Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Кавсар сураси / Кавсар сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

Кавсар сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари.

Олдинги суҳбатимизда “Кавсар” сурасининг тафсири қисман тақдим этилди ва энди эса ушбу саволларга жавоб бериш билан “Кавсар” сураси тафсирини давом эттирамиз:

  1. Жаннатдаги анҳорлардан бири «Кавсар» деб номланган. Ҳазрати Фотима (алайҳас салом)нинг «Кавсар» деб номланиши борлиқдаги қайси ҳақиқатни ошкор этади?
  2. Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни «Абтар» деб атаганларга Аллоҳ таолонинг сўз ила ва амалдаги жавоби қандай бўлди?
  3. Ушбу сурада нечта ғайбий хабарлар мавжуд?
  4. Душманларнинг Расулуллоҳга тўнкаган айбловлари нимадан иборат ва Аллоҳ таоло уларга нима деб жавоб қайтарган?
  5. Ояти каримада لِرَبِّكَ «Раббинг учун» деб Пайғамбарга хитоб қилиниши нимадан далолат беради?

Ҳадиси шарифларда айтилишича, жаннатдаги анҳор ва ҳовузлардан бирининг номи Кавсар бўлиб, мўминлар ундан сероб бўлишади. Шунингдек, мутавотир ҳадис ҳисобланган Сақалайн ҳадисида Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«إنَّهُمَا لَن يَّفْتَرِقَا حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ»

«Китоб ва Итрат, Аҳли-Байт қиёмат куни Ҳовуз бўйида менга кириб келгунига қадар, ҳаргиз бир-биридан ажралмаслар».

Аллоҳ таоло ато этган «Кавсар» жинсга боғлиқ эмас. Зеро, Ҳазрати Фотима қиз фарзанд эди, лекин ул ҳазрат «Кавсар» бўлди. «Кавсар» бўлмоқлик кўп сонга ҳам боғлиқ эмас. Негаки Ҳазрати Фотима бир нафар эди, аммо ул ҳазрат «Кавсар» бўлди. Ҳа, Аллоҳ таоло камни «Кавсар» этиб, кўпни эса маҳв қила олади.

Аллоҳ таоло Ўзининг валий ва дўстларини ҳимоя қилади. Пайғамбарни «зурриётсиз» деган кишига сўз ила ва амалий жавоб қайтаради. Ҳазрати Фотиманинг Пайғамбарга ато этилиши амалий жавоб бўлса,

﴿إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ﴾

«Дарҳақиқат, сени тили билан ранжитган душманинг ўзи зурриётсиздир» жумласи эса сўз ила берилган жавобдир. Аллоҳ таоло нафақат Ўзининг валий ва дўстларини, балки барча иймонли кишиларни ҳимоя қилади. Бу ҳақда Унинг Ўзи Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

﴿إِنَّ اللَّهَ يُدَافِعُ عَنِ الَّذِينَ آمَنُوا ۗ﴾

«Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳимоя қилур». (Ҳаж сураси, 38-оят)

Ҳадя берувчи Аллоҳ таоло, ҳадяни олувчи Пайғамбар (с.а.в) ва ҳадя қилинган эса Ҳазрати Фотимадир. Шунинг учун, Аллоҳнинг буюклигини ҳамда Унинг ҳадя ва инъомининг улканлигини баён этувчи:

﴿إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ

«Албатта, Биз сенга Кавсарни, яъни кўп яхшиликларни ато этдик» ибораси қўлланилган.

Дин ва диннинг муқаддас ва қадр-қимматли зотларига уриладиган зарба қанчалик кучли бўлса, мудофаа ҳам шунга яраша кучлироқ бўлиши керак. Кофир ва мушриклар Пайғамбарга нисбатан кўп журъат ва ҳурматсизликлар қилиб, у зотни сеҳргар, жодугар, шоир ва телба деб атаган бўлсалар-да, лекин бу айбловларнинг барчасига Қуръонда қатъий жавоб берилиб, Сарвари коинотнинг шаъну-мартабалари бундай бемаъни гаплардан юқори эканлиги ошкора баён қилинган.

