Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Мен шиа эмасман, нима учун шиа эмасман?!

Мен шиа эмасман, нима учун шиа эмасман?!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Баъзи мухлисларимиз Покистонлик Шайх Имрон Ҳусайн исмли бир Аҳли суннат олимининг шиа мазҳабига нисбатан илгари сурган шубҳаларига жавоб беришни биздан сўраб таҳририятмизга мурожаат қилганлар. Биз ушбу шубҳаларни ўрганиб чиқиб бу борада муфассал жавоб ёзишга жазмландик.

Мазкур олим ўзининг қилган расмий маърузасида нима сабабдан шиа мазҳабини танламаслигини айтиб бу борада бир неча шубҳаларни илгари сурган. Ва шунингдек, Эрондаги шиа мазҳабига мансуб кишиларни ўзининг илгари сурган ғояси устида илмий баҳслашишга чақирган ва ушбу шубҳаларга жавоб бериб бўлмаслигини айтган.

Дастлаб биз бу ерда ўша олимнинг илгари сурган ақидавий қарашлари ва Аҳли-Байт мазҳабига нисбатан туғдирган шубҳаларини мухтасар шаклда кўриб чиқамиз ва кейин эса ўз қатъий жавобларимизни тақдим этгаймиз.

Мен шиа эмасман. Нимага шиа эмасман? Мен бир неча маротаба Эронда бўлганман, Эроннинг кўп шаҳарларига борганман. Эронликлар менга чуқур ҳурмат кўрсатишган, ҳатто уларга қарши ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирсам-да, улар мен билан ҳурмат юзасидан муомала қилишган, – дейди Шайх Имрон Ҳусайн. У сўзини яна давом эттириб айтади: Мен шиаларни диний биродарим деб биламан, шиа билан сунийлар ўртасида ваҳдат ва бирдамлик яратиш тарафдориман ва бу йўлда тиришаман.

Аллоҳ таоло Қуръонни барча нарсаларни баён этиш учун юборган ва Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: Мендан сўнг икки нарса қолади, уларни маҳкам тутинг ва гумроҳ бўлманг; Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим. Аллоҳ Қуръонни ҳамма нарсани баён қилиш учун юборган эканми, демак, Қуръон бизга Ислом нима, мусулмон ким, мусулмон эътиқод қилиши лозим бўлган Исломнинг ақийда тизими нимадан иборат ва мусулмоннинг ақийдаси қандай бўлиши керак каби масалаларни ёритиб бериши керак.

Аммо Қуръонда икки хил оят бор: Муҳкамот оятлар, яъни аниқ ва равшан маънога эга оятлар. Бундай оятлар тафсир қилишни талаб этади, уларга Уммул Китоб, яъни Қуръоннинг онаси дейилган. Уларни Қуръоннинг қалби деб ҳам аташ мумкин. Иккинчи қисм эса Муташобиҳот оятлардир. Бундай оятлар изоҳлаш ва ёритишни талаб қилади ва бу ишга «таъвил» дейилади. Муҳкамот оятлар тафсир қилишни талаб этса, Муташобиҳот оятлар эса таъвил қилишни талаб қилади.

Шу йўсинда бундай оятларни ёрита олишимиз ва изоҳлай олишимиз учун баҳсимиз таъвил ҳақидадир. Аллоҳ бизга бевосита тушунтириши керак, агар Пайғамбар бу турдаги оятлар ҳақида изоҳ ва тушунча берган бўлсалар, уларнинг аниқ маъноси мана шу деганидир. Бироқ агар ул ҳазрат бу ишни қилмаган бўлсалар ва ул зотнинг ўринбосарлари бу ишни қилмаган бўлишса, унда биз бундай оятларни ёритишимиз ва изоҳлашимиз керак бўлади. Бу ҳақда шуни ҳам айтишимиз керакки, уларнинг маъноси Аллоҳга аёндир, лекин одамлар бизнинг фикримизга қўшилмасликлари мумкин. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, Исломнинг ақийда тизимини Муташобиҳот оятлар асосида яратиб бўлмайди. У яна сўзини давом эттириб айтади: Нима мактаб ўқувчиси Муташобиҳот оятларга мурожаат қилиб далил-исбот келтира олади, ушбу оятлар асосида Исломнинг ақийда тизими мана шундан иборат деб хулоса чиқара олади, деб ўйлайсизми?! Мутлақо бундай эмас.

Агар сиз Исломнинг ақийда тизимини Қуръон асосида шакллантирмоқчи бўлсангиз ва оятлар асосида бу иш амалга ошадиган бўлса, бу иш Муҳкамот оятлар асосида амалга оширилиши таклиф қилинади, Муташобиҳот оятлар билан эмас.

Шайх сўзининг шу ерида шиаларга қарата шундай дейди:

Демак, агар сизнинг эътиқодингизча, Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати билан Ислом умматининг раҳбарларини тайинлаган экан ва улар Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) хонадони аҳлидан бўлишлари зарур. Улар сиз шиаларнинг имомларингиздир. Натижада, бу иш Аллоҳнинг чиқарадиган қарори бўлиб, Пайғамбар (с.а.о) орқали амалга ошади ва Умматга раҳбарлик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадонидан бўлган кишиларга хос ва чекланган бўлиб, улар Умматга раҳнамолик қилишни Пайғамбар (с.а.о)дан мерос қилиб олганлар ва улар ўша Аҳли-Байтдирлар. Бу сиз шиаларнинг ақийдангиздир.

Сизнингча, агар Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Умматининг раҳбарлари ул зотнинг хонадонидан тайинланишини буюрган бўлса ва улар Аллоҳнинг фармонига биноан тайин этиладиган бўлсалар, бунга нима далилингиз бор? Агар бу Аллоҳнинг фармони бўлса, демак, у ҳолда имомат ва раҳбарлик Ислом таълимотининг бир қисми бўлиб, Ислом ақийда тизимининг бир бўлаги ҳисобланади. Натижада, агар сиз бу масалага эътиқод қилмасангиз, ишонмасангиз, демак, мусулмон эмассиз.

Қуръоннинг қаерида Ислом Умматига раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадони аҳлига хос ва чекланган деб айтилган?!

Менга Муҳкамот оятларни кўрсатинг-чи, уларда сизлар айтган имомат ва раҳнамоликни ўз ичига олган ақийда тизими баён қилинган ва Ислом Умматига раҳнамо ва йўлбошчилик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадонига тааллуқли деб айтилган бўлсин, бошқаларга эмас! Сиз Муҳкамот оятлар орасида шиалар ақийдасини уларнинг ўзи айтганидек тасдиқловчи бирон-бир оятни топа олмайсиз!

Аллоҳ шундай буйруқ берганмикин Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Умматининг раҳбарлари ул ҳазратнинг хонадонлари аҳлига чекланган ва ул зотнинг ўзлари уларни тайинлайдилар деб?!

Мен Абу Бакр Сиддиқ (разияллоҳу анҳу)ни ҳам, Умар (разияллоҳу анҳу)ни ҳам, Усмон (разияллоҳу анҳу)ни ҳам, Али (разияллоҳу анҳу)ни ҳам Пайғамбар (с.а.о)нинг қонуний ўринбосарлари деб қабул қиламан, ҳар икки гуруҳ мусулмонлар (афтидан шиалар ва суннийларни назарда тутмоқда) ҳам худди шундай ишни қилганлари каби. Лекин Аллоҳ ушбу халифаларни бундай мақомга тайинламаган! Аллоҳ булардан бўлак шахсларни тайинлаганмикин?!

Сизлар Абу Бакрга қарши бундай даҳшатли ва қўрқинчли айбловни кўтариб чиқишингиз учун, у кимнидир мусулмонларга раҳбарлик қилишга оид ўз ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум қилганлиги, ушбу мақом ўша шахсга тааллуқли бўлганига қарамай, ўзиники қилиб эгаллаб олгани тўғрисида бирон-бир Қуръоний далилингиз борми?! Сизлар жуда катта айбловни кўтариб чиққансиз ва бунинг учун бир кун келиб жавоб бершингиз керак бўлади!

Мен сиз шиаларнинг Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Уммати раҳбарлари Аллоҳ таоло томонидан тайин этилади ва улар ҳар доим Пайғамбар хонадони аҳлидан бўлмоғи зарур деган ақийда тизимингизни қабул қилмайман ва Қуръонда бундай ақийдани исботловчи бирор Муҳкамот оят мавжуд эмас ва мен бутун ҳаётимни Қуръонни ўрганишга бағишлаган бўлсам-да, ҳеч вақт бундай оятни Қуръонда топмаганман.

Мен Эрондаги шиа биродарларимни илмий баҳслашишга чақираман. Менинг қўлимда бокс қўлқопи йўқ, бу ҳолат менинг ёшимга ҳам тўғри келмайди ва сизлар ҳам менинг ёнимга келганингизда қўлингизда бокс қўлқопи бўлмасин. Мен сизларни илмий баҳслашишга чақирмоқдаман, холос.

Шундай қилиб, модомики сизлар ўз эътиқодингиз тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръондан далил келтирмас экансиз, у ҳам бўлса Муҳкамот оятлардан, Муташобиҳот оятлардан эмас, мен ҳали шиа эмасман.

Ҳаттоки шиаларни кофирга чиқарадаган кимсалар ҳам ўзларининг даъволари тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръоннинг Муҳкамот оятларидан далил келтирсинлар, Муташобиҳот оятларидан эмас. Келинглар, Қуръоннинг ўзидан тўғри эканлигингиз ҳақида менга далил келтиринглар. Аммо сизлар бундай далилни ҳаргиз келтира олмагайсиз, нимага деганда, шилар мусулмондирлар ва олдин ҳам мусулмон бўлганлар. Бунга далил, улар минг йил, балки ундан ҳам кўпроқ йил олдин Ҳаж амалини бажариш учун Маккага келишларидир ва ҳеч ким уларни бу ишдан ман этмаган. Агар шиалар кофир бўлганида эди, уларга Ҳаж амалларини бажариш учун рухсат берилмаслиги керак эди, – деди у.

Олимнинг сўзи шу ерда тугайди. Олимнинг суҳбатини қуйидаги видеодан тинглашингиз мумкин:

https://www.youtube.com/watch?v=-VZfM-WSA8Q&t=41s

Дастлаб Аҳли суннат олимининг илгари сурган савол ёки аниқроғи шубҳаларига ўз қатъий жавобларимизни беришдан олдин шуни таъкидлаб айтишимиз керакки, Аҳли суннат биродарларимиз орасида мана шундай зиёли ва ёруғ фикрли уламоларнинг бўлиши Ислом ва мусулмонлар учун улкан неъматдир. Нимага деганда, ушбу Аҳли суннат олими сунний ва шиалар ўртасида ваҳдат, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни яратиш зарур эканлигини таъкидлаб, унинг ўзи ҳам шу йўлда ҳаракат қилаётганини айтиши билан бирга Эрондаги Аҳли-Байт мазҳабига мансуб шиаларни илмий баҳслашишга чақирган ҳамда Эронда бўлган кезларида шиаларнинг унга улкан ҳурмат кўрсатишлари, ҳатто уларга қарши ўзининг танқидий фикр-мулоҳазаларини билдирганда ҳам унга хушмуомалалик билан муносабат кўрсатганлари ҳақида гапириб, шиаларнинг феъли кенг одамлар эканини айтган ва ушбу ҳақиқатни айрим ғаразгўй шахслар сингари яширмаган.

Асосан, шиалар билан суннийлар ўртасида ваҳдат ва бирдамликдан кўзланган мақсад ушбу олим айтганидек Ислом оламида хилма-хил ақийдалар борлигини қабул қилиб, ҳақиқат ойдинлашиши учун биродарлик ва хушмуомалалик хислатини сақлаб қолган ҳолда Қуръон ва Суннат асосида фикр алмашинуви ва илмий баҳслашувга чақиришдан иборат, унинг таъбирича қўлига бокс қўлқопини кийиб олиб муштлашишга чақириш эмасдир.

Биз Аҳли-Байт мазҳабига тобе мусулмонлар унинг бу фикрларига қўшиламиз ҳамда Аҳли суннат орасида ҳам бундай зиёли ва ёруғ фикрли уламолар борлигидан хурсанд бўлиб, уларни олқишлаймиз, уларнинг илмий баҳслашиш каби илгари сурган таклифларини астойдил қабул қиламиз ва бу ишни турли мазҳаблар орасида ваҳдат, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун зарур деб биламиз. Чунки, бир-биримизнинг эътиқод ва ғоямиздан тўлиқ воқиф бўлмай туриб бирлашишни юқори даражада амалга ошириб бўлмаслигини тан оламиз.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, биз шиаларга Аҳли суннат биродарларимиз томонидан билдирилган турли фикр-мулоҳазаларни, ҳатто танқидий шаклда бўлса-да, очиқ кўнгиллик ва хушмуомалалик билан қабул қилишимиз эса бизда етарли миқдорда ақл, мантиқ ва турли далил-исботларга асосланган жавобларимиз борлиги ҳамда биз ўзимизни сироти мустақимда (тўғри йўлда) деб билганимиз сабаблидир.

Энди Аҳли суннат олимининг юқорида келтирилган савол ва шубҳаларига таҳлилий қараш асосида бирма-бир тўхталиб жавобларимизни тақдим этгаймиз;

1.Аҳли суннат олими дастлаб Қуръони Карим барча нарсаларни баён этиш учун юборилганини айтиб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ушбу: «Мен сизларнинг орангизда икки нарсани қолдириб кетаман, уларни маҳкам тутинг ва гумроҳ бўлманг; Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим» ҳадисни келтирди. Унинг бу сўзига жавобимиз:

Бириничидан, сизнинг ушбу сўзингизга биноан, барча нарсаларнинг ҳукми ва моҳиятини, жумладан Ислом нима, мусулмон ким, мусулмон эътиқод қилиши лозим бўлган Исломнинг ақийда тизими нимадан иборат ва мусулмоннинг ақийдаси қандай бўлиши керак каби масалаларни билиб олиш учун Қуръони Карим билан бирга Пайғамбаримизнинг Суннатларига ҳам эътибор қаратишим керак. Зеро, юқоридаги ҳадисга кўра, Сарвари оламдан сўнг йўлдан адашмаслигимиз учун бизга икки қимматбаҳо нарса қолдирилган. Бири Қуръон бўлса, иккинчиси Суннатдир. Демак, фақат уларнинг бирига кифояланиб қолиш тўғри бўлмайди, балки ҳар иккисини биргаликда маҳкам тутишимиз керак.

