Home / Савол-жавоблар / Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (3)

Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (3)

Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг намозда қўл боғлаб ўқишга билдирган муносабатлари

Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) «Қабз» масаласига, яъни намозда қўлни боғлаб ўқишга қарши чиққан ёки чиқмаганларини билиш учун ҳадис ва тарих манбаларига мурожаат қилмоқлик лозим. Шуни таъкидлаш керакки, мўътабар тарихий ва ҳадисий манбаларда келган маълумотларга кўра, ҳазрати Али (алайҳис салом) халифаларнинг кўпгина бидъат амалларига қаршилик кўрсатганлар, аммо шунга қарамай, ушбу бидъат амаллар кўпчилик мусулмонлар орасида ҳали ҳам кенг тарқалган бўлиб, уларга амал қилиб келинмоқда.

Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг уч халифа даврида пайдо бўлган ва ҳозирда ҳам кенг тарқалган бидъатларга қарши чиқиб, улар билан курашганлари ҳақида бир неча намуналар келтирамиз.

1. Таровеҳ намозига қарши чиқиш:

Ҳазрати Али (алайҳис салом) олдинги халифаларнинг юзага келтирган бидъатларига билдирган муносабатларининг ёрқин намуналаридан бири таровеҳ намозининг олдини олиш эди. Таровеҳ намози муборак Рамазон ойининг кечаларида ўқиладиган мустаҳаб намозлардан бўлиб, ушбу намозни Умар ибн ал-Хаттобнинг халифалик даврида жамоат билан ўқишга буюрилди. Умар ушбу амални қўллаб-қувватлаб, уни «яхши бидъат» деб атади.

Абдурраҳмон ибн Абд Ал-Қорий Таровеҳ намозининг пайдо бўлиши ҳақида айтади:

2010 حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ يُوسُفَ، أَخْبَرَنَا مَالِكٌ وَعَنِ ابْنِ شِهَابٍ، عَنْ عُرْوَةَ بْنِ الزُّبَيْرِ، عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدٍ الْقَارِيِّ، أَنَّهُ قَالَ: خَرَجْتُ مَعَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ لَيْلَةً فِي رَمَضَانَ إِلَى الْمَسْجِدِ، فَإِذَا النَّاسُ أَوْزَاعٌ مُتَفَرِّقُونَ، يُصَلِّي الرَّجُلُ لِنَفْسِهِ، وَيُصَلِّي الرَّجُلُ فَيُصَلِّي بِصَلَاتِهِ الرَّهْطُ، فَقَالَ عُمَرُ: إِنِّي أَرَى لَوْ جَمَعْتُ هَؤُلَاءِ عَلَى قَارِئٍ وَاحِدٍ لَكَانَ أَمْثَلَ. ثُمَّ عَزَمَ فَجَمَعَهُمْ عَلَى أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ، ثُمَّ خَرَجْتُ مَعَهُ لَيْلَةً أُخْرَى وَالنَّاسُ يُصَلُّونَ بِصَلَاةِ قَارِئِهِمْ، قَالَ عُمَرُ: نِعْمَ الْبِدْعَةُ هَذِهِ، وَالَّتِي يَنَامُونَ عَنْهَا أَفْضَلُ مِنَ الَّتِي يَقُومُونَ. يُرِيدُ آخِرَ اللَّيْلِ، وَكَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ أَوَّلَهُ.

«Мен Рамазон кечаси Умар ибн ал-Хаттоб билан бирга масжидга чиқдим. Ногаҳон кўрдикки, одамлар иккига бўлинганди, баъзи кишилар ўзлари ёлғиз ҳолда намоз ўқирдилар ва баъзи кишиларнинг намозига эса жамоа қўшилиб, биргаликда намоз ўқирдилар. Шунда Умар деди: Мен ўйлайманки, агар буларни – намозхонларни бир намоз ўқувчига – бир жамоат имомига жамласам, яхшироқ бўларди. Кейин у шу ишга қарор қилди ва одамларни Абай ибн Каъб пешнамозлигига тўплади. Абдурраҳмон ибн Абд Ал-Қорий айтади: Сўнгра яна бир кечада Умар билан бирга чиқдим ва ваҳоланки, одамлар пешнамозларига иқтидо қилиб, намоз ўқиётган эдилар. Умар деди: «Бу қандай ҳам яхши бидъат! Бу бидъатни бажармай ухлайдиганлар, уни адо этадиганлардан афзалдирлар». Умар бу сўзи билан туннинг охирини ирода қилганди, ваҳоланки, одамлар туннинг аввалида ушбу амални адо этишарди, [яъни Умарнинг назарига биноан, таровеҳ намозини туннинг аввалида эмас, охирида адо этмоқлик афзалдир]».[1]

Аммо мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) халифаликка келгач, Таровеҳ намозини жамоат билан ўқишга қаршилик кўрсатдилар. Шунда одамлар: «Во Умаро», яъни эй Умарнинг Суннати, деб ҳайқириб, норозилик билдира бошладилар.

