Home / Савол-жавоблар / Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (4)

Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (4)

Ҳадис устида тадқиқот ва изланишлар:

  1. Ушбу ҳадиснинг санадида ҳам муаммо бор. Аҳли суннатнинг замондош ҳадисшунос олими Албоний айтади:

«إسناده ضعيف؛ ابن جرير- واسمه: غزوان- و والده فی عداد مجهولي الحال. وقال الذهبي فی جرير: لا يُعْرَفُ…»

«Бу ҳадиснинг исноди – ривоят қилиш тартиби заифдир. Ибн Жарир – исми: Ғазвон ва унинг отаси кимлиги номаълум кишилар қаторидадир. Заҳабий ҳам Жарир ҳақида деди: У кимлиги танилмаган кишидир…»[1]

  1. Қўл боғлаб ўқиш ҳақида ривоят қилинган айрим ҳадисларда «فَوْقَ السُّرَّةِ» яъни қўлни киндик устида ушлаб туриш айтилган бўлса, баъзиларида эса «تَحْتَ السُّرَّةِ» яъни қўлни киндик остида ушлаб туриш айтилган. Юқоридаги ҳадисларда кўриб чиққанимиздек, биринчи ҳадисда «تَحْتَ السُّرَّةِ» киндик остида дейилган ва иккинчи ҳадисда эса «فَوْقَ السُّرَّةِ» киндик устида дейилган. Демак, «Қабз», яъни намозда қўл боғлаб ўқиш масаласига оид ҳадисларнинг матнида изтироб ва чалкашлик ҳолати мавжуд. Ва бундай ҳолат асосан ҳадис тўқима эканидан дарак беради.
  2. Яна бир муаммо шундаки, ушбу ҳадис Абу Ҳурайрадан ҳам ривоят қилинган ва бу эса ҳадис санадидаги изтироб ва чалкашликдир.

Хулоса қилиб айтганда, бу ҳадис ҳазрати Али (алайҳис салом)дан ривоят қилинганми ёки Абу Ҳурайраданми?! Намозда қўл боғлаб ўқиётганда, икки қўлни киндикдан юқорида ушлаш керакми ёки қўллар киндикдан пастда бўлиши керакми?! Ҳеч бири маълум эмас. Шунинг учун ҳам Аҳли суннат мазҳаблари орасида намозни қўл боғлаб ўқиш масаласида ихтилоф бор. Ҳанафий мазҳабида икки қўл киндикдан пастда бўлиши кераклиги, аммо Шофеий ва Ҳанбалий мазҳабларида эса икки қўл киндикдан юқорида бўлиши кераклиги айтилади. Бироқ Моликий мазҳабида эса фарз намозларида икки қўлни боғлаб ўқиш асосан «Суннат» эмаслиги ошкора айтилади. Бу борада юқорида Имом Моликнинг сўзларини келтирдик.

Ҳар ҳолда юқорида келтирилган ҳар иккала ҳадис заиф бўлиб, уларнинг санадида ҳам, матнида ҳам изтироб ва чалкашлик ҳолати мавжуд. Негаки мазкур ҳадисларда қўллар киндикдан юқорида ёки пастда бўлиши кераклиги маълум бўлмай, бу ҳадислар ҳам Абу Ҳурайрага ҳамда бошқаларга нисбат берилган ва аниқ ҳолда кимдан ривоят қилингани маълум эмас.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг намоз ўқишлари қандай бўлган?

Бу ергача юритган баҳсимиздан шу хулосага келдикки, «Такаттуф» ёки «Қабз»ни, яъни намозда қўл боғлаб ўқишни тасдиқловчи ҳадислар заиф бўлиб, фиқҳда [шаръий масалаларда] асос қилиб келтиришга ярамайди. Энди яна шуни ҳам қўшимча қилиб айтамиз: Намозда қўл боғлаб ўқишни тасдиқловчи ҳадисларга қарама-қарши ўлароқ, бошқа ҳадислар ҳам борки, уларда намозни қўл боғлаб ўқиш айтилмаган ва бундай ҳадислар сони кўпроқ ва санад жиҳатидан ҳам саҳиҳ ҳадислардир.

Биз бу ерда Аҳли суннатнинг турли мўътабар манбаларга асосланиб, намуна сифатида ушбу масала хусусидаги саҳиҳ ҳадислардан бирини келтирамиз.

