلُونَ شَيْئاً وَلاَ يَهْتَدُونَ﴾

  Қачонки, уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз»- дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?! (Бақара сураси/ 170-оят).

﴿وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْاْ إِلَى مَا أَنزَلَ اللّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُواْ حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ شَيْئًا وَلاَ يَهْتَدُونَ﴾

  Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбарга келинглар дейилса», улар: «ота-боболаримизни ниманинг (қайси йўлнинг) устида топган бўлсак, ўша бизга етарлидир», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳидоятга эришолмаган бўлсалар-чи?! (Моида сураси 104-оят).

﴿وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ الشَّيْطَانُ يَدْعُوهُمْ إِلَى عَذَابِ السَّعِيرِ﴾

  Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дерлар. Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса-чи?! (Луқмон сураси 21-оят).

﴿وَكَذَلِكَ مَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ فِي قَرْيَةٍ مِّن نَّذِيرٍ إِلَّا قَالَ مُتْرَفُوهَا إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءنَا عَلَى أُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى آثَارِهِم مُّقْتَدُونَ﴾

  Шунингдек, биз сиздан илгари бирор бир шаҳарга огоҳлантирувчи-пайғамбар юбормайлик, албатта у ернинг маишатпарастлари: «Муҳаққақки, биз ота-боболаримизни бир миллат-динда топдик ва шубҳасиз, биз уларнинг изларидан эргашувчилардирмиз», деганлар. (Зухруф сураси 23-оят).

  Аҳли суннат гуруҳига мансуб бўлган мусулмонларнинг этиқодига қараганда, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фоний оламдан риҳлат қилаётиб ўзларидан кейин ҳеч кимни мусулмонлар устидан раҳбар, валий ва йўлбошчи қилиб тайинламаганлар. Балки, умматни бошқарадиган раҳбарни умматнинг ўзи сайлаб олиши керак, деган фикр-мулоҳазаларни билдирганлар. Бу хусусида мусулмонлар ижмоси, яъни уларнинг бирлашган ҳолда якдиллик билан қилган қарорлари зарур эканини таъкидлаганлар.

  Аҳли суннат этиқодига биноан, худди шундай амал қилинди ва Абу Бакр биринчи халифа сифатида умматнинг ижмоси билан сайланди. Ўз навбатида, биринчи халифанинг танлови билан Умар бин Хаттоб иккинчи халифа бўлиб тайинланди ва у эса учинчи халифани сайлаш учун олти кишидан иборат бўлган шўро (кенгаш)ни ташкил этиб, уларга ўзидан кейинги халифани тайинлашни буюрди. Бу шўронинг таркиби қуйидаги саҳобалардан иборат эди: Али ибн Аби Толиб(алайҳис салом), Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон бин Авф, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр бин Авом ва Саъд бин Аби Ваққос. Ушбу шўродаги уч шахс, яъни Саъд бин Аби Ваққос, Абдураҳмон бин Авф ва Талҳанинг раъйига биноан, Усмон халифаликка лойиқ кўрилди. Зероки, иккинчи халифанинг буйруғига кўра агар уч киши бир томонда ва қолган уч киши бошқа томонда бўлса, Абдураҳмон бин Авф тарафидаги учликнинг раъйи инобатга олиниши керак эди!!

  Усмон халифалик даврининг охирига келиб маълум бир сабабларга кўра мусулмонлар халифага қарши бош кўтаришди ва халифа ўзидан кейинги халифани тайинла олмай ўлдирилди. Шундан сўнг халқ имом Али (алайҳис салом) нинг ҳузурларига келиб, у зотга халифа бўлишни таклиф этиб ул ҳазратга байъат қилишди. Лекин Шом ҳумдори бўлган Муовия имом Али (алайҳис салом) га байъат қилмади, негаки у билар эди, агар имом Али (алайҳис салом) халифалик мансабини эгалласа, Муовияни ҳокимиятдан четлаштириши аниқ эди. Шу боис, Муовия ибн Абу Суфён ўша замон халифаси бўлмиш имом Али (алайҳис салом) нинг ҳукмига қарши чиқиб, мусулмонлар ўртасида қонли уруш юз беришига ва минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига сабаб бўлди

  Бу борада тўғиладиган қуйидаги айрим илмий саволларга жавоб беришни зарур деб биламиз.

  1. Ислом уммати ўзи учун пайғамбардан кейинги раҳбарни тайинлашга қодир эдими?

  Ушбу саволга жавоб бериш учун шуни таъкидлаш керакки, агар имом ва халифа деганда, одатда жамиятга зоҳирий ва ташқи нуқтаи назардан раҳбарлик қилувчи шахсни назарда тутадиган бўлсак, унда овоз бериш йўли билан бирор бир кишини имом ва раҳбар этиб тайинлаш мумкин. Лекин имомат ва раҳбарликни Қуръонда айтилган маъно ва тушунча асосида кўриб чиқадиган бўлсак, у ҳолда Худодан бошқа ҳеч ким бу мансабга бирор шахсни тайинлай олиш қобилиятига эга эмас. Зероки, мазкур маъно ва тушунчага асосан имом ва халифа илм ва маърифат, зуҳд ва тақвода тенги бўлмаган зот бўлмоғи даркор. Ушбу маънодаги имом ва халифа Аллоҳ томонидан ато этилган самовий-илоҳий илмларнинг соҳиби ва шариати исломияни турли хил бидъат ва офатлардан қўриқлай олиш қувватига эга бўлган шахсдир.

