Home / Долзарб мавзулар / Мусиқа ва Ислом / Мужтаҳидларимизнинг «Ғино» оҳангидаги мусиқа ҳақидаги фатволари

Мужтаҳидларимизнинг «Ғино» оҳангидаги мусиқа ҳақидаги фатволари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ушбу мақоламизда мусиқа, қўшиқ ва ашуланинг маъно-моҳиятини турли қарашлар асосида ўрганиб чиқиб унинг турли қирраларини баён қилгач, энди сўзимиз пировардида мусиқа тинглаш масаласининг ҳукмини тақлид маржаълари бўлган мужтаҳидларимизнинг фатволари асосида кўриб чиқамиз:

1. Савол: Қандай мажлисга бемаъни ўйин-кулги мажлиси дейилади?

Жавоб: Айшу ишрат, нафсоний ҳою ҳавас йўлидаги ўйин-рақс учун барпо этилган ва диндорлар наздида гуноҳ ҳисобланган мажлисга «бемаъни ўйин-кулги мажлиси» дейилади. Мана шундай мажлисга муносиб келадиган шаклда чалинган мусиқани тинглаш ҳаромдир.

Манба: Оятуллоҳ Макорим Широзий, Истифтоъот китоби, 2-жилд, 704-савол; шунингдек, Оятуллоҳ Баҳжат, Тавзийҳул масоил китоби, турли масалалар бобидаги 20-масала.

2. Савол: Агар мусиқани эшитганда одамга ҳеч қандай таъсир қилмаса-да, яна ҳам эшитиш ҳаромми?

Жавоб: Барча мужтаҳидларнинг фатволарига биноан, агар юқорида айтилганидек ҳаром мусиқалар туридан бўлса, унда тинглаш жоиз эмас, агарчи таъсир қилмаса ҳам.

Манба: Оятуллоҳ Мусавий Хумайний (Имом Хумайний), Истифтоъот китоби, 3-жилд, Турли саволлар боби, 110-савол.

3. Савол: Бизни никоҳ тўйи ва шунга ўхшаш маросимларга таклиф қилишди. Тўй давомида қўзғатувчи ва ҳаяжонлантирувчи мусиқалар чалинди. Шу пайт, вазифамиз нима? (нима қилишимиз керак?)

Жавоб: Ҳамма мужтаҳидларнинг фатволарига биноан, агар таъсир қилишнинг эҳтимоли бўлса, шароит муҳайё бўлиши билан наҳйи мункар қилинг (бу гуноҳ ишдан қайтаринг) агар мажлисдагилар сизнинг сўзингизни қабул қилмасалар ҳамда сизнинг у ердаги иштирокингиз ҳаром мусиқани тинглашга ёки ушбу гуноҳни тасдиқлашга сабаб бўладиган бўлса, у ҳолда сиз мажлисни тарк этишингиз зарур. Илло тарк этган тақдирда қийинчилик ва машаққат туғиладиган бўлса, у ҳолда мажлисни тарк этмаслик жоиздир.

Манба: Оятуллоҳ Макорим Широзий, Истифтоъот китоби, 1-жилд, 1160-савол ва қолган мужтаҳидларнинг фатволари ҳам худди шундайдир.

4. Савол: Автобусда кетаётганда баъзан қўзғатувчи ва ҳаяжонлантирувчи тарона ва қўшиқлар қўйилади ва ҳайдовчига айтишнинг ҳам фойдаси йўқ. Шундай пайтда қўшиқ тинглаб боришнинг ҳукми қандай?

Жавоб: Агар ҳайдовчига наҳйи мункар қилганда қабул қилмайдиган бўлса ҳамда сиз ҳаром мусиқани тинглашингизга ёки ушбу гуноҳни тасдиқлашингизга сабаб бўладиган бўлса, унда автобусдан тушишингиз керак, лекин агар таронанинг садоси онгсиз равишда қулоғингизга келиб турса, бунинг айби йўқдир.

