Home / Шариат қонунлари / Намоз / Ҳайит Намозининг Аҳкоми ва Одоблари

Ҳайит Намозининг Аҳкоми ва Одоблари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳайит намози мусулмонлар икки кунда, яъни Рамазон ва Қурбон ҳайитларида ўқийдиган намоздир. Ҳайит намози ҳижратнинг биринчи йилида фарз қилинди ва сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида мусулмонлар ушбу намозни жамоат бўлиб адо этардилар. Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан кейин ушбу Ҳайит намози мусулмонлар учун «суннати муаккада», яъни таъкидланган суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намозидан кейин икки хутба ўқилади ва хутбани тинглаш ҳам «суннати муаккада» саналади.

Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг намози маъсум имом ҳозир бўлган вақтда вожиб бўлиб, ушбу Ҳайит намозини жамоат билан ўқиш лозимдир, лекин бизнинг замонимизда пешвоимиз Имом Маҳдий (алайҳис салом) кўзлардан ғойиб бўлган пайтда эса Ҳайит намозини ўқиш мустаҳаб саналади ва уни жамоат билан ўқиш фуқаҳолар наздида ихтилофий масаладир.

Манба: Имом Хумайний, Тавзийҳул масоил, 1387-ҳижрий шамсий йил, 234-бет.

Ушбу масала ҳақида Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий ҳазратларидан сўралган қуйидаги саволга:

«Сизнингча, Рамазон ва Қурбон ҳайити ҳамда жума намозлари вожиботларнинг қайси туридан саналади?» жавобан айтадилар:

«Ҳозирги замонда [Имом Маҳдий (алайҳис салом) кўзлардан ғойиб бўлган пайтда] Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари фарз эмас, балки мустаҳабдир, лекин жума намози «тахйирий вожиб»дир, [яъни икки вожиб амалдан бирини бажариш лозим бўлганда, «вожиби тахйирий» дейилади]».

Манба: https://farsi.khamenei.ir/treatise-content?id=48#633

Оятуллоҳ Саййид Али Систоний ҳазратларининг фатволарига кўра:

Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари Имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳозир бўлган вақтларида вожиб бўлиб, жамоат билан ўқилиши лозим, лекин маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган бизнинг замонимизда эса Рамазон ва Қурбон ҳайити намози мустаҳаб бўлиб, уни жамоат билан ёки фуродо [якка тартибда] ўқиса бўлади. (1495-масала)

Манба: https://www.sistani.org/persian/book/50/65/

Оятуллоҳ Макорим Шерозий ҳазратларининг фатволарига кўра:

Рамазон ва Қурбон ҳайити намози масъум имом (алайҳис салом) ҳозир бўлган вақтларида вожиб бўлиб, жамоат билан ўқилиши лозим, аммо бизнинг замонимизда Имом Маҳдий (алайҳис салом) кўзлардан ғойиб бўлган вақтда ушбу намоз мустаҳаб бўлиб, уни жамоат билан ёки фуродо ўқиш мумкин.

Манба: https://bit.ly/40RxDGw

Масум Имом ҳозир бўлганда Ҳайит намози вожиб бўлишининг ҳикмати

Бу борада Оятуллоҳ Макорим Шерозий ҳазратларидан сўралган ушбу саволга:

Қандай қилиб Маъсум Имом (алайҳис салом) ғойиблик вақтида Ҳайит намозини ўқиш мустаҳаб бўлади, лекин Маъсум Имом (алайҳис салом) ҳозир бўлган вақтда эса ушбу намоз вожиб бўлади? Бошқача таъбир билан айтганда, мустаҳаб амал қандайига вожиб бўлади?

Асосан жума намози ва ҳайит намози Масъум Имом, яъни Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг исломий ҳукумати ишларидан бўлиб, ул ҳазрат Ислом ҳокимиятини барпо этишлари билан жума ва ҳайит намозларини адо этмоқлик вожиб бўлади.

Манба: https://bit.ly/3AP7DBc

Ҳайит намози Аҳли суннат нигоҳидан

Ҳайит намози ҳанафий мазҳабида вожиб, моликий ва шофеий мазҳабларида эса «суннати муаккада» ва ҳанбалий мазҳабида эса «фарзи кифоя»дир.

Имом ҳайит намозида жамоат ниятини қилиши ҳақида

Имом жума ва ҳайит намозларида жамоатга имомлик қилиш ниятида бўлиши шартми?

«Жума намозининг шарти жамоат бўлиб, имом жамоатга имомлик қилиш ниятида бўлиши шарт. Лекин ҳайит намози ёки бошқа намозларда бундай ният шарт эмас. Аммо маъмумлар, яъни имомга иқтидо қилганлар жамоат ниятини қилишлари шарт».

Манба: https://bit.ly/44rXR5t

Ҳайит намозининг ҳукмлари

Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити намозларининг вақти Ҳайит куни қуёш чиққанидан бошланиб то туш [пешин] вақтигача давом этади. (1496-масала)

Қурбон ҳайити намозини қуёш кўтарилганидан кейин ўқиш мустаҳаб бўлиб, Рамазон ҳайитида эса қуёш кўтарилгандан кейин ифтор қилиш, яъни бирор нарса ейиш ва фитр закотини бериш, сўнгра ҳайит намозини ўқиш мустаҳабдир. (1497-масала)

Имом Маҳдий (алайҳис салом) кўзлардан ғойиб бўлган вақтда, агар Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари жамоат билан ўқилса, эҳтиёт юзасидан Ҳайит намозидан кейин икки хутба ўқиш лозим ва имом хатиб икки хутба орасида бир оз ўтириши лозимдир. Рамазон ҳайити намозининг хутбасида фитр закотининг ҳукмларини ва Қурбон ҳайити намозининг хутбасида эса қурбонлик қилиш аҳкомини айтиш яхшироқдир. (1500-масала)

