Home / Шариат қонунлари / Рўза / Самовий кеча бўлмиш Қадр кечаси Аллоҳ билан аҳдлашув кечасидир

Самовий кеча бўлмиш Қадр кечаси Аллоҳ билан аҳдлашув кечасидир

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    

Кунлар ўтмоқда. Кўз очиб юмгунимизча йиллар ўтади. Кунлар ортидан яшин тезлигида умримиз ҳам ўтиб кетмоқда. Ҳамиша қаергадир шошамиз ва тиним билмаймиз. Қаерга бораяпмиз ўзи? Мол ортидан чопганлар қачон бойликдан тўядилар ва осойишталик пайида бўлганлар қачон ҳақиқий осойишталикка етадилар? Қудрат, шуҳрат ва инсон нафсининг минглаб бошқа хоҳиш-истакларининг охири борми? Бу чарчаган жисм ва бемор руҳ қачонгача тўймас нафс ортидан югуриши керак? Қани эди Нафс оти бироз ором олсайди ва ўз жиловини Руҳ қўлига топшириб, Руҳ қанчалик осон ҳақиқий саодат чашмаларини топиб инсон вужудини қондиришини кўрсайди.

Бу кеча Руҳнинг ҳаёт булоғидан тўйиб сув ичиши кечасидир. Тафаккур кечасидир. Босиб ўтган йўлларимиз ва келажакдаги режаларимиз устида фикрлаш кечасидир.

Муборак Рамазони Шариф меҳмонлари ушбу ойнинг баракотли кунлари ва кечаларидан ўтиб, энди энг муҳим кечасига, яъни Қадр кечасига етиб келдилар. Минг ойдан афзал ва яхшироқ бўлган кечага!

Энди Парвардигори каримнинг саховатли ва меҳрга тўла зиёфатида янги дастурхон очилди ва инсон жонини меҳмон қилмоқда. Рамазон ойи зиёфатининг эгаси садоқат билан бу кечанинг совғалари тўғрисида берган ваъдаларида гўзал нарсаларни айтган ва уларни бандаларига ато этади.

Бу кечада осмон аҳли ерга тушиб, фаришталар инсонларга салом берадилар. Парвардигори олам каломига қўшилиб, ушбу кечанинг файзидан баҳраманд бўлайлик.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот Аҳли-Байтларидан ривоят қилинган кўпгина ҳадисларда Қадр кечаси Рамазон ойининг ўн тўққиз, йигирма бир ва йигирма учинчи кечаларидан бири экани таъкидлаб айтилган.

Тафсирчи олимлар бу кеча бандаларнинг бир йил давомидаги тақдирлари белгиланадиган кеча бўлгани учун «Қадр кечаси» деб номланганини айтишади. Қадр кечасида кўплаб фаришталар Аллоҳнинг амри билан ерга тушадилар ва ер юзи фаришталар билан тўлади. Шунинг учун бу кечани «Қадр кечаси» деб аташади. Зероки, «Қадр» сўзининг маъноларидан бири тор ва тиқилинчдир ва бу кечада Қуръон бор қадру манзилати ва мартабаси билан Қадр эгаси бўлган фаришта ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) томонидан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак қалбларига тўлиқ ҳолда нозил бўлди.

Албатта, бу билан инсон иродаси ва эрки ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Зеро, фаришталар орқали одамларнинг қобилият ва исдеъдодига қараб уларнинг иймон, тақво, поклик ва амалларига қараб тақдири белгиланади.

Ваъдаю ваъид, инзор ва башорат, жазо ва мукофотга ўхшаган тушунчалар иродаси йўқ инсон учун маъносиздир. Инсоннинг Қадр кечаси ибодат ва дуо-илтижо мажлисларига қатнашишиши инсон иродаси ва эркининг аломатларидандир.

