Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий /  Нега Аҳли-Байт шиалари Суннат намозини ўқимайдилар?

 Нега Аҳли-Байт шиалари Суннат намозини ўқимайдилар?

Ассалому алайкум, бир саволим бор, нега аҳли байт шиалари суннат намозини ўқимайдилар?

Ҳурмат билан

Рустам

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Аҳли-Байт мазҳабида ҳам Фарз намозлар билан бирга Суннат ёхуд Нофила намозлар ҳам айтилган. Бомдод намозининг Суннати ёки Нофиласи 2 ракъат бўлиб, Фарздан олдин ўқилади. Зуҳр ёки Пешин намозининг Суннати (Нофиласи) 8 ракъат бўлиб, тўртта 2 ракъат қилиб Фарздан олдин ўқилади. Аср намозининг Суннати (Нофиласи) ҳам худди шундай 8 ракъатдан иборат. Мағриб ёки Шом намозининг Суннати 4 ракъат бўлиб, иккита 2 ракъат шаклида Фарз намозидан сўнг ўқилади. Ва ниҳоят, Ишо ёки Хуфтон намозининг Суннати (Нофиласи) «Витр ёки Вутайра намози» бўлиб, турган ҳолда бир ракъат, аммо ўтирган ҳолда эса икки ракъат қилиб ўқилади.

Энди сиз берган саволнинг жавобига келсак, Аҳли-Байт мазаҳаби уламолари Фарз намозлар билан бирга юқорида айтиб ўтганимиз Суннат намозларини албатта ўқийдилар. Аммо ушбу Суннат намозлар Аллоҳ таоло томонидан Фарз қилинмагани, балки фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан айтилгани ва бажарилгани сабабли кўпчилик Аҳли-Байт издошлари Суннат намозларни ҳар доим Фарз намозлар каби тўла-тўкис адо этмасликлари мумкин. Балки улар Суннат намозларни айрим пайтлар ўқиб, баъзи ҳолатларда эса Фарзга кифояланиб, Суннатни ўқимасликлари мумкин. Бу эса Ислом шариати осон ва енгил бўлгани учун ва барча мўмин инсонлар Аллоҳ таоло билан алоқа сақлаш ниятида намоз ўқиш томон интилиш ва шошилишлари учундир.

Агарчи Суннат намозларни ўқиш ажр-мукофотга эга бўлса-да, бироқ Биз Аҳли-Байт издошлари Аҳли суннат биродарларимиз каби Суннат намозларни Фарз намозлар қатори бир даражада кўриб, намоз ўқишни инсонларга оғир ва қийин иш қилиб кўрсатишни тўғри деб билмаймиз. Балки Биз Фарз намозларни биринчи даражада кўриб, Суннат ва Нафл намозларни эса кейинги поғонада деб биламиз. Бу борада Сарвари оламдан ва ул ҳазрат Аҳли-Байтларидан ҳадиси шарифлар Бизга етишган.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.