Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нега Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаби ичида шиалик йўқ ёки шиа кейин қўшилганми?

Нега Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаби ичида шиалик йўқ ёки шиа кейин қўшилганми?

Ассалому алайкум биродар. Дунёнинг энг кўп мусулмонлари аҳли сунна, яъни ҳанафийлик мазҳабида ва аслида 4 та мазҳаб мавжуд: Ҳанафий, шофеий, моликий ва ҳанбалий. Нега буларни ичида шиалик йўқ ёки шиа кейин қўшилганми?

Хурмат билан
Ҳусниддин Зокиров

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Ислом тарихида келган маълумотларга кўра, ҳижрийнинг еттинчи асри чамаси бани Аббос халифалари ёки тўғрироғи ҳукмдорларидан бири бўлган Мустаъсим биллаҳ ўз ҳукмронлиги даврида ўзининг маълум бир сиёсий мақсадига кўра, 100 дан ортиқ мавжуд бўлган Аҳли суннат мазҳабларини ўзи маъқул кўрган ва унинг ҳокимиятининг талабига жавоб берадиган атиги 4 та мазҳабга, яъни Ҳанафий, Шофеий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларига қисқартириб, қолган Аҳли сунна мазҳабларининг фаолиятини тўхтатиб уларга чеклов қўйди ва ҳамма мусулмонларни ушбу тўрт мазҳабдан бирига эргашишга чақирди. Ва албатта, халифа Мустаъсим биллаҳ ўзининг фармонига қаршилик кўрсатганларга нисбатан тазйиқ ўтказиб, уларни ушбу тўрт мазҳабдан бирини танлашга мажбур этди. Бунинг натижасида, Аҳли суннат оламида 4 та мазҳаб расмий тарзда қабул қилиниб, барча исломий ўлкаларга тарқалди. Бу ҳақда аниқ тарихий маълумотларга асосланиб ёзилган қуйидаги мақолани ўқиб чиқишни сизга тавсия этамиз:

https://najotkemasi.net/2016/01/nima-uchun-a-li-sunnat-turt-maz-abga-che.html

Аммо шиалик эътиқодига келсак, ушбу ақида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларининг ўзидаёқ, у ҳазрат томонларидан юзага келтирилган бўлиб, бу борада кўплаб ҳадислар Сарвари оламдан ривоят қилинган. Ушбу мавзуга доир «Шиалик тафаккури қачондан бошланган» унвони билан ёзилган тўққиз қисмли мақолани ўқиб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур мақоланинг биринчи қисми ҳаволасини сизга юборамиз ва давомини ҳам ўша ердан олиб ўқишингиз мумкин:

https://najotkemasi.net/2015/01/shialik-tafakkuri-achondan-boshlangan-1.html

Энди шиалар Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаби қаторида расмий мазҳаб сифатида тан олинмаганининг бир неча сабаблари бор бўлиб, бу ерда уларнинг баъзиларига ишора қиламиз:

1. Шиалик ақидаси ҳар доим зулм ва золимларни қабул қилмай, уларга қарши чиққани учун зулму-истибдодга асосланган бани Уммая ва бани Аббос ҳукмдорлари доим ушбу ақида вакилларини сиқув остига олиб, уларга ниҳоятда кучли босим ўтказиб келишган ва ҳатто мазкур ҳукмдорлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг наслларидан бўлган Аҳли-Байт имомларига ҳам зулму-ситам раво кўриб, уларни заҳарлаш йўли билан қатл қилишган. Албатта, биринчи имом ҳазрати Али (алайҳис салом) ва учинчи имом ҳазрати Ҳусайн ибн Али (алайҳмас салом) бундан мустаснолар. Зероки бу икки имом қилич зарбати билан ўлдирилиб шаҳид бўлганлар. Бу айтганларимнинг барчаси ислом тарихи саҳифаларида ёзиб қолдирилган.

2. Бани Аббос халифаси бўлмиш Мустаъсим биллаҳ даврида Аҳли суннат мазҳабларига чеклов қўйилаётган пайтда ўша замондаги шиалар олими Саййид Муртазо Аламул Ҳудо халифанинг ҳузурига бориб, ундан шиалик ақидасини ҳам Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаби қаторида расмий бир мазҳаб сифатида қабул қилишини сўрайди. Лекин Мустаъсим биллаҳ бу олимнинг истагини рад этади ва айрим тарихий манбаларда Мустаъсим биллаҳ шиа олимидан жудда катта миқдорда пул сўрайди ва шиа олими Саййид Муртазо Аламул Ҳудо ўша сўралган маблағни халифага етказиб бера олмагани учун шиалик ақидаси расмий мазҳаб сифатида қабул қилинмайди ва АФСУСКИ ҳозиргача Аҳли суннат мусулмонлари томонидан шиалик эътиқодига мазҳаблар орасида мавжуд бўлмаган бир ақида ва мазҳаб сифатида қаралади. Ҳолбуки, Аҳли-Байт мазҳаби чуқур илдиз отган, асл ва негизи мустаҳкам бўлган бир ақида бўлиб, унинг ақидавий ва фиқҳий кўрсатмалари олий ва юксак даражададир ҳамда доимо ўз самарасини ҳақиқат изловчиларига бериб туради.

Бу ерда ушбу ҳақиқатни ҳам эслатиб ўтишимиз жоизки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларининг ўзидаёқ, Салмони Форсий, Абу Зар Ал-Ғифорий, Аммор ибн Ёсир ва Миқдод ибн Асвад каби буюк саҳобалар ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиалари деб ном олган эдилар ва бу ақиданинг асосчиси Сарвари оламнинг ўзлари бўлиб, бу борада «Шиалик тафаккури қачондан бошланган» унвонли мақолада Қуръон оятлари ва Сарвари коинотнинг ҳадиси шарифларидан иборат аниқ ва қатъий далилларга асосланганмиз.

  • Эҳтиром ила:

  • Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.