Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Қадр кечаларида Аллоҳни ёдга олиш қалбларни тирилтиради

Қадр кечаларида Аллоҳни ёдга олиш қалбларни тирилтиради

  Азизлар, ўтган мақоламизда таъкидлаганимиздек, ҳазрат Али (алайҳис салом) Аллоҳ зикри ва дуонинг файзли таъсири ҳақида буюрадилар:

 «Буюк Яратувчи ўз зикрини қалбларимиз учун сафога айлантирган. Аллоҳ ёди билан эшитишдан маҳрум бўлган қулоқлар эшита бошлайди. Кўришдан маҳрум кўзлар кўрувчи бўлади.

Якравлик, исён ва жаҳолатга гирифтор киши хушмуомала, мулойим ва одобли инсонга айланади.»

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтлари дуоларида келтирилган асосий мазмунлардан бири Аллоҳнинг илоҳий сифот ва исмларига таважжуҳ билдириш, Унга ҳамд ва сано айтишдир. Маълумки, дуонинг руҳи ва ҳақиқати инсон қалбининг Аллоҳга мойиллиги ҳисобланади. Бу мойиллик даражаси эса инсоннинг маърифатига боғлиқдир.

  Аллоҳнинг ҳабиби (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг пок хонадони ўз дуоларида одамларни илоҳий сифот ва исмлар билан ошно айлашган. Жумладан, ривоятларда Ислом дини пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га Жабраил (алайҳис салом) томонидан келтирилган дея айтилган «Жавшани кабир» дуосида Аллоҳ таоло энг гўзал исм ва сифатлар, ҳамд ва мақтовлар ила тилга олинади.

  Бу улуғ дуода қуйидаги дилкаш сатрларни ўқиймиз: «Эй барча яралганларнинг Яратгувчиси! Эй барча маҳлуқларнинг Холиқи! Рисқланувчиларга ризқ-рўзи ато этгувчи! Барча мамлукнинг Молики! Ғамга чўкканларнинг ғамини кетказувчи! Ғуссалиларнинг кўнглини мусаффо этгувчи! Барча эҳсонларнинг Соҳиби! Раҳмати барча нарсаларни қамраб олган ва ғазабидан устун бўлган, илми бепоён, тенгсиз, ўхшаши бўлмаган Зот!»

  Бу арзирли дуода инсон Аллоҳ таолонинг сифатлари ва исмлари билан танишади. Инсон ва Худо ўртасида маънавий ва ҳиссий алоқа вужудга келади.   Инсон фарзанди дунёда ҳеч ким унга Аллоҳчалик меҳрибон эмаслигини ва унинг кибриёий муҳитидан кўра осойишта муҳит тополмаслигини англаб етади. Бу гўзал таъбирлар одамизод фарзандини Аллоҳнинг лутфу карами денгизида ғарқ айлайди. У ўзини илоҳий иноятга боғлиқ деб билар ва оламда Аллоҳчалик ҳеч ким ҳоким эмаслигини англаб етади. Аллоҳга яқинлик ҳисси ва инсон фитратининг уйғониши қалбидаги ғафлат ғуборининг покланиши нишонасидир.

  Ислом пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтлари дуоларида бот-бот эсланадиган маърифий мавзулардан бири Парвардигорнинг бепоён фазлу карам ва раҳматини эсга олишдир.   Аллоҳнинг бандаларига нисбатан чексиз лутф ва иноятларини эслаш инсон қалбидан ўша пок ва мисл-монандсиз самовий Зот сари дарича очади.

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратларининг ражаб ойига бағишланган дуоларида шундай сўзларни ўқиймиз:   «Ҳар бир эзгуликни Сендан кутамиз ва ғазабингдан нажот истаймиз, Аллоҳим! Сен бизнинг арзимас амалларимизга улкан мукофотлар ато этгайсан! Ким Сенга илтижо қилса, унга ато этгувчи, ҳатто Сендан сўрамаган ва сени танимаган кимсаларга ҳам неъмат бергайсан!» Аллоҳим! Менга меҳрибонлик айла! Барча дунё ва охират эзгуликларини ато қил!

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.