Home / Савол-жавоблар / Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (2)

Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (2)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

2. Саҳиҳул Муслимнинг «Такаттуф» бобидаги ривояти:

Муслим ибн Ҳажжож ўзининг «Саҳиҳул Муслим» унвонли китобида «Воил ибн Ҳужр»дан фақат битта ҳадисни ривоят қилиб келтиради:

«حَدَّثَنَا زُهَيْرُ بْنُ حَرْبٍ، حَدَّثَنَا عَفَّانُ، حَدَّثَنَا هَمَّامٌ، حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ جُحَادَةَ، حَدَّثَنِي عَبْدُ الْجَبَّارِ بْنُ وَائِلٍ، عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلٍ، وَمَوْلًى لَهُمْ أَنَّهُمَا حَدَّثَاهُ عَنْ أَبِيهِ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ: أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ، – وَصَفَ هَمَّامٌ حِيَالَ أُذُنَيْهِ – ثُمَّ الْتَحَفَ بِثَوْبِهِ، ثُمَّ وَضَعَ يَدَهُ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى، فَلَمَّا أَرَادَ أَنْ يَرْكَعَ أَخْرَجَ يَدَيْهِ مِنَ الثَّوْبِ، ثُمَّ رَفَعَهُمَا، ثُمَّ كَبَّرَ فَرَكَعَ، فَلَمَّا قَالَ: سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ رَفَعَ يَدَيْهِ فَلَمَّا سَجَدَ، سَجَدَ بَيْنَ كَفَّيْهِ».

«Воил ибн Ҳужр Набий (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг намоз ўқиётганларини кўрди. Ул ҳазрат намозга киргач, қўлларини кўтариб, такбир айтдилар. (Ҳаммом исмли шахс ул ҳазрат қўлларини қулоқларига баробар кўтардилар, деб таърифлади). Сўнг кийимларини ўзларига ўраб олдилар. Сўнг ўнг қўлларини чап қўлларининг устига қўйдилар. Кейин ул ҳазрат рукуъ қилмоқчи бўлганларида, икки қўлларини кўйлакдан чиқариб, сўнг қўлларини кўтардилар-да, кейин такбир айтиб, рукуъ қилдилар. Сўнгра ул ҳазрат: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу», яъни Аллоҳ Унга ҳамд айтган кишини эшитди, дедилар-да, икки қўлларини кўтардилар. Кейин сажда қилганларида, икки қўллари орасига сажда қилдилар».

Манба: Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий, «Саҳийҳул Муслим», китобу сифатис-солати, бобу: Вазъу йадиҳил йумнаа ълал йусро баъда такбийротил иҳром [Такбиратул эҳромдан сўнг ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш боби], 401 ва 707-рақамли ҳадис, Ямома-Байрут, Дору Ибн Касир нашриёти.

Саҳиҳул Муслим ривоятининг таҳлили:

Муслим ибн Ҳажжож ўзининг «Саҳийҳул Муслим» номли китобида ривоят қилиб келтирган ушбу ҳадиснинг санади Мурсалдир. Яъни ҳадисни ривоят қилувчилар ўртасидаги боғлиқлик йўқ, балки ровийларнинг ўртасида узилиш бўлган. Чунки, ушбу ҳадиснинг ривоят қилувчиларидан бўлган Алқама ибн Воил ҳадисни отасидан ривоят қилган. Ҳолбуки, Алқама ибн Воил отасининг вафотидан кейин дунёга келган. Шунинг учун, у отасидан ҳадис ривоят қила олмас эди ва албатта, ўртада бошқа шахс восита бўлган бўлиши керак, аммо ўша восита бўлган шахснинг кимлиги маълум эмас.

Албатта, баъзи рижол[1] илми олимларининг айтишича, Алқама ибн Воил отаси вафот этган вақтда ёш бола бўлган ва ўшанда отасининг феъл-атворини, унинг намозининг маъносини тушуна олмас эди. Шунга кўра, Ибн Ҳажар Асқалоний «Алқама ибн Воил» ҳақида айтади:

«علقمة بن وائل بن حجر الحضرمي الكندي الكوفي. روي عن أبيه والمغيرة بن شعبة وطارق بن سويد على خلاف فيه… وحكى العسكري عن ابن معين أنه قال علقمة بن وائل عن أبيه مرسل».

