Home / Шариат қонунлари / Рўза / ҚАДР КЕЧАСИДА ФУРСАТНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК!

ҚАДР КЕЧАСИДА ФУРСАТНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК!

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    

Қадр кечаси юрак кўзгусини ювиш учун берилган олтин фурсатдир. Яхшиликни ёмонликлар, тинчликни урушлар, эзгуликни зулму ситам, ота онага яхшилик қилиш ва саховатни бахиллик ўрнига қўйиш учун жуда қулай фурсатдир.

Шак-шубҳасиз, Қадр кечаси дуо-илтижо ва ибодат кечасидир. Бандалар оламнинг ягона маъбуди Аллоҳ таоло билан боғланиб, Унга тавба-тазарруъ ва дуо-илтижо қилиш кечасидир. Бу кечада фаришталар замин аҳлига меҳмон бўлишади! Уларга назар солиб, улар билан саломлашади.

Охират уйимиз обод бўлиши учун садоқат билан олдинга қадам ташлаб, эзгу ишларимиз билан ажр-савобимизни оширайлик. Қадр кечасини уйғоқ ҳолда тоат-ибодат билан ўтказайлик. Токи, Аллоҳ таоло исмимизни бахтли-саодатли кишилар қаторида ёзсин, жаҳаннам оловини бизларга ҳаром қилсин! Жаҳаннам олови ҳаром бўлиб, Аллоҳга яқинлашишдан-да улуғроқ бахт-саодат борми киши учун?

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Қадр кечасининг қадр-қиймати нақадар баланд ва юқори эканлиги хусусида Мусо пайғамбар Аллоҳ таолодан сўраганларини баён қилиб шундай марҳамат қиладилар:

 عنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و آله قَالَ:

✍️ Ҳазрат Мусо (алайҳис салом) Аллоҳ таолога юзланиб:

قَالَ مُوسَى‏ إِلَهِي أُرِيدُ قُرْبَكَ

 «Худойим, Сенга яқин бўлишни хоҳлайман», деди.

قَالَ قُرْبِي لِمَنِ اسْتَيْقَظَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ

 Аллоҳ таоло унга: «Менга яқинлашиш Қадр кечасида бедор қолганлар учундир», деб марҳам қилди.

قَالَ إِلَهِي أُرِيدُ رَحْمَتَكَ

✅ Ҳазрат Мусо (алайҳис салом)«Худойим, раҳматингни хоҳлайман», деди.

قَالَ رَحْمَتِي لِمَنْ رَحِمَ الْمَسَاكِينَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ

 Аллоҳ таоло унга: «Менинг раҳматим Қадр кечасида мискин ва муҳтожларга раҳм қилганлар учундир», деб марҳам қилди.

قَالَ إِلَهِي أُرِيدُ الْجَوَازَ عَلَى الصِّرَاطِ

✅ Ҳазрат Мусо (алайҳис салом)«Худойим, қиёмат кунида Сирот кўпригидан ўтиш учун рухсат истайман», деди.

قَالَ ذَلِكَ لِمَنْ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ

 Аллоҳ таоло унга: «Сирот кўпригидан ўтиш рухсати Қадр кечасида садақа чиқарган киши учундир», деб марҳам қилди.

قَالَ إِلَهِي أُرِيدُ مِنْ أَشْجَارِ الْجَنَّةِ وَ ثِمَارِهَا

✅ Ҳазрат Мусо (алайҳис салом)«Илоҳим, жаннат дарахтларини ва унинг меваларини хоҳлайман», деди.

قَالَ ذَلِكَ لِمَنْ سَبَّحَ تَسْبِيحَةً فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

 Аллоҳ таоло унга: «Бу неъматлар Қадр кечасида тасбеҳ айтганлар учундир», деб марҳам қилди.

قَالَ إِلَهِي أُرِيدُ النَّجَاةَ مِنَ النَّارِ

✅ Ҳазрат Мусо (алайҳис салом)«Эй Раббим, дўзах оловидан нажот топишни хоҳлайман», деди.

قَالَ ذَلِكَ لِمَنِ اسْتَغْفَرَ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

 Аллоҳ таоло унга: «Жаҳаннам азобидан нажот топиш Қадр кечасида Мендан мағфират [кечирим] сўраганлар учундир», деб марҳам қилди.

قَالَ إِلَهِي أُرِيدُ رِضَاكَ

✅ Ҳазрат Мусо (алайҳис салом)«Эй Раббим, Сенинг Ризолигингни хоҳлайман», деди.

قَالَ رِضَايَ لِمَنْ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ.

 Аллоҳ таоло унга: «Менинг Розилигим Қадр кечасида икки ракъат намоз ўқиган киши учундир», деб марҳамат қилди.

Манба: Шайх Ҳур Омилий, «Васоилуш-шиа», 8-жилд, 20-бет.

 Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) Қадр кечасининг маъно-моҳияти ҳақида марҳамат қилиб дедилар:

«التَّقديرُ في لَيلَةِ تِسعَ عَشرَةَ و الإبرامُ في لَيلَةِ إحدي و عِشرينَ و الإمضاءُ في لَيلَةِ ثلاثَ و عِشرينَ»

«[Рамазон ойининг] ўн тўққизинчи кечасида қисмат-тақдиротлар белгиланади, йигирма биринчи кечасида мустаҳкамланади ва йигирма учинчи кечасида эса имзоланади».

