Home / Савол-жавоблар / Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (1)

Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Савол: Айримлар такаттуф амалини, яъни намозда қўл боғлашни Умар ибн Хаттоб намозга қўшган, дейишади ва баъзилар эса бу амални Аҳли суннатнинг фиқҳий пешволаридан Имом Моликка нисбат беришади. Бу борада қайси фикр тўғри?

Жавоб: Аҳли суннат ва шиалардан иборат исломдаги мазҳаблар орасида ва ҳатто Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳаби орасида ихтилофий масалалар қаторидан жой олган масала «Такаттуф» масаласидир. Ушбу масала Аҳли суннат наздида намознинг рамзи ва шиори сифатида танилган.

«Такаттуф»нинг маъноси намоз ўқиётганда икки қўлни кўкрак устига ёки қоринга қўйиш демакдир. Қўлни қўйиш тартиби; ўнг қўл чап қўлнинг утига ёки билак устига қўйилади. Аҳли суннат уламолари бу амалга «Қабз» деб айтадилар ва шиа фақиҳлари эса буни «Такфир» ёки «Такаттуф» [боғламоқ] деб номлаганлар. Бунинг акси бўлган ҳолатга, яъни намозда қўлларни туширишга эса арабчада «исдол», «садл», «ирсол» ва «исбол» дейилади.

Шиалар ушбу амални бидъат деб биладилар ва аммо Аҳли суннат наздида бу амалнинг ҳукми макруҳдан тортиб, то суннат ва мустаҳабга қадар хилма-хил айтилган.

Гарчи намоз ўқиганда «Такаттуф» амали Аҳли суннат наздида ҳам фарз бўлмаса-да, бироқ ҳайратланарли жойи шундаки, бу амални сақлаб қолиб, унга амал қилишда қаттиқ оёқ тираб туриб олиш ҳолати мавжуд бўлиб, бу борада билдирилган илмий танқидлар қаршисида асоссиз жавоблар ва оқловлар келтирилади.

Бериладиган жавоблардан бири шуки, «Такаттуф» Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари бўлиб, у зотдан кейин пайдо бўлган бидъат эмас! Баъзан шиаларга жавобан айтиладики, агар «Такаттуф» Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари бўлмаганида, Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом) бу амалга қаршилик кўрсатган бўлардилар. Ҳолбуки, у зотнинг бу амалга қарши чиққанларига бизда ҳеч қандай далил йўқ!

Баъзан «Такаттуф» амалини яхши қилиб кўрсатиш учун ўйлаб чиқилган қоидалар асосида оқлаб, ушбу амал намозда камтарлик ва итоат тимсоли ҳисобланади!

Бошқа сўз билан айтиб, намоздаги «Такаттуф» амали Умар ибн ал-Хаттобнинг бидати бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари бўлмаса эди, нега Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом) бу амалга қаршилик қилмадилар?! «Такаттуф» билан ўқилган намоз янада камтарона ва тавозели ҳолатда бўлмайдими? деган таъбирлар билан «Такаттуф» амалини шаръий ва тўғри қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинади.

Ушбу мақоламизда баҳоли қудрат «Такаттуф» амалининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларида қандай ўринга эга эканлигини кўриб чиқиб, юқоридаги саволга жавоб берамиз.

Аҳли сунна вал жамоанинг манбаларида «Такаттуф» амали тўғрисида бир қанча ҳадислар мавжуд бўлиб, ушбу амални оқлаш ва асослаб кўрсатиш мақсадида ўша ҳадисларга таянилади. Лекин Аҳли суннат уламоларининг бу масалада келтирган асосий далиллари Бухорий ва Муслимнинг ривоят қилган ҳадислари бўлиб, фақат уларни саҳиҳ деб билиб, қолган ривоятларни заиф деб айтадилар.

“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларининг ҳар бирида ушбу мавзуга оид бир боб мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири фақат биргина ҳадисни ривоят қилиб келтирган ва унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозда қиём ҳолатида [тик турган ҳолда] сура ўқиётиб, ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйдилар, деб ушбу амал у зотга нисбатан берилган.

Биз бу ерда Бухорий ва Муслимнинг қилган ривоятини алоҳида келтирамиз.

