Home / Шариат қонунлари / Рўза / ҚАДР КЕЧАСИНИНГ БОШҚА КЕЧАЛАРДАН УСТУНЛИ ҲАҚИДА

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ БОШҚА КЕЧАЛАРДАН УСТУНЛИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    

Қадр кечасининг бошқа кечалардан устунлигини қуйидаги ишларда кўриш мумкин:

1. Қадр кечасида гуноҳларнинг кечирилиши;

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Қадр» сураси тафсирида шундай марҳамат қиладилар:

«Аллоҳ таоло Қадр кечасини бедор ҳолда намоз ва ибодат билан ўтказган ва мўъмин бўлган ҳолда жазо кунига ишонган кишининг ўтган гуноҳларини кечиради»

 Манба: «Амолий Шайх Тусий», 1-жилд, 149-бет * Аллома Мажлисий «Биҳорул Анвор», 97-жилд, 17-бет.

2. Қадр кечаси Рамазон ойининг қалби;

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

«Аллоҳ олдида ойлар сони ўн иккитадир ва ойлар сарвари Рамазондир ва Рамазон ойининг қалби эса Лайлатул қадр (Қадр кечаси)дир».

 Манба: Аллома Мажлисий «Биҳорул Анвор», 97-жилд, 11-бет.

3. Қадр кечаси минг ойдан афзал ва яхшироқ бўлган кечадир;

Ислом динининг теран таълимотларида барча нарсалар илоҳий меъёрлар билан ўлчанади ва шу асосда Қуръони Карим Қадр кечаси хусусида: «Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир». (Қадр сураси, 3 оят) деб марҳамат қилади ва тўртинчи пешвоимиз Имом Зайнулобидин «Саҳифаи сажжодия»нинг 44-дуосида шундай айтадилар:

«Аллоҳ таоло Рамазон ойининг тунларидан бирида ибодат ва бандаликни бошқа минг ой кечаларидаги ибодат билан тенглаштирди (Унда диний ва дунёвий фойдалар бўлгани учун) уни Қадр кечаси деб атади».

4. Қадр кечасида Қуръон нозил бўлди;

Ҳадиси шарифларга кўра, Қуръон тўлиқ ҳолда Қадр кечасида нозил бўлган. Бу Қуръоннинг бирданига нозил бўлишидир. Аммо Қуръоннинг босқичма-босқич ва тадрижий ҳолда нозил бўлиши эса 23 йил давом этган.

5. Қадр кечаси Малоикаларнинг Ерга нозил бўлиш кечасидир;

Қадр кечасида фаришталар ва ҳазрат Жаброил (алайҳис салом)нинг Ерга тушиши бу кечанинг минг ойдан афзал эканлиги нишонасидир. Бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

«Қадр кечасида намоз, закот ва бошқа эзгу амаллар бошқа минг ойда қилинган солиҳ ишлардан афзал ва устунроқдир».

6. Қадр кечаси амалларнинг Аллоҳ Ҳужжатига тақдим этилиш кечасидир;

Ҳадиси шарифлар ва Қадр сурасига кўра, Қадр кечаси фақат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларига тегишли бўлган тун эмас, балки фаришталар Қадр кечасида йил давомида инсонлар бажарадиган ишларнинг сарҳисобини ҳамда барча қисмат ва тақдирлар замона Валийси ва Ҳужжатига топширадилар.

Ушбу ҳақиқат илк кундан мавжуд бўлиб, то қиёмат кунигача давом этади. Кўпгина ҳадисларга кўра, Ер юзи яратилган биринчи кундан бошлаб то дунё фано бўладиган кунгача Аллоҳнинг ҳужжатсиз қолмайди. Биринчи пешвоимиз мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қиладилар:

«Қадр кечаси ҳар бир йилда бор, бу кечада йилнинг барча ишлари (қисмат ва тақдирлар) нозил қилинади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) реҳлатларидан кейин ҳам ушбу кечанинг эгалари бор».

