Home / Савол-жавоблар / Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (5)

Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (5)

Намозда қўл боғлаб ўқиш ҳақида Аҳли суннатнинг назарлари:

Барча мусулмонлар намозда қўл боғлаб ўқиш фарз эмаслигини[1] ҳамда мусулмон киши намоз ўқиётганда қўл боғлаб ўқимаса, унинг намози саҳиҳ ва тўғри эканлигини бир овоздан қабул қилганлар.[2] Бироқ намозда қўл боғлаб ўқиш фарз ҳукмдан ташқари шариатнинг қайси ҳукмларидан бири экани[3] хусусида ихтилоф бор.

Аҳли суннат наздида намозда қўл боғлаб ўқиш масаласида турли назар ва фатволар мавжуд бўлиб, уларни биргаликда кўздан кечирамиз:

1. Баъзи Аҳли суннат уламолари намозда қўл боғлаб ўқиш амалини мутлақо мустаҳаб деб билганлар, хоҳ фарз намозлар бўлсин ёки нафл-мустаҳаб намозлар бўлсин. Бу ҳанафий, шофеий ва ҳанбалийларнинг фатвосидир. Ва шунингдек, Имом Нававий бу борада айтади:

«في مذاهب العلماء في وضع اليمنى على اليسرى: قد ذكرنا أنَّ مذهبنا أنّه سنَّة وبه قال علي بن أبي طالب وأبو هريرة وعائشة وآخرون من الصَّحابة رضي الله عنهم وسعيد بن جبير والنخعي وابو مجلد وآخرون من التابعين وسفيان الثوري وأبو حنيفة وأصحابه وأحمد واسحق وابو ثور وداود وجمهور العلماء».

«Ўнг қўлни чап қўл устига қўйишда уламоларнинг қарашларига келсак: Бизнинг ақидамиз бўйича, бу амал Суннат эканлигини айтиб ўтдик. Ҳазрати Али (алайҳис салом), Абу Ҳурайра, Оиша ва яна бошқа саҳобалар ҳамда тобеинлардан: Саид ибн Жубайр, ан-Нахаъий, Абу Мужаллад ва бошқалар ҳамда бир неча фуқаҳолар, жумладан: Суфён Саврий, Абу Ҳанифа ва унинг сафдошлари, Аҳмад, Исҳоқ, Абу Савр, Довуд ва жумҳур уламолар намозда қўл боғлаб ўқишни айтганлар».[4]

2. Фарз намозларда қўл очиб ўқиш мустаҳаб бўлиб, қўлни боғлаш макруҳ амал саналади, аммо мустаҳаб намозларда эса қўлни боғлаб ўқиш макруҳ эмас. Ушбу масалада яна икки фатво бор. Биринчи фатво: Нафл-мустаҳаб намозларда узоқ давом этган тақдирда қўл боғлаб ўқиш мустаҳабдир. Шунинг учун, нафл намози қисқа адо этилса, қўл боғлаб ўқиш мустаҳаб бўлмайди. Ибн ал-Қосим «Мудавванат ал-Кубро» китобида Молик ибн Анаснинг назарини қуйидагича ривоят қилади:

«وقال مالك: في وضع اليمنى على اليسرى في الصلاة؟ قال: لا أعرف ذلك في الفريضة وكان يكرهه ولكن في النوافل إذا طال القيام فلا بأس بذلك يعين به نفسه»

«Молик деди: Намозда ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш ҳақида сўрайсизми? У деди: Бу ишни фарз намозда танимайман ва уни номаъқул кўрар экан, лекин нафл-мустаҳаб намозларда қиём [тик туриш] ҳолати узоқ давом этса, унда бу ишнинг ҳеч айби йўқдир. Бу иш [қўлини боғлаш] билан ўзига ёрдам беради».[5] Бу Молик ибн Анасдан машҳур бўлган фатводир.

Иккинчи фатво: Нафл-мустаҳаб намозларда хоҳ узоқ давом этсин ёки қисқа бўлсин, қўл боғлаб ўқиш мустаҳаб саналади.[6]

3. «Қабз», яъни намозни қўл боғлаб ўқиш мубоҳ амалдир, хоҳ фарз намоз бўлсин ёки мустаҳаб намоз. Ушбу фатво Ашҳаб ва Нофеънинг Молик ибн Анасдан қилган ривоятига кўрадир.