Кофирлар Пайғамбарга: إِنَّكَ لَمَجْنُونٌ‎﴿ «Дарҳақиқат, сен мажнунсан», дейишди (Ҳижр сураси, 6-оят). Аллоҳ таоло уларга жавобан:

﴿مَا أَنتَ بِنِعْمَةِ رَبِّكَ بِمَجْنُونٍ﴾‏

«Сен Парвардигоринг марҳамати ила мажнун эмассан», деди (Қалам сураси, 2-оят).

Улар Пайғамбарга: لَسْتَ مُرْسَلًا﴿ «Сен Аллоҳнинг юборган пайғамбари эмассан», дейишди (Раъд сураси, 43-оят). Аллоҳ таоло уларнинг ушбу сўзига жавобан:

﴿إِنَّكَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ﴾‏

«Ҳеч шак-шубҳасиз, сен Пайғамбарлардансан», деди (Ёсин сураси, 3-оят).

Улар Сарвари оламга шоир ва хаёлпараст деган нисбатни бериб:

﴿أَئِنَّا لَتَارِكُو آلِهَتِنَا لِشَاعِرٍ مَّجْنُونٍ﴾

«Ҳали биз бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?!», дейишди (Соффот сураси, 36-оят). Аллоҳ таоло уларга жавобан:

﴿وَمَا عَلَّمْنَاهُ الشِّعْرَ وَمَا يَنبَغِي لَهُۚ إِنْ هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ وَقُرْآنٌ مُّبِينٌ﴾

«Биз Пайғамбарга шеър ўргатмадик ва шоирлик унинг учун муносиб эмасдир. Пайғамбар ўқиётган нарса фақат бир эслатма ва очиқ-ойдин Қуръондир, холос», деди (Ёсин сураси, 69-оят).

Кофирлар яна Пайғамбарни масхара қилишиб:

﴿وَقَالُوا مَالِ هَٰذَا الرَّسُولِ يَأْكُلُ الطَّعَامَ وَيَمْشِي فِي الْأَسْوَاقِ﴾

«Нега бу Пайғамбар [оддий одамлардек] таом ейди ва бозорларда юради?!», деб айтишганда (Фурқон сураси, 7-оят), Аллоҳ таоло уларга жавобан:

﴿وَمَا أَرْسَلْنَا قَبْلَكَ مِنَ الْمُرْسَلِينَ إِلَّا إِنَّهُمْ لَيَأْكُلُونَ الطَّعَامَ وَيَمْشُونَ فِي الْأَسْوَاقِۗ﴾

«Биз сендан илгари юборган ҳамма пайғамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар», деди (Фурқон сураси, 20-оят).

Яна улар Пайғамбарга «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни «зурриётсиз» деб айтишганида, Аллоҳ таоло уларнинг ушбу сўзига жавобан:

﴿إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ﴾‏

«Дарҳақиқат, сени тили билан ранжитган душманинг ўзи зурриётсиздир», деб марҳамат қилди.

Ҳа, яратилганларнинг энг шарафлиси бўлган зотга «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни «зурриётсиз» деган кимсага берилган жавоб шуки, Аллоҳ таоло ул зотга ҳамманинг кўзини қамаштирадиган ва барчанинг ақлини лол қолдирадиган «Кавсар»ни ато этди.

Аллоҳ таоло оятда Кавсарга айний бир намуна ва мисол келтирмади, токи у ноаниқ бўлиб қолсин, токи зора бу ато этилган Кавсар хайру баракотининг теранлиги ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзларига ҳам ноаниқ ҳолатда эканлигига ишора бўлса.

Бу сурада иккита ғайбий хабар мавжуд: Биринчиси Кавсарнинг Пайғамбарга ато қилиниши бўлса, у ҳам Сарвари коинотнинг Маккада яккаю ёлғиз ва ўғил фарзанди бўлмаган бир пайтда. Иккинчиси эса кўп фарзандлар ва бойликларга эга бўлган душманнинг «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни «зурриётсиз» бўлиб қолиши эди.

