Home / Шариат қонунлари / Рўза / ҚАДР КЕЧАСИНИНГ МАЪЛУМ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ МАЪЛУМ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    

Қадр кечаси Муборак Рамазон ойида эканлигига барча мусулмонлар ишонадилар ва бу масалада ҳеч қандай шубҳа йўқ. Зеро, Парвардигори олам Қуръони Каримда «Рамазон ойи Қуръон нозил бўлган ойдир» деб марҳамат қилган ва Қадр сурасининг биринчи оятида «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик», деб марҳамат қилинган. Бу оятларни инобатга олиб Қадр кечаси Рамазон ойида эканлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Ҳадиси шарифларга кўра, мусулмонлар барча мушкулларида дуо-илтижога юз тутишлари учун Аллоҳ таоло ижобатни дуолар ўртасида яширган. Одамлар ҳар қандай ҳолатда ўлимни қабул қилишлари учун ўлим вақтини яширган. Қиёмат куни ва Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг зуҳур этиши вақтини айрим риёкор шахслар ундан фойдаланиб қолмасликлари ва мўъминлар ҳам ҳар доим тайёр ва шай туришлари учун яширган.

Ушбу мантиқ асосида Қадр кечаси ҳам махфийдир ва унинг аниқ замони маълум эмас. Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) Қадр кечаси махфийлиги сабабини мўъминлар кўпроқ кечаларни «Қадр кечаси» деб билишлари ва унинг фазилатларини англаш илинжида кўпроқ яхши амалларни қилиб, ёмонликлардан узоқ юриб, Аллоҳга тоат-ибодат қилиш учун кўпроқ интилишларида деб биладилар.

Ул ҳазрат шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло Қадр кечасини сизларнинг диққат-эътиборингизни кўпроқ жалб этиш учун махфий сақлаб қолган. Зеро, агар бу кечани сизлар учун ошкор ва аниқлаб қуйганида, фақат бу кечанинг фазилатлари ва амаллари пайида бўлардингиз ва бошқа кечаларини эса эсдан чиқариб қуярдингиз!»

Қадр кечаси махфий қолганлигининг яна бир ҳикмати шундаки, агар муайян бир кеча «Қадр кечаси» деб белгиланганида эди, айримлар ўша кечани бедор қолиб ибодатда ўтказганликлари туфайли ғурурга берилишлари мумкин эди. Аммо Қадр кечасининг махфийлиги мўъминлар ҳар доим ибодатга чанқоқ бўлишларига сабаб бўлади. Агар Қадр кеча маълум бўлганида, унинг ҳурмат ва азамати унчалик юқори бўлмасди. Зеро, одамлар яширин ва махфий нарсаларни кўпроқ юқори даражада кўрадилар.

Қадр кечасининг қадр-қиймати шу қадар баланд ва юксакки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу кечани тоат-ибодат билан уйғоқ ҳолда ўтказган киши ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

مَنْ أَحْيَى لَيْلَةَ الْقَدْرِ حُوِّلَ عَنْهُ الْعَذابُ إلَى السَّنَةِ الْقَابِلَةِ

«Кимда-ким Қадр кечасини тоат-идодат билан бедор ҳолда ўтказса, келгуси йилга қадар азоб ундан кўтарилади».

Манба: «Иқболул Аъмол», 1-жилд, 345-бет.

Айрим ҳадисларда Пайғамбаримиз қизлари ва бутун аёллар сарвари бўлган ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) Қадр кечасининг сир-асрори эканлиги ва Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг мақом ва мартабасини тушуниб етган киши шубҳасиз, Қадр кечасига етган бўлади, деб айтилган. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

مَنْ عَرَفَ فَاطِمَةَ حَقَّ مَعْرِفَتِهَا فَقَدْ أَدْرَكَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ

«Ким Фотимани ҳақ маърифат-ла [ул ҳазратга лойиқ ва сазовор бўлган маърифат ила] таниса, шак-шубҳасиз, Қадр кечасини идрок этгандир».

 Манба: Аллома Мажлисий «Биҳорул Анвор», 43-жилд, 65-бет.

Азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Қадр кечасини Парвардигори олам томонидан бир илоҳий ато эканини уқтириб, шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ менинг умматимга Қадр кечасини бахш этган ва олдинги бирон уммат ушбу иноятга эга бўлмаган».

Ҳадисларга кўра, Сарвари оламнинг мангу мўъжизаси бўлган Қуръони Каримнинг ҳақиқати тўлиқ ҳолда Қадр кечасида ул ҳазратнинг муборак қалбларига нозил бўлган. Қуръон нозил бўлган кечада ваҳийнинг зилол чашмаси ёнида туриб, жон ва руҳни сероб этиш инсон қалбига ўзгача ҳаловат бахш этади.

Қадр кечасининг бошқа фазилатларидан бири шуки, мўминлар ушбу кечада шайтонлар васвасасидан омон қоладилар ва ғафлат уйқусидан уйғониб ўзларига келиб, чуқур тафаккур қилишни ўрганадилар. Қадр кечасида мўмин инсон маърифатнинг ширин таъмини яна бир бор татиб кўради ва Аллоҳ таоло томон сайр этади.

Бу кеча қадрлаш ва ажр-мукофот олиш кечасидир. Келинг, иллоҳий раҳмат неъматидан баҳраманд бўлиш учун сайъ-ҳаракат қилайлик!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Даҳвул-Арз нима дегани?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    Зул-Қаъда ойининг 25 куни «Даҳвул-Арз», яъни ернинг кенгайиши куни бўлиб, бу кунда Аллоҳ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.