4. «Қабз» – намозни қўл боғлаб ёки «Ирсол» – қўл очиб ўқиш ўртасида тахйир – танлов бор. Намоз ўқиётган киши қўлларини боғлаб ўқиш ёки қўлларини очиб ўқиш учун ихтиёр ва танлов соҳибидир. Аҳли суннат олимларидан бўлган Авзоъий ушбу фатвони берган.

5. «Муторриф» ва «Ибн Можишун»дан намозда қўл боғлаб ўқишни истиҳсон ва яхши деб билиш ривоят қилинган.

6. Ироқликлар ҳам Молик бин Анасдан икки ривоятни келтиришган:

А) Намозда қўл боғлаб ўқишни истиҳсон ва яхши деб билмоқлик.

Б) Бу ишни қилишни тақиқламоқ.

Юқоридаги фатволар тўғрисида келган арабча матнни ҳам шу ерда келтирамиз:

«وقَدْ اخْتَلَفَ الرُّوَاةُ عَنْ مَالِكٍ فِي وَضْعِ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى فَرَوَى أَشْهَبُ عَنْ مَالِكٍ أَنَّهُ قَالَ لَا بَأْسَ بِذَلِكَ فِي النَّافِلَةِ وَالْفَرِيضَةِ وَرَوَى مُطَرِّفٌ وَابْنُ الْمَاجِشُونِ عَنْ مَالِكٍ أَنَّهُ اسْتَحْسَنَهُ. وَرَوَى الْعِرَاقِيُّونَ عَنْ أَصْحَابِنَا عَنْ مَالِكٍ فِي ذَلِكَ رِوَايَتَيْنِ: إحْدَاهُمَا الِاسْتِحْسَانُ. وَالثَّانِيَةُ: الْمَنْعُ. وَرَوَى ابْنُ الْقَاسِمِ عَنْ مَالِكٍ لَا بَأْسَ بِذَلِكَ فِي النَّافِلَةِ وَكَرِهَهُ فِي الْفَرِيضَةِ. وَقَالَ الْقَاضِي أَبُو مُحَمَّدٍ لَيْسَ هَذَا مِنْ بَابِ وَضْعِ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى وَإِنَّمَا هُوَ مِنْ بَابِ الِاعْتِمَادِ وَاَلَّذِي قَالَهُ هُوَ الصَّوَابُ فَإِنَّ وَضْعَ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى إنَّمَا اُخْتُلِفَ فِيهِ هَلْ هُوَ مِنْ هَيْئَةِ الصَّلَاةِ أَمْ لَا وَلَيْسَ فِيهِ اعْتِمَادٌ فَيُفَرَّقُ فِيهِ بَيْنَ النَّافِلَةِ وَالْفَرِيضَةِ».

«Намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш борасида Моликдан ривоят қилувчилар ихтилоф қилганлар. Бас, Ашҳаб Моликдан бу ишнинг нофила-мустаҳаб намозларда ҳам, фарз намозларда ҳам ҳеч қандай айби йўқ, деб ривоят қилган. Муторриф ва Ибн Можишун Моликдан у бу ишни ҳасан ва яхши деб билди, деб ривоят қилдилар. Ироқликлар эса асҳобларимиздан ва улар Моликдан бу борада икки ривоятни келтирганлар: Улардан бири – истиҳсон [яъни намозда қўл боғлаб ўқишни ҳасан ва яхши деб билиш.] Иккинчиси эса: бу ишни ман этиш. Ибн Қосим Моликдан қилган ривоятига кўра, Молик бу ишнинг нафл-мустаҳаб намозда айби йўқ, деган ва лекин у фарз намозда бу ишни маъқул кўрмаган. Қози Абу Муҳаммад деди: Бу [намозни қўл боғлаб ўқиш] ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш бобидан эмас, балки у иш фақат эътимод-ишонч бобидандир ва Молик айтган сўз тўғридир. Зеро, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш хусусида, яъни бу иш намознинг шакли ва кўринишига кирадими ёки йўқми ихтилоф қилинган. Ва бу ишда эътимод-ишонч йўқ, токи намозда қўл боғлаб ўқиш масаласида нафл намози билан фарз намози ўртасида фарқ қўйилса».[7]

Намозда қўл боғлаб ўқиш хушуъ ва камтарлик ҳолатини намоён этадими?!