«Алқама бин Воил бин Ҳужр ал-Ҳадрамий Ал-Киндий Ал-Куфий отасидан ва Муғайра ибн Шуъбадан ҳамда Ториқ ибн Сувайдлардан ихтилоф ва қарама-қарши ҳолда ҳадис ривоят қилган. Аскарий Ибн Муъйндан ҳикоя қилиб айтади: «Алқама ибн Воил отасидан ҳадис ривоят қилиши Мурсалдир [яъни ҳадиснинг ривоят қилувчилари ўртасида узилиш бор]».[2]

Бошқа томондан, Алқамадан ташқари, مَوْلًى لَهُمْ «уларнинг хизматкори» деб келган ровийнинг кимлиги номаълум.

Саҳиҳул Муслимда ривоят қилинган ҳадиснинг маъно-мазмуни ҳақида

«Саҳиҳул Муслим» китобида ривоят қилинган ҳадиснинг санадидан кўз юмган тақдирда ҳам ушбу ҳадис пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг амаллари ва феъл-атворларини айтиб берган, у зотнинг каломларини эмас. Амал ва феъл-атвор эса баён этувчи тилга эга эмас. Шунинг учун, мазкур ҳадиснинг маъно-мазмуни аниқ эмас.

Бошқа таъбир билан айтганда, мазкур ҳадис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг амалий суннатларига далолат қилган бўлиб, амалий суннат баён этувчи хусусиятга эга бўлмай, мужмал ва ноаниқдир. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис мустаҳаб бир амалга далолат қилмайди. Балки Сарвари олам касаллик ва ҳаво совуқлиги каби маълум бир сабабга кўра, ўнг қўлларини чап қўлларининг устига қўйгандирлар. Зероки, ҳадисдан маълум бўлишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намоз ўқиётиб, кийимларининг четларини йиғиб ва бу билан кўксиларини беркитганлар. Шу пайт ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйганлар.

Энди савол шундан иборатки, «Саҳиҳул Муслим» китобида Воил ибн Ҳужр ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан намозда шундай амалнинг бажарилиши, ўша амал «Суннат» бўлгани сабабли эдими ёки кийимлари пастга тушиб кетишдан сақлаб қолиш учун шундай қилганларми ёхуд ўзларини совуқдан сақлаш учун кийимларини икки қўллари билан таналуарига ёпиштириб турганларми?

Мазкур ҳадисда бундай эҳтимолларнинг борлиги сабабли, биз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг намоздаги ушбу амалларини, яъни қўлларини бир-бирининг устига қўйишларини албатта, у зотнинг суннатларидан бўлган дея олмаймиз.

Бинобарин, ушбу ҳадиснинг маъно-мазмуни хусусида бир неча эҳтимоллар борлиги сабаб нимани англатаётгани равшан бўлмагани учун мазкур ҳадисга асосланиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг амалларида «Қабз», яъни намозда қўлни боғлаб ўқиш «Суннат» бўлган деб исботлай олмаймиз. Демак, Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслим китобларида ривоят қилинган ҳадислар асосида намозда қўлни боғлаб ўқиш амали борлиги ёки «Суннат» эканлигини исботлаб бўлмайди.

Ушбу масалада ривоят қилинган бошқа ҳадислар эса Аҳли суннат уламоларининг айтишларича, санад ва матн жиҳатидан заиф бўлиб, уларнинг матни ва санади изтиробли ва чалкашли ҳолатдадир.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ҳадисларнинг санади билан шуғулланувчи, яъни ҳадис ривоят қилган одамларнинг кимлигини ва уларнинг қай даражада ишончли ёки ишончсиз ровий эканлигини ҳамда турли ровийларнинг ривоят қилган ҳадислари мўътабар ва асосли ёки заиф ва асоссиз эканини аниқлаш устида тадқиқот ишлари олиб борувчи илмга «Рижол илми» дейилади ва ушбу илм билан шуғулланувчи олимларга эса «Рижол олимлари» дейилади.

[2]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзийбут-Таҳзийб», 7-жилд, 280-бет, 488-таржимаи ҳол; Алқама ибн Воилнинг таржимаи ҳолида.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.