Аҳли суннат олими Ибн Абул Ҳадид бу борада айтади:

«Шак-шубҳасиз, ривоят қилинишича, Умар ибн ал-Хаттоб Рамазон ойи кечаларининг бирида масжидда ёниб турган чироқларни кўрди. Шунда у нима бўлаётганини сўради. Унга: «Одамлар мустаҳаб намозни ўқиш учунга тўпланишган», деб жавоб қайтарилди. Умар деди: «Бу бидъатдир. Қандай ҳам яхши бидъат!».

Кўриб турганингиздек, Умар бу иш [яъни мустаҳаб намозларни жамоат билан намоз ўқиш] бидъат эканлигини эътироф этди ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Ҳар бир бидъат залолатдир», деб гувоҳлик берганлар. Даҳақиқат, ривоят қилинишича, одамлар Куфа масжидига йиғилиб, ҳазрати Али (алайҳис салом)дан Рамазон ойининг нафл намозларини ўқиб бериш учун бир пешнамоз тайинлашларини сўрашди.

Шунда ул ҳазрат уларни бу ишдан қайтариб, уларни бу иш Расулуллоҳнинг суннатларига зид эканидан хабардор қилдилар. Лекин одамлар ҳазрати Али (алайҳис салом)ни тарк этиб, ўзлари жамоат намозини ташкил қилдилар ва ўзлари учун бир кишини пешнамоз қилиб олдилар. Шунда мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) одамларни бу ишдан қайтариш учун ўғиллари Имом Ҳасан (алайҳис салом)ни уларнинг олдига юбордилар. Имом Ҳасан (алайҳис салом) қўлларида қамчи тутган ҳолда масжидга кириб бордилар. Одамлар у ҳазратни кўришлари биланоқ масжид эшиклари томон югуриб бориб: «Во Умаро», яъни эй Умарнинг Суннати, деб ҳайқирдилар».[2]

2. Усмон томонидан сафарда намозни тўлиқ ўқишга рухсат этилганига эътироз билдириш:

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда биринчи ва иккинчи халифалар сафарда тўрт ракъатли намозларни икки ракъат қилиб ўқир эдилар. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон ҳам ҳукмронлигининг дастлабки чоғида худди шу тартибда намоз ўқирди, аммо орадан беш йил ўтгач, Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Каримга ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига зид равишда «Мино»да намозни тўлиқ, яъни тўрт ракъатли қилиб ўқиди.[3]

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бошқа саҳобалари Усмоннинг бу ишига қаршилик билдиришди. Улардан бири ҳазрати Али (алайҳис салом) бўлиб, у зот ўзларининг мустаҳкам далил-исбот ва мантиқлари билан Усмоннинг бу ишини савол остига қўйдилар. Ҳазрати Али (алайҳис салом) мантиқлари қаршида ожиз бўлиб қолган Усмон шундай деб жавоб берди: «رَأْيٌ رَأَيْتُهُ» «Бу менинг ўйлаган фикримдир».[4]

Усмон ибн Аффон ўша «Мино» заминида касал бўлиб қолганида, ҳазрати Али (алайҳис салом)дан Усмоннинг ўрнига пешнамоз бўлишларини сўрашди ва Усмон каби сафардаги намозни тўлиқ ҳолда [тўрт ракъатли шаклда] адо этишни шарт қилиб қўйишди. Шунда мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) бу таклифни рад этиб, улар қўйган шартни қабул қилмадилар.[5]

Яна шунга ўхшаш бошқа ўринлар ҳам бор бўлиб, мақоламиз чўзилиб кетгани сабаб уларни келтиришдан маъзурмиз.

Ҳаммамизга маълумки, эндиликда ҳам Аҳли сунна вал жамоа биродарларимиз таровеҳ намозини жамоат билан ўқийдилар ҳамда сафарда намозни тўлиқ ҳолда тўрт ракъатли шаклда ўқийдилар. Ҳолбуки, мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) Ислом динига зид бўлган ушбу амалларга қарши эканликлари ўз ўрнида исботланган ва биз ҳам бу ерда баъзи далил-исботларни келтирдик.

