Home / Аёллар саҳифаси / Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (1)

Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (1)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Кийинишга бўлган мойиллик инсон табиатининг ажралмас бир бўлаги ҳисобланиб, Одам ато (алайҳис салом) ва Момо Ҳаво яратилишининг тарихига бориб тақалади. Инсон яратилиши биланоқ шарм-ҳаё ҳиссиёти асосида кийинишга нисбатан эҳтиёж ҳис этиб имкон қадар ўзини бекитиб кийинишга одатланган. Инсон табиатида хавф-хатардан ўзини ҳимоя қилиш ҳамда нафсини тийиш орқали бошқаларга йўл-йўриқ кўрсатишни ўзида ҳаё билан мужассам этган.

Одам ато ва Момо Ҳаво ҳақида Қуръони Каримнинг муборак Аъроф сурасининг 22-оятида айтилишича, Шайтон ёлғон ҳамда иғво билан уларни ўз мавқеларидан пастга туширди. Одам ато ва Момо Ҳаво Шайтоннинг иғвосига тушиб тақиқланган дарахт мевасидан татиб кўришди ва натижада уларнинг авратлари очилиб бир-бирларига очиқ таналари кўринди. Шунда улар жаннат япроқларидан ўзларининг авратларини бекитишга шошилишди.

Одам ато ва Момо Ҳавонинг ушбу ҳаракатлари шуни кўрсатадики, демак, инсонда шарм-ҳаё ҳиссиёти ва ўзининг танасини кийим билан ёпиш инсоннинг асл табиий фитратидандир.

Мутафаккирлар ва руҳшуносларнинг билдирган фикларига кўра, аёл киши ўзининг туғма илҳоми билан ўзининг ўрни ва мавқеини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилади ҳамда бегона эркаклардан ўзини узоқроқ тутади. Ва шунингдек аёл кишининг ўзига хос табиий хусусиятларидан яна бири унинг уятчанлиги ва ҳаёли бўлишидир. Шак-шубҳасиз, аёл киши бегона эркаклар олдида ўз ўрни ва мавқеини билса, ўзини иффатли, покиза ва виқорли тутса ҳамда ўзининг танаси ва баданини кўча-кўйдадаги ёт-бегоналарга кўз-кўз қилиб намойиш этмаса, ана ўшанда аёл кишининг ҳурмати шу даражада ошадики, жамиятда унга нисбатан юксак эҳтиром ва иззат шакилланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг муборак Аҳзоб сурасининг 59- оятида:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ قُل لِّأَزْوَاجِكَ وَبَنَاتِكَ وَنِسَآءِ الْمُؤْمِنِينَ يُدْنِينَ عَلَيْهِنَّ مِن جَلَابِيبِهِنَّ ۚ ذَٰلِكَ أَدْنَىٰ أَن يُعْرَ‌فْنَ فَلَا يُؤْذَيْنَ ۗ وَكَانَ اللَّـهُ غَفُورً‌ا رَّ‌حِيمًا

«Эй Пайғамбар, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини (узун рўмолларини ёки бутун баданларини ёпадиган кенг кийимларини) ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.» деб буюрган.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га дастлаб ўз жуфтлари ва қизларига жилбобларини ўзларига яқинлаштиришни буюришга амр этмоқда.

Жилбоб бу – узун рўмол ёки бутун баданни ёпадиган устдан кийиладиган кенг либосдир. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўзлардан сақлаш, унинг жамиятдаги ҳурмат-иззатини қўриқлаш каби вазифаларни адо этиб келмоқда.

Исломдан олдинги жоҳилият даврида аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. Улар турли кийимлар кийиб, кўча-кўйда эркакларнинг эътиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишарди. Шунинг учун, фосиқ ва фожир кишилар уларнинг ортларидан тушишар, гап отишар ва турли қилиқлар қилишар эди. Ўша фосиқ ва фожирларга мўмин кишилар эътироз билдириб, Ислом дини мўмина аёлларга бундай муносабатда бўлишни ман қилганини айтганларида, улар биз буларнинг мўмина эканини билмабмиз, мўмина эмас, балки чўри бўлса керак, деб ўйлабмиз, – дейишарди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Аёл киши балоғатга етгандан сўнг ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», – деб ўз билакларини тутамлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутамча жой қолди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) аёлларни мўътадил ва ўрта-миёна ҳолда зийнатланиб юришга рухсат берганлар. Аммо шу билан бирга, зебу-зийнатга ҳаддан ортиқ берилиб кетиб, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар.

Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ва баҳра олишнинг ҳалол ва тўғри шакли йўлга қўйилган. Аёлларнинг чиройи ва зебу-зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш ҳамда кўз-кўз қилиш учун эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ ва баҳра берадиган шаклда бўлмоғи зарур.

Шунингдек, Қуръони Каримда аёлларга шаҳват кўзи билан қарамаслик эркакларга ҳам айтилган:

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ اللَّـهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ ﴿٣٠

«[Эй Расулимиз,] мўминларга айт, кўзларини [номаҳрам аёлларга қарашдан] тийсинлар ва авратларини [ҳаромдан] сақласинлар! Ана шу улар учун энг пок [йўл]дир. Албатта, Аллоҳ улар нима иш қилаётганларидан хабардордир» (Аҳзоб сураси, 30-оят).

Исломдаги кўрсатмаларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фаҳш гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизликлар, зино ва фоҳишабозлик тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий йўл-йўриқларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан йироқ ва пок бўлади.

Ҳижоб кийиш ва ўраниш хусусидаги илоҳий амру фармонларни ҳақиқий мўмина аёллар Пайғамбар (с.а.о)га итоат ва Аллоҳга улкан ибодат деб билиб уни олқишлайдилар. Чунки, уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар бўлгани сабаб, уларнинг нафслари ўз зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, аммо улар Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсуниб ҳижоб кийиш ва рўмол ўраш билан иффат, ҳаё ва покдомонлик йўлини тутадилар. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билмасдилар. Шу боис, улар чиройларини кўз-кўз қилишда бир-бирлари билан мусобақалашар, соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини кўрсатиш билан бирга, гоҳида кўксиларининг юқори қисми ҳам намоён бўлар эди.

Ҳижоб ҳақида ояти карима нозил бўлгандан сўнг ушбу оятни мусулмон эркаклар ўз завжаларига, қиз ва сингилларига ҳамда ҳар бир қариндошларидан бўлган аёлларга тиловат қилдилар. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол рўмолини олиб, бошини ўради.

Аёл киши ўзига муносиб кийиниши билан ўзига хос гўзаллик касб этади ва буни аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига уйғун келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин.

Ўшандоқ пайтлардан бири яқинларнинг ўлимидир. Бошига ўлим қайғуси тушган аёллар ўзларини ўнглашга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳатто бошқа диндагилар ҳам. Ана шундоқ пайтларда улар бошларига рўмол ўрашга биринчи бўлиб шошиладилар. Таъзияга кетаётган аёллар бошқаларидан рўмол сўраб туришлари ҳам шу ҳақиқатни кўрсатади. Аммо бир оз ўтиб, ўлимни келтирувчи Аллоҳ эсларидан чиққанда рўмол ҳам эсларидан чиқади.

Ҳақиқий мўмина-муслима аёлларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки, улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза ҳам четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига, яъни азиз Исломга мос ва уйғун келгандагина бажарадилар. Ана ўша ҳолатнинг кўркамли кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ ҳолда вақорли кийинишларида намоён бўлади.

Шак-шубҳасиз, аёллар ҳар бир уммат ва миллатнинг кучини ёки заифлигини кўрсатиб турувчи аниқ белгидирлар. Улар ҳар бир уммат ва миллатнинг тараққиёти ёки қолоқлигини ўлчайдиган тўғри ўлчовдирлар.

Ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ. Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади. Худди шундай оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади ва инсоний тубанликка учраб таназзулга йўл тутади.

Исломдан олдинги жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса улар эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса ўз навбатида эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилиш ва оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Шунинг учун аёллар махфий зийнатларини ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларининг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилишлари ҳам Исломда таъқиқланди.

Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб шаҳвати қўзғимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам баён қилиб бу бузуқликнинг олдини олган.

Мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғатувчи овоз чиқариш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмаслиги Қуръони Каримда таъкидлаб айтилган. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари ҳам Ислом динида ман этилган.

Сўзимиз ниҳоясида хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муслима аёлларнинг кийимлари дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, энг яхши ва энг муҳими эса Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлганидир. Инсон учун бундан ҳам ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!! Шунинг учун ҳам бу кийимларга Аллоҳни унутган, Аллоҳдан қўрқмаганларгина қарши чиқадилар. Чунки, Ислом душманлари агар муслималар динларига тўлиқ амал қилсалар, Ислом уммати енгиб бўлмас кучга айланишини яхши биладилар. Бу масалани барча мусулмонлар яхши англаб етишлари ва шунга яраша ҳаракат қилишлари лозим.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.