Манба: Оятуллоҳ Макорим Широзий, Истифтоъот китоби, 1-жилд, 1160-савол ва қолган мужтаҳидларнинг фатволари ҳам худди шундайдир.

Манба: Барча тақлид маржаъларининг муассасаларидан сўраб олинган фатво (истифто) асосида.

5. Савол: Баъзан радио ва телевидиния ҳамда бошқа аудио қурилмаларидан шундай қўшиқлар узатиладики, менинг фикримча, улар айшу ишрат ва ўйин-кулги йиғинларига муносибдир, ҳолбуки, бошқаларнинг нигоҳида бундай эмас. Шундай ҳолда мен уларни тинглашдан қайтарсам бўладими?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан, сизга ўша қўшиқларни тингламаслик вожибдир, аммо бошқаларни бундан қайтариш улар ҳам ҳаром деб билишларига боғлиқ.

Манба: Оятуллоҳ Фозил Ланкароний, Жомиъул масоил китоби, 1-жилд, 929-савол ва қолган мужтаҳидларнинг фатволари ҳам худди шундайдир.

6. Савол: Талабалар ётоқхонасида ҳаром мусиқани тинглайдиганлар билан қандай муомала қилиш керак?

Жавоб: Таъсир қилишнинг эҳтимоли бўлганда ҳамда шароит муҳайё бўлиши билан наҳйи мункар қилинг (бу гуноҳ ишдан қайтаринг) агар улар қабул қилмасалар, ўзингиз уни тинглашдан сақланишингиз вожибдир.

Манба: Барча тақлид маржаъларининг муассасаларидан сўраб олинган фатво (истифто) асосида.

7. Савол: Ҳаром мусиқани аниқлашнинг мезони умум одамларнинг назарими ёки шахснинг ўзими?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан, умум диндорлар ташхиси ва халқ наздидаги умумий урф-тушунча мезон ҳисобланади, шахснинг ўзи эмас.

Манба: Оятуллоҳ Макорим Широзий, Истифтоъот китоби, 2-жилд, 659-савол.

8. Савол: Анъанавий, классик, маҳаллий, поп ва ҳоказолар каби мусиқа турлари ўртасида ҳукм жиҳатидан фарқ борми?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан, мусиқа турлари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ ва мусиқа тинглаш ҳаром этилганининг мезони унинг «мутриб», яъни ҳаяжонлантирувчи, қўзғатувчи ҳамда бемаъни ўйин-кулгига хос шаклда бўлишидир. Демак, ҳар қандай мусиқа урф нигоҳида айшу ишрат ва маишатбозлик мажлисларига муносиб бўлган «мутриб» ҳолдаги ўйин-кулгига хос мусиқа бўлса, у ҳолда ҳаром мусиқа ҳисобланади, хоҳ классик мусиқа бўлсин ёки классик бўлмасин фарқ қилмайди ва мавзуни (ҳаром мусиқани) аниқлаб олиш эса мукаллаф (балоғат ёшидаги шахс)нинг урфий назарига юклатилган. Аммо агар мусиқа бундай шаклда бўлмаса, у ҳолда ўз-ўзидан ҳаром эмасдир.

Манба: Оятуллоҳ Хоманаий, “Ажвибатул истифтоъот” китоби, 1128-савол; шунингдек, Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Истифтоъот” китоби, 1-жилд, 527-савол.

9. Савол: Мусиқанинг «мутриб ва беҳуда-бемаъни бўлиши» дегани нимани англатади?

Жавоб: Одам куй, ашула ва қўшиқ эшитиш таъсирида унинг нафсида пайдо бўладиган ҳамда уни мўътадил ва мувозанатли ҳолатдан чиқариб юборадиган ақлнинг енгил-елпи ҳолатига «мутриб» дейилади. Бу фақат қувончли ва қувноқ ҳолатга чекланибгина қолмай, ғамгин ва қайғули куй-қўшиқларни ҳам ўз ичига олади.