Иккинчидан, юқоридаги ҳадис Пайғамбаримиздан бошқа таъбир билан ҳам ривоят қилинган. Унда «Аллоҳнинг Китоби ва Аҳли-Байтим» дейилган ва ушбу мазмундаги ҳадис Аҳли суннатнинг кўпгина саҳиҳ ва мўътабар китобларида, жумладан Саҳиҳул Муслим, Сунани Термизий, Сунани Ибн Можаҳ, Сунани Нисоий ва шунга ўхшаш кўп китобларда ривоят қилиб келтирилган. Аммо «Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим» дейилган ҳадисни эса фақат Ибн Молик ўзининг «ал-Муваттаъ» номли китобида ривоят қилиб келтиргандир, холос. Бу борада қуйидаги мақолага мурожаат қилишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/11/va-itratim-deb-keltirilgan-adis-tu.html

Ҳатто агар «Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим» дейилган ҳадисни қабул қилсак-да, фақат Аллоҳнинг Китобига чекланиб қолмай, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Суннатларига ҳам мурожаат қилишимиз керак бўлади. Шак-шубҳасиз, ул ҳазратдан ривоят қилинган ҳадислар «Суннат» ҳисобланади. Демак, Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Умматининг раҳбарлари ул зотнинг хонадонидан тайин этилишининг зарурлиги ва улар Аллоҳнинг фармонига биноан тайинланишлари кераклиги борасида фақат Қуръоннинг Муҳкамот оятларидан далил келтиринг-чи, деб туриб олиш мутлақо тўғри эмас. Зероки, Аҳли суннат олимининг ўзи тилга олган мазкур ҳадисга кўра (бизнинг эътиқодимизча, Суннатим эмас, Аҳли-Байтим дейилган ҳадис саҳиҳ бўлса-да,) кўп масалаларни билиб олиш учун Қуръон билан бирга Пайғамбаримизнинг Суннатларига ҳам эҳтиёжимиз бор бўлиб, ул ҳазратдан сўнг Ислом Умматининг раҳбарлари Аллоҳ таоло томонидан тайин этилиши ва улар Пайғамбар хонадони аҳлидан бўлишлари зарурлиги хусусида етарли миқдорда Суннат, яъни ҳадислар бизга етиб келган. Албатта, бу борада етарли миқдорда Муҳкамот оятлар ҳам мавжуддир. Баҳсимиз давомида уларга тўхталиб ўтамиз.

2. Ушбу Аҳли суннат олими ўз маърузасида Қуръонда икки хил оятлар борлигидан сўз очиб, шундай дейди:

«Муҳкамот оятлар, яъни аниқ ва равшан маънога эга оятлар. Бундай оятлар тафсир қилишни талаб этади, уларга Уммул Китоб, яъни Қуръоннинг онаси дейилган. Уларни Қуръоннинг қалби деб ҳам аташ мумкин. Иккинчи қисм эса Муташобиҳот оятлардир. Бундай оятлар изоҳлаш ва ёритишни талаб қилади ва бу ишга «таъвил» дейилади. Муҳкамот оятлар тафсир қилишни талаб этса, Муташобиҳот оятлар эса таъвил қилишни талаб қилади».

Олимнинг ушбу сўзини ва бу ҳақда берган шарҳини қабул қилишимиз билан бирга Қуръон оятларининг икки турдан иборат экани ҳақидаги Оли Имрон сурасининг 7-оятини кўздан кечириб бу борада таҳлилий қараш асосида керакли изоҳларимизни тақдим этамиз:

هُوَ الَّذِي أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ ۖ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ ۗ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّـهُ ۗ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿٧

«Сенга Китобни [Қуръонни] туширган Удир. Унда [Китоб] муҳкам [аниқ ва равшан] оятлар ҳам бор; улар Китобнинг аслидир ва муташобиҳ [бир неча маъноларни англатувчи тушуниш қийин бўлган] (оят)лар ҳам бор. Қалбларида оғиш бўлган кимсалар фитна уйдирмоқ мақсадида ва уни [ўз истакларига мувофиқ] таъвил қилмоқ мақсадида ундан [Китобдан] муташобиҳ бўлганига эргашадилар. Ҳолбуки, унинг таъвилини Аллоҳ ҳамда илмда теранлашган кишилардан бошқа ҳеч ким билмас. Улар унга [Китобга] иймон келтирдик, [муҳкам ва муташобиҳ оятларнинг] барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва ёлғиз ақл эгаларигина идрок этурлар».

Демак, ушбу оятга кўра, Қуръони Каримда икки хил оятлар мавжуд; биринчиси оятларнинг аксарини ўз ичига олган Муҳкам оятлар бўлиб уларнинг маъноси очиқ-ойдин ва бошқа ёққа буриб бўлмайдигандир. Лекин шунга қарамай, олимнинг сўзларида ҳам келганидек бундай оятлар тафсир қилиниши керак. Тафсир қилиш деганда, оятнинг ўша аниқ ва равшан маъносини кенгайтириб ва очиқроқ қилиб тушунтириш тушунилади. Иккинчиси эса муташобиҳ оятлардир. Бундай оятларнинг сони муҳкам оятларга нисбатан анча камроқдир. Муташобиҳ оятлар бир неча ўхшаш маъноларни англатадиган, уларни бир-биридан ажратиш ва тушуниб олиш қийин бўлганлардир. Муташобиҳ оятларга мисол қилиб, гуёки Аллоҳни кўз билан кўриш мумкиндек деб келган оятларни, Аллоҳнинг қўли ва оёғи каби аъзоси бор, Унинг ўтирадиган курсиси бор ва шунга ўхшаш тушунчаларни англатадиган бўлиб туюлган оятларни келтириш мумкин.

Тафсирчи олимларнинг айтишларича, Муташобиҳ оятларни аниқ ва равшан маънога эга бўлган Муҳкам оятлар ёрдамида ёритиш ва шарҳлаш мумкин. Ва бу ишни кўпгина муфассирлар амалган оширганлар ва бу ишга таъвил қилиш деб айтилади. Албатта, таъкидлаш лозимки, муфассирлар бу ишни ўз ёнларидан, ўзлари билганларича амалга оширмайдилар, балки улар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг барҳақ ворисларидан Муташобиҳ оятлар борасида ривоят қилинган ҳадислар ёрдамида мазкур оятларни таъвил қиладилар. Зеро, Муташобиҳ оятларнинг тафсирида келган бундай ҳадисларда Муҳкам оятлар баён қилингандир. Бунга мисол қилиб, Аллома Таботабоийнинг «Ал-Мийзон» тафсирини, Олусийнинг «Руҳул маъоний» тафсирини, Жалолиддин Суютийнинг «Ад-дурул мансур» тафсирини, Табарсийнинг «Мажмаъул баён» тафсирини, Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Ал-кашшоф ан ҳақоиқи ғавомизит-танзийл ва уюунил ақовийл фий вужуҳит-таъвийл» номли тафсирини ва шуларга ўхшаш кўпгина тафсир китобларини келтириш мумкин.

Юқорида келтирилган Оли Имрон сурасининг 7-оятида айтилганидек, Муташобиҳ оятларнинг маъносини фақат Аллоҳ таоло ва илмда теранлашган кишиларгина биладилар, холос. Шак-шубҳасиз, илмда теранлашган кишиларнинг бошида сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) турадилар ва ул ҳазратдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда нафақат Муташобиҳ оятларнинг таъвили, балки Муҳкам оятларнинг тафсири ҳам айтилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ ۗ وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ ﴿٤٤

«[Биз пайғамбарларни] очиқ-ойдин далил-ҳужжатлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни [Қуръонни] нозил қилдик. Шоядки, улар тафаккур қилсалар». (Наҳл сураси, 44-оят)

Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин далил-ҳужжатлар ва китоблар билан юборганини айтиб, Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)ни ҳам одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб бериши учун зикр – Қуръон ила юбордик, деб марҳамат қилмоқда.

Ушбу оятга кўра, Қуръон оятларини, хоҳ Муташобиҳот бўлсин ёки Муҳкамот бўлсин, одамларга баён қилиб ёритиб бериш, яъни Муҳкам оятларни тафсир қилиш ҳамда Муташобиҳ оятларни таъвил қилиш Русулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зиммаларидаги вазифа бўлган ва Сарвари коинот ушбу улкан вазифани шарафли ўтаганлар. Бошқа бир оятда бу борада шундай дейилади:

وَمَا أَنزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ إِلَّا لِتُبَيِّنَ لَهُمُ الَّذِي اخْتَلَفُوا فِيهِ ۙ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴿٦٤

«Биз сенга Китобни [Қуръонни] фақат уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён қилишинг учун ҳамда иймон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва раҳмат этиб нозил қилдик, холос» (Наҳл сураси, 64-оят).

Демак, Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)га Қуръони Каримни турли халқларнинг ҳақ ва ботил, иймон ва куфр, яхшилик ва ёмонлик ҳамда бошқа нарсалар устидаги ихтилофларини баён этиб бериши ёки Аҳли суннат олимининг таъбири билан айтганда, Ислом нима, мусулмон ким, мусулмон эътиқод қилиши лозим бўлган Исломнинг ақийда тизими нимадан иборат ва мусулмоннинг ақийдаси қандай бўлиши керак каби ихтилофий масалаларни ёритиб бериши учун нозил қилди.

Демак, ушбу олим айтганидек, Аллоҳ таоло Қуръонни барча нарсаларни баён этиш учун юборган бўлса-да:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِّكُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً وَبُشْرَىٰ لِلْمُسْلِمِينَ ﴿٨٩

«Сенга Китобни [Қуръонни] ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик» (Наҳл сураси, 89-оят).

Лекин бу ўта муҳим ва улкан иш, Қуръоннинг ҳақиқий муфассири (тафсир қилувчиси) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг изоҳлаб ва ёритиб беришлари билангина амалга ошади, ҳар ким шунчаки ўзича тафсир ёки таъвил қилиши билан эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таолонинг сўнгги элчиси, пайғамбарларнинг энг афзали ва ашрафи (шарафлиси) бўлган сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Қуръонни тафсир ва таъвил қилишдек ўта муҳим ва улкан ишни юқори даражада амалга ошириб, бу борада сира сустлик қилмаганлар. Ул ҳазратдан ривоят қилиниб бизга етиб келган кўплаб ҳадислар ушбу сўзимизнинг ёрқин далилидир ва шунингдек, Пайғамбаримизнинг оятларни тафсир ва таъвил қилувчи ҳадисларини ўз китобларида келтирган муҳаддис ва муфассир уламоларнинг асарлари ҳам фикримизнинг очиқ далилидир. Улардан баъзиларини юқорида айтиб ўтдик.

Демак, мазкур сунний олимнинг: «Шу йўсинда бундай оятларни ёрита олишимиз ва изоҳлай олишимиз учун баҳсимиз таъвил ҳақидадир. Аллоҳ бизга бевосита тушунтириши керак, агар Пайғамбар бу турдаги оятлар ҳақида изоҳ ва тушунча берган бўлсалар, уларнинг аниқ маъноси мана шу деганидир. Бироқ агар ул ҳазрат бу ишни қилмаган бўлсалар ва ул зотнинг ўринбосарлари бу ишни қилмаган бўлишса, унда биз бундай оятларни ёритишимиз ва изоҳлашимиз керак бўлади» деб айтган сўзлари мутлақо ўринсиз ва маъносиздир. Бутун ҳаётимни Қуръон ўрганишга бағишлаганман деб даъво қилган бир олим инсон наҳотки бундай ойдин масаладан бехабар бўлса-я!! Жуда ҳам ҳайратланарли ҳолат!!

Биз шиаларнинг эътиқодига кўра, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ул зотнинг зурриётларидан бўлган ўн икки барҳақ ворис ва имомлар ҳам Оли Имрон сурасининг 7-оятида айтилган илмда теранлашган кишилардан эканликлари шубҳасиздир. Зероки, ул зотлар ҳақиқий маънода Сарвари оламнинг ҳар жиҳатдан ворис ва ўринбосарлари бўлиб, улар ладунний илм (Аллоҳ томонидан таълим олмасдан бериладиган махсус илм) соҳиби бўлганлар. Бу борада қуйидаги мақолага мурожаат қилишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2016/02/men-ilm-sha-ri-bulsam-ali-uning-eshigidi.html

Бунга илова, ул зотлардан ривоят қилинган ҳадислар мажмуи ҳам фикримизни тасдиқловчи аниқ ва қатъий далиллардир. Ушбу ҳадислар мажмуи биз шиаларнинг кутуби арбаъамизда (ҳадис соҳасида битилган 4 та аслий китобларимизда) ҳамда улардан кейинги ёзилган ҳадис тўплами китобларида ёзиб қолдирилган. Биз шиаларнинг ҳадис китоблари билан танишишингиз учун уларни бу ерда зикр этамиз:

1. «Ал-Кофий» муаллиф: Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Кулайний; ушбу китобда ақийдавий, фиқҳий ва ахлоқий мазмундаги ҳадислар ривоят қилиб келтирилган.

2. «Ман лаа яҳзуруҳул-фақийҳ» муаллиф: Муҳаммад ибн Али (Шайх Садуқ номи билан танилган); ушбу китобда фақат фиқҳий мазмундаги ҳадислар ривоят қилиб келтирилган.

3. «Ат-Таҳзийб» муаллиф: Муҳаммад ибн Ҳасан (Шайх Тусий номи билан танилган); ушбу китобда ҳам фақат фиқҳий мазмундаги ҳадислар ривоят қилиб келтирилган.

4. «Ал-Истибсор» муаллиф: Муҳаммад ибн Ҳасан (Шайх Тусий номи билан танилган); ушбу китоб юқоридаги китобнинг хулоса қилингани бўлиб, фақат фиқҳий мазмундаги ҳадислар унда ривоят қилиб келтирилган.

5. «Ал-Вофий» муаллиф: Муҳаммад ибн Муртазо (Файзи Кошоний номи билан танилган); ушбу китобда ақийдавий, фиқҳий ва ахлоқий мазмундаги ҳадислар ривоят қилиб келтирилган.

6. «Васоилуш-шиъа» муаллиф: Муҳаммад ибн Ҳасан (Шайх Ҳурри Омилий номи билан танилган); ушбу китобда фақат фиқҳий мазмундаги ҳадислар ривоят қилиб келтирилган.

7. «Биҳорул-анвор» муаллиф: Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Тақий (Аллома Мажлисий номи билан танилган); ушбу китоб турли мазмундаги ақийдавий, фиқҳий ва ахлоқий ҳадислар ривоят қилиб келтирилган. Бу китоб 110 жилдда чоп этилган.

Биринчи тўртта китобга шиаларнинг дастлабки ҳадисий тўпламлари, охирги учта китобга эса шиаларнинг иккинчи ҳадисий тўпламлари дейилади. Ушбу китобларни бу ерда зикр этишимиздан мурод қуйидаги ҳақиқатни баён этишдир:

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг ўн икки барҳақ ворисларидан Муташобиҳ оятлар таъвили хусусида тўғридан-тўғри ривоят қилинган ҳадислардан амалий тарзда яққол маълум бўладики, Сарвари коинотнинг ҳақиқий ворис ва ўринбосарлари бўлмиш ўн икки имомларимиз ул ҳазратдан сўнг Муташобиҳ оятларнинг маъно-моҳиятидан тўлиқ хабардор бўлган, Қуръони Карим таъбирига биноан илмда теранлашган кишилар бўлганлар.