 Манба: Шайх Кулайний «ал-Кофий», 4-жилд, 159-бет.

🔷 Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом)дан Қадр кечаси ҳақида сўралганда, ул ҳазрат шундай марҳамат қилдилар:

وَ سُئِلَ‌ عَنِ الرِّضَا عَلَيْهِ السَّلَامُ عَنْ لَیْلَةِ الْقَدْرِ «فَقَالَ‌ تَنَزَّلُ فِیهَا الْمَلَائِکَةُ وَ الْکَتَبَةُ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْیَا فَیَکْتُبُونَ مَا یَکُونُ فِی أَمْرِ السَّنَةِ وَ مَا یُصِیبُ الْعِبَادَ وَ أَمْرٌ عِنْدَهُ عَزَّ وَ جَلَّ مَوْقُوفٌ لَهُ فِیهِ الْمَشِیئَةُ فَیُقَدِّمُ مِنْهُ مَا یَشَاءُ وَ یُؤَخِّرُ مِنْهُ مَا یَشَاءُ ﴿يَمْحُو اللَّـهُ وَيُثْبِتُ ۖ وَعِندَهُ أُمُّ الْكِتَابِ﴾‌» (سورة رعد/ آية 39)

«Қадр кечасида фаришталар ва ёзувчилар дунё осмонига тушадилар ва ҳаммалари ўша йилда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни, бандалар бошига тушадиган нарсаларни ва Аллоҳ Азза ва Жалланинг машият-иродасига боғлиқ бўлган ҳар бир ишни ёзадилар. Сўнг Аллоҳ таоло [фаришталар ёзган нарсалардан] нимани хоҳласа, олдинга суради ва нимани хоҳласа, орқага суради. {У маҳв қилур ва собит қилур [қолдирур]. Она китоб Унинг ҳузуридадир} (Раъд сураси, 39-оят)».

 Манба: Шайх Садуқ, «Ман лаа яҳзуҳул фақиҳ», 2-жилд, 59-бет.

Худонинг Қадр кечасида белгиланган баъзи бир қисмат-тақдиротни ўзгартириши бандаларнинг йил давомида қиладиган солиҳ ва эзгу амаллари ёки ёмон амалларига боғлиқдир ва бунга шариати исломияда «Бадо» дейилади. Албатта, бу ўзгарадиган ва ўзгармайдиган нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридаги «Уммул Китоб» Она Китобда тайинлангандир.

Ҳар ҳолда Қадр кечаси қисмат-тақдиротлар белгиланадиган кечадир. Бу кечада ҳар биримиз учун белгиланган яхши ёки ёмон тақдир албатта, йил давомида амалга ошади ва нодир ҳолларда Аллоҳ таолонинг машият-иродаси билан банданинг қилган яхши ёки ёмон амали сабабли айрим тақдирлар ўзгариши мумкин.

Қадр кечасида фурсатни ғанимат билиб Ўз бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмли бўлган Аллоҳ таолодан биз учун энг яхши ва хайрли тақдирни тайин этишини сўрайлик! Зеро, бу кеча Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг дуо ва истагини рад этмайди.

Етукли Ориф Марҳум Саййид Ҳошим Ҳаддод (ризвонуллоҳи алайҳ) дердилар:

Қадр кечасида бедор қолишни қуёш чиққунча давом эттириш керак. Зеро, баъзи илоҳий файз-неъматлар тонг отиш билан кун чиқиш ўртасида бандалар орасида тақсимланади ва агар киши ухласа, ундан маҳрум бўлади.

Агарчи бу маъно йилнинг барча кунларида тўғри бўлса-да, аммо Қадр кунида эса бир неча баробар назарга олинмоғи лозим ва олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан бу ҳақда ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қиладилар:

🔸صبيحة يوم ليلة القدر مثل ليلة القدر فاعمل و اجتهد.

🔹«Қадр кечаси кунининг эрталаби ҳам Қадр кечаси кабидир. Демак, амал қилгин ва тиришгин»

 Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 94-жилд, 11-бет; «Нури Мажаррад» китоби, 2-жилд, 371-бет.

Сўзимиз сўнгида шуни таъкидлаб айтамизки, илоҳий маърифатдан баҳраманд бўлган ва Қадр кечасининг улуғлигини яхши ҳис этадиган кишилар бу муборак кечада қайси амалларни бажаришни яхши билишади. Баъзида бу муборак кечанинг маънавияти инсонга шу даражада таъсир ўтказадиким, унинг афкор ва кирдори, ҳатто унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборади. Қадр кечасини тоат ва ибодат билан уйғоқ ҳолда ўтказган кишилар шак-шубҳасиз, бу муборак кечанинг файзу баракотидан баҳраманд бўладилар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Даҳвул-Арз нима дегани?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    Зул-Қаъда ойининг 25 куни «Даҳвул-Арз», яъни ернинг кенгайиши куни бўлиб, бу кунда Аллоҳ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.