Айримлар Аҳли суннат манбаларида ҳазрати Али (алайҳис салом) «Қабз»ни, яъни намозда қўл боғлаб ўқишни қўллаб-қувватлаганлари тўғрисида ҳадислар ривоят қилинган деб айтишлари мумкин!

Ушбу саволга жавобан шуни айтиш лозимки, Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслимда келган икки ҳадисдан ташқари «Қабз»ни, яъни намозда қўл боғлаб ўқишни тасдиқловчи барча ҳадислар Аҳли суннат уламолари томонидан заиф эканлиги очиқдан-очиқ тан олинган. Ҳаттоки, Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслимда келган ўша икки ҳадис ҳам зоҳирда саҳиҳ бўлиб кўринса-да, аммо заифлик ва нуқсонликдан холи эмасдир ва аслида эса у иккала ҳадис ҳам саҳиҳ бўлмаган ҳадислар қаторидан жой олади.

Аммо биз ҳужжатни тамом қилиш мақсадида ҳазрати Али (алайҳис салом) намозда қўл боғлаб ўқишни қўллаб-қувватлаганликлари унда иддао қилинган «Қабз» бобига оид ҳадислардан иккитасини намуна сифатида кўриб чиқамиз.

Биринчи ҳадис:

«حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ مَحْبُوبٍ، حَدَّثَنَا حَفْصُ بْنُ غِیاثٍ، عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ إِسْحَاقَ، عَنْ زِیادِ بْنِ زَیدٍ، عَنْ أَبِی جُحَیفَةَ، أَنَّ عَلِيًّا رَضِي اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: مِنَ السُّنَّةِ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِی الصَّلَاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ»

«Абу Жуҳайфадан шундай ривоят қилинади: Али (разияллоҳу анҳу) дедилар: Намозда кафтни қўлнинг устига киндик остида қўйиш суннатдандир».[6]

Ҳадис устида тадқиқот ва изланишлар:

  1. Ҳадиснинг санадида Зиёд ибн Зайд бор бўлиб, Абу Ҳотам Розий уни мажҳул – номаълум шахс деб билади:

«زیاد بن زید السوائی الأعسم الكوفی روى عن أبی جحیفة وشریح القاضی وعنه عبد الرحمن بن إسحاق الكوفی قال أبو حاتم مجهول…».

«Зиёд ибн Зайд ас-Савааъий ал-Аъсам ал-Куфий, Абу Жуҳайфа ва Шурайҳ ал-Қозийдан ҳадис ривоят қилган ва Абдурраҳмон ибн Исҳоқ ал-Куфий эса ундан – Зиёд ибн Зайддан ҳадис ривоят қилган. Абу Ҳотам деди: Зиёд ибн Зайд мажҳул – номаълум кишидир».[7]

  1. Ва шунингдек, ҳадиснинг санадида Абдураҳмон ибн Исҳоқ исмли шахс бор бўлиб, барча рижол уламолари уни заиф деб билиб шундай таърифлаганлар:

«لیس بشى‏ءٍ، منكر الحدیث».

«У ҳеч ҳисобга олинмайди, ривоят қилган ҳадиси мункар – инкор ва рад этилгандир».[8]

  1. Аҳли суннатнинг замондош ҳадисшунос олими Албоний ушбу ҳадис ҳақида айтади:

«وفي الحديث علّة أخرى، وهي الاضطراب في إسناده: فقد رواه عبد الرحمن بن إسحاق مرة هكذا: عن زياد بن زيد عن أبي جحيفة عن علي. ومرة قال: عن النعمان بن سعد عن علي. أخرجه الدار قطنی، وعنه البیهقي من طريق حفص بن غياث أيضاً عنه. ومرة رواه بإسناد آخر من مسند أبي هريرة … وهذا اضطرابٌ شديد؛ يزيد الحديث وهنًا على وهنٍ»

«Ҳадисда [санаднинг заифлигидан ташқари] яна бир иллат ва нуқсон ҳам бор бўлиб, у ҳам бўлса, исноди – ривоят қилиш тартибидаги чалкашликдир: Абдурраҳмон ибн Исҳоқ ҳадисни икки хил ривоят қилиш билан Али розияллоҳу анҳуга етказган; Бир марта шундай ривоят қилган: Зиёд ибн Зайддан, у Абу Жуҳайфадан, у эса Али розияллоҳу анҳудан. Ва яна бир марта эса Нуъмон ибн Саъд ривояти билан Али розияллоҳу анҳудан деб айтган. Ад-Дору Қутний ҳам ушбу ҳадисни ривоят қилган ва Байҳақий ундан Ҳафс ибн Ғиёс орқали ҳам Абдурраҳмон ибн Исҳоқдан ушбу ҳадисни ривоят қилган. Ва яна бир бор бошқа ривоят қилиш тартиби билан Абу Ҳурайрага етказади. Ва бу қаттиқ чалкашлик ва изтироб бўлиб, ҳадиснинг заифлигини икки карра оширади».[9]

