Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Аллоҳни таниш учун йўл-йўриқлар

Аллоҳни таниш учун йўл-йўриқлар

Севимли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига ва ул зотнинг Аҳли Байтларига салому салавот йўллаб, ушбу мақоламизни ҳузурингизга тақдим этамиз.  Инсон ўз тажрибалари, қўлидаги мавжуд воситалар, имкониятлар ва муқояса йўли билан бирор бир нарсанинг мавжудлигини аниқлай олмаса, уни рад этиши жоиз эмас.

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) айтганларидек, кўзларимиз Парвардигор Каримни кўришга қодир эмас, аммо ақл-заковат ила Уни идрок этамиз. Унутмаслик керакки, биз моддий оламнинг тузоғида тутқунмиз ва Аллоҳнинг мутлақ ва чексиз вужудини тасаввур этолмаймиз. Шу сабабдан моддиюнчилар айтгандек, жисмни ушлаб кўриб, ишонгандек эмас, балки руҳий нарсалар ва илоҳий ва ғайб оламини ақл кўзи билан ҳис этиб англай оламиз.   Имом Содиқ (алайҳис салом) нинг ёронларидан бири ул ҳазратга шундай мактуб ёзганди:

  «Ироқ мамлакатида бир тоифа кишилар Худонинг шакл ва шамойили бор, деб айтишади. Тавҳид масаласини тушунтиришингизни истардим.»

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратлари унга қуйидагича жавоб ёзадилар:   «Худо сени Ўз раҳматига олсин! Аллоҳ буюкдир! Унинг мисл ва монанди йўқ! Аллоҳ эшитгувчи ва кўргувчидир! Аллоҳ ўша айтганинг одамлар васф қилган нарсалардан пок ва муназзаҳдир. Аллоҳнинг сифатлари ҳамон Қуръонда зикр этилган сифатлардир!»

  Севимли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли Байтларининг берган таълимотига эргашган киши турли йўллар билан Аллоҳ таолони англаш шарафига муяссар бўлади.   Аҳли Байт мактабига мансуб улуғвор зотлар гоҳида одамларнинг руҳ-вижонларига мурожаат қилиб, баъзан эса ақлий далиллар келтириш йўли билан кишиларни ягона Аллоҳни англашга ҳидоят этишган.   Онги шак-шубҳа ва гумонсирашдан узоқ бўлган кишилар ўз Яратувчиларини осонроқ йўл билан тезроқ англаб оладилар ва Унга яқинлашадилар. Бу йўл узундан-узоқ муқаддимага муҳтож эмас. Шу сабаб, бу усул қай бир ақлий даражада бўлишдан қатъий назар, халойиқнинг барча қатламлари учун тушунарлидир. Бу йўналиш ҳаммадан олдин инсонларнинг фитрати (илоҳий табиати)ни уйғотишга асосланади.

  Пайғамбарлар ва дин пешволари, шунингдек, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли Байтлари Аллоҳни халқ оммасига англатиш учун ана шу йўлдан фойдаланганлар.   Аллоҳни англашнинг осон ва содда йўлларидан бири яратилиш оламида сайр қилишдир. Қуръони Карим таъбири билан айтганда, илоҳий оятлар ҳақида фикр юритиб, тафаккур қилмоқликдир.

  Еру осмон, ҳамда инсон вужудидаги ҳар бир ўзгаришлар Ул Зоти покнинг мавжудлигига далил бўлиб, инсон қалбининг қутбнамосини доимо ва ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлган борлиқнинг Яратувчиси томон ҳидоят этади.

  Теварак-атрофимиздаги олам жуда аниқ тартиб-низом асосида яратилган ва бу назм-тартиб ана шу оламни яратган ва унинг устидан ҳукмронлик қилувчи ҳаким ва чексиз билим ва қудратга эга улуғ Зотнинг мавжудлигидан далолат беради.   Борлиқ олами ҳақида тафаккур қилиш одамларнинг барча қатламларининг қўлидан келади. Оддий одамлардан бошлаб энг улуғ мутафаккирларгача бу нарсадан фойдаланишади. Ҳар бир киши ўзининг ақл- заковати ва дунё қараши доирасида борлиқ мавжудотдаги воқеа-ҳодисалардан Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ҳақидаги далилларни илғаб олиши мумкин.

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратлари буюрадилар:   «Бирор-бир асбоб – ускунани кимдир ясаган бўлади. Самога қад кўтарган бинони аллақандай бир қурувчи қурганига ишонч ҳосил қилади, киши, гарчи бинонинг қурилиш жараёнини кўрмаган бўлса ҳам».   Инсоннинг ақл-заковати чегараланган. Унинг тафаккур доираси қанчалик улкан, дунё қараши қанчалик кенг бўлишига қарамасдан Аллоҳ илмининг кенгликларини қамраб ололмайди.   Борлиқ ҳаёт биз учун икки қисмдан иборат:   Бири ошкор, бири ниҳон.   Бу нарсалар илмий тилда ғайб ва шуҳуд ҳам дейилади.

  Оламнинг айрим ҳақиқатлари ташқи ҳислар билан идрок этилмайди. Аммо бунга қарамай, ушбу ҳақиқат инкор қилиб бўлмас воқеликдир. Демак, барча ҳақиқатлар фақатгина тажрибага асосланган ҳиссий идрок билан англанмайди. Ақл ва тафаккур тажрибаси ҳиссий идрокка кўмаклашган тақдирда, кўпгина воқеа – ҳодисаларнинг сир – асрори ошкор бўлиши мумкин.

  Аҳли Байт мактабининг таълимотида ақл Парвардигори олам томонидан инсонга ато этилган нурга ўхшатилади. Ақл Ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан ажратгувчи мезондир.

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) бу мавридда буюрмишлар:

  «Ақл воситаси билан Аллоҳнинг мавжудлигига эътиқод ҳосил қилинади ва Аллоҳнинг мавжудлигига иқрор бўлиш билан имон камолотга етади».   Парвардигори карим ҳар бир нарсани маълум сабаблар воситасида яратади.

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратлари бу ҳақда буюрадилар:

  «Илоҳий суннат ҳар бир нарсани сабаб орқали вужудга келтиради. Шундай экан, Яратувчи ҳар бир нарса учун маълум сабабни белгилаган ва ҳар бир сабабнинг ўзига яраша калити бор. Ҳар бир калит учун эса унга тегишли илм мавжуд. Ана ўша илм ҳақиқатлар баёни дарвозасидир. Бу илмни билган киши Худони таниши, уни инкор қилган кимса эса Худони инкор этган ҳисобланади.»

  Ҳар бир саҳифаси олий ақл ва тафаккур ила битилганидан гувоҳлик берувчи яратилишнинг буюк Китобини варақлаганимизда бу ҳақиқатга янада кўпроқ ишонч ҳосил қиламиз.

Share

Check Also

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчи оятлар: Ушбу масалада мезон ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.