Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Шариатда сигарет чекишга рухсат борми?

Шариатда сигарет чекишга рухсат борми?

Picture24Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтиб пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг поку мутаҳҳар Аҳли-Байтлари (хонадонлари аҳли)га ҳамда садоқатли хос саҳобаларига салому салавотлар йўллаб бу ўринда сигарет чекишнинг исломдаги ҳукми борасида суҳбат юритамиз. Умид қиламизки, мақоламизни ўқиган азиз ўқувчиларимиз керакли хулоса чиқариб, ўз яқинлари ва атрофдагиларини бу ярамас одатни тарк этишга даъват этгайлар.

Афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб ислом умматининг ёш авлоди маст қилувчи ичимликлар ичишга, сигарет чекишга ҳамда наркомания ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишга мубтало бўлиб қолишган. Лекин бу ёшларнинг ҳаммасини ҳам исломдан узоқ фосиқ ёшлардир, дея олмаймиз. Бу ёшларнинг ичида ўз йўлини ўзгартириб тўғри йўлга қайтишни истайдиганлар жуда кўп.

Таҳририятимизга келаётган мактублардан кўриниб турганидек, кўпчилик мусулмонларни сигарет чекишнинг шаръий ҳукми жуда қизиқтирмоқда. Талабларингизни инобатга олган ҳолда, Ислом динининг сигаретга нисбатан ҳукми нима эканлигини баён қилмоқчимиз. Агар сигарет чекишнинг келиб чиқиш тарихига назар солсак, бу амалнинг юзага келишида ва мусулмон ўлкаларида кенг ривожланишида бутун жаҳон яҳудий ҳаракатининг ҳиссаси улкан эканлиги яққол кўзга ташланади. Нимага деганда, улар сигаретга одат қилган мусулмонларнинг эътиқоди сусайишини яхши билар эдилар. Сигарет балоси ислом ўлкаларига арзон нархда сотилиб, унинг тарғиботи ҳам кенг ва оммавий равишда амалга оширилади. Лекин ўша сигарет ишлаб чиқарувчи корхоналар эгаси бўлмиш давлатларда эса уни чекишга қизиқтирувчи тарғибот-ташвиқот ишлари тақиқланган. Мусулмон давлатларининг ўта содда ва жоҳил раҳбарлари эса иқтисодни тиклаш (?) баҳонасида қўшма корхоналар таъсис этиш унвони остида хорижий рекламаларни мусулмон халқлари тилига таржима этиб халқни “Олий Навли Сигарет” сотиб олишга чақирадилар. Гўёки Аллоҳ таолонинг ушбу оятини унутганга ўхшайдилар:

﴿وَيَمْكُرُونَ وَيَمْكُرُ اللّهُ وَاللّهُ خَيْرُ الْمَاكِرِينَ﴾

«Улар макр қиладилар ва Аллоҳ ҳам макр қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ макр қилувчиларнинг (яъни макрга яраша жазо берувчиларининг) энг устунидир.» (Анфол сураси, 30-оят).

Азиз мусулмон биродарлар, келинг “макр қилувчилар” тузоғига илинмайлик. Агар бу балога мубтало бўлган бўлсангиз, у ҳолда мақоламизни охиригача диққат билан ўқиб, бу балодан қутилиш чорасини кўринг. Масалага тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида чекишнинг келиб чиқиш тарихи, тиббиёт ва ислом дини нуқтаи назаридан зарари ҳақида суҳбат юритамиз.

Сигарет чекишнинг келиб чиқиш тарихи

Милодий 1492 йилда баъзи европалик сайёҳлар Америка қитъасини кашф этдилар ва у ерда тамаки дарахтини кўрдилар ва уни чекиш учун муносиб кўриб қўллай бошладилар. Сигарет ислом оламига ҳижратнинг ўнинчи асрида насронийлар тарафидан кириб кела бошлади.

Сигарет чекиш тиббиёт нуқтаи назаридан

Сигарет таркибида заҳарли ҳисобланган қўрғошин оксиди ПбО3, бензобурин, никотин, ҳашаротларни қирувчи спирт ва бошқа зарарли моддалар мавжуд бўлиб, улар саратон ва сил касалликларини келтириб чиқарувчи асосий омиллардандир. Сигарет чекувчи одамлар турли касалликларга бошқаларга қараганда, кўпроқ мубтало бўладилар. Саратон, сил, оғиз, тил, лабларнинг турли инфекcиялари, нафас олиш ва ҳазм қилиш органларининг турли бузилишлари кашандаликка берилганликнинг “мукофотларидандир”. Соғлом наслга эга бўлишнинг олдини олиш, эркаклар ва аёлларнинг жинсий заифлашуви ҳам чекувчиликнинг самараларидандир.

Сигаретнинг оила таъминотига келтирадиган зарари ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Шариатда чекиш ҳақида нималар айтилган?!

