Home / Шариат қонунлари / Рўза / РАМАЗОН ОЙИНИНГ ЙИГИРМА УЧИНЧИ КЕЧАСИ ҲАҚИДА

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ЙИГИРМА УЧИНЧИ КЕЧАСИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    

Шуни айтиш лозимки, Қадр кечаси Рамазон ойида эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

شَهْرُ رَمَضانَ اَلَّذِی اُنْزِلَ فِیهِ الْقُرْآنُ هُدًی لِلْنّاسِ وَ بَیِناتِ مِنَ الْهُدی وَ الْفُرْقانِ

«Рамазон ойи шундай ойдирки, унда Қуръон нозил қилинди. У ҳидоятнинг очиқ-равшан далиллари ва ҳақни ботилдан ажратувчи восита билан одамларни тўғри йўлга бошловчи китобдир»(Бақара сураси, 185-оят)

Қадр сурасида ҳам шундай марҳамат қилган:

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ ﴿١﴾

«Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик».

Юқоридаги икки ояти кариманинг маъносини биргаликда эътиборга олганда қуйидаги хулоса чиқарилади:

Қадр кечаси Рамазон ойидадир. Аммо Рамазон ойининг кечаларидан қайси бири Қадр кечаси эканлиги борасида турли фикрлар ва тафсирлар баён қилинган. Жумладан;

  1. Биринчи кеча Қадр кечасидир.
  2. Ўн еттинчи кеча Қадр кечасидир.
  3. Ўн тўққизинчи кеча Қадр кечасидир.
  4. Йигирма биринчи кеча Қадр кечасидир.
  5. Йигирма учинчи кеча Қадр кечасидир.
  6. Йигирма еттинчи кеча Қадр кечасидир.
  7. Йигирма тўққизинчи кеча Қадр кечасидир.

Аммо ҳадиси шарифларда машҳур ва маълум бўлишича, Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида ва 21 ёки 23-чи кечалардан биридадир.

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма биринчи кечасими ёки йигирма учинчи кечаси деб сўралганда, ул ҳазрат ҳар иккала кечани ҳам тоат-ибодатда ўтказишни буюрадилар ва ҳатто ровий (ҳадисни ривоят қилувчи киши) бу икки кечадан бирини аниқлаб беришларини сўраганда, ул ҳазрат бу икки кечани тоат-ибодат билан нақадар осондир деб айтадилар. Асл ҳадиснинг матнини бу ерда келтирамиз:

عن الحسين بن عبيد الله، عن أحمد بن محمد بن يحيى عن أبيه، عن أحمد بن محمد بن عيسى، عن الحسين بن سعيد، عن القاسم بن محمد عن علي قال: كنت عند أبي عبد الله عليه السلام فقال له أبو بصير: ما الليلة التي يرجى فيها ما يرجى؟ قال: في إحدى وعشرين أو ثلاث وعشرين قال: فإن لم أقو على كلتيهما، قال: مَا أَیْسَرَ لَیْلَتَیْنِ فِیما تَطْلُبُ.

Қосим ибн Муҳаммад Алидан ривоят қилади. Али деди: Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) ҳузурларида эдим. Абу Басир ул ҳазратдан: «Қайси кеча Қадр кечаси деб умид қилинади?» деб сўради. Ул ҳазрат дедилар: «Йигирма биринчи ёки йигирма учинчи кечалардан биридир». Абу Басир яна «Агар ҳар иккаласига ҳам кучим етмаса-чи? Унда қайси бир кечани маҳкам ушлай?» деб сўради айтди. Ҳазрат унга жавобан: «Икки кеча хоҳлаган нарсангиз учун нақадар осондир», деб марҳамат қилдилар.

 Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 94-жилд, 2-бет.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг ёр-асҳобларидан бўлган Абу Ҳамза Сумолий ул ҳазратдан Қадр кечаси қайси кун экани ва бу кечада нималар рўй бериши ҳақида қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:

أحمد بن محمد، عن الحسين بن سعيد، عن القاسم بن محمد الجوهري، عن علي بن أبي حمزة الثمالي قال: كنت عند أبي عبد الله (عليه السلام) فقال له أبو بصير: جعلت فداك الليلة التي يرجى فيها ما يرجى؟ فقال: في إحدى وعشرين أو ثلاث وعشرين قال: فإن لم أقو على كلتيهما؟ فقال: ما أيسر ليلتين فيما تطلب قلت: جعلت فداك ليلة ثلاث وعشرين ليلة الجهني فقال: إن ذلك ليقال، قلت: جعلت فداك إن سليمان بن خالد روى في تسع عشرة يكتب وفد الحاج، فقال لي: يا أبا محمد وفد الحاج يكتب في ليلة القدر والمنايا والبلايا والأرزاق وما يكون إلى مثلها في قابل فاطلبها في ليلة إحدى وعشرين وثلاث وعشرين وصَلِّ في كلِّ واحدةٍ منهما مائةَ ركعةٍ وأحيهما إن استطعت إلى النُّور واغتسل فيهما؛