Аҳли суннатнинг буюк ҳадисчи олими Байҳақий ўзининг «Сунанул Кубро» унвонли китобида шундай ёзади:

«أَخْبَرَنَاهُ أَبُو عَبْدِ اللهِ الْحَافِظُ، ثنا أَبُو الْعَبَّاسِ مُحَمَّدُ بْنُ یعْقُوبَ، ثنا أَبُو الْحَسَنِ مُحَمَّدُ بْنُ سِنَانٍ الْقَزَّازُ الْبَصْرِی بِبَغْدَادَ ثنا أَبُو عَاصِمٍ، عَنْ عَبْدِ الْحَمِیدِ بْنِ جَعْفَرٍ قَالَ: حَدَّثَنِی مُحَمَّدُ بْنُ عَمْرِو بْنِ عَطَاءٍ قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا حُمَيدٍ السَّاعِدِی، فِي عَشَرَةٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ (صَلَّى اللهُ عَلَیهِ وَسَلَّمَ) فِیهِمْ أَبُو قَتَادَةَ الْحَارِثُ بْنُ رِبْعِي، فَقَالَ أَبُو حُمَیدٍ السَّاعِدِي: أَنَا أَعْلَمُكُمْ بِصَلَاةِ رَسُولِ اللهِ (صَلَّى اللهُ عَلَیهِ وَسَلَّمَ)، قَالُوا: لِمَ؟ مَا كُنْتَ أَكْثَرَنَا لَهُ تَبَعًا وَلَا أَقْدَمَنَا لَهُ صُحْبَةً قَالَ: بَلَى، قَالُوا: فَأَعْرِضْ عَلَيْنَا قَالَ: فَقَالَ: «كَانَ (رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَیْهِ وَسَلَّمَ) إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ رَفَعَ یدَیْهِ حَتَّى یُحَاذِی بِهِمَا مَنْكِبَیهِ، ثُمَّ یكَبِّرُ حَتَّى يَقِرَّ كُلُّ عُضْوٍ مِنْهُ فِی مَوْضِعِهِ مُعْتَدِلًا، ثُمَّ یقْرَأُ، ثُمَّ یكَبِّرُ وَیرْفَعُ يَدَیْهِ حَتَّى یحَاذِي بِهِمَا مَنْكِبَيْهِ، ثُمَّ یرْكَعُ وَيضَعُ رَاحَتَيهِ عَلَى رُكْبَتَيهِ، ثُمَّ يعْتَدِلُ وَلَا ینْصُبُ رَأْسَهُ وَلَا یقْنَعُ، ثُمَّ يرْفَعُ رَأْسَهُ فَیقُولُ: سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ، ثُمَّ یَرْفَعُ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِي بِهِمَا مَنْكِبَیهِ حَتَّى يَعُودَ كُلُّ عَظْمٍ مِنْهُ إِلَى مَوْضِعِهِ مُعْتَدِلًا، ثُمَّ يَقُولُ: اللهُ أَكْبَرُ، ثُمَّ یهْوِي إِلَى الْأَرْضِ فَيجَافِی یدَيهِ عَنْ جَنْبَیهِ، ثُمَّ يرْفَعُ رَأْسَهُ فَیثْنِي رِجْلَهُ الْیسْرَى فَيقْعُدُ عَلَيهَا وَيفْتَحُ أَصَابِعَ رِجْلَيهِ إِذَا سَجَدَ، ثُمَّ يعُودُ، ثُمَّ يرْفَعُ فَیقُولُ: اللهُ أَكْبَرُ، ثُمَّ یثْنِي رِجْلَهُ فَیقْعُدُ عَلَيْهَا مُعْتَدِلًا حَتَّى يَرْجِعَ أَوْ يقِرَّ كُلُّ عَظْمٍ مَوْضِعَهُ مُعْتَدِلًا، ثُمَّ يَصْنَعُ فِی الرَّكْعَةِ الْأُخْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ إِذَا قَامَ مِنَ الرَّكْعَتَینِ كَبَّرَ وَرَفَعَ يدَيهِ حَتَّى يحَاذِي بِهِمَا مَنْكِبَیهِ كَمَا فَعَلَ، أَوْ كَبَّرَ عِنْدَ افْتِتَاحِ الصَّلَاةِ، ثُمَّ يصْنَعُ مِثْلَ ذَلِكَ فِي بَقِيةِ صَلَاتِهِ حَتَّى إِذَا كَانَ فِي السَّجْدَةِ الَّتِي فِيهَا التَّسْلِیمُ أَخَّرَ رِجْلَهُ الْیسْرَى وَقَعَدَ مُتَوَرِّكًا عَلَى شِقِّهِ الْأَیسَرِ» فَقَالُوا جَمِیعًا: صَدَقَ، هَكَذَا كَانَ يصَلِّي (رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ) …»