Сигарет чекиш юқорида айтганимиздек, ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида бўлмаган. Лекин шунга қарамай, ул зот ўз умматларига бутун замон ва маконларда жорий этиш мумкин бўлган умумий қонун-қоидаларни ўргатиб кетганлар. Шундай қонунлардан бири: “Лаа зарара ва лаа зирора”, яъни “Бировга зарар етказмаслик ва ўзига ҳам зарар етказмаслик ” қоидасидир. Ушбу қоидага кўра, барча фуқаҳо ва мужтаҳидлар одам ўзига зарар бўлган нарсани бажариши қатъиян “ҳаром” деб фатво берганлар. Ахир Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз умматларига ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён этиб уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун келганлар-ку. Бу борада Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилинган:

﴿الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوباً عِندَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُم بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَآئِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالأَغْلاَلَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آمَنُواْ بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُواْ النُّورَ الَّذِيَ أُنزِلَ مَعَهُ أُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ﴾

«Оммий (саводсиз) элчи – исми ўз ёнларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга эргашадиганлар ўша (пайғамбар)ни уларни яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қиладиган ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларни олиб ташлайдиган ҳолда топгайлар. Демак, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар нажот топувчилардир.» (Аъроф сураси, 157-оят).

Ҳар қандай оқил мусулмон ўзи ҳам, атрофидагилари ҳам бу зарарли оғудан нафратланиши табиийдир.

Бунинг устига, сигарет чекиш бу пулни ерга ташлаган билан, бошқача айтганда, исроф қилиш билан баробар. Исроф ҳақида эса Қуръони Каримда кўплаб оятлар нозил бўлган, мисол тариқасида:

﴿إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً﴾

«Шубҳасиз, исрофчилар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди. (Исро сураси, 27-оят)

﴿وَلاَ تُؤْتُواْ السُّفَهَاء أَمْوَالَكُمُ الَّتِي جَعَلَ اللّهُ لَكُمْ قِيَاماً وَارْزُقُوهُمْ فِيهَا وَاكْسُوهُمْ وَقُولُواْ لَهُمْ قَوْلاً مَّعْرُوفاً﴾

«(Қарамоғингиздаги) ақли норасоларга Аллоҳ сизларга (ҳаёт) туруми қилиб қўйган молларингиз (етимларнинг омонат моллари)ни бериб қўймангиз, балки уларни ўша (моллар)дан едиринг ва кийдиринг ҳамда уларга яхши гапиринг!» (Яъни ақлсиз одамларнинг молларини ўзларига бериб қўйиб исроф қилманг). (Нисо сураси, 5-оят).

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ وَلاَ تَقْتُلُواْ أَنفُسَكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيماً﴾

«Эй мўминлар, мол-мулкларингизни ўртангизда ноҳақ (йўллар) билан еманглар! Магар ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлсагина майли. Шунингдек, бир-бирингизни ўлдирманглар! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмшафқатлидир (Нисо сураси, 29-оят).

Чекувчи одам қилаётган ишига нисбатан шаръий далилларга эга бўлмаган ҳолда ўзининг жонини ҳалокатга етаклайди ва бу иш Исломда ҳаромдир.

Инсоннинг соғлиғига зарарли бўлган ҳар бир нарса Исломда ҳаром ҳисобланади. Шунинг учун, баъзан ҳалол нарсалар ҳам баъзи одамлар учун ҳаром қилинган. Масалан, рўза тутиш ибодат ҳисобланиб ҳар бир балоғатга етган соғлом мусулмонга фарздир. Аммо агар рўза тутиш соғлиғи учун зарар бўладиган бўлса, у ҳолда рўза тутиш ҲАРОМ ҳисобланади.

Энди ўзингиз инсоф билан айтингчи, умуман фойдаси бўлмаган, турган-битгани зарар бўлган сигарет қандай қилиб шариатда ҳалол бўлиши мумкин?!

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай деб марҳамат қилганлар: «Заҳар ичиб ўзини ўлдирган одамнинг борадиган жойи жаҳаннамдир.»

Шубҳасиз, чекиш – бу заҳар ичиш билан баробар бўлган ишдир. Бунда тез ўладими ёки секин ўладими, фарқи йўқ. Чунки, натижа ва сабаб бир хил – у ҳам бўлса, ўз жонига зарар етказиб ҳалокатга дучор бўлишдир. Тўғри, сигарет чекиш тўғридан-тўғри ўлимга олиб келмайди, лекин организмни заифлантиришга олиб келиши аниқ. Маст қилувчи ҳар қандай нарса ҳаромлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Сигарет ҳам мастлик келтириш кучига эга эканлиги исботланган. Буни айниқса, Рамазон ойида рўза тутиб оғиз очганда, чеккан одам яхши ҳис этади. Маст қиладиган нарса эса, оз бўладими ёки кўпми, озгина маст қиладими ёки кўпми, ҳеч қандай фарқи бўлмай шариати исломияда ҳаром қилинган.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саримсоқ ва пиёз еган одамлар масжидга яқинлашмасинлар деб марҳамат қилганлар. Чекувчининг оғзидан келадиган тамаки ҳиди эса саримсоқ ва пиёзникидан ҳам анча ёмонроқ бўлса бўлар, лекин яхшироқ эмас. Масжидга киришдан олдин хушбўй атирлардан фойдаланиш мустаҳаб ва суннат амаллардандир. Аммо чекувчи одам эса бунга зид ўлароқ, ўзидан сигаретнинг бадбўй ҳидини таратиш билан овора.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтганларидек:

«Солиҳ ва ёмон суҳбатдош билан ўтиришнинг мисоли мушк сотувчи ва тугунга дам урувчи кишиларнинг мисолига ўхшайди.»