Ашуланинг «беҳуда» ва «бемаъни» бўлишидан мурод чалинган оҳанг ва қўшиқнинг айш-ишрат ва бузғунлик мажлисларига муносиб ва уйғун келишидир. Фуқаҳо ва тақлид маржаъларининг деярли ҳаммалари «беҳуда» ва «бемаъни» бўлишни ҳаром мусиқанинг асосий бўлаги ва шарти деб биладилар. Демак, икки хусусиятга эга бўлган мусиқа, яъни «мутриб»; ҳаяжонлантирувчи ва қўзғатувчи ҳамда «беҳуда» ва «бемаъни» бўлган ва бир сўз билан айтганда, «Ғино» оҳангига эга бўлган ҳар қандай қўшиқ, ашула, тарона ва куй ШАРИАТИ ИСЛОМИЯда ҲАРОМ қилинган.

Бироқ чиройли ва дилкаш товушни мутлақо ҳаром деб билиш инсон фитрати ва ақлига тўғри ва уйғун келмайди ва шунингдек, бундай нигоҳ Қуръонни чиройли товуш билан ўқишга буюрган ҳадисларга ҳам мухолифдир. Шунинг учун ҳаром деганда, махсус оҳангда куйланган қўшиқ ва ашула назарда тутилади ва юқорида келтирилган ҳадиси шарифлардаги «ботил» ёки «беҳуда» ва «бемаъни» деб келтирилган иборалардан ҳаром этилган қўшиқ, оҳанг ва куйлар турининг мезонини қўлга кирита оламиз.

Манба: Мужтаҳидларнинг “Тавзийҳул масоил” китоблари, 2-жилд, 813 ва 913-бетлар; “Масоили жадид” 1-жилд, 47-бетдан у ёғи; Саййид Мужтабо, “Талабалар рисоласи” 640 шаръий саволларга жавоблар, 171-бет.

10. Савол: Қўшиқ ва тароналарни дискка ёзиб тарқатиш ва уни олиб сотиш билан шуғулланиш ҳамда мусиқа асбобларини уйда сақлашнинг ҳукми нима?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан, агар ҳаром мусиқа туридан бўлса, у ҳолда олди-сотди билан шуғулланиш ҳамда ундан тушган даромад ҳаромдир.

Мусиқа асбоблари ҳам агар фақат ҳаром ва беҳуда-бемаъни ашула ва қўшиқлар чалишга хос бўлса, унда бундай мусиқа асбобларини уйда сақлаш жоиз эмас ва уларни йўқ қилиш керак. Аммо ҳалол манфаати ҳам бўлган, фақат ҳаром тароналар чалишга хос бўлмаган муштарак чолғу асбобларини эса уйда сақлашнинг айби йўқдир.

Манба: Оятуллоҳ Хоманаий, “Ажвибатул истифтоъот” китоби, 1165 ва 1166-саволлар; Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Истифтоъот” китоби, 2-жилд, 812-савол ва 1-жилд, 518-савол; Мужтаҳидларнинг “Тавзийҳул масоил” китоби, 2055 ва 2067 ва 2068-масалалар; Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний, “Тавзийҳул масоил” 2063 ва 2075 ва 2076-масалалар; Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний, “Тавзийҳул масоил” 2051 ва 2062 ва 2063-масалалар.

11. Савол: «Ғино»нинг ҳукми овозга тегишлими ёки ашулада айтиладиган сўзнинг маъно-мазмунига тегишли ёхуд иккаласига ҳамми?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан (Оятуллоҳ Систоний ва Табризий бундан мустасно), «Ғино»нинг ҳукми овозга тааллуқлидир ва сўзнинг маъно-мазмуни ҳеч қандай рол ўйнамайди.