1. Саҳиҳул Бухорийнинг «Такаттуф» бобидаги ривояти:

«حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مَسْلَمَةَ، عَنْ مَالِكٍ، عَنْ أَبِي حَازِمٍ، عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ، قَالَ: (كَانَ النَّاسُ يُؤْمَرُونَ أَنْ يضَعَ الرَّجُلُ الْيَدَ الْيُمْنَى عَلَى ذِرَاعِهِ اليُسْرَى فِي الصَّلاَةِ) قَالَ أَبُو حَازِمٍ لاَ أَعْلَمُهُ إِلَّا يَنْمِي ذَلِكَ إِلَى النَّبِيِّ (صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ) قَالَ إِسْمَاعِيلُ: يُنْمَى ذَلِكَ وَلَمْ يقُلْ يَنْمِي».

«Абу Ҳозим, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Саҳл деди: «Одамларга киши намозда ўнг қўлини чап билак устига қўйиш буюрилди». Абу Ҳозим деди: «Мен буни билмайман, магар у [Саҳл] бу буйруқни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбат берган бўлса». Исмоил деди: Бу буйруқ у зотга нисбат берилади ва Абу Ҳозим: «Саҳл бу буйруқни у зотга нисбат беради», деб айтмади.

Манба: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий Ал-Жуъфий, «Ал-Жомиъус-Саҳийҳ» ёки «Саҳийҳул Бухорий», 1-жилд, 148 ва 149-бетлар, китобул Азон, 87-боб: Вазъул йумнаа ълал йусро фис-солаҳ [ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш боби], 740-рақамли ҳадис.

Саҳиҳул Бухорий ривоятининг таҳлили:

Биринчидан; бу ҳадисни илк маротаба Имом Молик ўзининг «Ал-Муваттоъ» [1]номли китобида ривоят қилган бўлиб, Бухорий ҳам ундан олган. Ҳолбуки, Имом Моликнинг ўзи ушбу ҳадис асосида фатво бермаган. Зероки, Имом Молик фарз намозларда қўл боғлашни макруҳ ва мустаҳаб намозларда эса бу амални жоиз деб билади. У ҳам бўлса, намоз чўзилиб кетган тақдирда чарчоқни кетказиш учун жоиз деб билган.

Имом Молик бу борада айтади:

«… قَالَ: لَا أَعْرِفُ ذَلِكَ فِي الْفَرِيضَةِ وَكَانَ يكْرَهُهُ وَلَكِنْ فِي النَّوَافِلِ إذَا طَالَ الْقِيامُ فَلَا بَأْسَ بِذَلِكَ يُعِينُ بِهِ نَفْسَهُ…»

«Бу қўл боғлаш амалини фарз намозида вожиб деб билмайман ва бу амал макруҳ бўлади, лекин нафл намозларида қиём [тик туриш] ҳолати узоқ давом этса, бу амалнинг ёмон жойи йўқ. Намозхон бу билан ўзига ёрдам беради».[2]

Абу Бакр Алоуддин ас-Самарқандий (вафот этган санаси; 540 ҳижрий йил) бу борада айтади:

«… وَقَالَ مَالك السُّنَّةُ هِيَ إرْسَالُ الْيَدَيْنِ حَالَةَ الْقيام…».

«Молик Суннатни қиём ҳолатида [тик турган ҳолда] «қўлларни очиш» деб биларди».[3]

Иккинчидан; Бухорий ривоятидаги Абу Ҳозимнинг гапларига кўра, ушбу ҳадис Саҳл ибн Саъдга мавқуфдир, яъни ҳадиснинг санади Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га етиб бормайди ва ҳадисшунослик истилоҳига биноан, марфуъ эмас. Ҳадисда келган:

إِلَّا يَنْمِي ذَلِكَ إِلَى النَّبِيِّ (صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ)

«Магар Саҳл ибн Саъд бу буйруқни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбат берган бўлса» ушбу жумладан ошкора маълум бўладики, бу буйруқ Саҳл ибн Саъд томонидан Пайғамбарга нисбат берилгани Абу Ҳозим учун аниқ ва равшан эмас. Абу Ҳозимнинг: «Мен буни билмайман, магар у [Саҳл] бу буйруқни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбат берган бўлса», деб айтиши ҳадис санадининг ҳамда Пайғамбарга берилган бу нисбатнинг заифлигини кўрсатади ва шунингдек, Саҳл ибн Саъд ҳадисни бошқа кишидан эшитганлиги ва унинг исмини тилга олмаганлигидан дарак беради.

