Home / Шариат қонунлари / Рўза / РАМАЗОН ОЙИДА РЎЗА ТУТИШ ҲАҚИДА

РАМАЗОН ОЙИДА РЎЗА ТУТИШ ҲАҚИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кириб келган Шарофатли, Мағфиратли, Фазилатли, Баракотли ва Муборак ой, ойларнинг энг афзали бўлган Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин.

Ушбу ойда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бандаларининг гуноҳларини кечириб Ўзининг раҳматига сазовор қилади. Ҳақ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримнинг Бақара сураси 183 ва 184-оятларида қуйидагича марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

«Сизлардан аввалги умматларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза тутмоқ фарз қилинди. Шоядки сизлар [рўза тутиш билан нафсларингиз устидан ғолиб келиб] тақводор бўлсангиз».

أَيَّامًا مَّعْدُودَاتٍ ۚ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ ۚ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ ۖ فَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَّهُ ۚ وَأَن تَصُومُوا خَيْرٌ لَّكُمْ ۖ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

«Сизлар Рамазон ойининг саноқли кунларида рўза тутинглар. Сизлардан ким бемор бўлса ёки сафарда бўлса, бас, [шундай киши Рамазон ойида рўза тутмаган кунларининг] саноғича Рамазондан бошқа кунларда рўза тутиб беради. [Кексалик ёки заифлиги сабабли] рўза тутишга қуввати етмай машаққат чекадиган кишилар зиммасида бир мискин-бечоранинг таоми миқдорида фидя бериш бор. Кимки ўз ихтиёри ила зиёда яхшилик қилса [нафл тариқасида белгиланган миқдордан кўпроқ фидя бераса ёки рўза билан таомни жам қилса, яъни ҳам рўза тутиб ҳам таом берса], бу иш ўзи учун яхшидир [ундай одамга зиёда ажр берилади]. Рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир, агар билсангиз эди».

Шунингдек Қуръони Каримнинг Бақара сураси 185-оятида бу борада шундай марҳамат қилади:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَىٰ وَالْفُرْقَانِ ۚ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ ۖ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ ۗ يُرِيدُ اللَّـهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّـهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

«Рамазон ойи шундай ойдирки, унда Қуръон нозил қилинди. У ҳидоятнинг очиқ-равшан далиллари ва ҳақни ботилдан ажратувчи восита билан одамларни тўғри йўлга бошловчи китобдир. Бас, сизлардан ким бу ойга етса, рўза тутсин. Ва ким бемор ёки сафарда бўлса, у ҳолда [рўза тутолмаган кунларининг] саноғича бошқа кунларда қазосини тутиб берсин. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини хоҳламайди. Токи сизлар [Рамазон ойида узрли ҳолда рўза тутмаган кунларингизнинг] саноғини тўлдирингиз ва сизларни ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғлаб ёдга олингиз. Шоядки сизлар [Худонинг бу фазл-марҳаматларига] шукр қилсаларингиз».

Шайх Аббос Қумий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг «Мафотиҳул жинон» номли китобида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилишича, Рамазон ойида Рўзадор одамнинг олган ҳар бир нафасига тасбеҳ савоби, уйқусига ибодат савоби, Қуръони Каримдан ўқиган ҳар бир ояти учун Қуръони Каримни бошқа ойларда тўлиқ ўқиганлик савоби берилади. Шунингдек, қилган тавбаси Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳида мақбул ҳамда қилган дуолари мустажоб бўлади. Ушбу ойда жаннат эшиклари бандаларига очилиб, дўзах эшиклари беркитилади. Шайтон занжирбанд қилинади.

Ҳаммамизга маълумки, бугун бутун ер юзида, жумладан бизнинг диёримизда ҳам ўз таъсирини кўрсатаётган КОРОНОВИРУС пандемияси сабабли мусулмон биродарларимиз ва опа-сингилларимиз орасидан кириб келган муборак Рамазон ойида энди қандай рўза тутаман, овқат емасам иммунитетим пасайиб касал бўламан, шу учун бу йил Рамазонда рўза тутмасам, бу касаллик бартараф бўлганидан кейин қазо рўзаларни тутиб бераман, деганлар учраб турибти. Ундай тоифадаги одамларга юқоридаги оятда жавоб айтилган. Бироқ шундай бўлса ҳам, шуни унутмайликки, агар бемор бўлмасак ва сафарда бўлмасак, рўза тутиш Аллоҳ таоло томонидан ҳаммамизга вожиб қилинган амалдир. Акс ҳолда, тутмаган рўзаларнинг қазо ва каффораси вожиб бўлади.

Рўза шундай амалки, мусулмон киши Ҳақ таолонинг амрини бажариш мақсадида Бомдод намозининг азонидан то кун ботгунигача рўзани ботил қилувчи (бузувчи) амаллардан сақланишдан иборатдир. Рамазон ойи кўриниши билан рўза тутиш вожиб бўлади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди

Share

Check Also

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ МАЪЛУМ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Муборак Рамазон ойида эканлигига барча мусулмонлар ишонадилар ва бу масалада …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.