Манба: Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Истифтоъот” китоби, 2-жилд, 701 ва 703-саволлар; Оятуллоҳ Хоманаий, “Ажвибатул истифтоъот” китоби, 1150-савол; Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний, “Минҳожус-Солиҳийн” 3-жилд, 17-масала; Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний, “Тавзийҳул масоил” (янги масалалар қисми) Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний, “Ҳидоятул ибод” 1-жилд, 1697-масала; Оятуллоҳ Баҳжат, “Васийлатун-Нажот” 1-жилд, 1449-масала; Оятуллоҳ Фозил Ланкароний, “Жомиъул масоил” 1-жилд, 978-савол.

Оятуллоҳ Систонийнинг фатволарига биноан, «Ғино»нинг ҳукми ҳар иккаласига ҳам тааллуқлидир. Агар «Ғино» оҳангидаги сўзнинг маъноси ботил (пуч ва маъносиз) бўлса, у ҳолда бундай ашулани куйлаш ва тинглаш ҳаромдир. Ва агар мазкур сўзнинг маъноси тўғри ва рост бўлса, унда эҳтиёти вожибга кўра бундай қўшиқни куйлаш ва тинглаш жоиз эмасдир. Илло «Ғино» оҳангидаги калом Қуръон, дуо ва зикр бўладиган бўлса, у ҳолда биринчи айтилган ҳукмга эга бўлади, яъни ҳаром бўлади.

Манба: Оятуллоҳ Саййид Али Систоний, “Минҳожус-Солиҳийн” 2-жилд, 20-масала.

Оятуллоҳ Табризийнинг фатволарига кўра ҳам, «Ғино»нинг ҳукми ҳар иккаласига ҳам тааллуқлидир. Агар «Ғино» оҳангидаги сўзнинг маъноси ботил (пуч ва маъносиз) бўлса, у ҳолда бундай ашулани куйлаш ва тинглаш ҳаромдир. Ва агар мазкур сўзнинг маъноси тўғри ва рост бўлса, унда эҳтиёти вожибга кўра жоиз эмасдир.

Манба: Оятуллоҳ Мирзо Жавод Табризий, “Сиротун-Нажот” 5-жилд, 1151 ва 1162-саволлар; Саййид Мужтабо Ҳусайний, “Талабаларнинг савол-жавоблари, мусиқа ҳукмлари” китобидан фойдаланилди.

12. Савол: Эр-хотинлар бир-бириларига нисбатан истак ва иштиёқлари ошиши учун улар мусиқа тинглай оладиларми?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан, Шариатда ҳаром бўлган мусиқани тинглаш жоиз эмас ва фақат турмуш ўртоғига нисбатан хоҳиш-истакни ошириш мусиқа тинглаш учун шаръий рухсат ҳисобланмайди.

Манба: Оятуллоҳ Хоманаий, “Ажвибатул истифтоъот” китоби, 1153-савол ва қолганлар.

13. Савол: Аёлнинг тунги тўй маросимларида «Ғино» оҳангида қўшиқ ва ашула айтиши жоизми?

Жавоб: Барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан (Оятуллоҳ Систоний ва Макорим Широзий бундан мустасно), агар аёл куйлайдиган қўшиқнинг маъно-мазмуни ботил бўлмаса, у ҳолда унинг ашула айтиши жоиздир.

Манба: Оятуллоҳ Имом Хумайний, “Таҳрийрул васийла”, 1-жилд, (Макосиби Муҳаррама) 13-масала; Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний, “Минҳожус-Солиҳийн” 3-жилд, 17-масала; Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний, “Ҳидоятул ибод” 1-жилд, 1698-масала; Оятуллоҳ Баҳжат, “Васийлатун-Нажот” 1-жилд, 1449-масала; Оятуллоҳ Фозил Ланкароний, “Жомиъул масоил” 1-жилд, 997-савол. Оятуллоҳ Нурий Ҳамадонийнинг муассасаларидан олинган фатво; Оятуллоҳ Мирзо Жавод Табризий, “Истифтоъот” китоби, 1057-савол ва “Ват-Таълиқаҳ ъала Минҳожус-Солиҳийн” (Макосиби Муҳаррама) 17-масала.