Бу ҳадисни Аҳли суннатнинг буюк олими Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам ўзининг «Ал-Муснад» китобида ривоят қилиб келтирган:

«حَدَّثَنَا عَبْدُ اللهِ، حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ سُلَيمَانَ الْأَسَدِي لُوَينٌ، حَدَّثَنَا یحْیى بْنُ أَبِي زَائِدَةَ، حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ إِسْحَاقَ، عَنْ زِيادِ بْنِ زَيدٍ السُّوَائِي، عَنْ أَبِي جُحَيفَةَ، عَنْ عَلِي، قَالَ: «إِنَّ مِنَ السُّنَّةِ فِي الصَّلاةِ وَضْعُ الْأَكُفِّ، عَلَى الْأَكُفِّ تَحْتَ السُّرَّةِ».

«Абу Жуҳайфадан шундай ривоят қилинади: Али (разияллоҳу анҳу) дедилар: Намозда кафтни қўлнинг устига киндик остида қўйиш суннатдандир».[10]

Ушбу юқоридаги ҳадиснинг санадида ҳам Абдурраҳмон ибн Исҳоқ ва Зиёд ибн Зайд борлиги учун заиф ҳадис деб қабул қилинган.[11]

Иккинчи ҳадис:

«حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ قُدَامَةَ یعْنِي ابْنَ أَعْينَ، عَنْ أَبِي بَدْرٍ، عَنْ أَبِي طَالُوتَ عَبْدِ السَّلَامِ، عَنِ ابْنِ جَرِيرٍ الضَّبِّي، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: «رَأَيْتُ عَلِيًّا، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يُمْسِكُ شِمَالَهُ بِيَمِينِهِ عَلَى الرُّسْغِ فَوْقَ السُّرَّةِ»، قَالَ أَبُو دَاوُدَ: وَرُوِيَ عَنْ سَعِيدِ بْنِ جُبَيرٍ، فَوْقَ السُّرَّةِ قَالَ أَبُو مِجْلَزٍ: تَحْتَ السُّرَّةِ وَرُوِيَ عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ وَلَيْسَ بِالْقَوِيِّ».

«Ибн Жарир аз-Заббий отасидан ривоят қилади. Отаси деди: «Мен Али розияллоҳу анҳуни ўнг қўли билан чап қўлини билагига қадар киндик устида ушлаб турганини кўрдим». Абу Довуд деди: Саид ибн Жубайрдан қўлини киндик устида ушлаб турди, деб ривоят қилинган. Абу Мижлаз эса: «Қўлини киндик остида ушлаб турди», деди ва Абу Ҳурайрадан ҳам шундай ривоят қилинган, лекин бу ривоят кучли эмас».[12]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий Ал-Жуъфий, «Ал-Жомиъус-Саҳийҳ» ёки «Саҳийҳул Бухорий», 3-жилд, 45-бет, китобун: Солаатут-таровийҳ, бобу Фазли ман қома Рамазона, 2010-рақамли ҳадис.

[2]. Абу Ҳомид, Абдул Ҳамид ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абул Ҳадид Мўтазилий, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 12-жилд, 283-бет.

[3]. Ушбу воқеанинг Аҳли суннат наздидаги манбалари:

  • Молик ибн Анас ибн Молик ибн Омир ал-Асбаҳий ал-Маданий (вафот этган санаси; 179 ҳижрий йили), «Ал-Муваттоъ», Абу Мусъаб аз-Заҳрийнинг ривояти, 1-жилд, 525-бет, 1358-рақамли ривоят.
  • Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 11-йил, Ҳадисус-сақифаҳ, Ливан нашрида 2-жилд, 242-бет, Қоҳира нашрида эса 2-жилд, 456 ва 457-бетлар.
  • Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихул-умами вал-мулук» ёки «Тарихут-Табарий», (вафот этган санаси; 310 ҳижрий йили), Муҳаммад Абул Фазл Иброҳим тадқиқоти, Ливан-Байрут, Даарут-турос нашриёти, 1387 ҳижрий йили/ 1967 милодий йил, учинчи чоп, 4-жилд, 267-бет.

