Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Кавсар сураси / Кавсар сурасининг таржимаси ва тафсири (3)

Кавсар сурасининг таржимаси ва тафсири (3)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари.

Олдинги суҳбатимизда “Кавсар” сурасининг тафсири қисман тақдим этилди ва энди эса ушбу саволларга жавоб бериш билан “Кавсар” сураси тафсирини давом эттирамиз:

  1. Ушбу сурадаги «Кавсар» нима маъно ва тушунчани англатади ва қандай намунага эга?
  2. Ҳар бир кўп ва мўл-кўл «Кавсар» бўла оладими? Нега?
  3. «Кавсар» билан «Такосур»нинг фарқи нимада?
  4. Макка шаҳрини фатҳ ва забт этганда Аллоҳ таоло Пайғамбарга: «Аллоҳга тасбеҳ айт», деди. Аммо «Кавсар»ни ул зотга ато этганида эса «فَصَلِّ لِرَبِّكَ», «Раббинг учун намоз ўқи» деб марҳамат қилди. Ушбу баён қилиш усулидаги тафовут нимага ишорадир?
  5. Пайғамбарнинг ўзлари ва саҳобаларини ҳақорат қилиб камситиш билан ул зотнинг келтирган динини ҳақорат қилиб камситиш ўртасида қандай фарқ бор?

Кавсар сурасининг тафсирини давом эттиришда бизга ҳамроҳ бўлинг!

КАВСАР НИМА?

Суранинг охирги оятидан, яъни «إِنَّ شانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ» «Дарҳақиқат, сени тили билан ранжитган душманинг ўзи зурриётсиздир» оятидан «Кавсар» сўзидан кўзланган маъно ва мурод «Абтар» сўзига зид ва қарама-қарши эканлигини тушуниш мумкин ва араблар ўғил фарзанди бўлмаган ва дунёдан ўтиши билан ўзидан из қолдирмаган вориссиз ва зурриётсиз кишиларга «Абтар» деб айтганлари боис, Кавсар учун энг яхши намуна ва мисол Пайғамбаримизнинг зурриётлари бўлиб, улар Ҳазрати Фотима онамиз наслидан бўлган маъсум имомлардир. Албатта, Кавсар сўзи умумий маънога эга бўлиб, ҳар бир кўп яхшиликни ўз ичига олади.

Агар Кавсар сўзидан илм назарда тутилган бўлса, бу – Пайғамбар уни Аллоҳдан сўрашга буюрилган нарса эди:

﴿وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا﴾

«Эй Парвардигорим, илмимни зиёда қилгин» (Тоҳо сураси, 114-оят).

Агар Кавсар сўзидан гўзал хулқ-атвор ва чиройли юриш-туриш назарда тутилган бўлса, Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) улкан хулқ соҳиби эдилар:

﴿وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٍ﴾

«Албатта, сен улкан хулқ устидасан» (Қалам сураси, 4-оят).

Агар Кавсар сўзидан тоат-ибодат назарда тутилган бўлса, Сарвари коинот шу қадар тоат-ибодат қилардиларки, ул зотга ушбу оят нозил бўлди:

﴿مَا أَنزَلْنَا عَلَيْكَ الْقُرْآنَ لِتَشْقَىٰ﴾‏

«[Эй Пайғамбар,] Биз сенга Қуръонни машаққатга учрашинг учун нозил қилмадик» (Тоҳо сураси, 2-оят).

Агар Кавсар сўзидан кўп авлод ва зурриётлар назарга олинган бўлса, бугунги кунда энг катта авлод ва энг кўп насл Пайғамбар (с.а.в)никидир.

Агар Кавсар сўзидан катта умматга соҳиб бўлиш кўзланган бўлса, Аллоҳнинг ваъдасига кўра, Ислом дини бутун дунё устидан ғалаба қозонажакдир:

﴿هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَىٰ وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُشْرِكُونَ﴾‏

«У Аллоҳ гарчи мушриклар ёқтиришмаса-да, Исломни барча динлар устидан ғолиб қилиш учун Ўз Расули Муҳаммадни ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган зотдир». (Тавба сураси, 33-оят).

Агар Кавсар сўзидан ўз умматини шафоат қилиш кўзда тутилган бўлса, Сарвари коинот рози бўлгунларига қадар, Аллоҳ таоло у зотнинг умматини кечиради.

﴿وَلَسَوْفَ يُعْطِيكَ رَبُّكَ فَتَرْضَىٰ﴾

«Ва яқинда Парвардигоринг сенга шу даражада ато этурки, сен рози бўлгайсан». (Зуҳо сураси, 5-оят).

Ҳар бир кўпликдан иборат бўлган нарса «Кавсар» эмас. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿فَلَا تُعْجِبْكَ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُمْ ۚ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُم بِهَا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَتَزْهَقَ أَنفُسُهُمْ وَهُمْ كَافِرُونَ﴾

«Уларнинг кўп мол-мулклари ва фарзандлари сени ажаблантирмасин. Зеро, Аллоҳ ўша нарсалар орқали уларни шу дунё ҳаётида азоблашни истайди, холос.» (Тавба сураси, 55-оят).

