Home / Исломда оила / Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (3)

Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (3)

Ёшлар умр йўлдоши танлаб, оила қураётганларида, исломнинг қонун-қоидалари ва йўл-йўриқларига таяниб, ташқи кўриниш ўрнига, асосий ва ҳаётий масалаларга диққат қилсалар ва нотўғри фикрлар ҳамда ўткинчи бўлган нафсоний ҳою ҳавасларга эргашишдан сақлансалар, келажакда мустаҳкам ва асл мусулмон оиласининг қурилишига сабаб бўла оладилар.

   Ҳозирги даврда баъзи ёшларнинг тасаввур қилишача, умр йўлдоши танлашнинг тўғри йўли уйланишдан олдин бир-бирлари билан юриб, муайян муносабатда бўлишдан иборат. Ҳолбуки, бундай ноқонуний алоқалар аксар ҳолларда фасод ва ахлоқий бузғунликларга олиб келиб, танламоқчи бўлган умр йўлдошининг хулқ-атвори ва хусусиятларини аниқлаш учун фойдали йўл бўла олмайди. Зеро, бирор шахснинг хулқ-атвори ва хусусиятларини билиш учун узоқ муддат алоқада бўлишни тақозо қилади, қисқа муддат ичида бир оз юриб, муносабатда бўлиш билан инсоннинг ингичка томонлари ва унинг табиатини билиб бўлмайди.

  Ҳар бир шахснинг кимлиги ва унинг руҳий хусусиятлари ҳаётда рўй берадиган ҳодисалар ва воқеалар орқали маълум бўлади ва бу ҳаётнинг турли-туман саҳналари инсоннинг руҳий хусусиятларини ошкор этувчидир.

  Холис турмуш қуруш мақсадида ўз тақдирини «келажак умр йўлдошига» топширган, бир муддатдан сўнг, хатога йўл қўйганини тушуниб алданиб қолган қизларнинг статистикаси одамни даҳшатга солади. Инсонлар бир-бирларини яxши танишлари одатда узоқ йиллар давомида турли муносабатлар натижасида амалга ошади ва қисқа муддат мобайнида бўлажак «эр-хотин» ҳеч вақт бир-бирлари борасида тўғри ва oбектив тасаввурларни қўлга кирита олмайдилар.

  Инсонларнинг ахлоқий ва руҳий xусусиятлари уларнинг турли хил ҳодисалар ва ҳаётнинг оғир синовларига дуч келганларида яхшироқ юзага чиқади. Сабр ва бардошлилик, қаноатлилик, матонат ва вазминлик, фидокорлик ва кечиримлилик сингари инсоний хусусиятлар ва фазилатлар қийин пайтларда ва ҳаётда юзага келадиган сиқувчи имтиҳонларда маълум бўлади. Аммо осойишталик, фароғат, айш-ишрат ва сайр-саёҳат вақти бундай улкан xусусиятларни билиб олиш мумкинми?!

  Энди булварда, кинoда, рестoронда ва ё бошқа саёҳат маконларида учрашиш, икки томон бир-бирларининг хулқ-атворлари ва xусусиятларини етарли миқдорда билиб олишлари учун меъёр бўла оладими?

  Албатта, қалби маҳаббат ҳисси билан завқланган ёшлар ўз камчиликлари ва иллатларининг устига ниқоб тортиб, уларни беркитадилар, ҳатто ясама қилиб бўлса ҳам, ўзларини энг яxши одоб-ахлоқ ва xусусиятларга эга одамлар қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Ёшларнинг бир-бирларига нисбатан жинсий майллари авжга чиққан, улар ҳаётининг залварли бир даврида бундай муносабатлар ва бирга юриш орқали ёшлар бир-бирларига oбектив баҳо бера оладиларми? Ва ўрталарида руҳий ихтилоф ва камчилик йўқлигини пайқай оладиларми? Ушбу ёшдаги ўспиринлар ўз жинсий истакларини қондириб, шунга ўхшаш орзуларни ушалтиришдан бошқа нарсани ўйламайдилар. Бундай шароитда қурилган оила ҳаёти одатан, охиргача тоқат қила олмайди. Бу турда «танишиш» натижасида қурилган оилада эр-хотин кейинчалик ўз айб ва нуқсонларининг шоҳиди бўладилар.