Аҳли суннат уламолари намозда қўл боғлаб ўқишни қўллаб-қувватлаб, бу борада кўпинча айтадиган сўзлари шуки, намозда қўл боғлаб ўқимоқлик тавозе, камтарлик, хушуъ ва тазарруъ-илтижо ҳолатини кўпроқ намоён этади.

Бу борада шуни айтиш лозимки:

Биринчидан; Ибодат саналган ҳар бир амалнинг мустаҳаб ёки фарз эканлигига модомики кучли шаръий далил топилмас экан, ўша амал фарз ёки мустаҳаб бўла олмайди. Агар бирор нарсанинг санади ва далили заиф бўлиб, мусулмонлар унинг устида иттифоқи назар қилмаган бўлсалар, уни истиҳсон йўли билан яхши ва чиройли амал экан деб қабул қилиб бўлмайди.

Иккинчидан; Уламолар намозда қўл боғлаб ўқиш борасида ихтилоф қилганларидан келиб чиқиб, ушбу амал мустаҳаб ёки бидъат – иккисидан бири бўладиган бўлса, у ҳолда уни бажармаслик яхшироқдир. Зероки, киши мустаҳаб амални тарк этган тақдирда, фақат савобдан маҳрум бўлади, лекин бидъат эканлигининг эҳтимоли бор бўлган амални бажарганда эса жазоланиш ва намознинг ботил бўлиши эҳтимоли бор. Чунки, Аллоҳ таоло ёқтирмаган нарса билан Унга яқинлашиб бўлмайди.

Учинчидан; Ибодат қилиш услуби «Тавқифий», яъни фақат Аллоҳ ва Пайғамбар (с.а.о) томонидан белгиланадиган бўлиб, бу иш Аллоҳ ва Унинг Расулига боғлиқдир. Шунинг учун, ҳеч ким бу иш намозда хушуъ ва камтарликни зиёда қилади ёки анави иш бизнинг назаримизда хунук саналади деган гап-сўзлар билан ўз ёнидан бирор ибодатни ўйлаб топишга ёки уни ўзгартиришга ҳақли эмас. Умар ибн ал-Хаттоб ҳаж мутъасини бекор қилиб, Рамазон ойи кечаларида мустаҳаб намозларни жамоат билан ўқишга буюрганидек. Чунки, Умар ҳожи кишининг танасидан ғусл суви томчилаб туришини ёқтирмас ва таровеҳ намозини жамоат билан ўқишни яхши бидъат деб билар эди. Бу борада ушбу мақолада келтирилди.

Бундай ўйлаб топиш ва ўзгартириш ишларининг келиб чиқиши истиҳсон қоидасига асосланган бўлиб, Аҳли суннат ижтиҳод қилганда уни қўллашади. Лекин ҳақиқат шуки, истиҳсон қоидаси диний ибодатларда бидъат эшикларини очиб, шариатни бузиши мумкин. Агар бирор нарса бизга яхши ва чиройли бўлиб қўринса, демак, ўша нарса динда бор деб ҳукм қилсак, ҳолбуки, шариатда ўша нарсага бирор асос ва далил бўлмаса, шубҳасиз, биз шариат қонунларини чиқаришга аралашиб, динда ҳар хил бидъатлар пайдо бўлишига сабабчи бўламиз.

Биз ҳар нимани намозда яхши кўринади ва намознинг камтарона ҳолда адо этилишига олиб келади деб аниқласак, ўша нарсани намозга киришимиз тўғри эмас. Дунёдаги турли халқларнинг одоб-ахлоқлари ва динларнинг урф-одатлари орасида намозни қўл боғлаб ўқишдан кўра анча камтарона кўринишдаги одоб-ахлоқлар бор, бироқ улар исломий ибодатга лойиқ амаллар эмас. Зеро, исломий ибодатнинг қонун чиқарувчиси Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дир.

Тўртинчидан; Аҳли суннат Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларига тўлиқ эргашишни даъво қиладилар. Лекин бизнинг гапимиз шуки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) биз мусулмонларга Қуръон Карим ва бошқаларга эмас, балки Қуръони Карим ва Аҳли-Байтга эргашишни буюрганлар. Бинобарин, Аҳли суннатнинг энг асосий муаммоси, диний раҳнамолик масаласида Аҳли-Байтга эътибор қаратмасликлари, ҳадис ва илмни Аҳли-Байтдан ўзгалардан, балки Аҳли-Байтдан юз ўгирганлардан олишларидир.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. «Ал-Азҳар фатволари», 8-жилд, 460-бет. Арабча матни қуйидагича:

«اتفق العلماء على أنه لم يرد ما يوجب على المصلي أن تكون يداه في وضع معين وهو في قيام الصلاة، فليس ذلك ركنًا ولا شرطًا من شروط صحَّة الصَّلاة».