Аллоҳнинг Ер юзидаги ҳозирги Ҳужжати шак-шубҳасиз, ўн иккинчи Имомимиз ҳазрат Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) бўлиб, ул ҳазрат барча гуноҳлардан пок ва маъсум бўлган Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сўнгги ворис ва халифаларидир. У буюк зот Қадр кечасининг эгасидирлар ва барча инсонларнинг қисмат ва тақдироти фаришталар томонидан туширилиб ул ҳазратнинг муборак ҳузурларига тақдим этилади. Ва ул ҳазрат уларни имзолаб тасдиқлайдилар. Ушбу ҳақиқатга Қадр сурасида ошкора ишора қилинган:

«У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни ҳазрат Жаброил (алайҳис салом)) Парвардигорларининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан ерга) тушурлар».

Ояти каримадан маълумки, Қадр кечасида фаришталар ва Руҳ, яъни ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) ҳар йили Парвардигори олам изни билан бир йил давомида рўй берадиган барча иш ва ҳодиса-воқеаларнинг тақдирини ерга олиб келишлари шунчаки ҳисоб-китобсиз бўлмайди, балки бу нарсаларни кимнингдир ҳузурига тақдим этишлари керак. Акс ҳолда бу иш маъносиз ва беҳуда бўлиб қолади.

Ушбу мантиқ ва далилга кўра, Қадр кечасида фаришталар ва ҳазрат Жаброил (алайҳис салом) бир йил давомида рўй берадиган барча иш ва ҳодиса-воқеаларнинг тақдирини Аллоҳнинг Ер юзидаги охирги Ҳужжати ва Валийси бўлган ўн иккинчи Имомимиз ҳазрат Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳузурларига тушуриб топширадилар ва кейин ернинг бутун тақдироти у буюк зотнинг имзоси ва тасдиғидан ўтгач, яна Аллоҳ таоло ҳузурига олиб чиқадилар.

Бу ҳолат Аллоҳ таоло билан Унинг холис Бандаси, Валийси ва Ҳужжати ўртасидаги алоқа нақадар мустаҳкам эканини ва Аллоҳ таоло ҳар бир ишни Ўзининг Валийси ва Ҳужжатининг тасдиғи ва имзосидан ўтказишини ҳамда барча ишлардан олдиндан ул ҳазратни хабардор этишини яққол кўрсатади. Бу борада маъсум имомларимиздан мўътабар ва саҳиҳ ҳадислар бизга етишган.

Айрим мўътабар ҳадисларда барча гуноҳдан пок ва маъсум бўлган имомларимиз: «Бизнинг қалбларимиз Аллоҳ таолонинг машият ва иродаси маконидир», деб марҳамат қилганлар. Ушбу каломга кўра, Қадр кечасида бутун оламнинг қисмат ва тақдироти Пешвоимиз ва Сарваримиз Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг розиликлари билан бўлади.

Ҳаттоки ул ҳазрат Аллоҳ таолодан айрим тақдирларнинг ўзгаришини сўрашлари ва ул ҳазратнинг истак ва сўровларига биноан Аллоҳ таоло ўша қисмат ва тақдирларни ўзгартириши ҳам ҳадиси шарифларда айтилган.

Шундай экан, Азизлар, келинглар! Бу кеча – Қадр кечасининг иккинчи кечаси тоат-ибодатда қоим бўлиб эзгу ва солиҳ амаллар билан Пешвоимиз ва Сарваримиз Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг бизга бўлган розиликларини ва меҳрибон нигоҳларини қўлга киритайлик ва ул ҳазратнинг муқаддас ва меҳрибон қалбларини ўзимиздан рози ва хушнуд қилайлик!

Шундагина Қадр кечасида биз учун энг яхши қисмат ва тақдиротлар белгиланади ҳамда ҳақиқий бахт-саодатга ноил бўламиз. Зеро, «Қадр кечасининг ҳақиқий Эгаси ва Соҳиби Имом Маҳдий (а.ж)дирлар!»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди

Share

Check Also

Даҳвул-Арз нима дегани?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ    Зул-Қаъда ойининг 25 куни «Даҳвул-Арз», яъни ернинг кенгайиши куни бўлиб, бу кунда Аллоҳ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.