«Муҳаммад ибн Амр ибн Ато деди: Мен Абу Ҳумайд ас-Соъидийни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўн нафар саҳобалари орасида – Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий ҳам бор эди, шундай деганини эшитдим: Мен сизларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозларини энг яхши билгувчингизман. [Пайғамбар намозни қандай ўқиганлари ҳақида сизларга хабар берайми?] Улар: Нима учун? Сен биздан кўра, у зотга кўпроқ эргашган ва у зотга биздан кўра олдинроқ суҳбатдош бўлган эмассан-ку, деб айтишди. У: Ҳа шундай, деди. Улар: «Бас унда бизга кўрсатиб бергин», дедилар. Шунда Абу Ҳумайд ас-Соъидий деди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозга турганларида, қўлларини елкаларига қадар кўтарардилар. Сўнг бутун аъзолари ором топгунча такбир айтиб, кейин ҳамд сурасини ўқир эдилар. Сўнгра такбир айтиб, қўлларини елкалари баробар кўтарар, кейин рукуъ қилиб, кафтларини тиззаларига қўяр, сўнг бошларини эгмай мувозанатда тутар, кейин эса бошларини кўтариб: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу», яъни Аллоҳ Унга ҳамд айтган кишини эшитди, дер эдилар. Кейин у зот қўлларини елкалари баробар кўтариб, буткул тик турган ҳолда Аллоҳу Акбар дер, сўнг ерга саждага борар ва қўлларини ёнларидан узоқлаштирар эдилар. Сўнгра бошларини саждадан кўтариб, чап оёққа суяниб ўтирар эдилар ва сажда қилганда оёқ бармоқларини очиб, яна саждага борар ва саждадан бош кўтариб: «Аллоҳ Акбар», дер эдилар. Кейин яна чап оёққа суяниб мўътадил ҳолда ўтирар, токи бутун аъзолари ором топгунча шундай ўтирар, сўнгра бошқа ракъатда ҳам худди шундай қилар эдилар. Икки ракъат намозни тугатиб тургач, такбир айтиб, қўлларини елкаларига баробар бўлгунча кўтарардилар; намознинг аввалида такбир айтганлари каби. Намознинг қолган қисмини ҳам худди шундай бажарардилар. Салом айтиладиган охирги саждада чап оёқларини орқага тортиб, чап оёқларига эгилиб ўтирардилар». Шунда ҳамма: «У [Абу Ҳумайд ас-Соъидий] тўғри айтди, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) худди шундай намоз ўқирдилар», дейишди».[2]

Юқоридаги ҳадис буюк Аҳли суннат алломаларининг бошқа манбаларида ҳам турли санадлар билан ривоят қилинган ва ҳадис шарҳловчи олимлар шу мазмундаги ҳадисларнинг барчасини саҳиҳ деб билганлар.[3]

Бир қанча масалалар ушбу ҳадисни далил қилиб келтириш тўғри эканлигини ошкора кўрсатади. Уларни биргаликда кўриб чиқамиз:

1. Саҳобаларнинг Абу Ҳумайд айтганларини тасдиқ этиши ҳадиснинг кучлилигига ва бошқа далиллардан устунлигига далолатдир.

2. Юқоридаги ҳадис намоздаги фарз, мустаҳаб ва суннат амалларни зикр қилган, аммо намозда қўлни боғлаш ҳақида бирор сўз айтмаган ҳамда саҳобалардан ҳеч ким Абу Ҳумайд айтганларига эътироз билдирмаган, балки улар: «Тўғри айтдинг, Пайғамбар мана шундай намоз ўқир эди», деб айтишди. Ҳадис айтилганда саҳобаларнинг сони кўп бўлгани ва улар баҳслашиш ҳолатида эканлигини назарга олиб, шуни айтиш лозимки, улар Сарвари олам намозларини унутган бўлишлари даргумон.

3. Қўлларнинг асл ва табиий ҳолати очиқ ҳолда бўлишидир, боғланган ҳолда эмас. Ҳадис ҳам шунга далолат қилади.