Демак, Муҳкам ва Муташобиҳ оятлар қандай хусусиятга эга экани, уларни тафсир ва таъвил қилиш кимларнинг иши эканлиги хусусида атрофлича баҳс юритгач, энди суҳбатимиз мавзуси бўлган Аҳли суннат олимининг шубҳаларига бирма-бир жавоб беришга ўтамиз. Унинг шиаларга мурожаат қилиб айтган кейинги сўзлари қуйидагича:

«Агар сиз Исломнинг ақийда тизимини Қуръон асосида шакллантирмоқчи бўлсангиз ва оятлар асосида бу иш амалга ошадиган бўлса, бу иш Муҳкамот оятлар асосида амалга оширилиши таклиф қилинади, Муташобиҳот оятлар эмас.

Демак, агар сизнинг эътиқодингизча, Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати билан Ислом умматининг раҳбарларини тайинлаган ва улар Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) хонадони аҳлидан бўлишлари зарур экан. Улар сиз шиаларнинг имомларингиздир. Натижада, бу иш Аллоҳнинг чиқарадиган қарори бўлиб, Пайғамбар (с.а.о) орқали амалга ошади ва Умматга раҳбарлик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадонидан бўлган кишиларга хос ва чекланган бўлиб, улар Умматга раҳнамолик қилишни Пайғамбар (с.а.о)дан мерос қилиб олганлар ва улар ўша Аҳли-Байтдирлар. Бу сиз шиаларнинг ақийдангиздир».

3. Мазкур олим биз шиаларнинг эътиқодини тўғри тушунган. Биз шиаларнинг эътиқодига кўра, «Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Умматининг раҳбарлари ул зотнинг хонадонидан тайин этилишини буюрган ва улар Аллоҳнинг фармонига биноан тайин этилиб, Пайғамбар (с.а.о) орқали ҳаммага эълон қилинган ва Умматга раҳбарлик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадонидан бўлган кишиларга хос ва чекланган. Ва улар биз шиаларнинг имомларидирлар».

Аммо олимнинг ушбу сўзлари: «улар Умматга раҳнамолик қилишни Пайғамбар (с.а.о)дан мерос қилиб олганлар ва улар ўша Аҳли-Байтдирлар. Бу сиз шиаларнинг ақийдангиздир»ни қабул қилмаймиз. Зероки, биз шиалар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтидан бўлган имомларимиз Умматга раҳнамолик қилишни Пайғамбар (с.а.о)дан мерос қилиб олганлар, деб эътиқод қилмаймиз. Балки қандай Аллоҳ таоло ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни пайғамбар этиб танлагани учун қабул қилганимдек, худди шундай имомларимизни ҳам Аллоҳ таоло Ислом Умматига раҳнамо ва йўлбошчи этиб танлагани учун ул зотларни қабул қилиб уларга издош бўлганмиз. Агар Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг зурриётларидан бўлган имомларимизни эмас, балки бошқа шахсларни, яъни Пайғамбаримизга умуман ёт-бегона бўлган кишиларни, мисол тариқасида Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Муовия ибн Абу Суфён ва ҳоказоларни Ислом Умматига раҳбар ва йўлбошчи этиб танлаганида эди, албатта, биз уларни қабул қилиб фақат уларга эргашган бўлардик. Биз шиалар бу масалада Аллоҳнинг фармони ва ҳукмига тобемиз.

Демак, Умматга раҳбарлик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадонидан бўлган кишиларга хос ва чеклангани ҳам фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фармонига биноандир, холос. Бу ерда ҳеч қандай подшолик ёки қироллик ва анархия тузими ҳақида сўз бораётгани йўқ, балки биз шиаларнинг эътиқодига кўра, Ислом Умматига раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиш Илоҳий Мансаб бўлиб, уни тайин этиш эса, фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир, холос. Биз бандалар эса фақат Унинг Амри-Фармонига бўйин сунурмиз, бошқасиникига эмас. Биз шиаларнинг эътиқоди айнан шундай бўлиб, бу борада Қуръоннинг муҳкам оятларидан ҳамда Пайғамбаримизнинг ҳадисларидан етарли миқдорда далилларимиз бор.

Олимнинг фикрига жавобан шуни ҳам айтиш лозимки, барча исломий мазҳаблар ўзларининг ақийда тизимини Қуръон оятлари асосида шакллантиришга интилганларидек, биз шиалар ҳам мусулмон ўлароқ, бундан мунасно эмасмиз.

4. Энди олимнинг шиаларга йўналтирган асли шубҳасини кўриб чиқсак-да, кейин эса керакли жавобларимизни тақдим этсак:

А. «Сизнингча, агар Аллоҳ таоло Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Умматининг раҳбарлари ул зотнинг хонадонидан тайинланишини буюрган бўлса ва улар Аллоҳнинг фармонига биноан тайин этиладиган бўлсалар, бунга нима далилингиз бор? Агар бу Аллоҳнинг фармони бўлса, демак, у ҳолда имомат ва раҳбарлик Ислом таълимотининг бир қисми бўлиб, Ислом ақийда тизимининг бир бўлаги ҳисобланади. Натижада, агар сиз бу масалага эътиқод қилмасангиз, ишонмасангиз, демак, мусулмон эмассиз».

Олимнинг ушбу сўзига жавобимиз: Биз Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, имомат ва раҳбарлик Аллоҳ таолонинг фармони асосида шаклланган Ислом таълимотининг узлуксиз бир қисми эканлиги шубҳасиздир. Шунга қарамай, Аҳли-Байт мазҳабининг уламолари имомат ва раҳбарликни Ислом ақийда тизимининг бир бўлаги эмас, балки ушбу мазҳабнинг асосларидан деб биладилар. Натижада, кимки Илоҳий Мансаб бўлмиш имомат ва раҳбарлик масаласига эътиқод қилмаса, иймон ва ишонч билан унга ёндашмаса, Ислом доирасидан ташқарига чиқмай, мусулмон бўлиб қолаверади, аммо мўъмин ва иймон соҳиби ҳисобланмайди. Шу боис, Биз шиалар Аҳли-Байтнинг имомат ва раҳбарлигига эътиқод қилмаган барча исломий мазҳаблар издошларини «мусулмон биродарларимиз» деб биламиз ва бунга ишонч билан қараймиз.

Б. Қуръоннинг кўп жойларида Ислом Умматига раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш Пайғамбаримиз (с.а.о) хонадони аҳлига хос ва тааллуқли экани айтилган бўлиб, ушбу мавзуга оид оятларни ҳам баҳсимиз кўтарганига қараб кўздан кечиргаймиз. Бироқ ундан олдин олимнинг: «Менга Муҳкамот оятларни кўрсатинг-чи, уларда сизлар айтган имомат ва раҳнамоликни ўз ичига олган ақийда тизими баён қилинган ва Ислом Умматига раҳнамо ва йўлбошчилик қилиш Пайғамбар (с.а.о) хонадонига тааллуқли деб айтилган бўлсин, бошқаларга эмас! Сиз Муҳкамот оятлар орасида шиалар ақийдасини уларнинг ўзи айтганидек тасдиқловчи бирон-бир оятни топа олмайсиз! Аллоҳ шундай буйруқ берганмикин Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Умматининг раҳбарлари ул ҳазратнинг хонадонлари аҳлига чекланган ва ул зотнинг ўзлари уларни тайинлайдилар деб?!» деб айтган сўзларига жавоб бермоқчимиз;

Дастлаб шуни айтишимиз лозимки, ўз ақийдаларингизнинг тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръоннинг муҳкам оятларидан далил келтиринг-чи, деб айтиш мантиқ илми нуқтаи назаридан «муғолата» ёки «мағлата» ҳисобланади. Бунинг маъноси одамларнинг фикрини тўғри йўналишни танлашдан чалғитиш ва уларни ўзи истаган томонга буриш учун далил-исботларни бузуқ ва чалкаш ҳолда келтириш дегани. Ҳақиқатан ҳам ушбу сунний олим ўз фикрини баён қилишда мантиқнинг «муғолата» услубидан фойдаланганини сизга очиб берамиз. Зероки;

Биринчидан, бизга кўрсатиб беринг-чи, Қуръоннинг қайси муҳкам оятларида Бомдод намози 2 ракъат, Зуҳр (пешин) намози 4 ракъат, Аср намози 4 ракъат, Мағриб (шом) намози 3 ракъат ва Ишо (хуфтон) намози 4 ракъат деб айтилган!! Қуръоннинг бирор бир оятида намоз ракъатларининг сони ҳақида бирор нарса айтилганини кўрсатиб бера оласизми?! Зинҳор бу ишни қила олмайсиз! Чунки, ҳамма исломий мазҳабларнинг уламолари намоз ракъатларининг сони Қуръонда айтилмаганини якдиллик билан бир овоздан эътироф этганлар. Фақатгина намоз вақтлари Қуръони Каримда айтилган:

أَقِمِ الصَّلَاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَىٰ غَسَقِ اللَّيْلِ وَقُرْآنَ الْفَجْرِ ۖ إِنَّ قُرْآنَ الْفَجْرِ كَانَ مَشْهُودًا ﴿٧٨

«Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Зероки, «Фажр Қуръони» [Фаришталар ҳузурига] гувоҳ бўлгандир» (Исро сураси, 78-оят).

Барча Ислом уламолари бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Зуҳр (пешин) вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Мағриб (шом) ва тун қоронғусида Ишо (хуфтон) вақти бўлади. «Фажр қуръони» эса, Бамдод намозидир.

Демак, намоз ракъатларининг сони Қуръоннинг на Муҳкам оятларида айтилган, на Муташобиҳ оятларида баён қилинган. Лекин шунга қарамай, исломий мазҳабларнинг уламолари ўртасида фарз бўлган намоз ракъатларининг сонида ҳеч бир ихтилоф йўқдир. Чунки, намоз ракъатларининг сони пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисларда баён қилинган.

Худди шундай Ҳаж амаллари ҳам. Қуръони Каримда мусулмонлардан кимки «мустатийъ» бўлса, яъни Ҳаж қилишга шароит ва имкони бўлган, кучи етадиган бўлса, умри давомида бир марта Ҳаж вожиб бўлади, деб айтилган:

وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا ۚ وَمَن كَفَرَ‌ فَإِنَّ اللَّـهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

«Одамлардан йўлини топганларга (имкон топганларга) Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ бутун оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят)

Аммо Ҳаж амалларининг тартиби ва сони эса пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан амалда кўрсатиб берилган ҳамда ул ҳазратдан ворид бўлган ҳадисларда ҳам баён этилгандир. Демак, Ҳаж амалларининг тартиби ва сони ҳам худди намоз ракъатларининг сони сингари Қуръоннинг на Муҳкам оятларида айтилган ва на Муташобиҳ оятларида баён қилинган. Жузъий тафовутларни назарга олмасак, Ҳаж амалларининг тартиби ва сони мусулмонлар орасида деярли бир хил.

Хўш, энди сизнинг саволингизга келсак, қандайига намоз ракъатларининг сони ҳамда Ҳаж амалларининг тартиби ва сони Қуръоннинг Муҳкам оятлари у ерда турсин, ҳатто Муташобиҳ оятларида ҳам айтилмаган бўлса-да, сиз уларни қатъият билан қабул қилиб шу асосда ҳар кун намоз ўқийсиз, имкон топганда Ҳаж амалларини бажарасиз ва бу борада фақатгина Пайғамбаримизнинг ҳадисларига кифояланасиз!! Нимага энди Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)дан сўнг ул ҳазратнинг ворис ва ўринбосарлари, Ислом Умматининг раҳнамо ва йўлбошчилари Аҳли-Байтга хос ва тааллуқли деб айтилганда, бу борада менга Қуръоннинг Муҳкам оятларини далил сифатида кўрсатинг-чи, деб туриб оласиз?!

Нима учун намоз ракъатларининг сонини ҳамда Ҳаж амалларининг тартиби ва сонини ҳадисларга асосланиб қабул қилганингиздек, имомат ва раҳбарлик масаласига келганда ҳам ушбу мансаб Муҳаммад пайғамбар (с.а.о)нинг хонадони аҳлига хос ва тааллуқли экани хусусидаги ҳадисларга асосланиб уни қабул қилмайсиз?! Нимага ўз дин ва мазҳабингизда икки хил йўл тутасиз, бир хил эмас?! Намоз ракъатларининг сонини ҳадислар асосида қабул қиласиз-у, имомат ва раҳбарлик масаласини эса Қуръоннинг Муҳкам оятлари асосида қабул қилишга оёқ тирайсиз?! Бунинг ўзи эътиқодингиздаги очиқ зиддият эмасми?!

Иккинчидан, фақат Қуръон оятларидан далил келтиришни талаб қилиш, олимнинг ўз маърузаси аввалида келтирган ҳадиси шариф: «Мендан сўнг икки нарса қолади, уларни маҳкам тутинг ва гумроҳ бўлманг; Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим»га зид ва қарама-қарши бўлиши билан бирга, илк маротаба ушбу ғояни Умар ибн Хаттоб Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га қаршилик кўрсатган ҳолда илгари сурганди. Ушбу аччиқ тарихий воқеа улкан аҳамиятга эга бўлгани учун биз уни бу ерда келтирамиз:

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг сўнгги лаҳзаларида бемор бўлиб қолдилар. Муҳожир ва Ансордан бўлган буюк саҳобалар ул зотни кўриш учун уйларига келишди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айрим саҳобаларнинг имом Али (алайҳис салом) халифа ва пешволигига қарши чиқишларини ва келажакда нима ҳодисалар юз беришини билганлари сабабли, уйларида тўпланган саҳобаларга хитоб қилиб шундай марҳамат қилдилар:

حدثنا إبراهيم بن موسي حدثنا هشام عن معمر وحدثني عبد الله بن محمد حدثنا عبد الرزاق أخبرنا معمر عن الزهري عن عبيد الله بن عبد الله عن بن عباس رضي الله تعالي عنهما قال: «لَمَّا حَضَرَ رَسُولَ اللهِ6 الوَفَاةُ، قَالَ: هَلُمَّ أَكْتُبْ لَكُمْ كِتَاباً لا تَضِلُّوا بَعْدَهُ؛ وَ فِي الْبَيتِ رِجَالٌ فِيهِمْ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ فَقَالَ عُمَرُ: إِنَّ النَّبِي6 قَدْ غَلَبَ عَلَيهِ الْوَجَعُ وَ عِنْدَكُمُ الْقُرْآنُ حَسْبُنَا كِتَابُ اللهِ، قَالَ: فَاخْتَلَفَ أَهْلُ الْبَيتِ فَاخْتَصَمُوا فَمِنْهُمْ مَن يقُولُ قَرِّبُوا يكْتُبْ لَكُمْ رَسُولُ اللهِ6 كِتَاباً لَنْ تَضِلُّوا بَعْدَهُ وَ مِنْهُمْ مَن يقُولُ مَا قَالَ عُمَرُ. فَلَمَّا أَكْثَرُوا اللَّغَطَ وَالْإِخْتِلأَفَ عِنْدَ النَّبِي6 قال رَسُولُ الله6: قُومُوا عَنِّي، فَكَانَ ابْنُ عَبَّاسٍ يقُولُ: إِنَّ الرَّزِيةَ كُلَّ الرَّزِيةِ مَا حَالَ بَينَ رَسُولِ اللهِ6 وَ بَينَ أَنْ يكْتُبَ لَهُمْ ذَلِكَ الْكِتَابَ مِنِ اخْتِلَافِهِمْ وَ لَغَطِهِمْ».