Илоҳий ирода ва машият масаласидаги энг катта хатолардан бири шуки, бир гуруҳ инсонлар ўзларини барча нарсанинг эгаси ҳисоблаб, Аллоҳ таоло барча ишларни Ўз бандаларига топшириб қўйган деб эътиқод қилганлар. Бу ҳолда инсон ҳаётида на савоб, на гуноҳ на масъулият ва на-да ахлоқнинг маъноси ва ўрни қолмайди.

Яна бир гуруҳ мусулмонлар эса инсон қарам ва тобе мавжуд экани ва ҳеч нарсани ўзгартиролмаслиги ҳамда барча нарса олдиндан тақдир қилиб битиб қўйилганини айтишади.

Ҳақиқат эса мана шу икки қарашнинг ўртасида жойлашган. Яъни барча нарсалар қазову қадарга (Аллоҳнинг тақдир қилиб битиб қўйилганига) боғлиқ деган ёки барча нарсанинг ихтиёри бандаларга топширилиб қўйилган деган қарашларнинг ҳар иккаласи хатодир. Айрим ишлар тақдир қилиб белгиланган бўлса, бошқа нарсалар жумладан еб ичиш, юриш, келиш, кетиш ва шунга ўхшаган амаллар бандаларнинг иродасига боғлиқдир, аммо дунёга келиш, дунёдан кетишга ўхшаган ишлар бизнинг иродамизга алоқадор эмас.

Демак, инсон иродаси асосий ўринда туриши ва инсон Парвардигори олам раҳматига эришиш қобилиятига қараб унинг тақдири белгиланади. Ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) мана шу Қадр кечасида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ваҳий келтириб деди:

«Эй Муҳаммад, Қадр кечаси дуо қилган банданинг дуоси жавобсиз қолмайди ва тавбаси қабул бўлмайдиган тавба қилувчи йўқдир».

Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қиладилар:

«Парвардигор Қадр кечасида бу йилдан келаси йилгача бўладиган воқеаларни қисмат қилади, ҳаётдан ўлимгача, яхшию ёмон ва ризқу рўзигача. Шундай экан, Парвардигор бу кечада тақдир этган нарсалар албатта, амалга ошувчидир».

 Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳимас салом) шундай марҳамат қиладилар:

«Рамазон ойида ҳар кечада етмиш минг киши кечирилади ва Аллоҳ таоло Ражаб, Шаъбон ва Рамазон ойларида қанча кечирган бўлса, Қадр кечасининг ўзида шунча миқдорда бандаларини кечиради. Магар унинг билан биродари ўртасида душманлик ва гина-кудурат бўлган кишининг гуноҳи кечирилмайди. Бундай ҳолда Аллоҳ Азза ва Жалла: «Буларни ўзаро ярашмагунларича кечирмагайман», деб марҳамат қилади».

 Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 75-жилд, 188-бет.

Бу кечада раҳмат чашмасига боғланиб ҳаётга янги маъно бағишлаш мумкин. Қалб экинзорини тикан ва сомонлардан тозалаб хайру эзгулик гуллари ўсиши учун яхшироқ шароит яратиш мумкин.

Эронлик руҳшунос доктор Боқир Ғуборий бу ҳақда айтади:

«Қадр кечасининг хусусиятларидан бири, бу кечада фаришталарнинг ерга тушишларидир. Психологик нуқтаи назадан, инсонлар бу кечада руҳий жиҳатдан фаришталар билан боғланишга тайёр бўладилар. Бу алоқа руҳий покланиш натижасида юзага келади. Қадр кечаси инсонлар ижобий ҳолдаги руҳий энергиядан фойдаланиб, Борлиқнинг Яратгувчиси Аллоҳ таоло билан алоқа ўрнатишлари мумкин бўлган кечадир».

Қадр кечасида уйғоқ қолиш учун жуда кўп амаллар тавсия қилинган ва улар ичида энг муҳими тафаккур қилишдир. Қадр кечасидаги бедорлик қалб ва жоннинг ғафлат уйқусидан уйғониш маъносидадир. Бу эса инсонга огоҳлик ва маърифат билан саодат йўлига қадам қўйиш имкониятини беради.

