Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Шайтоннинг хавфли тузоғи

Шайтоннинг хавфли тузоғи

sehr-jodu1Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Шайтон мусулмон одамга икки йўл орқали ҳамла қилади: Бири – мусулмон одамни васваса қилиб диний биродарига яхшилик қилишга йўл қўймайди. Иккинчиси эса одамни намоз ўқишдан кечиктиради.

Баъзилар биз ўз вазифамизни бажаряпмиз, намоз ва рўзаларни канда қилмай ўз ўрнида бажармоқдамиз деб хотиржамликка бериладилар. Ваҳоланки, диний биродарларга кўмаклашиш ҳам зиммамиздаги муҳим вазифалардан ҳисобланиб, уни тарк қилган одамни яхши мусулмон деб айта олмаймиз. Мусулмонлар яхши билишлари керакки, уларнинг бошқаларга нисбатан ҳам муайян вазифалари бор. Қўшни ҳаққи, қариндошчилик ҳаққи, диний биродарлик ҳаққи ва шунга ўхшаш турли ҳақ-ҳуқуқлар ҳам мусулмонлар зиммасидаги диний вазифа бўлиб, уларни адо этмоқлик эса лозимдир. Ушбу ҳақ-ҳуқуқларни адо этишдан ғафлатда қолишнинг бир неча сабаблари бор бўлиб, бу ерда уларни келтирамиз:

Аввало, Шайтон мусулмонни зиммасидаги вазифасига амал қилишдан чалғитиш учун шароит яратади.

Иккинчидан, Шайтон одамга бундай деб васваса қилади: “Сенинг ниманг борки, бировга бермоқчисан?! Ундан кўра, шу нарсани олиб қўйсанг кейинчалик ўзинга асқотади”.

Учинчидан, Шайтон бизларни бошқаларнинг ғамига нисбатан бефарқ қилиб қўяди. Яъни бизни шундай ҳолатга солиб қўядики, натижада биз “Менга нима, мен шунча ҳаракат қилиб бойлигим ва моли дунёимни қўлга киритдим. Бошқалар ҳам бориб ўзлари учун ҳаракат қилсинлар-да” дейдиган бефарқ одамга айланиб қоламиз.

Ҳеч бир ибодат диний биродарнинг мушкулини ҳал қилиш учун қўйилган қадамдан кўра юқори даражада бўлмайди. Ҳатто агар бу қўйган қадамидан кейин ўша мушкулни ҳал қилиш қўлидан келмаган бўлса ҳам, савобига эга бўлаверади. Ҳаттоки, мўмин биродарини кўриш учун бориш ҳам улуғ ибодат эканлиги ҳадиси шарифларда айтилган, албатта, шарти шуки, бу иш Аллоҳ розилиги учун амалга оширилган бўлса.

Шайтоннинг яна бир тузоғи – бу намозни аввалги вақтидан, яъни азон айтилиши биланоқ уни ўқиб олишдан тўсиб орқага суришдир. Шак-шубҳасиз, бандани тўғридан-тўғри Аллоҳга яқинлаштирадиган восита – бу намоз ўқишдир. Бандани ана шундай буюк ибодатдан тўсадиган нарса – бу кўп ухлаш, кеч ухлаш ва ёмон ухлашдир. Агар одам намозни аввалги вақтида ўқиб олишни тарк этадиган бўлса, секин-аста бошқа диний вазифаларини ҳам тарк эта бошлайди. Ҳатто шу даражага етиши мумкинки, ибодат қилувчиларни масхара қила бошлайди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилинади:

ثُمَّ كَانَ عَاقِبَةَ الَّذِينَ أَسَاءُوا السُّوأَىٰ أَن كَذَّبُوا بِآيَاتِ اللَّـهِ وَكَانُوا بِهَا يَسْتَهْزِئُونَ ﴿١٠﴾

«Сўнгра ёмонлик қилганларнинг оқибати, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришлари ва уларни масхара қилишларигача олиб борди (Рум сураси, 10-оят)

Шунинг учун ҳам айтамизки, намозни кечиктириб ўқишнинг ўзи куфрни яратадиган омиллардан бирига айланиши мумкин бўлган хавфли амалдир. Агар инсон мана шундай хатарли вазиятга дучор бўлган бўлса, айниқса Исломдан узоқ муҳитда яшайдиган бўлса, йўлдан адашиб қолиши ҳам анча осон кечади. Биз бу ўринда намозни тарк қилганларни эмас, балки ўз вақтида намоз ўқимайдиганларни назарда тутиб, бундайларнинг нақадар хавф-хатар остида эканликларини уқтирмоқдамиз. Умуман олганда, намоз ўқимайдиганлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлаверади. Бундайлар ҳақида Қуръони Каримда охиратларини арзонга сотганлар деб айтилган:

أُولَـٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّـهُ وَلَا يَنظُرُ إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ ﴿٧٧﴾

«Охиратда насибалари йўқ одамлар билан Аллоҳ қиёмат куни сўзламас, уларга назар солмас ва уларни покламас. Ва улар учун дардли азоб бор.» (Оли Имрон сураси, 77-оят)

Намозлар ичида, айниқса Бомдод намозини тарк қилмаслик ҳақида алоҳида таъкидланган. Чунки, кеча фаришталари ҳам бу намозни тундаги амал сифатида ёзиб қўйсалар, кундузги фаришталар бу намозни кундузги намоз сифатида номаи амалга ёзадилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан намоз ҳақида ривоят қилинган ҳадиси шарифда ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар: «Намозхон намозини тугатгач тасбеҳ айтганида, яъни Аллоҳу Акбар (34 марта), Алҳамдулиллаҳ (33 марта) ва Субҳаналлоҳ (33 марта) тасбеҳ ўгирган бармоқлари Қиёмат кунида уни шафоат қилади.»

Бошқа бир ҳадисда эса:

«Қиёмат кунида Сирот кўпригидан ўтказиб қўювчи амал – бу намоздир» деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, ул ҳазрат бу борада шундай деб марҳамат қиладилар: «Агар одамнинг намози қабул бўладиган бўлса, қолган барча амаллари ҳам қабул бўлади. Аммо аксинча агар намози қабул бўлмаса, ҳеч бир амали қабул бўлмайди.»

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) намоз ўқимайдиган одам ҳақида шундай деганлар: «Намоз ўқимайдиган одам Шайтондан ҳам пастроқ ва ёмонроқдир. Нега деганда, Шайтон Аллоҳга сажда қилар эди, одамга сажда қилмагани учун Парвардигор ғазабига учради. Аммо намоз ўқимайдиган одам эса, Парвардигорга сажда қилишдан бош тортган бўлади.»

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) намоз ҳақида айтиб жумладан бундай деб марҳамат қилган эдилар: «Намоз ўқиганингизда, “Бисмиллоҳ”ни овоз чиқариб ўқинглар, акс ҳолда Шайтон намознинг охиригача елкангизда ўтириб олиб васваса қилиши мумкин. Шунингдек, намозда Фотиҳа сурасини ўқишдан олдин “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” дейишни унутманг. Шунда баданингиздаги туклар сони миқдорида ҳасанот ёзилади.»

Сўзимиз ниҳоясида, қўлимизни дуога кўтариб Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сўраймизки, бизларни ўз вазифаларига яхши амал қилувчи, намозни ўз вақтида тўкис адо этувчи солиҳ бандалардан қилсин ва Шайтоннинг тузоғига илиниб асир тушишдан бизни Ўз паноҳида асрасин. Омин ё Роббал оламин!

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.