Саҳиҳул Бухорий китобини шарҳловчи Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий» номли китобида айтган сўзига кўра, айрим Аҳли суннат уламолари ҳам бу ҳадисни “маълул” [иллатли ҳадис] ва “мавқуф” [ҳадиснинг санади Пайғамбарга эмас, фақат саҳобагача етиб борган ҳадис] деб биладилар.

«وَاعْتَرَضَ الدَّانِي فِي أَطْرَافِ الْمُوَطَّأِ فَقَالَ هَذَا مَعْلُولٌ لِأَنَّهُ ظَنٌّ مِنْ أَبِي حَازِمٍ … لَوْ كَانَ مَرْفُوعًا مَا احْتَاجَ أَبُو حَازِمٍ إِلَى قَوْلِهِ لَا أَعْلَمُهُ …»

«Айрим фикри қуйи бўлганлар Ал-Муваттоъ китобининг атрофида эътироз билдириб, бу ҳадис маълул, яъни иллатлидир. Зероки, ушбу ҳадис Абу Ҳозим томонидан қилинган гумондир… Агар ҳадис марфуъ бўлса эди, Абу Ҳозим: «Мен буни билмайман…» деб айтишга эҳтиёж сезмаган бўларди, дейишди».[4]

Бухорийнинг Шайхи ва Устози бўлган Исмоил ибн Абу Увайс ушбу ҳадиснинг давомида шундай деган:

قَالَ إِسْمَاعِيلُ: «يُنْمَى ذَلِكَ وَلَمْ يقُلْ يَنْمِي»

«Бу буйруқ у зотга нисбат берилади ва Абу Ҳозим: «Саҳл бу буйруқни у зотга нисбат беради», деб айтмади».

Агар Абу Ҳозим: «يُنْمَى ذَلِكَ» деб, «يُنْمَى» сўзини мажҳул нисбат шаклида айтган бўлса, унда ҳадис «Мурсал», яъни ҳадис санади Пайғамбаргача етиб бормай, санади узилиб қолган ҳадис бўлади. Негаки, Абу Ҳозим бу буйруқни ким Пайғамбарга нисбат берганини маълум қилмаган.

Саҳиҳул Бухорий китобини шарҳловчи Ибн Ҳажар Асқалоний бу борада айтади:

«وَقَالَ إِسْمَاعِيلُ يُنْمَى ذَلِكَ وَلَمْ يقُلْ يَنْمِي الْأَوَّلُ بِضَمِّ أَوَّلِهِ وَفَتْحِ الْمِيمِ بِلَفْظِ الْمَجْهُولِ وَالثَّانِي وَهُوَ الْمَنْفِي كَرِوَايةِ الْقَعْنَبِي فَعَلَى الْأَوَّلِ الْهَاءُ ضَمِيرُ الشَّأْنِ فَيَكُونُ مُرْسلًا لِأَنَّ أَبَا حَازِمٍ لَمْ يُعَيِّنْ مَنْ نَمَّاهُ …»

«Исмоил деди: Бу буйруқ у зотга нисбат берилади ва Абу Ҳозим: «Саҳл бу буйруқни у зотга нисбат беради», деб айтмади. Биринчи сўзнинг илк ҳарфи заммали ва мим ҳарфи эса фатҳалидир. Феъл мажҳул нисбат шаклидадир ва иккинчи сўз эса, яъни у зотга нисбат беради деган сўз Қаънабийнинг ривояти каби рад этилган. Биринчи сўзга кўра, ҳаа ҳарфи замири шаън бўлиб, ҳадис Мурсал [санади узилиб қолган ҳадис] бўлади. Зероки, Абу Ҳозим ким бу буйруқни Пайғамбарга нисбат берганини маълум қилмади».[5]

Албатта, Ибн Ҳажарга ўхшаган кишилар: «Абу Ҳозим айтадики, Саҳл ибн Саъд бу буйруқни Пайғамбарга нисбат берган ва ҳадиснинг санади ҳам муттасил [ривоят қилувчилар ўзаро боғлиқ бўлиб, ўртада узилиш бўлмаган] ва марфуъ [ҳадиснинг санади Пайғамбаргача етиб борган]»[6] деб айтишга қаттиқ оёқ тираб туриб олишади.