«Менга қоғоз ва қалам келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирайки, оқибат ушбу мактуб сабабли зинҳор йўлдан озмагайсиз. Ўша ерда тўпланганлар орасидан Умар, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бу сўзларига қаршилик кўрсатиб: «Шубҳасиз, дард Пайғамбарга ғолиб келган ва у алаҳсирамоқда, сизларнинг ёнингизда Қуръон бор, Аллоҳнинг китоби биз учун етарлидир» деди.

Уйда тўпланганлар ўзаро ихтилоф қилиб тортиша бошлашди, уларнинг айримлари; Расулуллоҳга қоғоз ва қалам келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирсинларки, оқибатда ул зотдан кейин ҳаргиз йўлдан озмагайсиз, дейишарди ва баъзилар эса Умар айтган сўзни такрорлашарди. Улар пайғамбар ҳузурларида шовқин – сурон ва ихтилофни авжига чиқаргач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менинг ҳузуримдан туриб кетингиз, деб буюрдилар».

Ушбу ҳодисадан афсусланган Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) доимо шундай дерди:

Бутун мусибат, саҳобаларнинг қилган ўзаро ихтилофлари ва шовқин-суронлари оқибатида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларнинг ҳидояти учун мактуб ёзиб қолдиришларига тўсқинлик қилинганидан буён юзага келди.

Ушбу дардли ҳодисани ўз китобида келтирган Аҳл суннатнинг йирик олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул марзо, бобу қовлил марийз қувмуу анний, 5669-ҳадис ва шунингдек, Китобул иътисом бил-китоби вас-суннаҳадис, 26-бобу кироҳийятил хилоф, 7366-ҳадис.
  2. Муслим, «Саҳиҳу Муслим», Китобул-васийяҳ, бобу таркил-васийяти лиман лайса лаҳу шайъун ювсий фийҳи, 4123, 4124, ва 4125 -ҳадислар.
  3. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад», 1-жилд, 534-бет ва айрим нашрларда 325- бет, 2983- ҳадис.
  4. Ибн Касир, «Ал- бидаяту ван- ниҳаяҳ», 5- жилд, 214- бет ва айрим нашрларда 248-бет.
  5. Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл Ал-Балхий, «Китобул бадъи ват- тарих», 2- жилд, 136 – бет.

Бинобарин, юқорида айтилганлардан келиб чиқиб олимга жавобимиз қуйидагича:

Биз шиалар сиздек Умар ибн Хаттобга эмас, балки Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эргашамиз ва ул ҳазратнинг кўрсатган йўлларидан борамиз. Шунинг учун биз шиалар тўғри йўлни танлашда фақат Қуръонгагина чекланиб қолмай, Пайғамбаримизнинг ҳадисларига ҳам таянамиз ва асосан Қуръони Карим билан Суннатни (ҳадисни) биргаликда маҳкам тутишни тўғри йўл деб биламиз. Зероки, юқорида келтирганимиз Наҳл сурасининг 44, 64, 89-оятларида айтилганидек, Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Қуръонни баён қилиш, яъни Муҳкам оятларни тафсир ва Муташобиҳ оятларни эса таъвил қилиш Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зиммаларидаги улкан вазифа бўлган, чунки, Қуръоннинг маъно-мазмунини унга нозил бўлган зот ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Демак, Қуръоннинг ўзи бизни Сарвари оламнинг ҳадисларидан фойдаланишга тарғиб этиб, ул зотнинг кўрсатмаларидан беҳожат эмаслигимизни уқтиради.

Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ул зотнинг зурриётларидан бўлган 12 имом Ислом Умматининг раҳнамо ва пешволари эканлиги ҳақида Пайғамбаримиздан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Биз бу ерда уларнинг айримларига ишора қиламиз:

1. Ғадийр ҳадиси;

Кўплаб ислом тарихчи олимларининг ёзишларича, ҳазрати Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг охирида, яъни ҳижратнинг ўн биринчи йили, зулҳижжа ойида ўз саҳобалари билан биргаликда сўнгги ҳаж маросимини бажарадилар. Ул ҳазрат ҳаж маросимидан сўнг, жуда кўп сонли қадимги ва янги саҳобалар ҳамда ҳаж амалларини бажариш учун бутун Ҳижоз минтақасидан келган мусулмонлар билан бирга қайтаётганларида, Макка ва Мадина шаҳарлари орасида жойлашган «Жуҳфа» диёри яқинидаги қуруқ ва жазирама иссиқ биёбондаги «Ғадийри Хум» номли ерга етиб келадилар.

Ушбу макон ҳаждан қайтаётган мусулмонларнинг турли тарафга бўлиниб кетадиган айрилиқ йўли ҳисобланарди. Бу ерга етиб келган Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамма мусулмонларга тўхташни буюрдилар. Олдинга ўтиб кетган карвонлар орқага қайтишга чақирилди ва орқада қолиб кетганлари эса етиб келишди. Кун жуда иссиқ эди ва саҳрода ҳеч бир соябон кўзга кўринмасди. Мусулмонлар Пайғамбаримизга иқтидо қилиб зуҳр (пешин) намозини ўқишди, улар иссиқдан тоқатсизланиб, чодирларининг ичига кириб, кетмоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) янги ва ўта муҳим бир хабарни муфассал маъруза қилиш билан етказмоқчи эканликларини билдирдилар.

Туяларнинг жиҳози ва тўқимидан дарҳол бир минбар ясаб олдилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу минбарга чиқиб, хутба ўқий бошладилар. Аввало, яратувчи Тангрига ҳамду санолар айтиб, сўнгра эса халойиққа қараб шундай марҳамат қилдилар:

Шу ўринда, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) баландроқ овоз билан:

«أَيُّهَا النَّاسُ! مَنْ أَوْلَيٰ النَّاسِ بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنفُسِهِمْ؟»

«Эй халойиқ, мўъминлар учун ўзларидан ҳам, ким ҳақлироқ ва сазоворроқдир?» – деб сўрадилар.

Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир» – деб, жавоб беришди.

Шунда Сарвари олам буюрдилар: «Аллоҳ менинг мавлоим ва раҳбаримдир. Мен эса мўминларнинг мавлоси ва раҳбариман ва уларга ўзларидан ҳам, ҳақлироқ ва сазоворроқдирман.» Сўнгра ул ҳазрат шундай марҳамат қилдилар:

«فَمَن کُنتُ مَوْلَاهُ فَعَلِيٌّ مَوْلَاهُ»

«Мен кимнинг мавлоси ва раҳбари бўлсам, демак, бу Али унинг мавлоси ва раҳбаридир.»

Бу хутба жуда мукаммал ва муфассал бўлиб, турли китобларда «Ҳажжатул видо хутбаси» номи билан машҳурдир. Ушбу Ғадийр ҳадисини турли иборалар билан баъзан муфассал ва баъзан эса қисқартириб мухтасар шаклда буюк тоифадаги ислом уламоларининг кўпчилиги ўз китобларида келтириб, ривоят қилишган. Бу ҳадис мутавотир ҳадислар қаторидан жой олган бўлиб, ҳеч ким бу ҳадиснинг Пайғамбаримиздан содир этилгани ҳақида шак-шубҳага бора олмаган.

Мутавотир ҳадиснинг маъноси; Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар тарафидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

Ушбу Ғадийр ҳадиси борасида батафсил маълумотга эга бўлишингиз учун қуйидаги мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия этамиз:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/08/adir-kunidagi-rasulullo-s-a-ning-hut.html

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/08/adir-kuni-bajati-va-tabriklash-maros.html

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/08/adir-kunida-dinning-komil-bulishi.html

2. Манзилат ҳадиси;

«Манзилат» ҳадисини шиа ва сунний олимлари Аъроф сурасининг 142-ояти тафсирида ривоят қилишган. Бу ояти каримада ҳазрати Мусо (алайҳис салом) қирқ кун давомида Парвардигори карим мулоқотига боргани ва Ҳоруннинг бани Исроил қавми орасида Мусо тарафидан ўринбосар этилиши ҳақида сўз юритилган. Ҳадис қуйидагича ривоят қилинган:

Ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га шарқий рум империяси катта қўшин тўплаб, Ҳижоз, Макка ва Мадинага ҳамла қилиш нияти борлигининг хабари етиб келди. Рум императори ислом дини ўзининг махсус инсонпарвар дастуриламалларини ва эрк талаблик таълимотларини ушбу минтақага ёйишдан олдин, уни илк дамларидаёқ, йўқ қилиб юбориш ниятида эди. Шу боис, Сарвари олам йирик қўшин билан «Табук» номли жанг майдони томон отландилар ва ўзларининг ўринларига ҳазрати Али (алайҳис салом)ни Мадинага ҳоким ва бошлиқ қилиб қўйдилар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга жангга боришни истаган Али (алайҳис салом) ранжиган ҳолда ул зотга: «Ё Расулуллоҳ, мени румликларга қарши бўладиган жиҳодга олиб бормасдан аёллар ва болалар орасига қўйиб кетаяпсизми?» – дедилар.

Шунда Сарвари олам буюрдилар:

أَلَا تَرْضَيٰ أَن تَکُونَ مِنِّي بِمَنْزِلَةِ هَارُونَ مِن مُوسَي إِلَّا أَنَّهُ لَيْسَ نَبِيٌّ بَعْدِي؟

«Менинг наздимдаги манзилатинг (ўрнинг) Ҳоруннинг Мусо наздидаги манзилати каби бўлишидан рози эмасмисан? Фақат фарқи шундаки, мендан сўнг пайғамбар бўлмас

Юқоридаги ҳадис Аҳли суннатнинг энг машҳур ҳадис китобларида, яъни Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслимда ривоят қилинган. Фақат Бухорийнинг китобида ҳадис тўлиқ келтирилган бўлса, Саҳиҳул Муслимда эса бир марта тўлиқ ва бир марта эса бир қисмигина:

«أَنْتَ مِنِّي بِمَنْزِلَةِ هَارُونَ مِن مُوسَي إِلَّا أَنَّهُ لَا نَبِيَّ بَعْدِي»

«Сен менга худди Ҳорун Мусога бўлганидек. Илло мендан кейин пайғамбар бўлмас» умумий шаклда ривоят қилинган.

Демак, ҳадисдан қуйидаги хулосаларни чиқара оламиз:

1. Али (алайҳис салом) Пайғамбаримиздан сўнг умматнинг энг афзали эди. Зеро, Ҳорун ҳам умматнинг энг афзали эди.

2. Али (алайҳис салом) пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вазир, ворис ва ўринбосарлари ҳамда раҳбарлик ва йўлбошчилик қилишда Сарвари оламнинг хос шериклари эди. Чунки, Қуръони Каримда ушбу мансаб ва мақомларнинг ҳаммаси Ҳорун (алайҳис салом)га нисбатан айтилган. (Тоҳо сураси; 29-оятдан 32-оятларгача)

3. Али (алайҳис салом) пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг халифа, ворис ва ўринбосарлари эди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) борлигида ундан бошқа ҳеч ким халифалик ва раҳнамолик мансабини эгаллашга ҳаққи йўқ эди. Зеро, Ҳорун ҳам Мусо (алайҳис салом)га нисбатан худди шундай мақом ва мансабга эга эди.

Ушбу Манзилат ҳадисини қуйидаги мақоладан муфассал ўқишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2013/07/manzilat-adisi.html

3. Явмуд-дор ҳадиси;

Ушбу ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак қўлларини Алининг бўйнига қўйиб:

«إِنَّ هَذَا أَخِي وَ وَصِيِّي وَ خَلِيفَتِي فِيکُمْ، فَاسْمَعُوا لَهُ وَأَطِيعُوهُ»

«Бу (Али) сизларнинг орангизда менинг биродарим, ворисим ва ўринбосаримдир. Унинг айтганларини эшитингиз ва фармонига бўйин сунингиз» – деб буюрдилар.

Мазкур ҳадисни қуйидаги мақоладан муфассал ўқишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2013/07/yavmud-dor-adisi.html

4. Сақалайн ҳадиси;

Юқорида ушбу ҳадис хусусида бир оз айтиб ўтган эдик. Бу ерда яна шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, «Сақалайн ҳадиси» Аҳли суннатнинг мўътабар ва мўътамад манбаларида жумладан, «Сунани Термизий», «Сунани Нисоий», «Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал», «Канзул уммол», «Мустадраки Ҳоким» ва бошқаларда ривоят қилинган.

Мазкур ҳадис кўпгина манбаларда «Сақалайн» (икки қимматбаҳо нарса) таъбири билан, айрим матнларда эса «халифатайн» (икки ворис ва ўринбосар) сўзи билан ривоят қилинган. Аммо бу билан ҳадиснинг маъно-мазмуни ўзгармайди.

Шуни айтиш лозимки, турли исломий ҳадислардан маълум бўлишича, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Сақалайн ҳадиси»ни бир неча ўринларда, турли муносабатлар билан шундай марҳамат қилганлар:

«إِنِّي تَارِکٌ فِيکُمُ الثَّقَلَيْنِ کِتَابَ اللهِ وَعِتْرَتِي وَ إِنَّهُمَا لَن يَّفْتَرِقَا حَتَّيٰ يرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ»

«Мен сизларнинг орангизга икки арзирли ва қимматбаҳо нарсани қўйиб кетаяпман. Бири – Аллоҳнинг китоби ва иккинчиси эса – менинг Аҳли-Байтимдир. Бу иккиси ҳавзи кавсарда менинг ҳузуримга кириб келгунга қадар ҳаргиз бир-биридан ажралмас».

Бу борада қуйидаги мақолани ўқиш тавсия этилади:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2013/07/sa-alajn-adisi.html

5. Нуҳ (алайҳис салом)нинг кемаси ҳадиси;

Ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан Аҳли суннат ва шиаларнинг китобларида ривоят қилинган мароқли таъбирлардан бири, «Нуҳ кемаси»га ўхшатилган ҳадисларидир.