  Яна бир бошқа шарти шундан иборатки, мазкур имом ва халифа бутун гуноҳ ва хатолардан пок бўлган маъсум бўлиши лозим. Зероки, Ислом умматига сиёсий, иқтисодий, диний раҳбарлик қиладиган инсон ҳар қандай хато ва гуноҳдан йироқ бўлиши зарур. Акс ҳолда Ислом умматига ҳидоят йўлини кўрсатиб, уларни дунё ва охират саодати сари етаклай олмайди. Мазкур хусусиятлар кимда бор ёки йўқлиги фақат Аллоҳ таологагина аён. Шунинг учун Тангрининг Ўзи раҳбарликка (имом ва халифаликка ) лойиқ инсонни бизга йўллаган элчиси ва пайғамбари орқали билдириши лозим. Кимда ким имом ва халифани умматнинг ўзи тайинлаши керак, дейдиган бўлса, демак, Қуръонда келган имомат тушунчасини тўғри англай олмабди. Бундай шахс фақат дунёвий раҳбарлик қилувчи ҳокимни имом ва халифа деб атаган кўринади. Акс ҳолда фақат Аллоҳ таологина имомни тайинлаши зарурлигини тушуниб етган бўлар эди. Имомни танлаш ҳам пайғамбарни танлаш каби инсонлар ихтиёридан ташқарида бўлиб ёлғиз Тангрининг Ўзигина танлаши шарт.

  2. Наҳотки, Пайғамбаримиз ўзларидан кейин ҳеч кимни халифа ва пешво этиб тайинламаган бўлсалар?

  Шубҳасиз, Ислом дини жаҳоний ва мангу дин бўлиб, Қуръон оятларининг маъносига кўра, Ислом дини муайян бир минтақага ёки бирор бир миллатга хос бўлмай, Қиёмат кунига қадар бутун миллат ва элатларнинг ҳидоят топиши ва инсоний баркамолликка эришиши учун Аллоҳ таолонинг мангу кўрсатмаларидир. Шу нарса ҳам маълумки, Пайғамбаримиз риҳлат қилганларида Ислом дини Араб ярим оролидан ташқарига чиқмаган эди. Сарвари олам Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) пайғамбарлик даврларининг 13 йилини мушриклар ақоидига қарши курашиш билан ўтказган бўлсалар, қолган 10 йилини эса ҳижратдан кейин Мадинаи Мунавварада Ислом ҳокимиятини ташкил этиш учун сарфлаган эдилар.

  Шу замон ҳам Мадинада бўлганларида кўпинча душманлар билан жанглар рўй берар ва шунинг учун кўп вақт динни мудофаа қилиш учун сарф бўлар эди. Шу боис, Расулуллоҳнинг қимматли вақтлари мушрикларга қарши жиҳод қилиш билан ўтди. Шунга қарамасдан, Пайғамбаримиз арзигулик вақтларининг бир қисмини ўз умматларига дин аҳкомдарини таълим беришга бағишлаган бўлсалар-да, ўша пайтда кўп муаммолар тўғилмагани сабабли айрим масалалар очиб берилмаган эди. Чунки, янгитдан Исломга кирганлар дин таълимотидаги кўп нарсаларни билишга қодир эмас эдилар. Шунга биноан, Пайғамбаримизнинг йўлларини давом эттирадиган халифа ул зотнинг илмларини тамоман ўзлаштирган бўлиши ҳамда умматнинг келажакда туғилиши мумкин бўлган савол ва масалаларини еча оладиган бўлиши зарур эди.[1] Бундан ташқари, Расулуллоҳдан кейинги раҳбар ва халифа келажакни кўра олиши, умматни кутаётган воқеалардан огоҳ бўлиши ва уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсата олиши шарт. Ҳолбуки, халифалик мансабига даъвогар бўлиб уни эгаллаб олган шахсларда ушбу хусусиятларнинг ҳеч бири мавжуд эмас эди.

  Ҳар бир масалага аҳамият билан қарайдиган Расулуллоҳ наҳотки, хилофат масаласига келганда ҳеч нарса демай оламдан кўз юмган бўлсалар-а?! Шунга биноан, юқорида айтиб ўтилган сўзларнинг хулосаси шундан иборатки, Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётлик чоғларида ва ҳам фоний оламдан риҳлат қилаётиб, ўзларидан кейинги халифа ва ворисларини тайинлаб кетганлари муқаррар. Бу ҳақида ушбу китобда кўпгина ҳадисларни иншоаллоҳ кўриб чиқамиз.

  Шунда маълум бўладики, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) халифалик масаласига нисбатан парвосиз бўлмаганлар, балки, доимо бу масалага чуқур аҳамият бериб кўп ўринларда ўзларидан кейинги халифа ва ворисларини саҳобаларга танитганлар. Лекин афсуски, ул зотнинг риҳлатларидан кейин тахт устида талашиш жараёнида пайдо бўлган сиёсий низолар оқибатида бу ҳақиқат яширилган. Ҳокимиятни ноҳақ эгаллаган айрим саҳобаларнинг қабоҳатли ишларини оқлаш мақсадида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) номларидан турли хил ҳадислар тўқиб чиқарилди ва шунинг билан сохта халифаларнингбарҳақ эканлиги юзага чиқарилди.

  Аҳли суннатнинг зиёли олимларидан бўлмиш Аҳмад Амин Мисрий Бани Умайя ҳукмдорлиги замонида ҳадис тўқиб чиқарилгани ҳақида шундай дейди:


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Расулуллоҳдан сўнг мусулмонлар орасида туғила бошлаган савол ва масалалар китобнинг охирги мавзусида келтирилган.

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.