Ислом тарихида битилган маълумотлар Аллоҳ таоло ато этган ушбу улкан ҳадя ва инъомнинг «Кавсар» эканлигига энг яхши исботдир. Дунёдаги ҳеч бир халқ ва тоифанинг авлоди Ҳазрати Фотима (алайҳас салом) авлодларидек ривож топиб, кенг тарқалгани эмас. Айниқса, агар онаси саййид бўлганларни ҳам саййидлардан деб ҳисоблайдиган бўлсак, дунёдаги саййидлар сонининг ўта кўплиги бу ғайбий хабарнинг мўжиза эканлигидан далолатдир.

Пайғамбар каби бир буюк зотга «Кавсар» ато этишнинг маъноси, ато этувчи Зот илм-маърифат, ҳикмат, куч-қудрат ва раҳмат манбаи бўлган бир пайтда ошкор бўлади. Бинобарин, «Кавсар» ато этиш Аллоҳ таолонинг сифатлари ва камолотидан далолатдир.

Фақат уч жумладан иборат бўлган ушбу сурада Аллоҳ таоло томонидан Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га беш марта хитоб қилинган. Зеро, илк марта «أَعْطَيْناكَ» «Биз сенга ато этдик» жумласидаги «كَ» «сен» олмошидан ташқари, «صَلِّ» «намоз ўқи» ва «لِرَبِّكَ» «Раббинг учун» мурожаатларида икки марта ҳамда «انْحَرْ» «туя сўй» ва «شانِئَكَ» «сенинг душманинг» жумлаларида ҳам икки марта Пайғамбарга хитоб ва мурожаат қилинган:

«أَعْطَيْناكَ‏، فَصَلِّ، لِرَبِّكَ‏، انْحَرْ، شانِئَكَ»

Аллоҳ таоло бутун Қуръон бўйлаб икки юздан ортиқ маротаба ўз Пайғамбарига: «رَبُّكَ» “Раббинг” деб мурожаат қилган.

Агарчи Аллоҳ таоло: «رَبُّ كُلِّ شَيْ‏ءٍ» «Ҳамма нарсанинг Парвардигори» ва «بِرَبِّ النَّاسِ» «Барча одамларнинг Парвардигори» бўлса ҳам, лекин «رَبّ» «Робб» сўзлари орасида «رَبُّك» «Роббука» сўзи энг кўп қўлланилган ва бу эса Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига алоҳида ғамхўрлик қилиши ва эътибор қаратишидан далолатдир.

Шунингдек, Аллоҳнинг Ўз Пайғамбарига бўлган алоҳида ғамхўрлиги ва иноятини Қуръоннинг бошқа оятларида ҳам мушоҳада этамиз. Мисол тариқасида, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар аъзоларининг номларини зикр қилган: «وَجْهِكَ» Юзинг, «لِسانَكَ» Тилинг, «عَيْنَيْكَ» кўзларинг, «عُنُقِكَ» Бўйнинг, «يَدَكَ» Қўлинг, «صَدْرِكَ» Кўкрагинг, «ظَهْرَكَ» Белинг.

Аллоҳ таолонинг Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га бўлган фазл-марҳамати баъзан ул зотнинг сўрашлари билан содир бўлган. Масалан: وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا﴿ «Эй Парвардигорим, илмимни зиёда қилгин» (Тоҳо сураси, 114-оят). Лекин «Кавсар» эса суюкли Пайғамбаримизга ул зот сўрамасларидан туриб ато этилган илоҳий совға эди.

Кавсар сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда эътиборингизга тақдим этамиз. Кейинги учрашувгача, барчангизни Кавсарни ато этган Аллоҳга топшираман ҳамда Ундан ҳаммамизни Пайғамбаримизнинг Кавсари билан бирга маҳшур бўлишимизни сўрайман.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.