Сигарет чекувчи киши олов ва тутун пуркайдиган ёмон суҳбатдошдир.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қиладилар: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишилардир.»

Сигарет чекувчи ўзининг бадбўй ҳиди билан аёли, бола-чақаси, қўни-қўшниси, фаришталарга озор беради.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар: Умматимнинг ҳаммаси авф этилгусидир, илло ошкоро гуноҳ қилувчилар авф этилмайдилар».

Чекувчиликка берилган шахс ошкора гуноҳ қилувчилар туркумига кириб, тавба қилиб қайтмаган тақдирда кечирилмаслиги мумкин.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтганларидек: Кимки, ўзини бирор қавмга ўхшатса, шубҳасиз, у ўшалардандир.»

Шак-шубҳасиз, сигарет чекиш мустамлакачилик асорати ва исломга ёт одатдир.

Яна бир ҳадиси шарифда ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилганлар:

«Тўрт нарса ҳақида албатта, сўралгайсиз. Бири – умрни нима билан ўтказганлик, иккинчиси – баданни қайси йўлда ва қандай ишлатганлик, учинчиси – бойликларни қандай топиб уни нимага сарф этгалик ва олган илмини қандай сарф этганлик ҳақидаги саволлардир.»

Чекувчи одам умрини сигарет чекиш билан ўтказади, айрим ҳолларда чекишнинг ҳаромлигини билади, лекин илмига амал қилмайди, бойлигининг бир миқдорини сигарет сотиб олиш учун ишлатади, Аллоҳ берган бу неъматни, яъни жисмини эса асрамайди ва натижада ҳалокатга етаклайди.

Шубҳасиз, чекиш Аллоҳнинг ибодатларидан бири – рўза тутишдан тўсади. Рўза тутиш чекувчи учун энг оғир ибодатлардан ҳисобланади. Чекувчи одамлар жамоат намозларига қатнашиш учун масжидга чиқадиган бўлсалар ҳам аввал тўйиб-тўйиб сигаретни тортиб оладилар-да, кейин эса масжидга кирадилар. Ҳолбуки, масжидга киришдан олдин хушбўйланинг, деган суннатга хилоф равишда тутун ҳиди таратиб масжидга кирадилар.

Демак, шариатнинг асл қонун-қоидалари чекишнинг ҳаром эканлигини тасдиқлайди. Бу қоидалар қуйидагилардан иборат:

– Ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказмаслик.

– Фойдали ва покиза нарсалар рухсат этилганлиги ва зарарли нарсалар эса таъқиқланганлиги.

– Фасод ишларнинг олдини олиш манфаат келтирувчи ишлардан муқаддам туриши.

– Гуноҳларнинг олдини тўсиш “асос” бўлиб ҳалол ёки ҳаромлигига шубҳа қилинган нарсалардан четланиш кераклиги.

Юқорида айтилганлардан кейин ҳам сигаретнинг ҳаромлигига шубҳа билан қарайдиганларга қарата шундай деймиз:

Сигарет ислом оламига кириб келган илк даврларда уламолар унинг қандай нарса эканлиги, маст қилувчи хусусиятларга эгами ёки йўқми, яхши билмас эдилар ва шу боис, уни ҳаром деб фатво беришда ихтилофга борганлар. Аммо бугунга келиб, тамаки ва ундан тайёрланган сигарет чекишнинг турли зарарлари ҳаммага аён бўлгач, унинг ҳаром эканлиги борасида ҳеч бир шубҳага ўрин йўқдир.

Шунча гапдан кейин ҳам, бу ҳақда шубҳаланаётган биродарларимизга қарата айтамизки, тўғрисини айтингчи, сигарет чекиш мубоҳ амал бўлса, нима учун уни масжид ёки бошқа муқаддас маконларда чекишга журъат этмайсиз-у ҳожатхона, ҳаммом ва нопок жойларда чекишни афзал кўрасиз?! Ёки нима учун чекишни “Бисмиллоҳ” билан бошлаб “Алҳамдулиллоҳ” билан тугатмайсиз?

Бизнингча, келтирилган далиллар етарли бўлса керак, агар сиз чекувчи одам бўлсангиз, қўлларингизни юқорига кўтариб Аллоҳдан мадад сўранг, Унинг Ўзи сизга ёрдам берсин, токи сиз бу қабиҳ одатни тарк этинг. Албатта, бу ишда сиздан ҳам азму ирода талаб қилинади. Иродали бўлинг биродар, ўзингизни ҳалокат ўчоғига ташламанг. Сизга муваффақиятлар тилаб қолиб шу ерда сўзимизга якун ясаймиз.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.