Учинчидан; Бухорий ривоят қилган ушбу ҳадиснинг санадидан кўз юмган тақдирда ҳам, мазкур ҳадис икки жиҳатдан «Такаттуф» амалини, яъни намозда қўлни боғлаб ўқишни билдирмайди:

  1. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозда қўлни боғлаб ўқишга буюрган бўлсалар, у ҳолда мазкур ҳадисда: «Одамларга киши намозда ўнг қўлини чап билак устига қўйиш буюрилди», деб айтилган гап нима маънони англатади? Аксинча, ушбу ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мана шундай тартибда намоз ўқишни буюрдилар, деб айтилса, тўғрироқ бўлмасмиди?! Ана ўшанда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозда қўлни боғлаб ўқишга буюрганлар, деб айтиш мумкин бўларди.

Бунинг устига, агар Сарвари олам шундай буйруқ берган бўлсалар, унда у зотнинг муборак исмларини тилга олиш тўғри ва ўринли иш бўлиб, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунинг учун, ҳадисда у буюк зотнинг муборак исмларини келтирмаслик тўғри иш бўлмаган. Бухорий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак исмлари келтирилмаганидан маълум бўладики, намозда қўлни боғлаб ўқишга буюрган киши Пайғамбар эмас, балки халифалар даврида одамларга намозда қўлларини боғлаб ўқишга буюрилди. Токи, одамлар ушбу тартибда намоз ўқиш билан Парвардигори олам ҳузурида тавозе ва камтарона ҳолатда бўлсинлар, деб уларга шундай буйруқ берилди. Шу боис, Бухорий ушбу маънодан келиб чиқиб, ўзининг «Ал-Жомиъус-Саҳийҳ» номли китобида «Хушуъ» унвонли бобни келтиради.

2. Ушбу ҳадиснинг давомида Абу Ҳозим ҳадиснинг мазмуни тўғрилиги ҳақида шак-шубҳа қилгани яққол кўриниб турибди. Чунки, Абу Ҳозим ҳадиснинг давомида айтади: «Мен буни билмайман, магар Саҳл ибн Саъд бу буйруқни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбат берган бўлса». Абу Ҳозимнинг ушбу сўзига кўра, агар намозда қўлни боғлаб ўқиш Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбат берилгани аниқ ва маълум бўлмас экан, ушбу амалнинг мустаҳаб эканлиги ҳам маълум эмасдир.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Имом Молик, Молик ибн Анас ибн Молик ибн Омир ал-Асбаҳий ал-Маданий (вафот этган санаси; 179 ҳижрий йили), «Ал-Муваттоъ», Муҳаммад Фуод Абдулбоқий таълиқот ва тадқиқоти билан, Байрут-Ливан, Даару иҳйааит-туросил арабий нашриёти, 1406 ҳижрий/ 1985 милодий йили, 1-жилд, 59-бет, 47-рақамли ҳадис.

[2]. Молик ибн Анас ибн Молик ибн Омир ал-Асбаҳий ал-Маданий (вафот этган санаси; 179 ҳижрий йили), «Ал-Мудавванаҳ», Байрут-Ливан, Даарул кутубил-илмийяҳ нашриёти, 1415 ҳижрий/ 1994 милодий йили, 1-жилд, 169-бет.

[3]. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад, Абу Бакр Алоуддин ас-Самарқандий, «Туҳфатул фуқаҳо», Байрут-Ливан, Дорул кутубил илмийяҳ, учинчи чоп, 1414 ҳижрий йил/ 1994 милодий йил, 1-жилд, 126-бет.

[4]. Ҳофиз Аҳмад бин Али ибн Ҳажар Абул Фазл Асқалоний Аш-Шофеий, «Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий», Байрут-Ливан, Дорул маърифаҳ нашриёти, 1379-ҳижрий сана, 2-жилд, 224 ва 225-бетлар.

[5]. Юқоридаги манба.

[6]. Юқоридаги манба.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.