Ушбу ҳадис сунний ва шиаларнинг машҳур китобларида зикр қилинган бўлиб, Абу Зар (разияллоҳу анҳу) ҳадиснинг матнини Пайғамбаримиздан қуйидагича ривоят қилади: Сарвари олам ўз Аҳли-Байтлари борасида шундай деб марҳамат қиладилар:

«أَلَا إِنَّ مَثَلَ أَهْلِ بَيتِي فِيکُمْ کَمَثَلِ سَفِينَةِ نُوحٍ، مَنْ رَکِبَهَا نَجَي وَ مَنْ تَخَلَّفَ عَنْهَا غَرِقَ»

«Менинг хонадоним ва Аҳли-Байтим мисоли сизларнинг орангизда Нуҳнинг кемасига ўхшайди. Кимки, унга минса, нажот топур ва кимки, ундан ажралса ғарқ бўлур».

Юқоридаги «Нуҳ кемаси» ҳадиси машҳур ҳадислардан саналиб, инсонлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг вафотларидан сўнг, ҳазрати Али (алайҳис салом)га ва ул ҳазратдан сўнг Пайғамбаримиз хонадонларидан бўлган ўн бир маъсум имомларга эргашишлари зарур эканлигини ёрқин тарзда баён қилади.

Бу борада қуйидаги мақолага мурожаат қила оласиз:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2013/07/nu-a-s-ning-kemasi-adisi.html

6. Ўн икки имом ҳақидаги ҳадислар

Аҳли суннат ва шиаларнинг кўп китобларида Сарвари оламдан кейин кимлар Ислом Умматига раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиши ҳақида кўплаб ҳадислар мавжуд бўлиб, уларда Пайғамбаримиздан сўнг, «ўн икки имом» ёки «ўн икки халифа» пешволиги ва раҳнамолиги борасида умумий шаклда сўз юритилган.

Бундай ҳадислар Аҳли суннатнинг машҳур ва таниқли манбалари бўлмиш Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳул Муслим, Сунани Термизий, Сунани Аби Довуд, Муснади Аҳмад ва бошқаларда ривоят қилинган.

«Мунтахабул асар» китобида икки юз етмиш бир ҳадис шу мазмунда ривоят қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти Аҳли суннат уламолари тарафидан ва озгина қисми эса шиа манбаларидан ривоят қилинган.

Мисол тариқасида Аҳли суннатнинг энг машҳур китоби бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий»да келтирилган ҳадисни кўздан кечирамиз:

حدثني محمد بن المثني حدثنا غندر حدثنا شعبة عن عبد الملك سمعت جابر بن سمرة قال سَمِعْتُ النَّبِيَّ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ [وآله] وَسَلَّمَ – يَقُولُ: «يکُونُ إِثْنَا عَشَرَ أَمِيرًا – فَقَالَ کَلِمَةً لَمْ أَسْمَعْهَا – فَقَالَ أَبِي إِنَّهُ قَالَ کُلُّهُم مِنْ قُرَيشٍ»

Менга Муҳаммад ибн Мусанно ривоят қилди, бизга Ғандар ривоят қилди, Шуъба бизга Абдул Маликдан ривоят қилди ва Абдул Малик деди: Жобир бин Самура (разияллоҳу анҳумо)нинг шундай деганини эшитдим: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Мендан кейин ўн икки амир бўлажакдир», деб марҳамат қилаётганларини эшитдим. Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни эшитолмадим. Шунда отам деди: Ул зот: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир», деб марҳамат қилдилар.

Манба: Бухорий, «Саҳиҳи Бухорий», Китобул аҳком, бобул истихлоф, 6796 – рақамли ҳадис.

«Саҳиҳул Муслим»да ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган: Жобир айтади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай деб марҳамат қилганларини эшитдим:

سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ – صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ [وآله] وَسَلَّمَ – يَقُولُ: «لَا يزَالُ الإِسْلَامُ عَزِيزًا إِلَيٰ إِثْنَا عَشَرَ خَلِيفَةً ثُمَّ قَالَ کَلِمَةً لَمْ أَفْهَمْهَا، فَقُلْتُ لِأَبِي: مَا قَالَ؟ فَقَالَ کُلُّهُمْ مِنْ قُرَيشٍ»

«Модомики, ўн икки халифа ва ворис бор экан, ислом азиз ва юксак қолажакдир.» Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни англай олмадим. Бу ҳақда отамдан сўраганимда, отам: Ул ҳазрат: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир», деб марҳамат қилдилар, деди.

Манба: Муслим ибн Ҳажжож, «Саҳиҳи Муслим», китобул умаро, Ан-носу табаун лиҚурайш вал-хилофату фий Қурайш боби, ҳадис рақами: 1821/4598.

Шунингдек, Муслим ибн Ҳажжож Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мазкур ҳадисни қуйидагича ҳам ривоят қилади:

«لَا يَزَالُ أَمْرُ النَّاسِ مَاضِياً مَا وَلِيَهُمْ إِثْنَا عَشَرَ رَجُلًا».

«Модомики, ўн икки киши (xалифа) одамларга раҳнамолик қилар экан, уларнинг иши ўнгидан келади». Oлдинги мaнбa.

Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуддан ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ул зотнинг халифалари ва ворислари ҳақида сўралганда, ул ҳазрат:

«إِثْنَا عَشَرَ کِعِدَّةِ نُقَبَاءِ بَنِي إِسْرَائِيلَ»

«Уларнинг сони бани Исроил нақиблари (бошлиқлари)нинг сони сингари ўн иккитадир», деб марҳамат қилдилар.

Манба: Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснади Аҳмад», 1-жилд, 398-бет.

Исломнинг иззат ва юксаклигини таъминловчи ўн икки халифа ва йўлбошчи ҳақидаги ҳадислар ва айрим таъбирларда ислом динининг ҳаёти бу ўн икки халифа ва раҳнамога боғлиқ ҳамда «уларнинг ҳаммаси Қурайшдан» ёки айрим таъбирларда «уларнинг ҳаммаси бани Ҳошимдан» деб, келган ҳадислар исломдаги мазҳаблардан фақатгина шиа мазҳаби эътиқодига мувофиқдир, холос. Негаки, шиа мазҳаби эътиқодига биноан, ушбу ҳадисларнинг маъно-мазмуни тамомила ошкор ва аёндир. Ҳолбуки, аҳли суннат уламолари мазкур ҳадислар кимга тегишли эканлигини ҳозиргача англай олганлари йўқ.

Зеро, агар дастлабки тўрт халифани ва уларга бани Уммайя ва бани Аббос халифаларини қўшиб, ҳисоблайдиган бўлсалар, уларнинг сони ўн иккитадан ошиб кетади. Агар бани Аббос халифаларини назарда тутадиган бўлсалар ҳам уларнинг сони ўн иккига тўғри келмайди.

Демак, на дастлабки халифаларнинг сони ўн икки нафар бўлган, на бани Умайя ва бани Аббос халифаларини қўшиб ҳисобласак, ўн икки нафарга тўғри келади ҳамда ҳар қайси алоҳида ҳисобга олинса-да, ўн икки ададга мувофиқ эмасдир ва бу ўн икки адад ҳеч бир ҳисоб-китобга тўғри келмайди.

Устига устак, бани Умайя халифалари орасида Язид бин Муовия каби ва Бани Аббос халифалари орасида Мансур Давониқий ва Ҳорун Ар-Рашид сингари қонхўр ва золим халифалар бўлган. Уларнинг содир этган бағоят оғир зулм ва жиноятлари борасида ҳеч бир шак-шубҳага ўрин йўқдир. Шунинг учун, уларни қандайига Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг халифалари, ворислари ва исломга иззат ва юксаклик бағишловчи раҳнамолар деб ҳисоблаш мумкин?! Ҳар қанча халифа, ворис ва йўлбошчи бўлиш меъёрларини оддий ва содда шаклда баён қилсак ҳам, бундай шахслар доирадан ташқаридадирлар.

Шундай қилиб, ўн икки сонини фақат шиалар эътиқод қиладиган ўн икки имомга татбиқ этишдан бошқа тўғри ечим топиб бўлмайди.

Сўзимизнинг тасдиғи ўлароқ, Аҳли суннатнинг икки нафар буюк алломалари ўн икки халифа кимлар эканлиги тўғрисида бир назарга кела олмаганларини қуйидаги сўзларидан кўришимиз мумкин:

Саҳиҳи Муслимга шарҳ ёзган имом Нававий мазкур ҳадисларнинг маъно-мазмуни ҳақида айтади:

ويحتمل أوجهًا آخر والله أعلم بمراد نبيِّهِ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ [وآله] وَسَلَّمَ

«Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) (ушбу ҳадисдан) бошқа маъноларни назарда тутгандирлар. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг кўзлаган мақсадидан огоҳдир.»

Манба: Имом Нававий, «Саҳиҳи Муслим бишарҳин-Нававий», Байрут-Ливан чопи, дорул китобил-арабий нашриёти, 12-жилд, 201-бетдан 203-бетларгача ва шунингдек, имом Нававий, «Шарҳи Саҳиҳи Муслим» Байрут-Ливан чопи, дорул қалам нашриёти, 33-китобул имаараҳ, 12-жилд, 443-бетдан 445-бетларгача.

Саҳиҳи Бухорийга шарҳ ёзган Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний бу борада ёзади:

والعلم عند الله تعالي بعد ذکر أقوالٍ مختلفةٍ حولَ عدد الخلفاء والأئمَّة الَّذين لا بُدَّ أن يکونوا من قريش ولم ينته إلي النَّتيجة.

«Қурайш қабиласидан бўлиши шарт бўлган халифалар ва имомлар сони хусусида турли қавлларни (назарларни) зикр қилиб (муайян) натижага эриша олмагач, унинг илми Аллоҳ таоло наздидадир, деймиз»

Манба: Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий», Байрут-Ливан чопи, дорул кутубил илмийя нашриёти, Китобул аҳком, 2-бобул умароҳ мин Қурайш, 13-жилд, 147-бетдан 150-бетларгача.

Бу ҳақда Аҳли суннатнинг буюк ва машҳур олими фикрларини диққат ила мутолаа қилсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий (ҳанафий мазҳаби уламоларидан) ўзининг «Янобиъул маваддаҳ» номли китобида шундай ёзади:

«Айрим тадқиқотчиларнинг айтишича, Пайғамбардан кейинги халифа ва ворисларнинг сони ўн икки нафар эканлиги хусусидаги ҳадислар машҳур бўлиб, кўп санадлар билан ривоят қилинган. Бироқ вақт ўтиши билан ушбу ҳақиқат аён бўлмоқдаки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бу ҳадислардан кўзлаган мақсадлари ўз хонадонлари ва Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки халифа ва имомлардир. Зеро, мазкур ҳадисларни дастлабки халифаларга тегишли, деб айта олмаймиз, негаки, уларнинг сони тўрт нафардан ортиқ эмас эди. Бани Умайяга ҳам тегишли, дея олмаймиз, зеро, уларнинг сони ўн икки нафардан зиёд эди ва Умар бин Абдулазиздан ташқари уларнинг ҳаммаси золим ва ситамкор эдилар. Устига устак, улар бани Ҳошимдан эмас эдилар, ҳолбуки, «Абдулмалик бин Умар» «Жобир бин Саҳара»дан қилган ривоятига кўра, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Халифаларнинг ҳаммаси бани Ҳошимдан бўлади», деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримизнинг бу ўн икки нафар қайси тоифаданлигини секин ва оҳиста айтганлари, ушбу фикримизнинг далилидир. Зеро, кўпчилик бани Ҳошим халифа бўлишига мувофиқ эмас эди. Ва шунингдек, мазкур ҳадисдаги ўн икки халифани Бани Аббос тоифасидаги ҳукмдорларга ҳам татбиқ эта олмаймиз. Зеро, уларнинг сони ҳам ўн икки нафардан ортиқ эди ва бундан ташқари, улар қуйидаги:

<قُل لَّا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْرًا إِلَّا الْمَوَدَّةَ فِي الْقُرْبَيٰ>

(Эй, Муҳаммад,) айтгин: «Мен сизлардан бу (чеккан заҳматим) эвазига ажр-мукофот эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман, холос» (Шўро сураси, 23 – оят). «Маваддат ояти»га ва «Касо» ҳадисига нисбатан бепарво бўлиб, унга амал қилмадилар.

Шу боис, ушбу ҳадисни фақат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки имомгагина татбиқ этишимиз мумкин. Зероки, улар илм ва маърифатда ўз замоналаридаги шахсларнинг ҳаммасидан кўра, доно, зуҳд ва тақвода барчадан афзал, асл ва насабда эса ҳаммадан юқоридадирлар. Уларнинг билимлари, Аллоҳ тамонидан ато этилган илми ладунний бўлиб, уни ўз боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мерос қилиб олганлар.

Ушбу фикр-мулоҳазамизни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан Аҳли-Байт борасида ривоят қилинган Сақалайн ва шу каби кўплаб ҳадислар тасдиқлайди.»

Манба: Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий, «Янобиъул маваддаҳ», 3-жилд, 77-боб, 504-бет.

Баъзи ҳижозлик Аҳли суннат уламолари ушбу ҳадиснинг маъно-мазмуни борасида «ажойиб» бир ечим топибдилар. Улар юқоридаги ўн икки амир ва халифа ҳақидаги ҳадисни бошқача тафсир ва таҳлил қилиш чораларини кўриб, қуйидаги фикр-мулоҳазани билдиришган:

«Ўн икки халифа ва ворисдан назарда тутилган шахслар, гуё исломнинг илк давридаги дастлабки тўрт халифа (хулафои рошидин) бўлиб, қолган саккиз халифа эса ҳалигача вужудга келмаган ва келажакда келар эмиш!»

Улар ҳадисдаги ўн икки халифа ва амир бир-биридан узилмай кетма-кет келишларини ҳисобга олмаган ҳолда, ўзлари учун юзаки ва сатҳий бир ечимни топиб олгандек кўринадилар.

Аммо бизнинг очиқ-ойдин сўзимиз шундан иборатки, ушбу ҳадисдан фақат шиаларнинг ўн икки имомигина назарда тутилгани хусусидаги ёрқин тафсир ва таҳлил ҳамда аниқ далил ва исботлар бўла туриб, нима учун бошқа ечимлар кетидан изланиб, боши берк кўчага кириб қолган шахс каби ўзимизни қийнаб қўйишимиз керак экан?!

