Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ибодат-Ошуронинг энг чиройли жилваси

Ибодат-Ошуронинг энг чиройли жилваси

Севимли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ул ҳазратнинг пок неваралари, жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг шаҳодат айёмларига бағишланган «Ибодат Ошуронинг энг чиройли жилваси» номли махсус суҳбатимизнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Шубҳасиз айтиш мумкинки, имом Ҳусейн (алайҳис салом) ва ёронларининг намози, хусусан Ошуро кунида ва нобаробар жанг пайтида, уларнинг намоз масаласига бўлган иштиёқлари инсонни ажаблантиради. Зеро, уларнинг инқилобларини шакллантирган нарса- бу Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатдир.

  Илтижо ё ибодат қилмоқ руҳий бир ҳолатдирким, инсон ва маъбуд[1] ўртасида узилмас алоқа яратади. Илтижода инсоннинг нотавонлик жилваси ва қудратли Аллоҳга муҳтож ва ҳожатманд эканлиги тасвирланади. Илтижо – ибодат ва сиғиниш ҳолатида бўлган киши, ғурур ва кибрдан узоқлашади, ихлос ва холислик билан маъбудга муножот қилади.

  Шу ўринда имом Ҳусейн (алайҳис салом) нинг чуқур ва жонбахш ибодатлари энг гўзал ва самимий ибодатлардан ҳисобланади.

  Кечқурун, Арафот саҳросида; имом Ҳусейн (алайҳис салом) бир гуруҳ оила аҳли, фарзандлари ва дўстлари билан чодирдан чиқиб, Раҳмат тоғи сари назар ташлайдилар. Кейин эса Каъба томон қарайдилар ва қўлларини дуога кўтариб, Тангри таоло билан муножот қила бошлайдилар:

  «Аллоҳ ҳамду санога сазовор бўлган зотдир, Унинг қазосини ҳеч ким ўзгартира олмайди, ато этишининг олдини ололмайди ва Унинг яратувчанлигига ҳеч ким тенг булолмайди. Қачон Сени чақирсам жавоб бердинг, Сендан нима истаган бўлсам иноят қилдинг, қачон Сенга итоат- шукр қилган бўлсам, неъматларингни кўпайтирдинг. Эй меҳрдан тўла меҳрибон, Сен якка-у ягонадирсан. Фақат Сендангина истайман, токи менга жавоб бергайсан. Ёлғиз Сендан ҳожат талаб қиламан, токи ҳожатимни Сенга айтаман ва фақат Сендангина умид қиламан.…»

  Бу дуо қалблардаги ҳар бир шодлик эшигини очади, муҳаббат ва тавҳид (яккахудолик) нуридан қалбларни тўлдиради.

  Асрлар давомида олимлар Ошуро ҳодисасини турли манбалардан ўрганиб олганлар. Бу ҳодиса бир томондан катта бир фожеа ва инсоният жиноятини баён этувчи ҳодисадир. Бу ҳодиса имом Ҳусейн (алайҳис салом) ва ул зот дўстларининг душманлари уларга нисбатан раҳмсизлик ва адолатсизликни раво кўриб, тарихда ўзларидан қоронғи саҳифани қолдирдилар.

  Аммо бу воқеанинг бошқа жиҳатлари эса юксаклик ва чиройга тўладир. Бу инқилобда иззат ва шараф, шижоат ва мардлик, ишқ ва фидокорлик мавж уради. Бу ҳодисанинг чиройи имом Ҳусейн (алайҳис салом) нинг Худо йўлидаги инқилоб ва ҳаракатларидир.

  Имом Ҳусейн (алайҳис салом) Худонинг холис бандаси ва Унга ибодат қилишга интиқли эдилар. Шаҳидлар пешвоси душмандан бир кеча учун олган мўҳлат ичида ўз хаймаларига қайтиб, тунни Қуръон тиловати билан ўтказадилар. Жонини фидо қилишга тайёр бўлган ёронлари ҳам шундай қиладилар. Ўша тунда бир гуруҳ дуо ва муножот қилиш билан машғул эдилар ва бошқа гуруҳ эса намоз ўқишга киришган эдилар. Бири рукуъда бўлса, бошқа бири саждада эди. Ҳамма яратувчига ибодат ва илтижо қилар эдилар.

   Ҳижрий қамарийнинг 5-асрида яшаган буюк ислом олими Шайх Муфид (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай дейди: «Имом Зайнул Обиддин буюрганларки, мен у замонда бемор эдим. Отамнинг ўз ёронларига айтаётган сўзларини эшитардим, ул ҳазрат шундай айтар эдилар: Аллоҳга ҳамду сано айтаман. Яхшилик ва ёмонликларда Унгагина шукроналар айтаман. Эй Аллоҳим, Сенга шукрлар қиламан, зеро, нубувватни бизнинг хонадонимизга каромат қилдинг. Бизга Қуръон ўргатдинг, динга фақиҳ ва доно қилдинг ва бизга қулоқ, кўз ва юрак ато этдинг. Аллоҳим бизни шокир ва сабрли гуруҳга айлантир.»

  Намоз Холиқ билан боғланишнинг энг чиройли жилвасидир. Бу маънавий робита ҳатто қарши курашлар пайтида ҳам, мужоҳидларга қувват бахш этади. Имом Ҳусейн (алайҳис салом) ул зотнинг ёронлари ҳам, ҳамиша ва вақт-вақтида намозни бажо келтиришарди.

  Намоз исломдаги асосий амаллардан бўлиб, ҳаётдаги танқисликлар сабабли, уни тарк қилиш мумкин эмас, фақатгина қисқартирилиши мумкин.

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) айтганлар: «Менга эргашувчиларни икки йўл билан имтиҳон қилинглар. Намоз вақтида уни адо этишида ва диний биродарларига молиявий ёрдам қилиш пайтида. Агар бу икки хислат унда бўлмаса, ундан узоқлашингиз.»

  Ҳақиқатан ҳам, Ҳусейний инқилобнинг марказида Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат қарор топган эди. Имом Ҳусейн (алайҳис салом) ҳатто Карбало саҳросида, ул ҳазратнинг атрофида душманлар тўпланган пайтда ва Аллоҳнинг пок баданлари қонга ботган, ёрларидан айрилган вақтда ул зот қонли пешанасини ерга қўйиб, шундай дейдилар:

إلهِي رِضاً بِرِضَاک، تسلیماً لأمرک، ولا معبودَ سواکَ

  «Аллоҳим Сенинг ризолигинга розиман, Сенинг амринг ва буйруғингга таслимман ва Сендан ўзга маъбуд (ибодат қилинадиган зот) мавжуд эмас.»

  Аллоҳнинг саломи имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ва ул зотнинг фарзандларига ва вафодор ёронларига бўлсин! Шу ерда, жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг шаҳодат айёмларига бағишланган «Ибодат- Ошуронинг энг чиройли жилваси» унвонли махсус суҳбатимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азизлар Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг.


[1]. Ибодат қилинадиган зот (Аллоҳ таборака ва таоло)

 

{mp3}oshuro-ibodat{/mp3}

fayl o`lchami: 2.54 MB

yuklab oling

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.