  Ушбу услубда бир-бири билан танишиб, алоқа қилиб, ўзига умр йўлдоши танлаган ёшлар ҳаётларининг охирига қадар низо, ихтилоф ва келишмовчиликлардан омонда бўла оладиларми? Бундай ёшлар билан умр йўлдошларининг ўртасида ҳеч бир ихтилоф юзага келмайдими? Улар бундай оила қуриш натижасида ҳар қандай тортишув ва норозичиликдан узоқ бўлган ҳолда бахт-саодатли ва муносиб ҳаётдан баҳраманд бўла оладиларми?

  Юз берган ҳодисалар ва воқеалар бунинг тескарисини кўрсатмоқда. Бундай уйланишлар ва оила қуришларда аста-секинлик билан бир-бирларининг айб ва камчилик-ларини тушуна бошлайдилар, ҳолбуки, аввалларида бундай айб ва иллатларга дуч келмаган эдилар.

  Ҳар бир йигит ва ўспирин ушбу ҳақиқатни билмоғи лозимки, икки нафар ўртасида ҳар жиҳатдан руҳий монандлик ва мослик жуда мушкул ва шояд ҳам маҳолдир. Ташқи кўриниш ва зоҳирий томонларидан ўхшашлик, монандлик ва мослик номумкин бўлганидек, аёлларнинг ўйлаш ва фикр юритишида турли-туман ҳис-туйғу ва руҳий кечинмалар асар қилиши инобатга олинса, аёл кишининг фикрлаш ва юриш-туриш тарзи истар-истамас эркак кишидан фарқланиши ёрқин тарзда намоён бўлади.

  Ислом дини ҳар бир шаxсга уйланишидан олдин келажакдаги ўз умр йўлдошининг юзини ва ташқи қиёфасини кўришга ижозат беради ва унинг руҳий, ахлоқий xусусиятлари ҳақида имкон қадар хабардор шахслардан суриштириб, атрофли маълумот қўлга киритишни тавсия этади.

  Оиланинг саодати илк навбатда аёл билан эркак орасидаги робитанинг равнақига ва уларнинг биргаликда қандай яшашларига боғлиқдир. Улар ўртасида алоқа нақадар мустаҳкам бўлса, шунчалик оила бахт-иқболи юксалажак. Ўзаро руҳий боғлиқлик ва қийинчиликлар қаршисида фидокорлик кўрсатиш ҳақиқий оила саодатининг барқарор бўлиши учун асосий шартлардандир.

  Ислом динида оила муҳитида эркак ва аёллар тинч-тотув яшашлари учун муайян ҳуқуқлар тайин этилган ва ҳар иккалаларининг вазифаларини аниқ кўрсатадиган қонун-қоидалар баён қилинган. Бундан ташқари, ахлоқий жиҳатдан ҳам, оиланинг саодатини таъминлайдиган кўрсатмалар ва тавсиялар назарда тутилган. Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда буюрадилар:

 

  «Умматимнинг энг яxши эркаклари ўз оиласига қаттиққўл бўлмай, уларга нисбатан xушмуомала ва яхшилик қилувчи бўладилар.»[1]

«خيرکم خيرکم لأهله و أنا خيرکم لأهلي»

  «Сизлардан энг яxшингиз ўз оиласига нисбатан хушмуомалабўлган шахслардир ва мен ўз оилам билан сизларнинг ҳаммангиздан кўпроқ хушмуомалабўлувчиман.»[2]

  Бошқа тарафдан эса, ислом дини аёлнинг ўз эри билан xушфеъллигини «муқаддас жиҳод» ҳисоблайди.

  Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада буюрганлар:

«جهادُ الْمرأةِ حُسْنُ التَّبعُّل»

  «Аёлнинг жиҳоди ўз эрига қарашиб, у билан яxши муносабатда бўлмоғидир.»[3] Ҳозирги даврда ёшларнинг уйланишига тўғон бўлган муҳим омиллардан бири, оила қуриш учун назарда тутилган сарф-харажатларнинг ҳаддидан ортиқ оғир ва юқори бўлмоғидир. Ёшларнинг аксарияти бундай катта моддий имкониятларга молик эмаслар ва бу ҳам уларнинг ўз вақтида оила қуришларининг олдини олади. Ислом дини уйланиш сарф-харажатлари ҳозиргидек жуда оғир ва юқори бўлишига қатъиян қаршидир ва уйланишни энг содда шаклда ва енгил сарф-харажатлар билан ўтказилишини тавсия этади.

  Пайғамбаримиз сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда буюрадилар:

  «Аёл қадамининг хайрли ва муборак бўлиши, унга элчи бўлиш осонлик билан амалга ошиб, унинг маҳрининг оз бўлишидадир.»

  Шак-шубҳасиз, оилавий иxтилоф ва келишмовчиликлар юз берган пайт аёл қўлида «оғир маҳр» деб, номланган қурол ва сиқув воситаси бўлса, у ўзини ўта енгил ҳис қилиб, эркак кишига нисбатан қайсарлик этади. Ушбу қайсарлик ҳам, оиланинг қулашига олиб келиши ҳеч гап эмас. Бундай уйланиш ва оила қуриш қанчалик номуборак ва хайрсиз экани ойдин тарзда маълум бўлади.

  Бир кун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳузурларига бир гуруҳ саҳобалар шарафёб бўлиб, суҳбатлашаётганларида, ногаҳон ёш бир аёл кириб келиб, ул зотга эҳтиром билан салом бериб деди: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен бир ёш йигитга турмушга чиқишни истайман.»

  Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мажлисда ҳозир бўлганларга юзланиб дедилар:

  «Ким бу аёл билан уйланишни истайди?» Уларнинг ичидан бир йигит бу ишга тайёр эканлигини эълон қилди. Ул ҳазрат ундан: «Унинг маҳрини нима билан адо қилгайсан?» деб, сўрадилар. Ўша шахс: «Маҳр бериш учун ҳеч нимага эга эмасман», деб жавоб берди. Ул зот: «Йўқ! бўлмайди» деб, марҳамат қилдилар.

  Мазкур аёл яна бир марта турмушга чиқишга истак билдирди ва бойлик ва мол-мулкдан ҳеч нимага эга бўлмаган ўша йигитдан бошқа ҳеч ким тўпланган жамият орасидан ижобий жавоб бермади. Шунда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу йигитга хитоб қилиб дедилар: «Қуръон ўқишни биласанми?» У ижобий жавоб қайтарди. Расуллуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унга буюрдилар: «Бу аёлга Қуръоннинг бир миқдорини ўргатишинг муқобилида, сени у билан уйлантираман.»[4]


[1]. Макоримул ахлоқ, 248-бет ва Васоилуш-шиа, 14-жилд, 122-бет ва Хисоли Садуқ, 2-жилд, 161-бет.

[2]. Малла яҳзурул фақиҳ, 3-жилд, 555-бет, исломий нашриёт муассасаси.

[3]. Васоилуш-шиа, 14-жилд, 116-бет ва Хисоли Садуқ, 2-жилд, 161-бет.

[4]. Васоилуш-шиа, 15-жилд, 3 ва 4-бетлар, Маҳр боби ва Малла яҳзурул фақиҳ, 2-жилд, 124-бет.

Share

Check Also

Эркакларча яшаяпмизми? (1-қисм)

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Келинг, Мардларча Яшайлик, Эй биродар! Оила ва ҳаётга оид айрим муаммоларни фақат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.