Биз шиаларнинг эътиқодига кўра, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг барҳақ ўринбосар ва ворислари бўлмиш 12 имомларимиз ул ҳазратдан ривоят қилинган ҳадисларда бирма-бир исмлари билан тайин этилганлар. Бу борада қуйидаги мақолани ўқишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2013/07/un-ikki-imom-a-idagi-adislar-2.html

Учинчидан, сунний олимнинг ушбу сўзи: «Сиз Муҳкамот оятлар орасида шиалар ақийдасини уларнинг ўзи айтганидек тасдиқловчи бирон-бир оятни топа олмайсиз! Аллоҳ шундай буйруқ берганмикин Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Умматининг раҳбарлари ул ҳазратнинг хонадонлари аҳлига чекланган ва ул зотнинг ўзлари уларни тайинлайдилар деб?!»га жавобимиз қуйидагича:

Юқорида келтирилган саҳиҳ ва мутавотир ҳадислардан маълум бўлдики, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари Ислом Умматининг раҳбарларини тайин этганлар ёки аниқроғи Аллоҳ таоло томонидан тайинланган Ислом Умматининг раҳбарларини Пайғамбаримиз барча мусулмонларга эълон қилганлар. Ҳамма мусулмонлар сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бу борадаги ҳадис ва кўрсатмаларини Аллоҳ таоло йўллаган ваҳийнинг баён қилувчиси сифатида қабул қилмоқлари лозимдир.

Бунинг устига, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Муҳкам оятларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ворис ва ўринбосарлари ул зотнинг хонадонларидан бўлган кишилар эканини очиқ баён қилган. Биз бу ерда ушбу мавзуга оид айрим оятларни мухтасар шаклда кўздан кечиргаймиз:

1.Таблиғ ояти;

<يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ وَإِن لَّمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ وَاللّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ إِنَّ اللّٰهَ لَا يهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ>

«Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарсани (одамларга) етказинг! Агар (бу ишни) қилмасангиз, Унинг рисолатини (пайғамбарлик вазифасини) охирига етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ Сизни одамлар(нинг муҳтамал хатари ва зарари)дан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай» (Моида сураси; 67-оят).

Оятнинг таҳдид оҳангидан муҳим ва оғир бир иш ва маъмурият ҳақида суҳбат кетаётганлигини ҳамда бу оғир маъмурият Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зиммаларига юкланганлигини тушуниш мумкин. Зеро, агар бу маъмурият амалга оширилмаса, Пайғамбаримиз шунча йиллик чеккан азоблари ва машаққатлари бефойда бўлиб қолар эди. Шу боис, маълум бир хавотирланишлар ул ҳазратни ҳар томондан қамраб олган бир пайтда, бу шундай хабар эдики, уни одамларга етказиш осон иш эмас эди. Негаки, бир тоифа мусулмонлар ушбу хабарни эшитишлари биланоқ, ошкора қаршилик кўрсатишлари мумкин эди. Шунинг учун, Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ушбу маъмуриятни етказишларини таъкидлаган ҳолда буюради ва ул ҳазратга муҳтамал хавф-хатарлар ва хавотирланишлар баробарида умид ва ишонч бағишлайди.

Аниқки, бу муҳим масала ширк ва тавҳид ёки яҳуд ва мунофиқлар каби душманларга қарши курашиш ҳақида эмас эди, негаки, ўша вақтга қадар, яъни Моида сураси нозил бўлган пайтда бу масала бутунлай ҳал бўлган эди.

Ислом динининг оддий ва содда аҳкомини етказиш эса, бу қадар хавотирланиш ва аҳамиятга эга эмас эди. Зероки, юқоридаги оятнинг маъносига қараганда, ушбу масаланинг аҳамияти рисолат ва пайғамбарликка тенг ва баробар келадиган бўлиб, уни етказмаслик пайғамбарлик вазифаси ва ҳаққини адо этмаслик билан баробар бўлар эди. Айтган сўзларимизни инобатга олган ҳолда мана шу ўта муҳим масала, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг халифа ва ворисларини тайин этишдан бошқа нарса бўла оладими? Алалхусус, ушбу ояти карима Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётларининг охирларида нозил бўлганини ва халифалик масаласи пайғамбарликка монанд ва уйғун эканлигини назарга олсак, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг набийлик ва расуллик мартабаларининг давоми бўлмиш халифалик ва ўринбосарликдан ўзга масала бўлиши мумкинми?

Бунга илова, яна бу ҳақда кўплаб ҳадислар Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўпгина саҳобалари тарафидан ривоят қилинганини ҳисобга олсак, ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолмайди. Жумладан; Зайд бин Арқам, Абу Саид Худрий, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Абу Ҳурайра, Ҳузайфа ва Абдуллоҳ ибн Масъудларни санаб ўтишимиз мумкин. Ушбу ҳадислардан баъзилари ўн бир санад ва услубда бизга етиб келган бўлиб тафсирчи, ҳадисчи ва тарихчи олимлардан иборат аҳли суннат уламоларидан буюк бир гуруҳ мазкур ҳадисларни ривоят қилиб, юқоридаги ояти карима Ғадийр кунида ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг халифа ва пешволиклари ҳақида нозил бўлганини таъкидлашган.[1]

Демак, жуда кўп сондаги ҳадисларга асосан, юқоридаги ояти карима ҳажжатул видо (сўнгги видолашув ҳажи)дан қайтиб келаётганда, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га «Ғадийри Хум»[2] номли маконда ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг хилофат ва имоматлари ҳақида нозил бўлган.

Юқоридаги ояти карима сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг охирида сўнгги ҳаждан қайтиб келаётганларида, ҳаммага Али (алайҳис салом)ни расмий равишда ўзларидан кейинги халифа ва раҳбар сифатида таништириб, тайинлашга маъмур этилганликларига очиқ далилдир.

2. «Бошлиқларга итоат қилинг» ояти;

Нисо сурасининг 59-оятида бундай дейилади:

<يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الْأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَيٰ اللّٰهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّٰهِ وَالْيوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا>

«Эй, мўминлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш иш эгалари (раҳбарлар ва бошлиқлар)га итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада келиша олмай қолсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга ҳавола қилингиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир.» (Нисо сураси, 59- оят)

Ушбу ояти каримада иш эгалари бўлмиш бошлиқларга итоат қилмоқ, мутлақ ва ҳеч бир қайд-шартсиз, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш билан ёнма-ён келган.

Бу оятда айтилган бошлиқлар ва раҳбарлар кимлардир? Яъни ҳар бир замон ва шароитда ҳукумат тепасига келган ҳар қандай ҳукмдор ва раҳбарлар назарда тутилганми? Ундай бўлса, бугунги кунда бизнинг асримиздаги ҳар бир ўлканинг мусулмонлари ўз юртларидаги барча ҳокимларга сўзсиз итоат қилиб, уларга бўйин эгишлари керак эканлиги келиб чиқмайдими? (Бундай тушунчани Аҳли суннатнинг бир тоифа тафсирчи уламолари билдирганлар.)

Аммо бу тушунча ҳеч бир ақл ва мантиққа тўғри келмайди. Зеро, бу ҳақиқат ҳеч кимга сир эмаски, турли макон ва замонларда ҳукмронлик қилганларнинг аксари фосиқ, бузғунчи, йўлдан оғишган, қарам ва золим бўлиб ўтишган.

Ёки юқоридаги ояти каримадан кўзланган маъно-мафҳум; шариати исломия ҳукмларига қарши ва хилоф иш кўрмайдиган ҳукмдорларга бўйин эгиб итоат қилмоқликми? Бу тушунча ҳам оятнинг қайд-шартсиз ва мутлақ келганига уйғун ва муносиб эмас.

Ёхуд ушбу ояти каримада махсусан, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобаларига итоат қилмоқлик назарда тутилганми? Бу эҳтимол ҳам оятнинг бутун аср ва замонларни қамраб олувчи кенг кўламли маъно-маҳфумига муносиб ва уйғун эмас.

Бинобарин, ошкора тушуниб етамизки, юқоридаги ояти каримадан ҳар бир аср ва замонда мавжуд бўлган маъсум имом ва пешволарга эргашиб, уларга бўйин суниш назарда тутилган. Маъсум имом ва пешволарга итоат қилмоқ қайд-шартсиз вожиб бўлиб, уларнинг фармони Аллоҳ ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг фармони сингари итоат қилиниши фарз ва лозимдир.

Ислом манбаларининг бу хусусда ворид бўлган кўплаб ҳадисларида оятдаги «бошлиқлар» ва «раҳбарлар» ҳазрати Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг зурриётидан бўлган маъсум имомлар эканлиги ошкора айтилган бўлиб, турли тафсир китобларида ушбу ояти карима остида келтирилган ҳадисларни кўриб чиқишингиз мумкин. Демак, кўпгина ҳадисларга ва ақлий далилларга таянган ҳолда оятдаги итоат қилиниши фарз ва вожиб бўлган бошлиқлар – бу маъсум имомлар эканлиги яққол маълум бўлади.

Қайд этиш лозимки, юқоридаги ояти кариманинг маъноси ошкор ва ойдин бўлгани учун Муҳкам оятлар сирасига киради. Шунинг учун, оятдаги «бошлиқлар» ва «раҳбарлар» кимлар эканлиги хусусида берган шарҳимиз тафсир ҳисобланади, таъвил эмас!

3. Раҳнамо ва йўлбошчи ҳақидаги оят ёхуд Вилоят ояти;

<إِنَّمَا وَلِيُّكُمُ اللهُ وَرَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَيؤْتُونَ الزَّكاتَ وَهُمْ رَاكِعُونَ>

«Сизларнинг валий ва пешволарингиз фақатгина Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ва иймон келтириб, намозни тўла-тўкис адо этиб, рукуъ қилган ҳолларида закот берадиган кишилардир» (Моида сураси\ 55-оят).

Ушбу мазкур ояти карима «إِنَّمَا» сўзи билан бошланган бўлиб, араб тилида таъкид ва чеклаб қўйиш маъносини англатади ва шунинг учун мазкур ояти карима қуйидаги маънодан ўзгача бўла олмайди: «Сизларнинг валий, пешво ва раҳнамоларингиз фақатгина Аллоҳ, Унинг Расули ва иймон келтириб, намозни тўкис адо этиб ва рукуъ қилган ҳолда закот берганлардир».

Агарчи ояти карима кўплик шаклида келган бўлса-да, лекин оятнинг тафсирида ривоят қилинган ҳадислар асосида фақатгана имом Али (алайҳис салом) назарда тутилгани маълум бўлади. Бунга қўшимча, Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи олими Жоруллоҳ Замахшарий «қандайига ушбу ояти карима Али (разияллоҳу анҳу) ҳақида бўлиши мумкин, ҳолбуки, ушбу оят кўплик шаклида келган-ку?» деган саволга шундай жавоб беради:

کيف صحَّ أن يکون لعليٍّ رضي الله عنه واللَّفظ لفظ جماعة؟ قلت: جئَ به علي لفظ الجمع وإن کان السَّبب فيه رجلًا واحدًا، ليرغب النَّاس في مثل فعله فينالوا مثل ثوابه، ولِيُنَبَّهَ علي أنَّ سجيَّة المؤمنين يجب أن تکون علي هٰذه الغاية من الحرص علي البِرِّ والإحسان وتفقُّد الفقراءِ

«Қандай қилиб ушбу валий сўзи Али (разияллоҳу анҳу) учун бўла олади, ҳолбуки, ушбу лафз кўплик ва жамоа лафзидир? деган саволга дедим: Ушбу сўз кўплик шаклида келтирилган бўлса-да, аммо нозил бўлишининг сабаби бир киши бўлган. Токи, одамлар худди шундай ишни бажаришга рағбатланиб унинг савоби каби ажр-мукофотга эришсинлар ва мўминларнинг хислати яхшилик ва хайру эҳсон қилишга ва камбағал-муҳтожларни йўқлашга бўлган иштиёқ мана шу даражада бўлиши зарур деб огоҳлантирилсин.»

Манба: Жоруллоҳ, Замахшарий, «Тафсирул Кашшоф», 1-жилд, 649-бет, Моида сурасининг 55-ояти тафсирида.

Ва шунингдек, Қуръони Каримда қирқдан ошиқ оятлар мавжуд бўлиб, ушбу оятларда бир нафар учун кўплик шакли қўлланилган. Мисол тариқасида уларнинг баъзиларини келтирамиз:

﴿يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّـهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ ۚ

«Сендан фатво сўрайдилар. Сен: «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берадир», деб айт» (Нисо сураси, 176-оят).

Ҳамма муфассирларнинг айтишига биноан, ушбу оятдаги يَسْتَفْتُونَكَ кўплик шаклида келган олмошдан мурод фақат Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдир.

Мазкур сўзнинг айрим манбаи қуйидагилардир:

Муслим ибн Ҳажжож, «Саҳиҳул Муслим», 5-жилд, 238- бет.

Термизий, «Сунани Термизий», 3-жилд, 282-бет, 2178- ҳадис ва бошқа алломалар.

Қуйидаги ояти каримада ҳам:

﴿يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ ۖ

«Сендан нимани инфоқ-эҳсон қилишни сўрайдилар.» (Бақара сураси, 215 – оят)

يَسْأَلُونَكَ кўплик шаклида келган бўлса-да, бироқ бу кўплик шаклидан бир киши, яъни Амр ибн Жумуҳ назарда тутилган.

Ушбу сўзнинг Аҳли суннат наздидаги баъзи манбалари:

  1. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 1-жилд, 243-бет.
  2. Абу Исҳоқ Аҳмад, Ас-Саълабий, «Ал-Кашфу вал-баён» (Тафсирус-Саълабий номи билан танилган) 2-жилд, 136-бет.
  3. Шаҳобуддин Олусий, «Руҳул маъоний», 2-жилд, 105-бет, мазкур оят тафсирида

Шунингдек қуйидаги оятдаги:

﴿لَقَدْ سَمِعَ اللَّـهُ قَوْلَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّـهَ فَقِيرٌ‌ وَنَحْنُ أَغْنِيَاءُ ۘ

«Ҳақиқатан, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг сўзини эшитди» (Оли Имрон сураси, 181-оят).

الَّذِينَ قَالُوا «деганлар» калимаси кўплик шаклида бўлса-да, аммо ундан мурод бир киши, яъни Ҳайй ибн Ахтабдир.

Манба: Ибн Касир, «Тафсири Ибн Касир», 1-жилд, 443-бет, ушбу оятнинг тафсирида.

Ушбу ояти каримадаги ўта ингичка масала шуки, шак-шубҳасиз, «وَلِيّ» сўзи ушбу оятда «дўст» ёки «ёр-биродар» маъносида бўлганида эди, намоз ўқийдиган ва рукуъ қилган ҳолда закот берадиган кишиларга фақат чекланибгина қолмай, умумий фармон сифатида барча мусулмонларни ўз ичига оларди. Чунки, ҳамма мусулмонлар бир-бирларига нисбатан дўст ва ёр-оғайни бўлишлари лозим, ҳатто агар закот беришга қурблари етмаса ёки рукуъ қилган ҳолда закот бера олмасалар-да, бир-бирларига нисбатан дўст, ёр-биродар ва мададкордирлар.