Албатта, бу кечада тафаккур юритиш инсонни юксаклик томон етакловчи бўлмоғи зарур. Яхши ва самарали тафаккур учун мавзу кўпдир. Аллоҳ таоло жуда кўп оятларда инсонларни осмонлар ва ернинг яратилиши устида фикр юритишга чақирган. Бу кечада борлиқ олам ҳамда ўз қисмат ва тақдири тўғрисида тафаккур юритишдан, нима учун яратилганлиги ҳақида ўйлашдан юксакроқ нарса борми?

Қадр кечасида ўтган умрини кўз олдига келтириб ўзининг кучли ва кучсиз томонлари устида тафаккур юритиш билан кўпларнинг ҳаёт тўғрисидаги қарашлари ижобий ўзгариб ислоҳ бўлади. Гоҳида бу кеча шу даражада инсонга таъсир қиладики, инсоннинг ҳаёти тубдан ўзгаради.

Қадр кечасида фикрлаш тавсия этилгани сабаб, буюк уламолар бу кечада ўзларини илмий фаолиятларини давом эттирганлар. Жумладан Қуръони Каримнинг буюк муфассири Аллома Таботабоий ўз тафсири хотимасида шундай ёзади:

«Китоб якунланди ва бу воқеа Муборак Қадр кечасида ҳижрий қамарий 1390 йил, Рамазон ойининг 23 кечасида юз берди».

Қадр кечасига хос бўлган эзгу ишлардан яна бири Қуръон тиловат қилишдир. Шундай кечада Қуръон нозил бўлганининг шукронаси сифасида Қуръон тиловати учун вақт ажратсак ва оятлари устида фикр юритсак, жуда савобли ва улкан иш бўлади. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) Қуръон қироати аввалидаги дуоларида Парвардигори каримга шундай илтижо қилардилар:

«Парвардигоро! Қуръон қироатини менга тадаббурли (фикр юритиш) бўлмаган қироатга айлантирма, менга Сенинг оят ва аҳкомларинг устида тадаббур қилиш (тафаккур юритиш) ва кўрсатмаларингга амал қилиш тавфиғини (имконини) бер».

Ул ҳазратнинг оталари бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) Қадр кечасида Қуръон китоби билан ҳамдам ва ҳамроҳ бўлиш тўғрисида шундай марҳамат қилганлар:

«Қуръонни қўлингга олиб уни оч ва юзинг олдига келтириб айт:

«اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِكِتَابِكَ الْمُنْزَلِ وَ مَا فِيهِ وَ فِيهِ اسْمُكَ الْأَكْبَرُ وَ أَسْمَاؤُكَ الْحُسْنَى وَ مَا يُخَافُ وَ يُرْجَى أَنْ تَجْعَلَنِي مِنْ عُتَقَائِكَ مِنَ النَّارِ».

Эй Аллоҳим, Сен нозил қилган Китобинг-ла Сенга илтижо қиламан ва унда келган гўзал ва яхши номларинг ила Сенга илтижо қиламан. Мени дўзах оловидан қутқарадиганларинг қаторида жой беришингни сўрайман».

Қадр кечасида Қуръон ўқиш ва дуо қилиш инсоннинг Аллоҳ билан боғланиши ва алоқаси учун йўл очади. Қадр кечасига хос бўлган машҳур дуолардан бири Жавшани Кабир дуосидир. Ушбу нуроний дуода Парвардигорнинг азамати ва буюклигини ёд этамиз. Унинг мингта сифатини тилга олиш билан мақтаймиз ва Унинг мағфиратига умид қиламиз.