[4]. Ушбу воқеанинг Аҳли суннат наздидаги манбалари:

  • Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихул-умами вал-мулук» ёки «Тарихут-Табарий», учинчи чоп, 4-жилд, 267-бет.
  • Абу Муҳаммад Али ибн Аҳмад ибн Саъид ибн Ҳазм ал-Андулусий ал-Қуртубий, (вафот этган санаси; 456 ҳижрий йили), «Ал-Муҳалло бил-Осор», Ливан-Байрут, Даарул фикр нашриёти, 3-жилд, 190 ва 191-бетлар.
  • Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Тарихул ислом ва вафаётил машоҳийр вал-аълом», Ливан-Байрут, Даарул китобил арабий нашриёти, 1409 ҳижрий йил, 3-жилд, 328-бет.
  • Ибн Касир ад-Дамашқий, (вафот этган санаси; 774 ҳижрий йили), «Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ», Дорул фикр нашриёти, 7-жилд, 154-бет.

[5]. Ушбу воқеанинг Аҳли суннат наздидаги манбалари:

  • Абу Бакр Абдурраззоқ ибн Ҳамом бин Нофеъ ал-Ҳумайрий ал-Ямоний, ас-Санъоний, (вафот этган санаси; 211 ҳижрий йили), «Ал-Амолий фий осорис-саҳобати», тадқиқотчи: Маждий Саййид Иброҳим, Миср-Қоҳираҳ, Мактабул Қуръон, 49 ва 50-бетлар, 50-рақамли мавзу.
  • Ибн Ҳазм ал-Андулусий ал-Қуртубий, «Ал-Муҳалло бил-Осор», 3-жилд, 191-бет.

[6]. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн Амр ал-Аздий Ас-Сижистоний, (вафот этган санаси; 275 ҳижрий йили), «Сунану Аби Довуд», тадқиқотчи: Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид, Байрут-Сайдо, ал-Мактабатул асрийяҳ, 1-жилд, 201-бет, 756-рақамли ҳадис. Аҳли суннатнинг ҳадисшинос олими Албонийга кўра, ушбу ҳадис заифдир.

[7]. Ибн Ҳажар Асқалоний, (вафот этган санаси; 852 ҳижрий йили), «Таҳзийбут-Таҳзийб», Байрут-Ливан, Дорул фикр, 1404 ҳижрий/ 1984 милодий йил, 3-жилд, 318 ва 369-бетлар, 676-таржимаи ҳол; Зиёд ибн Зайднинг таржимаи ҳолида.

[8]. Абдуллоҳ ибн Удай ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Абу Аҳмад Ал-Журжоний, (277 ҳижрий йилда туғилиб, 365 ҳижрий йилда вафот этган), «Ал-Каамил фий зуъафааъир-рижаали», тадқиқотчи: Яҳё Мухтор Ғазовий, Байрут-Ливан, 1409 ҳижрий/ 1988 милодий йили, 4-жилд, 304-бет, 1129 рақамли масала.

[9]. Муҳаммад Носириддин Албоний, (вафот этган санаси; 1420 ҳижрий йили), «Заъийфу Абий Довуд», Қувайт, Муассасату Ғаросиллиннашри ваттавзийъ, 1423 ҳижрий йили, 1-жилд, 292 ва 293-бетлар.

[10]. Абу Абдиллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад аш-Шайбоний, (вафот этган санаси; 241 ҳижрий йили), «Муснадул Имом Аҳмад ибн Ҳанбал», тадқиқотчи: Шуайб ал-Арнаъут, Одил Муршид ва бошқалар, Доктор Абдуллоҳ бин Абдул Муҳсин ат-Туркий назорати остида, Ар-Рисола муассасаси нашриёти, 1421 ҳижрий/ 2001 милодий йили, 2-жилд, 222-бет, 875-ҳадис.

[11]. «Муснадул Имом Аҳмад ибн Ҳанбал» китобининг ҳошиясида ушбу ҳадис борасида рижол ва ҳадисчи олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини шу тарзда маълум қилганлар.

[12]. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн Амр ал-Аздий Ас-Сижистоний, (вафот этган санаси; 275 ҳижрий йили), «Сунану Аби Довуд», тадқиқотчи: Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид, Байрут-Сайдо, ал-Мактабатул асрийяҳ, 1-жилд, 201-бет, 757-рақамли ҳадис. Аҳли суннатнинг ҳадисшинос олими Албонийга кўра, ушбу ҳадис заифдир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.