Мен Абу Абдуллоҳ Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг ёнларида эдим. Абу Басир ул ҳазратга: «Фидойингиз бўлай! Қайси кеча ўша умид қилинадиган Қадр кечасидир?», деб сўради. Ул ҳазрат: «Йигирма биринчи ёки йигирма учинчи кечадир», дедилар. Абу Басир: «Агар ҳар иккаласига ҳам кучим етмаса-чи?», деди. Ҳазрат унга жавобан: «Сен сўраган нарсаларинг баробарида икки кеча нақадар осондир». Мен: «Фидойингиз бўлай! Йигирма учинчи кеча «Жуҳаний» кечасидир», дедим. Ул ҳазрат: «Шундай дейдилар», деб марҳамат қилдилар. Мен: «Фидойингиз бўлай! Сулаймон ибн Холид ўн тўққизинчи кечада Ҳажга борадиганларнинг исмлари ёзилади деб ҳадис ривоят қилган», дедим. Шунда ул ҳазрат менга шундай дедилар:

«Эй Абу Муҳаммад, Ҳаж қилувчиларнинг номлари, ўлим ва мусибатлар, ризқ-рўзлар ва келгуси йил Қадр кечасига қадар содир бўладиган барча воқеа-ҳодисалар Қадр кечасида ёзилади. Демак, уларни йигирма биринчи ва йигирма учинчи кечада Аллоҳ таолодан сўрагин ва у иккала кечанинг ҳар бирида юз ракъат намоз ўқигин. Агар қила олсанг бу икки кечани кун ёришгунча уйғоқ ҳолда ўтказгин ва ўша икки кечада ғусл қилгин».

 Манба: Шайх Кулайний «ал-Кофий», 4-жилд, 156-бет, Исломия чопи.

Бироқ Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси Қадр кечаси эканининг эҳтимоли кўпроқ ва кучлироқ деб айтилган. Зероки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу Муборак ойнинг охирги ўн кунлигида барча кечаларни уйғоқ ҳолда тоат-ибодат ва дуо-муножот билан ўтказардилар ва йигирма учинчи кечага етиб келганда эса аҳли оилаларини ҳам уйқудан уйғотиб тоат-ибодатда қоим бўлишга буюрардилар.

Бу борада мўминлар амири ва тақводорлар пешвоси ҳазрат Али (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

«أنَّ رَسُولَ اللّهِ کَانَ یَطْوِي فِراشَهُ وَ يَشُدُّ مِئْزَرَهُ فِي الْعَشْرِ الاْءَواخِرِ مِنْ شَهْرِ رَمَضانَ وَ کَانَ یُوقِظُ أَهْلَهُ لَیْلَةَ ثَلَاثٍ وَ عِشْرینَ وَ کَانَ یَرُشُّ وُجُوهَ النِّیامِ بِالْمَاءِ فِي تِلْکَ اللَّیْلَةِ»

«Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тўшакларини йиғиштириб қўйиббелларини [Аллоҳ таолога ибодат ва итоатда қоим бўлиш учун] Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида маҳкам боғлар ва аҳли оилаларини ҳам йигирма учинчи кечада уйқудан уйғотар ва бу кечада уйқуга кетганларнинг юзига сув сепар эдилар, [токи Қадр кечасининг файзу баракотидан маҳрум бўлиб қолмасинлар]».

 Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 94-жилд, 10-бет.

Пайғамбаримизнинг жигаргўшалари, аёллар сарвари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) Рамазон ойининг йигирма учинчи кечасига алоҳида эътибор қаратардилар:

وكانت فاطمة عليها السلام لا تدع أحدا من أهلها ينام تلك الليلة وتداويهم بقلة الطعام، وتتأهب لها من النهار، وتقول: محروم من حرم خيرها.

Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ўша кеча [йигирма учинчи кеча] фарзандларидан бирортасини ухлашга қўймасдилар, уларни кам таом ейишга чақирар, ўша кеча учун кундуздан тайёргарлик кўрар шундай дердилар:

«Ҳақиқий маҳрум бу кечанинг хайру баракотидан маҳрум бўлган кишидир».

 Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 94-жилд, 10-бет.

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан ривоят қилинган қуйидаги саҳиҳ ҳадис ҳам йигирма учинчи кеча Қадр кечаси эканлигининг эҳтимоли кўпроқ ва кучлироқ бўлганини кўрсатади:

«التَّقديرُ في لَيلَةِ تِسعَ عَشرَةَ و الإبرامُ في لَيلَةِ إحدي و عِشرينَ و الإمضاءُ في لَيلَةِ ثلاثَ و عِشرينَ»

«[Рамазон ойининг] ўн тўққизинчи кечасида қисмат-тақдиротлар белгиланади, йигирма биринчи кечасида мустаҳкамланади ва йигирма учинчи кечасида эса имзоланади».

 Манба: Шайх Кулайний «ал-Кофий», 4-жилд, 159-бет.

Марҳум Шайх Тусий Яҳё ибн Алодан нақл қилиб келтиради; Яҳё ибн Ало айтади:

عن أحمد بن عبدون، عن علي بن محمد بن الزبير، عن علي بن الحسن ابن فضال، عن العباس بن عامر، عن أحمد بن رزق الغمشاني، عن يحيى بن العلا قال: كان أبو عبد الله عليه السلام مريضا مدنفا فأمر فأخرج إلى مسجد رسول الله صلى الله عليه وآله فكان فيه حتى أصبح ليلة ثلاث وعشرين من شهر رمضان.

«Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) қаттиқ касал бўлгандилар. Ул ҳазрат атрофидагиларга ўзларини Расулуллоҳ (с.а.о) Масжидларига олиб боришларини буюрдилар. Сўнг ул зот у ерда Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси тонг отгунига қадар тоат-ибодатда қоим бўлдилар».

 Манба: Аллома Мажлисий «Биҳорул Анвор», 94-жилд, 4-жилд.

Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг ушбу амаллари ҳам Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси Қадр кечаси эканлигининг эҳтимоли кўпроқ ва кучлироқ бўлганидан дарак беради.

Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақларида шундай марҳамат қилганлар:

«کانَ أميرُ المؤمِنینَ لا یَنامُ ثَلاثَ لَیالٍ: لَيلَةَ ثَلاثَ و عِشرينَ مِن شَهرِ رَمَضانَ و لَيْلَةَ الفِطرِ و لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ وَ فِیهَا تُقْسَمُ الْأرْزَاقُ وَ الْآجَالُ وَ مَا يَكُونُ فِي السِّنَةِ»

«Мўминлар амири Али (алайҳис салом) уч кечада ухламасдилар: Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси, Фитр (Рамазон ҳайити) кечаси ва Шаъбон ойи яримининг кечаси. Зеро, бу кечаларда ризқ-рўзилар, ажаллар ва йил давомида рўй берадиган нарсалар (воқеа-ҳодисалар) тақсимланиб белгиланади».

Манба: «Мисбоҳул Мутаҳажжид ва Силоҳул Мутаъаббид», 2-жилд, 853-бет.

Айтилганларга қўшимча, Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигида мўминлар амири ва тақводорлар пешвоси ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлишлари каби ўта таъсирли ва дардли воқеанинг рўй бериши шиалар наздида ушбу кечаларнинг аҳамиятини янада оширган. Улар бу кечада (йигирма учинчи кечада) Қадр кечасига хос бўлган амалларни бажариш билан бирга у буюк Имом учун аза тутадилар.

Пайғамбаримиз Аҳли Байтларидан бизга етиб келган кўплаб ҳадисларда Қадр кечаси хусусида кўпроқ Рамазон ойининг йигирма учинчи кечага таянилган, ваҳоланки Аҳли суннат китобларида ривоят қилинган ҳадисларда эса кўпроқ «йигирма еттинчи кеча» Қадр кечаси экани айтилади.

Сўзимиз ниҳоясида ушбу ҳақиқатни эслатиб ўтамиз. Нуроний Қадр кечасида бир қатра мисоли иллоҳий уммонга қўшилайлик ва аввалидан тонг палласигача Аллоҳнинг баракоти лиммо-лим тўлган бу муборак тунда Аллоҳ таолодан дунё ва охиратнинг энг олий эзгуликларини илтижо қилиб сўрайлик. Муборак Рамазони шариф, айниқса Аллоҳ улуғланган Қадр кечасининг илоҳий файз-баракотидан баҳраманд бўлишдек олий саъодатни Меҳрибон Парвардигор барчамизга насиб айласин!

«Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур» (Зориёт сураси, 55-оят)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди

Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.