Бу дуо маънавий ва ирфоний жиҳатдан ўта теран маъно-мазмунларни ўзига қамраб олган. Чиройли ва маъноли «Жавшани Кабир» дуосида Парвардигори каримнинг минг сифатлари таъсирчан равишда зикр этилган. Бу сифатларни тилга келтирсак, қалбимизда иллоҳий муҳаббат ва маърифат жўш ўради ва руҳимизнинг самовий фазога юксалишига сабаб бўлади. Аллоҳнинг буюклиги ва олий сифатларини дилдан эслаш кишини қодир ва ягона Парвардигор олдида камтар ва хоксор бўлишига ундайди ва уни Аллоҳ таолога яқинлаштиради.

Ушбу нуроний дуонинг бир қисмида қуйдагича ўқиймиз:

«Эй оворалар раҳнамоси! Эй ёрдам сўровчиларнинг додига етувчи! Эй паноҳ изловчиларнинг паноҳи! Ва эй мискинларга раҳм қилгувчи…. Эй гуноҳларни кечиргувчи, Сен поксан ва Сендан ўзга маъбуд йўқдир. Бизни жаҳаннам оловидан қутқар Эй Парвардигор!…. »

Кунларнинг бирида ҳазрат Мусо пайғамбар муножот қилаётган вақтда Аллоҳ таоло унга деди:

«Эй Мусо, бу дунёда орзуларингни узун қилма! Чунки, қалбинг қаттиқ ва қоронғу бўлади, қалби қаттиқ ва қоронғу бўлган киши Мендан узоқдир. Эй Мусо, Мен сендан рози ва хушнуд бўладиган бўл, чунки амрим бажарилса ва амримдан бўйин товланмаса мен рози бўламан. Эй Мусо, сен Менинг бандамсан ва Мен сенинг Парвардигорингман. Мени раҳматимга кўз тик, Менга сиғин ва Мени розилигимни қўлга кирит»

Қадр кечаси Парвардигори оламга яқинлашиш ва Унинг раҳматига эришиш учун жуда қулай фурсатдир. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Кимки Қадр кечасида иймон ва ихлос юзасидан бедор қолса, Парвардигор ўтмишдаги гуноҳларини кечиради».

 Манба: Аллома Табарсий «Мажмул-баён», 10-жилд, 987-бет.

Кимнинг Рамазон ойида гуноҳлари кечирилмаса, келгуси Рамазон ойигача кечирилмайди, магар Арафа заминига борсагина гуноҳлари кечирилгай. Бу борада Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

محمد بن إسماعيل، عن الفضل بن شاذان، عن ابن أبي عمير، عن هشام بن الحكم، عن أبي عبد الله (عليه السلام) قال: من لم يغفر له في شهر رمضان لم يغفر له إلى قابل إلا أن يشهد عرفة.

«Кимки Рамазон ойида мағфират қилинмаса, келгуси Рамазон ойига қадар гуноҳлари кечирилмагай, илло Арафот заминига борсагина мағфират қилинур».

 Манба: Шайх Кулайний «ал-Кофий», 4-жилд, 66-бет, Исломия чопи; Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 93-жилд, 342-бет.

Қадр кечаси инсоннинг меҳрибонлардан кўра энг меҳрибони бўлган энг Буюк Зот Аллоҳдан энг улуғ руҳоний ва самовий ҳадя оладиган кечасидир. Шунинг учун қўлимизни дуога очиб шундай дуо-илтижо қиламиз:

«Эй Меҳрибон ва Раҳмли бўлган Парвардигори олам, Қадр кечасида Сени раҳматинг умидида Сенинг остонангга юзланамиз. Тонггача Сенинг Раҳматинг ва Мағфиратингга кўз тикиб уйғоқ қолурмиз. Сенинг муҳаббатинг уруғини қалбимизда кўз ёшларимиз билан суғорамиз ва гуноҳларимиз қоронғулигини Ўзингнинг мағфиратинг ва кечиришинг билан ёритишингга ишонамиз ва умид қиламиз».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.