Қуръони Каримда «Кавсар» деган бир сура ҳамда «Такосур» деган бир сура бор. Аммо «Кавсар» қадрият бўлса, бироқ «Такосур» эса бунинг акси ўлароқ, қадриятсизлик саналади. Чунки, биринчиси – Аллоҳнинг ато этган инъоми ва фазл-марҳаматидан иборат бўлиб, унинг кетидан Аллоҳни эслаб, Унинг тоат-ибодатига қоим бўлмоқлик бордир:

إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ ﴿١﴾‏ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ ﴿٢﴾‏

«Албатта, Биз сенга Кавсарни, яъни кўп яхшиликларни ато этдик. Демак, Раббинг учун намоз ўқи ва (жонлиқ туяни) сўйиб қурбонлик қил».

Иккинчиси эса – салбий рақобатлашиш бўлиб, унинг натижасида Аллоҳга бепарво бўлмоқ ва ғафлатга учрамоқ бордир.

﴿أَلْهَاكُمُ التَّكَاثُرُ﴾‏

«Дунё молини тўплаб-кўпайтириш сизларни машғул қилиб қўйди» (Такосур сураси, 1-оят).

«Кавсар» бизни намоз учун масжид томон элтади: «فَصَلِّ لِرَبِّكَ» аммо «Такосур» эса бизни ўликлар қабрини санаб чиқиш учун қабристонга етаклайди:

﴿حَتَّىٰ زُرْتُمُ الْمَقَابِرَ﴾

«То қабрларни зиёрат қилгунингизча» (Такосур сураси, 2-оят).

«Кавсар»ни ато этишда хушхабар бор: «إِنَّا أَعْطَيْناكَ الْكَوْثَرَ» Бироқ «Такосур»да эса кетма-кет таҳдидлар бор:

كَلَّا سَوْفَ تَعْلَمُونَ ﴿٣﴾‏ ثُمَّ كَلَّا سَوْفَ تَعْلَمُونَ ﴿٤﴾‏

«Йўқ! Сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) биласизлар. Яна йўқ! Сизлар яқинда биласизлар» (Такосур сураси, 3 ва 4-оятлар).

«Кавсар» инсонни Яратгувчи билан боғловчи омилдир: «أَعْطَيْناكَ الْكَوْثَرَ فَصَلِّ» Бироқ «Такосур» эса махлуқотлар билан банд бўлиб ўйин-кулги қилиш воситасидир: «أَلْهاكُمُ التَّكاثُرُ»

Аллоҳ таолонинг энг улкан ҳадяси бўлган «Кавсар» Қуръони Каримнинг энг кичик сурасида келган. Энг шарафли Маъбуднинг энг шарафли бандасига берган ҳадяси Кавсардан ўзга нарса бўла олмайди: «إِنَّا أَعْطَيْناكَ الْكَوْثَرَ»

Макка шаҳри фатҳ этилгач, мушриклар тўда-тўда бўлиб Исломга келганларида, Аллоҳ таоло Пайғамбар (с.а.в)га фақат тасбеҳ айтишни буюради:

﴿وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا‏ فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ﴾

«Одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кираётганларини кўрсанг. Шунда Парвардигорингга ҳамд-мақтов айтиш ила Уни барча айб-нуқсонлардан пок деб ёд эт» (Наср сураси, 2 ва 3-оятлар). Аммо «Кавсар»ни ато этганда эса Аллоҳ таоло Пайғамбар (с.а.в)га: «فَصَلِّ لِرَبِّكَ» «Раббинг учун намоз ўқи», деб марҳамат қилади. Гўёки, Кавсарнинг аҳамияти мушрикларнинг Исломга киришидан ҳам улканроқдир.

Бетакрор ҳадя бетакрор сурада бетакрор сўзлар билан:

Аллоҳнинг бу ҳадяси бетакрор ва ягонадир. Чунки, у «Кавсар»дир. Ушбу сура ҳам бетакрор ва ягонадир. Чунки, у Қуръоннинг энг кичик сурасидир ва бу сурада келган сўзлар ҳам бетакрордир. Зеро, «أَعْطَيْنَا» “ато этдик”, «الْكَوْثَرَ» “кўп яхшиликлар”, «صَلِّ» “намоз ўқи”, «انْحَرْ» “туя сўй”, «شَانِئَكَ» “душманинг” ва «أَبْتَرُ» “зурриётсиз” каби сўзлар фақат ушбу сурада қўлланган бўлиб, Қуръоннинг ҳеч бир жойида буларга ўхшаш сўзлар келмаган.