Шунинг учун «وَلِيّ» сўзи ушбу ояти каримада дўст, ёр-оғайни ва мададкор маъносида бўла олмайди, балки «وَلِيّ» сўзи пешво, раҳбар ва бошлиқ маъносида келган бўлиб, ушбу ояти карима бошқа оятлар каби ҳазрати Али (алайҳис салом) пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг, барча мусулмонларга пешво, раҳбар ва йўлбошчи эканлигига ёрқин далолат берадиган Қуръоний далилдир.

Афсуски, кўпгина мусулмонлар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳнинг фармони асосида кўрсатган ҳидоят йўлидан бормадилар. Оқибат, мусулмонлар орасида турли хил оқим ва мазҳаблар вужудга келди.

Аҳли суннат олимлари ушбу муҳим воқеани ўз китобларида тасдиқлаб келтирганлар ва бу воқеа хусусида кўпгина ҳадисларни ривоят қилганлар. Ўша ҳадисларнинг баъзиларида ушбу мазкур ояти карима имом Али (алайҳис салом) рукуъ қилган ҳолларида узукларини муҳтож-мискинга берганларидан сўнг, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлганлиги таъкидланган ва айримларида эса фақатгина бу ояти карима имом Али (алайҳис салом) тўғриларида нозил бўлгани ривоят қилиниши билан чекланиб қолинган.

Ушбу муҳим бўлган воқеани пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қуйидаги саҳобалар ривоят қилганлар:

  1. Абдуллоҳ ибн Аббос.
  2. Аммор ибн Ёсир.
  3. Абдуллоҳ ибн Салом.
  4. Салама ибн Куҳайл.
  5. Анас ибн Молик.
  6. Утба ибн Ҳакам.
  7. Абдуллоҳ ибн Убай.
  8. Абдуллоҳ ибн Ғолиб.
  9. Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий.
  10. Абу Зар Ғифорий.

Бу ўн кишининг ривоят қилишидан ташқари, имом Али (алайҳис салом)нинг ўзлари ҳам ушбу воқеани ривоят қилганлар ва буларнинг барчаси Аҳли суннат уламоларининг китобларида келтирилган.

Ушбу оятнинг шаъни нузули ва тафсири улкан аҳамиятга эга бўлгани учун уни бу ерда келтирамиз:

Абдуллоҳ бин Аббосдан ривоят қилинганки, у Замзам қудуғининг ёнида ўтириб, у ерда тўпланган мусулмонлар учун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис айтаётган пайтида, тўсатдан юзини беркитган ҳолда бошида салласи бўлган бир киши яқин келиб, Ибн Аббос ҳар бор Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис деса, у ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар, дея ул ҳазратдан ҳадис айта бошлади. Шунда ибн Аббос Аллоҳга қасамёд қилиб, ундан ўзининг кимлигини таништиришини истади. У эса юзини очиб: «Эй инсонлар! Ҳар ким мени танимаса, мен Абу Зардирман» деб, ўзини таништирди. Шунда дедики, мана шу икки қулоғим билан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан эшитдим ва агар нотўғри ва ёлғон десам, икки қулоғим кар бўлсин! Ва мана шу икки кўзим билан воқеани кўрдим. Агар ёлғон десам, икки кўзим кўр бўлсин! Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай буюрдилар:

عَلِيٌّ قائِدُ الْبَرَرَةِ وَقَاتِلُ الْكَفَرَةِ مَنْصُورٌ مَنْ نَصَرَهُ وَمَخْذُولٌ مَنْ خَذَلَهُ.

«Али (алайҳис салом) яхши инсонларнинг пешво ва раҳбари ва кофирларнинг қотили (уларни нобуд қилгувчи)дир, ҳар ким унга мададкор бўлса, Аллоҳ томонидан у кимсага ёрдам берилгай, ва ҳар ким Алидан ўз ёрдамини дариғ тутса, Худо у кимсадан мададини дариғ тутгай».

Шундан сўнг, сўзини бундай деб давом эттирди: Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан зуҳр (пешин) намозини ўқиётганимда бир фақиру мискин масжидга келиб, мусулмонлардан ёрдам қилишларини истади, лекин ҳеч ким унга бирон нарса бермади.

Шунда у мискин-муҳтож қўлини юқорига кўтариб, Аллоҳга илтижо қилиб шундай деди: Эй Тангрим! Сен Ўзинг шоҳид бўлгинки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) масжидларида туриб, кўмак истадим, лекин ҳеч ким менга бирор нарса бермади. Шу вақт имом Али (алайҳис салом) рукуъ ҳолатида эдилар, ўнг қўлларидаги узукка ишора қилиб, мискинга уни олишини билдирдилар. Шунда мискин яқинлашиб, у ҳазратнинг бармоқларидан узукни чиқариб олди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намоз ўқиётган ҳолда ушбу ҳодисадан огоҳ бўлдилар. Намозни тугатгач, муборак бошларини самога кўтариб, шундай марҳамат қилдилар:

أَللَّهُمَّ إِنَّ أَخِي مُوسَيٰ سَأَلَكَ فَقَالَ: >رَبِّ اشْرَحْ لِي صَدْرِي وَيسِّرْ لِي أَمْرِي وَاحْلُلْ عُقْدَةً مِنْ لِسَانِي يفْقَهُوا قَوْلِي وَاجْعَلْ لِي وَزِيرًا مِنْ أَهْلِي هَارُونَ أَخِي أُشدُدْ بِهِ أَزْرِي وَأَشْرِكْهُ فِي أَمْرِي< فَأَنْزَلْتَ عَلَيْهِ قُرآنًا نَاطِقًا: >سَنَشُدُّ عَضُدَكَ بِأَخِيكَ <أَللَّهُمَّ وَأَنَا مُحَمَّدٌ نَبِيُّكَ وَصَفِيُّكَ اللَّهُمَّ فَاشْرَحْ لِي صَدْرِي وَيسِّرْ لِي أَمْرِي وَاجْعَلْ لِي وَزِيرًا مِنْ أَهْلِي عَلِيًّا أَخِي أُشْدُدْ بِهِ أَزْرِي.

«Эй Аллоҳим! Шубҳасиз, биродарим Мусо (алайҳис салом) Сендан сўраб, шундай деди: «Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин; Тилимдан тугунни очгин, токи, сўзимни англасинлар. Менга ўз аҳлим – хонадонимдан бўлган Хорун биродаримни вазир қилгин. У билан мени қувватлантиргин. Ва уни ишимда (яъни: пайғамбарлик вазифамни адо этишда) шерик қилгин». Оқибат, унга (ҳазрати Мусо (алайҳис салом)га) «Биз сени биродаринг билан қувватлантирурмиз» деб, ваҳий нозил қилдинг.

Эй Аллоҳим! Мен Муҳаммад Сенинг Пайғамбаринг ва танлаган бандангдирман; Эй Тангрим! Ўзинг қалбимни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин ва менга ўз аҳли – хонадонимдан бўлган Али биродаримни вазир қилгин. У билан мени қувватлантиргин».

Абу Зар (разияллоҳу анҳу) шундан сўнг бундай дейди: Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг дуолари ниҳоясига етмай туриб, Аллоҳ ҳузуридан ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) Пайғамбарга нозил бўлиб, ул ҳазратга шундай деди: Эй Пайғамбар! Аллоҳ биродарингиз борасида сизга ато этган нарса муборак бўлсин! Шунда Пайғамбар .а.о) у нима нарсадир? деб сўрадилар. Ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) деди: Аллоҳ Қиёмат кунигача Али (алайҳис салом)нинг пешво, валий ва йўлбошчилигини қабул қилиб, унга эргашишни умматингизга амр қилди ва сизга ушбу ояти каримани нозил қилди:

<إِنَّمَا وَلِيُّكُمُ اللهُ وَرَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَيؤْتُونَ الزَّكاتَ وَهُمْ رَاكِعُونَ>

«Сизларнинг валий ва пешволарингиз фақатгина Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ва иймон келтириб, намозни тўла – тўкис адо этиб, рукуъ қилган ҳолларида закот берадиган кишилардир» (Моида сураси\ 55 – оят).

Қизиқарлиси шундаки, «Ғоятул маром» китобида 24 ҳадис Аҳли суннат алломаларидан ва 19 ҳадис эса Аҳли-Байт мазҳабининг уламоларидан юқоридаги воқеа хусусида ривоят қилинган.

Аҳли суннат манбаларида 50 дан ортиқ китобларда мазкур воқеа келтирилган, жумладан:

  1. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзийл», 1-жилд, 173-бетдан 184-бетларгача, 231-ҳадисдан 240- ҳадисгача.
  2. Жалолуддин Суютий, «Ад- дуррул мансур» тафсири, 3- жилд, 104 ва 105-бетлари.
  3. Байзовий, «Тафсиру Байзовий», 1-жилд, 272-бет.
  4. Жоруллоҳ Замахшарий, «Тафсирул Кашшоф», 1-жилд, 682-бет.
  5. Ганжий Шофеий, «Кифааятут-толиб», 62-боб, 250-бет.
  6. Ибн Касир, «Тафсиру Ибн Касир», 2-жилд, 67-бет.
  7. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», 6-жилд, 40 ва 41-бет, бобу фазоили Алийин.
  8. Муҳиббуддин Табарий, «Захоирул-уқбо», 88-бет.
  9. Аллома Қозий Шавконий, «Фатҳул-қадийр», 2-жилд, 50-бет ва «Жомиъул-усул», 9-жилд, 478-бет.
  10. Воҳидий Нишобурий, «Асбобун-нузул», 148-бет ва бошқа китобларда ривоят қилинган.

Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ушбу «Вилоят ояти» Муҳкам оятлардандир, Муташобиҳ оятлардан эмас. Зероки, унинг маъноси очиқ-ойдин бўлиб, бир неча ўхшаш маъноларни англатадиган, уларни бир-биридан ажратиш ва тушуниб олиш қийин бўлган тушунчани ифода этмайди.

4. Ростгўйлар билан бирга бўлинг ояти;

<يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ>

«Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳ (азоби)дан сақланингиз ва ростгўйлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба сураси\119-оят)

Абдуллоҳ бин Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, ушбу ояти карима имом Али (алайҳис салом) ҳақларида нозил бўлган.

Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ушбу оят борасида қуйидагича ривоят қилинган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ فِي هَذِهِ الآيةِ: <يا أَيهَا الَّذينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللهَ وَ كُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ> قالَ: مَعَ عَلِي بْنِ أَبِي طَالِبٍ وَ أَصْحَابِهِ.

«Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳ (азоби)дан сақланингиз ва ростгўй инсонлар билан бирга бўлингиз!» Яъни: Али бин Абу Толиб (алайҳимас салом) ва унинг ёронлари билан бирга бўлингиз!

Бошқа бир ривоятда Жаъфар бин Муҳаммад (алайҳимас салом)дан нақл қилинганки, Аллоҳ (азоби)дан сақланингиз ва ростгўй кишилар билан бирга бўлингиз! Яъни: Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва Али (алайҳис салом) билан бирга бўлингиз.

Абдуллоҳ бин Умардан мазкур ояти карима ҳақида қуйидагича ривоят қилинган:

عَن عَبْدِاللهِ بْنِ عُمَرَ فِي قَوْلِهِ تَعَالَيٰ: <إِتَّقُوا اللهَ> قالَ: أَمَرَ اللهُ أَصْحَابَ مُحَمَّدٍ بِأَجْمَعِهِمْ أَنْ يَخَافُوا اللهَ ثُمَّ قَالَ لَهُمْ: <كُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ> يعْنِي مُحَمَّدًا وَأَهْلَ بَيْتِهِ.

«Аллоҳ (азоби)дан сақланингиз деган сўзи борасида шундай деди: Аллоҳ Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг барча саҳобаларига Аллоҳдан қўрқишларини амр қилди, сўнгра эса, уларга шундай деди: «Ростгўй кишилар билан бирга бўлингиз», яъни: Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва Унинг Аҳли-Байти (хонадони) билан бирга бўлингиз».

Имом Али (алайҳис салом) Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ва имом Ҳасан ва имом Ҳусайн (алайҳимас салом) ва у кишининг зурриётларидан бўлган тўққиз имом, пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари (хонадонлари)дан эканликларига ҳеч қандай шак-шубҳа бўла олмас.

Нақл қилинган мазкур ривоят асосида Аллоҳ таоло Ўз китобида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва у ҳазратнинг Аҳли-Байтлари (хонадонлари)дан бўлган имом Али (алайҳис салом) ва у ҳазратнинг зурриётлари, яъни, ўн бир имом билан бирга бўлишни, ҳақ ва тўғри йўлда юришни истаган барча иймонли инсонларга амр қилган.

Аллоҳ ушбу ояти каримада ҳеч бир қайд-шартсиз, барча ҳолатлар ва вазиятларда, Ростгўй кишилар билан бирга бўлиб, уларнинг изидан боришга буюргани улар ҳеч қандай хато-маъсият ва гуноҳга йўл қўймайдиган ва доим тўғри йўлда юрувчи пок-маъсум инсонлар эканликларига ва шу боис, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг пешво, валий ва йўлбошчи бўлишга сазовор бўлган ёлғиз инсонлар эканликларига ёрқин Қуръоний далилдир.

Ушбу муҳим ҳадисни ўз китобида тасдиқлаб келтирган Аҳли суннат олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзийл», 1-жилд, 259-бет.
  2. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», ушбу оятнинг тафсирида мана шу ҳадисни келтирган.
  3. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 2-жилд, 421-бет, 930-ҳадис, ва бошқа олимлар ўз китобларида мана шу ҳадисни нақл қилганлар.

Аҳли-Байтнинг имомат ва вилояти (пешволиги) ҳақида кўплаб оятлар мавжуд, аммо биз бу мухтасар баёнимизда фақат юқоридаги тўрт оятга кифояландик, холос.

Шундай қилиб, биз юқорида келтирган Муҳкам оятлардан ҳамда Сарвари оламнинг ҳадисларидан қатъий далил-исботлар келтирилиб, Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Уммати раҳбарлари Аллоҳ таоло томонидан тайин этилади ва улар ҳар доим Пайғамбар хонадони аҳлидан бўлмоғи зарур деган ақийда тизимининг тўғри ва ҳақ эканлиги исботланди.

Демак, покистонлик сунний олимнинг «Мен сиз шиаларнинг Муҳаммад пайғамбар (с.а.о) Уммати раҳбарлари Аллоҳ таоло томонидан тайин этилади ва улар ҳар доим Пайғамбар хонадони аҳлидан бўлмоғи зарур деган ақийда тизимингизни қабул қилмайман ва Қуръонда бундай ақийдани исботловчи бирор Муҳкамот оят мавжуд эмас ва мен бутун ҳаётимни Қуръонни ўрганишга бағишлаган бўлсам-да, ҳеч вақт бундай оятни Қуръонда топмаганман»,- деб айтган сўзлари мутлақо асоссиз ва нотўғри бўлиб, бу борада қилинган қуруқ иддао ҳисобланади, холос. Зеро, биз Қуръоннинг Муҳкам оятларидан шиаларнинг имомат ва раҳбарлик хусусидаги ақийда тизими тўғри эканлигига қатъий ва аниқ далил-исботлар келтирдик.