4. Бу ҳадис ҳақида: «Ушбу ҳадис мутлақдир ва бошқа ҳадислар келиб, унинг маъносини муқайяд қилади, яъни чеклаб қўяди», деб айта олмаймиз. Зеро, ушбу ҳадисда ўргатиш ва баён этиш мавқеида барча фарзлар, суннатлар, мустаҳаблар ва намознинг тўлиқ тартиби айтиб берилган. Ушбу ҳадисда хиёнат юзасидан бирор нарса олиб ташлангани эҳтимолдан буткул узоқ.

5. Ушбу ҳадис айтилганда тинглаган саҳобаларнинг баъзилари намода қўл боғлаб ўқиш ҳақидаги ҳадисни ривоят қилган кишилардир, лекин уларнинг бирортаси мазкур ҳадиснинг маъно-мазмунига эътироз билдирмаган.

Ҳадис устида изланишлар ва тадқиқотлар натижаси

«Такаттуф» ёки «Қабз», яъни намозда қўл боғлаб ўқиш масаласига доир ҳадисларни ўрганиб чиқиш ва тадқиқот қилиш натижаси шуни кўрсатадики, намозда қўл боғлаб ўқиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари эмас, чунки:

1. Намозда қўл боғлаб ўқишни ўз ичига олган ҳадислар заиф бўлиб, фиқҳ илмида уларни далил қилиб келтириб бўлмайди.

2. Қўл боғлаб ўқишни айтмаган ҳадислар саҳиҳ ҳадислардан бўлиб, бундай ҳадисларнинг сони «Қабз»ни пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг намозларидан деб ҳисоблаган ҳадислардан кўра кўпроқдир.

3. Агар «Такаттуф» ёки «Қабз» ҳақиқатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларидан бўлганида, Ислом дини уламолари унинг ҳукми борасида ихтилоф қилмаган бўлардилар.

Бу илмий изланиш ва тадқиқотлардан келиб чиқиб, шу хулосага келамизки, намозда қўл боғлаб ўқиш амали Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари экани ва ул ҳазрат намозни қўл боғлаб ўқиганлари номаълум ва исботланмаган.

Асосан, ушбу масала Аҳли суннат мазҳаблари орасида мустаҳкам илдиз ва асосга эга эмасдир.

Аҳли суннатнинг йирик олими Қуртубий бу ҳақда айтади:

«الْمَسْأَلَةُ الخَامِسَةُ اخْتَلَفَ الْعُلَمَاءُ فِي وَضْعِ الْيَدَیْنِ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَى فِي الصَّلَاةِ، فَكَرِهَ ذَلِكَ مَالِكٌ فِي الْفَرْضِ، وَأَجَازَهُ فِي النَّفْلِ. وَرَأَى قَوْمٌ أَنَّ هَذَا الْفِعْلَ مِنْ سُنَنِ الصَّلَاةِ وَهُمُ الْجُمْهُورُ. وَالسَّبَبُ فِي اخْتِلَافِهِمْ أَنَّهُ قَدْ جَاءَتْ آثَارٌ ثَابِتَةٌ نُقِلَتْ فِيهَا صِفَةُ صَلَاتِهِ – عَلَيهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ – وَلَمْ يُنْقَلْ فِيهَا أَنَّهُ كَانَ يَضَعُ يَدَهُ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى، وَثَبَتَ أَيْضًا أَنَّ النَّاسَ كَانُوا يُؤْمَرُونَ بِذَلِكَ. وَوَرَدَ ذَلِكَ أَیضًا مِنْ صِفَةِ صَلَاتِهِ – عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ – فِي حَدِيثِ أَبِي حُمَيدٍ. فَرَأَى قَوْمٌ أَنَّ الْآثَارَ الَّتِي أَثْبَتَتْ ذَلِكَ اقْتَضَتْ زِيادَةً عَلَى الْآثَارِ الَّتِي لَمْ تُنْقَلْ فِيهَا هَذِهِ الزِّيادَةُ وَأَنَّ الزِّيادَةَ يَجِبُ أَنْ يُصَارَ إِلَيْهَا. وَرَأَى قَوْمٌ أَنَّ الْأَوْجَبَ الْمَصِيرُ إِلَى الْآثَارِ الَّتِي لَيسَت فِيهَا هَذِهِ الزِّيادَةُ؛ لِأَنَّهَا أَكْثَرُ، وَلِكَوْنِ هَذِهِ لَيْسَتْ مُنَاسِبَةً لِأَفْعَالِ الصَّلَاةِ، وَإِنَّمَا هِي مِنْ بَابِ الِاسْتِعَانَةِ، وَلِذَلِكَ أَجَازَهَا مَالِكٌ فِي النَّفْلِ وَلَمْ يُجِزْهَا فِي الْفَرْضِ، وَقَدْ يَظْهَرُ مِنْ أَمْرِهَا أَنَّهَا هَيْئَةٌ تَقْتَضِي الْخُضُوعَ، وَهُوَ الْأَوْلَى بِهَا».