Аммо Оятуллоҳ Саййид Али Систоний ва Оятуллоҳ Макорим Широзийнинг фатволарига биноан, аёлнинг ашула айтиши (ҳар қандай ҳолда) эҳтиёти вожибга кўра жоиз эмасдир.

Манба: Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Истифтоъот”, 1-жилд, 523-савол; Оятуллоҳ Саййид Али Систоний, “Минҳожус-Солиҳийн” 2-жилд, 22-масала. Саййид Мужтабо Ҳусайний, “Талабаларнинг савол-жавоблари, мусиқа ҳукмлари” китобидан фойдаланилди.

Эслатма: Мужтаҳидларимизнинг фатволари мажмуидан келиб чиқиб шуни ҳам қўшимча қилиш лозимки, аёлнинг тўй кечасида қўшиқ куйлаши, унинг овозини бегона ва номаҳрам эркаклар эшитмаган ҳамда ашулани беҳуда ва бемаъни оҳангда айтмаган тақдирдагина жоиз бўлади.

14. Савол: Баъзи хусусий ва давлат таълим муассасаларида мусиқа ва қўшиқ айтиш услублари таълим берилади. Исломда қўшиқ айтишни ҳамда мусиқа асбобларини чалишни ўргатиш қандай ҳукмга эга?

Жавоб: «Беҳуда» ва «бемаъни» ўйин-кулгига хос бўлган мусиқа ва қўшиқларни ўргатиш, ўрганиш ва шу йўл билан даромад касб қилиш ҳаромдир ва бу эса фасод ва бузуқликнинг кўринишларидан бўлиб, ундан сақланиш вожибдир.

Шунингдек, барча тақлид маржаъларининг фатволарига биноан (Оятуллоҳ Баҳжат ва Софий Гулпойигоний бундан мустасно), «беҳуда» ва «бемаъни» ўйин-кулгига хос бўлган чолғу асбоб-воситаларини чалишни ўргатиш ва ўрганиш жоиз эмас, лекин агар муштарак мусиқа асбобларидан бўлса, унда ҳалол ва тўғри фойдаланиш мақсадида бу иш жоиздир.

Манба: Оятуллоҳ Имом Хумайний, “Истифтоъот”, 2-жилд, (Макосиби Муҳаррама) 26-масала; Оятуллоҳ Саййид Али Систоний, “Минҳожус-Солиҳийн” 2-жилд, 11-масала; Оятуллоҳ Макорим Широзий, “Истифтоъот”, 2-жилд, 711-савол; Оятуллоҳ Хоманаий, “Ажвибатул истифтоъот”, 1145-савол; Оятуллоҳ Фозил Ланкароний, “Жомиъул масоил” 1-жилд, 992-савол; Оятуллоҳ Мирзо Жавод Табризий, “Истифтоъот” 1078-савол; Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний ва Оятуллоҳ Нурий Ҳамадонийнинг муассасаларидан олинган фатво асосида.

Аммо Оятуллоҳ Баҳжат ва Оятуллоҳ Софий Гулпойигонийларнинг фатволарига биноан, «беҳуда» ва «бемаъни» бўлган мусиқа асбобларини чалишни ўргатиш ва ўрганиш ҳаромдир.

Манба: Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний, “Жомиъул аҳком” 1-жилд, 1005, 1007, 1020 ва 1018-саволлар; Оятуллоҳ Муҳаммад Тақи Баҳжатнинг муассасаларидан сўраб олинган фатво асосида.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Жаҳон олимлари нуқтаи назаридан мусиқанинг зарарлари

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Таниқли француз олими ва ёзувчиси Виктор Гюго, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.