Ва шунингдек, унинг «модомики сизлар ўз эътиқодингиз тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръондан далил келтирмас экансиз, у ҳам бўлса Муҳкамот оятлардан, Муташобиҳот оятлардан эмас, мен ҳали шиа эмасман» деб билдирган фикрига жавобан шундай деймиз:

Биз шиалар сиз истагандек ўз эътиқодимиз тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръондан қатъий ва инкор этиб бўлмас далиллар келтирдик, у ҳам бўлса Муҳкам оятлардан, Муташобиҳ оятлардан эмас. Хўш, энди шиа эмаслигингизга яна қандай далил, ёки аниқроғи баҳона келтирасиз?!! Ҳақ йўли ёруғ бўла туриб уни қабул қилмаслик учун яна қандай қочиш йўлларини қидирмоқчисиз?!!

5. Энди олимнинг билдирган қуйидаги фикр-мулоҳазасига келсак: «Мен Абу Бакр Сиддиқ (разияллоҳу анҳу)ни ҳам, Умар (разияллоҳу анҳу)ни ҳам, Усмон (разияллоҳу анҳу)ни ҳам, Али (разияллоҳу анҳу)ни ҳам Пайғамбар (с.а.о)нинг қонуний ўринбосарлари деб қабул қиламан, ҳар икки гуруҳ мусулмонлар ҳам худди шундай ишни қилганлари каби. Лекин Аллоҳ уларни бундай мақомга тайинламаган! Аллоҳ булардан бўлак шахсларни тайинлаганмикин?!»

Биринчидан, сиз ўзингизнинг нима сабабдан шиа эмаслигингизни баён қилаётиб, бирданига ўзингиз эътиқод қилган халифаларингизни тилга олишингиз таажжубли ҳолат. Бундай ҳолат шиа мазҳабини танламаслигингиз муайян ва аниқ сабабга кўра эмас, балки ўз эътиқодингизда мутаассиб эканлигингиздан дарак беради.

Иккинчидан, биз шиалар сизнинг айтган ушбу фикрингизга, яъни олдинги уч халифа; Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффонлар Аллоҳ таоло томонидан халифалик ва раҳбарлик мақомига тайинланмаганлар, деб айтган фикрингизга қўшиламиз ва шунинг учун ҳам уларни тан олмаймиз. Аммо «уларни Пайғамбар (с.а.о)нинг қонуний ўринбосарлари деб қабул қиламан, ҳар икки гуруҳ мусулмонлар ҳам худди шундай ишни қилганлари каби» деган фикрингизга асло қўшила олмаймиз. Чунки, биз шиалар бу уч халифани Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан тайин этилмагани учун, ул зотнинг барҳақ ва қонуний ўринбосарлари деб қабул қилмаймиз. Шу боис, «ҳар икки гуруҳ мусулмонлар ҳам худди шундай ишни қилганлари каби» деб айтиш мутлақо тўғри бўлмаган. Энди ўз ақийдангизни сақлаб қолиш учун ҳар қандай восита ва услубдан фойдаланаверишингиз тўғри бўлмай йўлдан оғиш ҳисобланади.

Учинчидан, биз Аҳли-Байт мазҳаби тарафдорлари пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларидан кейин кимники Ислом Умматининг раҳбари ва йўлбошчиси этиб тайинласалар, бу ваҳий ва Аллоҳ таолонинг фармони асосида деб ишонамиз. Фикримизнинг далили қуйидаги ояти каримадир:

وَمَا يَنطِقُ عَنِ الْهَوَىٰ ﴿٣﴾ إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَىٰ ﴿٤

«У ҳавойи-хоҳиш билан сўзламас. Унинг (сўзлари) ваҳийдан ўзга нарса эмас» (Нажм сураси, 3 ва 4-оятлар).

Шунинг учун ҳам, Сарвари олам ўзларидан сўнг Ислом Умматига ўз хонадонлари аҳлидан бўлган ҳазрат Али (алайҳис салом)ни ва ул ҳазратнинг наслидан бўлган ўн бир имомни Аллоҳ таоло йўллаган ваҳий ва фармонга биноан раҳбар ва йўлбошчи этиб тайинладилар ва шу боис, биз уларни қабул қилиб уларнинг изидан борамиз ва улар кўрсатган йўлни тўғри деб билиб ақийда тизимимиз ва фиқҳимизни уларнинг кўрсатмалари ва таълимотлари асосида шакллантирганмиз. Албатта, бу ҳақда Қуръоннинг муҳкам оятларидан ҳам етарли миқдорда далилларимиз бор бўлиб, уларнинг айримларини юқорида келтирдик.

6. Покистонлик сунний олим қилаётган маърузасида мувозанатини йўқотиб шиларга ҳужум қилишга ўтиб шундай дейди:

«Сизлар Абу Бакрга қарши бундай даҳшатли ва қўрқинчли айбловни кўтариб чиқишингиз учун, у кимнидир мусулмонларга раҳбарлик қилишга оид ўз ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум қилганлиги, ушбу мақом ўша шахсга тааллуқли бўлганига қарамай, ўзиники қилиб эгаллаб олгани тўғрисида бирон-бир Қуръоний далилингиз борми?! Сизлар жуда катта айбловни кўтариб чиққансиз ва бунинг учун бир кун келиб жавоб бершингиз керак бўлади!»

Биринчидан, сиз маърузангизнинг мавзусини бирданига ўзгартириб шиаларга қарши ҳужум қилишга ўтишингиз, ўз ақийдангизда мутаассиб эканлигингизни яққол намоён этади. Бундан ташқари, сизнинг шиаларга қарата: «Сизлар жуда катта айбловни кўтариб чиққансиз ва бунинг учун бир кун келиб жавоб бершингиз керак бўлади!» деб айтишингиз эса, ўзингиз иддао қилган ваҳдат ва бирдамликка уйғун келмайди. Мусулмонлар ўртасида ваҳдат ва бирдамлик яратиш тарафдори бўлган киши бундай сўзламайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг Ислом Умматига раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиш мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг қатъий ва инкор этиб бўлмас ҳақ-ҳуқуқи бўлиб, бу борада Пайғамбаримиздан кўп ҳадис ва кўрсатмалар баён қилинган, улар мусулмонлар онгида ўрнашган бўлган. Лекин шунга қарамай, Абу Бакр ўзининг ҳамфикрлари бўлмиш Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда бин Жарроҳ билан биргаликда Умматга раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиш мансабини эгаллаб олиш учун макру ҳийла билан режа тузиб, дастлаб Сарвари оламнинг вафотларини инкор этишди, сўнгра «Сақифаи Бани Соида» деган жойга йиғилиб Ансор саҳобалар билан раҳбарлик ва йўлбошчилик устида тортишишди. Ҳатто улар мансаб устида тортишиш ва талашиш жараёнида бир-бирлари билан солишишдан ҳам қайтишмадилар. Бундай дардли воқеаларни бизнинг эмас, сизнинг тарихнавис олимларингиз ёзиб қолдиришган-ку! Наҳотки сиздек олим одам бундан бехабар бўлса-я!! Маълумот учун қуйидаги мақолаларга мурожаат қилишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/09/sa-ifai-bani-soida-vo-easi-1.html

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/09/sa-ifai-bani-soida-vo-easi-2.html

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/08/rasulullo-s-a-o-vafotlarining-inkor-e.html

Учинчидан, Абу Бакр ва унинг ҳамфикрлари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг халифалик ва раҳбарлик лавозимини қўлга киритиш учун ул ҳазратнинг дилбандлари ва жигаргўшалари бўлган бутун оламлар аёлларининг сарвари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ва амирул-мўминин ҳазрати Али (алайҳис салом)ларнинг уйларига бостириб киришди ва уйдагиларнинг қўлларига кишан солиб Абу Бакрга мажбуран байъат қилдириш учун унинг ҳузурига олиб боришди. Ҳаттоки улар ўз мақсадларига етиш йўлида Сарвари коинот дилбандларининг уйини ёқиб юбориш ва ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)га шикаст етказиб ул ҳазратни жароҳатлантишдан ҳам қайтишмади. Ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) оталаридан айрилиқ дарди устига улардан кўрган зулм ва зарбалар туфайли кўп ўтмай (Сарвари олам вафотларидан 75 ёки 95 кун ўтиб) дунёдан кўз юмдилар. Ушбу аянчли воқеа ҳам Аҳли суннатнинг мўътабар ва мўътамад бўлган тарихий китобларида ёзиб қолдирилган! Шайх ҳазратлари, сизнинг ҳам Ислом тарихида рўй берган мазкур воқеа-ҳодисалардан хабарингиз бўлса керак!! Бу борада қуйидаги мақолаларга мурожаат қилишингиз мумкин:

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/09/azrati-fotima-s-a-ning-ujlariga-uzhum-2.html

http://1.najotkemasi.net/index.php?https://najotkemasi.net/2012/09/azrati-fotima-s-a-ning-ujlariga-uzhum.html

Энди Шайх ҳазратлари! «Сизлар жуда катта айбловни кўтариб чиққансиз ва бунинг учун бир кун келиб жавоб бершингиз керак бўлади!», – деб бизга тўнкамоқчи бўлган айбловингизга қатъий жавобимиз қуйидагича:

Сиз бизга қарата айтганингиз айблов эмас, балки минг афсуслар бўлсинки, Ислом тарихида юз берган аччиқ ва дардли воқеа-ҳодисалар бўлиб, уларни бизнинг эмас, сиз Аҳли суннатнинг ишончли тарихнавис олимларингиз ўзларининг тарихий асарларида битиб қолдирганлар. Мисол тариқасида уларнинг айримларини бу ерда келтирамиз;

  1. Ибн Қутайбаҳ Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ» номли китоби, 1-жилд, 11 ва 12-бетлар.
  2. Муҳаммад ибн Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий» номи билан танилган «Тарихул-умами вал-мулук», 11-йил, Ҳадисус – сақифаҳ.
  3. Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний, «Ал-Милалу ван-Ниҳал», Дорул фикр нашрида 45-бет, Дорул маърифаҳ нашрида 1-жилд, 71-бет, Мактабатул ҳилол нашрида эса 1-жилд, 70-бет.
  4. Ибн Абул Ҳадийд, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 2-жилд, 45, 50 ва 56-бетлар, ва 6-жилд, 48 ва 49-бетлар.

Энди биз ҳам сиздан сўрасак бўладими?

Нима учун сиз қабул қилган халифалар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ул ҳазратнинг кўрсатган йўл-йўриқларидан бўйин товлаб Ислом Умматига бошлиқлик ва халифалик қилиш илинжида кўп ноҳақликларга йўл қўйишди?!

Нима учун сиз қабул қилган халифалар мўминлар амири Али (алайҳис салом)ни йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш масъулиятидан четга суриш билан мусулмонларни ҳақиқий рушду ҳидоятдан узоқлаштиришди?!

Шайх Имрон Ҳусайн Ҳазратлари! Бизга берган саволингизни қайтариб сизга ҳам берсак, нима деб жавоб берасиз?

Сиз ўзингиз Қуръоннинг қайси бир муҳкам оятларига асосланиб фиқҳий йўналишда Ҳанафий ё Шофеий ёки Моликий ёхуд Ҳанбалий мазҳабларидан бирини танлагансиз? Ёки қайси бир муҳкам оятга биноан ақийдавий йўналишда Ашъарий ёки Мотрудий ақийда тизимини ўзингиз учун тўғри деб қабул қилгансиз?! Танлаган мазҳаб ва ақийдангиз тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръоннинг муҳкам оятларидан, муташобиҳ оятларидан эмас далил келтиринг-чи!!

Аҳли суннатнинг фиқҳий мазҳаблари орасида ҳамда Ашоира, Мўътазила, Мотрудия ва кейинчалик Салафийлик ақийда тизимлари ўртасида турли мавзулар устида баҳслашув ва тортишувлар борлигидан хабарингиз бўлса керак!! Уларнинг ҳар бири ўзларини тўғри эканликларини исботлашга ҳаракат қилишади ва бу борада айрим оятларни далил қилиб ҳам келтиришади.

Ушбу сунний олим сўзининг ниҳоясида шиаларни кофирга чиқарадаган кимсалар хусусида ҳам шундай дейди:

«Ҳаттоки шиаларни кофирга чиқарадаган кимсалар ҳам ўзларининг даъволари тўғри эканлигини исботлаш учун Қуръоннинг Муҳкамот оятларидан далил келтирсинлар, Муташобиҳот оятларидан эмас. Келинглар, Қуръоннинг ўзидан тўғри эканлигингиз учун менга далил келтиринглар. Аммо сизлар бундай далилни келтира олмагайсиз, нимага деганда, шилар мусулмондирлар ва олдин ҳам мусулмон бўлганлар. Бунга далил, улар минг йил, балки ундан ҳам кўпроқ йил олдин Ҳаж амалини бажаришга Маккага келишларидир ва ҳеч ким уларни бу ишдан ман этмаган. Агар шиалар кофир бўлганида эди, уларга Ҳаж амалларини бажариш учун рухсат берилмаслиги керак эди».

Жавобимиз пировардида Покистонлик Шайхнинг шиалар мусулмон эканини таъкидлаб айтганини қадрлаб шуни ҳам қўшимча қиламиз:

Шиаларнинг мусулмон эканига нафақат ҳар йили Ҳаж амалини бажариш учун Маккага келишлари, балки бошқа мазҳабдаги мусулмонлар қатори шиалар ҳам Аллоҳ таолога, Унинг йўллаган барча пайғамбарларига, хусусан сўнггиси ва энг шарафлиси бўлган Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва ул зотга нозил бўлган илоҳий Китоб – Қуръони Каримга ҳамда қиёмат кунига иймон ва ишончга эга бўлганликлари ва шунингдек ҳар куни беш вақт Каъбаи Муаззама томон номоз ўқишлари, моҳи шарифи Рамазонда бир ой рўза тутишлари, закот беришлари ва ҳоказолар шиаларнинг мусулмон ва Ислом аҳлидан эканлигига очиқ-ойдин далилдир.

Кўрсаткичлар:

[1]. Бу борада чуқурроқ маълумот олиш учун «Иҳқоқул Ҳақ», «Ал-Ғадийр», «Ал-Мурожаот» ва «Далоилус- сидқ» китобларига мурожаат қилишингиз мумкин.

[2]. «Ғадийр» сўзи арабчада «кўл» маъносини англатади. «Ғадийри Хум»нинг маъноси Хум номли кўл бўлиб, ҳожилар ҳаж сафаридан қайтаётганларида ўша ерда тўхтаб дам олганлар

Ушбу жавоб мақоланинг матни:

shubhalarga-javoblar

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.