«Бешинчи масала: Уламолар намозда икки қўлнинг бирини иккинчисининг устига қўйиш борасида ихтилоф қилганлар. Имом Молик бу амални фарз намозларда номаъқул кўрди ва нафл – мустаҳаб намозларда эса уни жоиз деб билди. Баъзилар бу амални намознинг суннатларидан бири деб билдилар ва улар жумҳур – кўпчиликдир. Уламолар намозда қўл боғлаб ўқиш масаласида ихтилоф қилганликларининг сабаби, Пайғамбар (алайҳис-солату вассалом)нинг намоз ўқиш хусусиятларини баён қилувчи саҳиҳ эканлиги исботланган ҳадисларда ул ҳазрат ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйганликлари ривоят қилинмаган. Ва шунингдек, одамларга намозда қўл боғлаб ўқиш учун амр қилинар эди ва Абу Ҳумайд ривоят қилган [бошқа бир] ҳадисда ҳам намозда қўл боғлаб ўқиш Пайғамбар (алайҳис-солату вассалом) намозларининг сифатларидан бири экани айтилган. Шунга кўра, бир гуруҳ олимларнинг фикрича, қўл боғлашни келтирган асарлар ушбу амални ривоят қилмаган асарларга нисбатан ортиқча амални талаб қилган бўлиб, бу ортиқча амал бажарилиши керак!!! Яна бир гуруҳ уламоларнинг фикрига кўра, вожиброғи ушбу ортиқча амал унда келмаган асарларнинг ҳадисига амал қилмоқликдир, чунки бу асарларнинг сони кўпроқ бўлиб, бу ортиқча иш [қўлни боғлаб ўқиш] намоз амалларига муносиб эмасдир. Фақатгина намозда қўл боғлаш ёрдам олиш бобидандир ва шунинг учун ҳам, Молик бу амални нафл намозларда жоиз билиб, фарз намозларда эса уни жоиз деб билмаган. Ва ушбу амал борасидаги фикрлардан кўриниб турибдики, бу амал хузуъ-камтарликни талаб қиладиган бир ҳолатдир ва бу ҳолат намозга лойиқроқдир».[4]

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Муҳаммад Носириддин Албоний, «Заъийфу Абий Довуд», 1-жилд, 293-бет.

[2]. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо Хусравжирдий Хуросоний, Абу Бакр Байҳақий, (вафот этган санаси; 458 ҳижрий йили), «Сунанул Кубро» ёки «Сунани Байҳақий», тадқиқотчи: Муҳаммад Абдул Қодир Ато, Байрут-Ливан, Дорул кутубил илмийяҳ, 1424 ҳижрий/ 2003 милодий йил, учинчи чоп, 2-жилд, 105 ва 106-бетлар, 2517-рақамли ҳадис.

[3]. «Сунану Аби Довуд» китобининг ҳошиясида Шуайб ал-Арнаъут айтади:

إسناده صحيح على شرط مسلم، عبد الحميد بن جعفر: من رجال مسلم، وباقي السند من رجال الشيخين.

Ушбу ҳадиснинг исноди – ривоят қилиш тартиби Муслим шарти бўйича саҳиҳ саналади. Абдул Ҳамид ибн Жаъфар Муслимнинг рижолидан – ривоят қилган кишиларидан ва ҳадис санадининг қолганлари Бухорий ва Муслимнинг ривоят қиладиган кишиларидандир.

[4]. Абул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушд ал-Қуртубий, Ибн (вафот этган санаси; 595 ҳижрий йили), «Бидааятул мужтаҳид ва ниҳааятул муқтасид», Қоҳира-Миср, Дорул ҳадис, 1425 ҳижрий/ 2004 милодий йил, 1-жилд, 146-бет, ал-Фаслус-сааний фил-афъаалиллатий ҳиял аркаану, 5-масала.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.