Ҳар бир тил жароҳати ва айтиладиган сўзнинг оғирлиги бор. Мушрик ва кофирлар томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шахслари камситилиб кўп ҳақоратлар қилинди. Ул ҳазратга жинни, шоир, жодугар ва сеҳргар каби ҳақоратли сўзлар айтилди ва у зотга эргашганларга ҳам ҳақоратли сўзлар айтилиб: «Бу бечораларни ўзингдан узоқлаштирсанг, шунда биз сенинг атрофингга тўпланамиз», деб айтиш даражасигача етиб борилди. Лекин шунга қарамай, уларнинг бирортаси ҳақида мустақил бир сура нозил бўлмади. Аммо Сарвари коинотга «Абтар», яъни «зурриётсиз» деб нисбат берилганда, Аллоҳ таоло томонидан ул зотга бир сура нозил бўлиб: «Биз сенга Кавсарни, яъни кўп яхшиликларни ато этдик ва сенинг душманинг ўзи Абтардир», деб кескин жавоб қайтарилди. Бунинг сабаби, ул зотнинг шахсларига ва ёру саҳобаларига нисбатан жасорат ва ҳурматсизлик қилинишига чидаш мумкин, лекин ул зотнинг кўрсатган йўли ва келтирган динига жасорат ва ҳурматсизлик қилиниб, у «Абтар», яъни «зурриётсиз» ва унинг йўли ўткинчи ва келажаги йўқ, деб айтилишига сира чидаб бўлмайди.

Бу ерда жасорат ва ҳурматсизлик кўрсатиш борасида бир оз тўхталмоқчимиз. Баъзида кишининг жасорат ва ҳурматсизлик қилиши беҳуда сўзларни айтишидан келиб чиқади. Ундай ҳолда бундай кишиларнинг олдидан ҳурматни сақлаб олижаноблик билан ўтиб кетиш керак:

﴿وَإِذَا مَرُّوا بِاللَّغْوِ مَرُّوا كِرَامًا﴾ ‏

«Улар [Раҳмоннинг суюкли бандалари] беҳуда сўз ёки амал олдидан ўтганларида, олижаноблик билан ўтарлар» (Фурқон сураси, 72-оят).

Гоҳида жасорат ва ҳурматсизлик қилиш бузуқ муҳит таъсирида ва нобоб дўстлар билан ўтириб туриш натижасида юзага келади. Ундай ҳолда улардан юз ўгириш керак:

﴿وَإِذَا رَأَيْتَ الَّذِينَ يَخُوضُونَ فِي آيَاتِنَا فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ حَتَّىٰ يَخُوضُوا فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ ۚ

«Қачон Бизнинг оятларимизни [масхара қилишга] киришаётган кимсаларни кўрсанг, улардан юз ўгир, токи улар бошқа гапга киришсинлар!» (Анъом сураси, 68-оят).

Аммо баъзан бир ғоя ва ақидага ҳамда унинг раҳбарига нисбатан жасорат ва ҳурматсизлик қилинса, у ҳам бўлса таниқли ва сиёсий мавқега эга шахслар томонидан, унда бундай ҳурматсизликка қаттиқ ва кескин жавоб берилиши керак:

﴿إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ﴾‏

«Дарҳақиқат, сени тили билан ранжитган душманинг ўзи зурриётсиздир, сен эмас» (Кавсар сураси, 3-оят). Шунингдек, мунофиқлар ҳам мағрурлик юзасидан шундай дердилар:

﴿أَنُؤْمِنُ كَمَا آمَنَ السُّفَهَاءُ ۗ﴾‏

«Фаросатсизлар имон келтирганидек биз ҳам имон келтирайликми?» (Бақара сураси, 13-оят). Бундай кишиларнинг кўрсатган жасоратига нисбатан Қуръонда кескин жавоб қайтарилиб, шундай дейилган:

﴿أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ السُّفَهَاءُ وَلَٰكِن لَّا يَعْلَمُونَ﴾

«Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари фаросатсизлардир ва лекин улар буни билмайдилар!» (Бақара сураси, 13-оят).

Аллоҳ таолонинг қудрати шу даражада чексизки, ҳазрати Мусо пайғамбарнинг қўлидаги ҳассасини денгизга уриши билан денгизни қурита олади:

﴿فَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ مُوسَىٰ أَنِ اضْرِب بِّعَصَاكَ الْبَحْرَ ۖ فَانفَلَقَ﴾

«Биз Мусога: «Асонг билан денгизни ур», деб ваҳий қилдик. Шунда денгиз бўлакларга бўлинди» (Шуаро сураси, 63-оят). Ва ул ҳазрат ўша ҳассаси билан тошга урганида, Аллоҳ таоло ўн икки булоқни оқиза олади:

﴿فَقُلْنَا اضْرِب بِّعَصَاكَ الْحَجَرَ ۖ فَانفَجَرَتْ مِنْهُ اثْنَتَا عَشْرَةَ عَيْنًا ۖ

«Биз Мусога «Ҳассангни тошга ур», дедик. Шунда [ҳазрати Яъқуб наслидан бўлган ўн икки қабила учун] ўн икки булоқ отилиб чиқди» (Бақара сураси, 60-оят).

Кавсар сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда эътиборингизга тақдим этамиз. Кейинги учрашувгача, барчангизни Кавсарни ато этган Аллоҳга топшираман. Унинг паноҳида соғ-омон бўлинг. Кавсарнинг отаси, умр йўлдоши ва фарзандлари билан маҳшур бўлинг.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.