Манба: https://www.sistani.org/persian/book/50/65/

Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларида мустаҳаб бўлган амаллар:

Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларида Аллоҳ таолонинг ажр-савоби умидида қуйидаги амалларни бажариш мустаҳаб саналади:

  1. Ҳайит намозини баланд товуш билан ўқиш.
  2. Ҳайит намозида ҳам жума намози каби икки хутба ўқилади, фарқи шундаки жума намозида икки хутба намоздан олдин ва ҳайит намозида эса икки хутба намоздан кейин ўқилади. Ва албатта, ҳайит намози жамоат билан ўқилганда, икки хутба ўқилади.
  3. Ҳайит намозида махсус сура йўқ, лекин биринчи ракъатда «Шамс» сураси ва иккинчи ракъатда эса «Ғошия» сурасини ўқиш ёки биринчи ракъатда «Аъло» сураси ва иккинчи ракъатда эса «Шамс» сурасини ўқиш яхшироқдир.
  4. Рамазон ҳайити куни ҳайит намозидан олдин хурмо билан ифтор қилиш ва Қурбон ҳайити куни эса ҳайит намозидан кейин қурбонлик гўштидан бир миқдор ейиш мустаҳабдир.
  5. Ҳайит намозидан олдин ғусл қилиш ва дуо китобларида келган ҳайит намозидан олдин ва кейин ўқиладиган дуоларни ўқиш мустаҳабдир.
  6. Ҳайит намозида ерга сажда қилиш ва такбирларни айтаётганда қўлларни кўтариш мустаҳабдир.
  7. Рамазон ҳайити кечаси шом ва хуфтон намозларидан кейин ва ҳайит куни ҳам бомдод, зуҳр [пешин] ва аср намозларидан сўнг ва шунингдек, Рамазон ҳайити намозидан кейин ҳам қуйидаги такбирларни айтиш мустаҳабдир:

«اللهُ أَکْبَرُ، اللهُ أَکْبَرُ، لَا إِلٰهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَکْبَرُ، اللهُ أَکْبَرُ وَللهِ الْحَمْدُ، اللهُ أَکْبَرُ عَلَىٰ مَا هَدَانَا».

Ўқилиши: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар ва лиллааҳил ҳамд, валлоҳу Акбар ъалаа маа ҳадаанаа». 

Таржимаси: «Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Аллоҳ буюк Зот, Аллоҳ улуғдир ва фақат Аллоҳ учундир ҳамду-мақтовлар. Аллоҳ бизни ҳидоят қилишида буюк Зотдир».

  1. Қурбон ҳайити куни ўнта намоздан кейин, биринчиси ҳайит куни зуҳр [пешин] намози бўлиб, охиргиси эса Зулҳижжа ойининг ўн иккинчи куни бомдод намозидан сўнг юқоридаги такбирларни айтиб, яна шундай қўшимча қилинади:

«اللَّهُ اكْبَرُ عَلَىٰ‏ مَا رَزَقَنَا مِنْ بَهِيمَةِ الْأنْعَامِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ عَلَىٰ مَا أَبْلَانَا».

Ўқилиши: «Аллоҳу Акбар, ъалаа маа розақонаа мин баҳийматил анъаами вал-ҳамду лиллаҳи ъалаа маа аблаанаа».

Таржима: «Аллоҳ чорвалардан бизга ризқ қилиб беришида буюкдир ва бизни синагани учун Аллоҳга ҳамду-мақтовлар бўлсин».

Лекин агар киши Қурбон ҳайити куни Минода бўлса, унда ушбу такбирларни ўн бешта намоздан кейин айтади, биринчи намоз ҳайит кунининг зуҳр намози бўлса, охиргиси эса Зулҳижжа ойининг ўн учинчи куни бомдод намозидир.

  1. Ҳайит намозини шифтсиз усти очиқ бўлган жойда ўқиш мустаҳабдир.

Манба:

  1. https://bit.ly/414Pqds
  2. https://www.sistani.org/persian/book/50/65/
  3. Имом Хумайний, Тавзийҳул масоил, 1387-ҳижрий шамсий йил, 235-бет.

Ҳайитнинг жума кунига тўғри келиши

Жума намози Рамазон ҳайити ёки Қурбон ҳайити билан бир вақтда бўлса, қайси бирини ўқиш керак?

Рамазон ва Қурбон ҳайити намозини ўқиш билан жума намози соқит бўлади.

Манба: https://bit.ly/3HDKYf7

Ҳайит намозининг такбирлари ёки қунутларида иккиланиш ҳақида

Савол: Рамазон ёки Қурбон ҳайити намозларининг такбирларида ёки қунутларида иккиланиш пайдо бўлса, вазифа нима?

Жавоб: Агар Ҳайит намозининг такбирлари ва қунутларида иккиланиш пайдо бўлса, шунда ўша иккиланган жойдан ҳали ўтмаган бўлса, у ҳолда озроқ миқдорни бажардим деб қабул қилиб давом эттиради. Лекин агар айтганлиги кейинроқ маълум бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ.

Манба: https://bit.ly/3p1Mtx3

Ҳайит намозининг қироати ёки такбирлари ёхуд қунутларини унутиш ҳақида

Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларининг қироати ёки такбирлари ёки қунутларини унутган тақдирда нима қилиш керак?

Агар суранинг қироатини ёки такбирларни ёки қунутларни билмаган ҳолда унутиб, рукуга боргандан кейин эсига тушса, у ҳолда ўқиган намози саҳиҳдир.

Манба: https://bit.ly/3NxrFb7

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Намоз – куфр ва иймон орасидаги чегара

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намоз хусусида бундай деб марҳамат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.