«Уламолар, намоз ўқиётган киши намозга турганда қўллари маълум бир ҳолатда бўлишини вожиб деб белгилаган ҳеч бир нарса-далил етишмаганига иттифоқ қилганлар. Демак, бу қўл боғлаш намознинг рукни-устуни эмас ва намоз саҳиҳ бўлишининг шартларидан бўлган бир шарт ҳам эмас».

[2]. «Фатааваш-шабакатил ислаамийяҳ муаддалатун», яъни иломий тармоқнинг фатволари тартибга солинган, 18-жилд, 1518-бет, «Аш-Шаамилаҳ» кутубхонаси:

«إن القبض – وهو وضع اليمين على الشمال في الصلاة أثناء القيام- سنة مؤكدة، إذا تركها المسلم لا يأثم بذلك، و لولم يكن في حالة إكراه، لكن يفوته أجر الاقتداء بالنبي صلى الله عليه وسلم في ذلك إن تركها غير مكره».

«Қабз, яъни намозда тик турган ҳолда ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш – таъкидланган Суннатдир. агар мусулмон киши уни тарк қилса, бу билан гуноҳ қилган бўлмайди, агарчи мажбурий ҳолда бўлмаса-да. Лекин агар у мажбурланмаган ҳолда бу амални тарк этса, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эргашиш ажр-савобини қўлдан беради». Албатта, юқорида юритилган баҳсдан маълум бўлдики, намозда қўл боғлаб ўқиш ҳатто Суннат ҳам эмас.

[3]. Аш-Шавконий, «Найлул Автор», 2-жилд, 202-бет.

[4]. Имом Нававий, Муҳиддин Абу Закариё Яҳё бин Шараф Ан-Нававий Аш-Шофеий, «Ал-Мажмуъу шарҳул муҳаззаби», 3-жилд, 313-бет.

[5]. Молик ибн Анас ибн Молик ибн Омир ал-Асбаҳий ал-Маданий (вафот этган санаси; 179 ҳижрий йили), «Ал-Мудавванатул Кубро», Байрут-Ливан, Дорул кутубил илмийяҳ нашриёти, 1-жилд, 169-бет.

[6]. «Алмавсуъатул Фиқҳийятул Кувайтийяҳ», 3-жилд, 94-бет. Арабча матни қуйидагича:

«اسْتِحْبَابُ الإْرْسَال وَكَرَاهِيَةُ الْقَبْضِ فِي الْفَرْضِ، وَالْجَوَازُ فِي النَّفْل، قِيلَ: مُطْلَقًا، وَقِيل: إِنْ طَوَّل. وَهَذِهِ رِوَايَةُ ابْنِ الْقَاسِمِ عَنْ مَالِكٍ فِي الْمُدَوَّنَةِ، وَإِلَيْهِ ذَهَبَ الشَّيْخُ خَلِيلٌ وَشُرَّاحُ مَتْنِهِ كَالدَّرْدِيرِ وَالدُّسُوقِيِّ».

«Фарз намозда қўл очиб ўқиш мустаҳаб ва қўлни боғлаш эса макруҳдир. Нафл намозда қўл боғлаб ўқиш жоиздир. Бу амал нафл намозда мулақо жоиз дейилди ва узоқ давом этгандагина жоиз дейилди. Бу Ибн ал-Қосимнинг Моликдан қилган ривояти бўлиб, Шайх Халил ва унинг матнини шарҳловчилар ад-Дардийр ва ад-Дусуқий кабилар шу фатвога ёндашганлар».

[7]. Абул Валид Сулаймон ибн Халаф ибн Саъд ибн Айюб ибн Ворис ат-Тажибий ал-Қуртубий ал-Божий ал-Андулусий (вафот этган санаси; 474 ҳижрий йили), «Ал-Мунтақий шарҳул Муватто», Байрут-Ливан, Матбаат ас-Саодат нашриёти, 1-жилд, 281-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.