Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Фарз намозларнинг ўқилиш вақтлари қачон ва улар қайси пайт қазо бўлади?

Фарз намозларнинг ўқилиш вақтлари қачон ва улар қайси пайт қазо бўлади?

Ассалому алайкум Нажот Кемаси Жамоаси. Намозларнинг ўқилиш вақти борасида саволларим бор эди. Эрталаб ухлаб қолиб ҚУЁШ чиққандан кейин ўқилган намоз қазо деб ўқиладими? Ёки шу кунлик намозим деб ўқейвирамизми? Зуҳр ва аср намозлари ҳам худди шундайми? Шом ва хуфтон намозаларини то соат 12 кечгача ўқисак бўладими? Қазо дейилмайдими?

  • Ҳурмат билан
  • Насиба

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Муслима Опамиз.

Агар инсон эрталаб ухлаб қолиб, қуёш чиққандан кейин Бомдод намозини ўқимоқчи бўлса, албатта, ҚАЗО деб ният қилиб ўқиши керак, яъни «Бомдод намозининг қазосини ўқийман, қурбатан илаллоҳ», деб ният қилиб ўқиши керак.

Бу ерда шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Бомдод намози вақтининг аввали «ФАЖРИ СОДИҚ» вақтидир. Яъни қачонки машриқ томонда пайдо бўлган оқлик юқорига ҳаракатланса, «ФАЖРИ АВВАЛ» ёки «ФАЖРИ КОЗИБ» вақти бўлиб, қачонки ушбу оқлик осмонда тарқала бошласа, «ФАЖРИ СОНИЙ» ёки «ФАЖРИ СОДИҚ» вақти бўлади ва ушбу «ФАЖРИ СОДИҚ» вақти кириб келиши билан Бомдод намози вақти бошланиб, Бомдод намозининг азони айтилади. Мана шу пайт Бомдод намозини ўқиса бўлади ва ушбу «ФАЖРИ СОДИҚ» вақтидан олдин Бомдод намози ўқилса, албатта, ботил бўлиб, яна қайтадан Бомдод намозини ўқимоқлик вожибдир. Бомдод намозининг АДО этиш вақти қуёш чиққан вақтга қадар давом этади ва қуёш чиқиши биланоқ Бомдод намози ҚАЗО бўлади.

Инсон ҳар сабабга кўра, Бомдод намозини АДО этиш вақтида ўқий олмаса, қуёш чиққандан кейин Бомдод намозини ҚАЗО ниятида ўқиб олиши вожибдир. Албатта, мусулмон киши қасддан ёки ноўрин ва бемаъни сабаблар билан Бомдод намозини АДО этиш вақтида ўқимаса, КАБИРА ГУНОҲ, яъни катта гуноҳга йўл қўйган бўлади. Лекин ушбу гуноҳ кечирилиши учун Аллоҳ таоло даргоҳига тавба қилиб, Бомдод намозини ҚАЗО ниятида ўқиши вожибдир.

Зуҳр ва Аср намозлари вақтининг бошланиши завол пайти, қуёш тик кўтарилган ва ҳар нарсанинг сояси ўзига тенг ва баробар бўлган вақтдан бошланиб, қуёш ботгунга қадар давом этади. Албатта, тартиб билан аввал Зуҳр намозини ва ундан кейин Аср намозини ўқиш вожибдир. Лекин қуёш ботишига фақат 4 ракъат намоз ўқишчалик вақт қолганда эса фақат Аср намозини АДО деб ният қилиб ўқиш керак ва Зуҳр намозини эса ҚАЗО деб ният қилинади. Аммо агар кун ботиш вақтигача ҳеч қайсисини на Зуҳрни ва на Асрни ўқий олмаса, унда Зуҳр намози ҳам, Аср намози ҚАЗО бўлади. Яъни ҳар иккала намозни ҳам ҚАЗО деб ният қилиб ўқиш вожибдир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ноўрин сабаблар билан Зуҳр ва Аср намозлари АДО этиш вақтида ўқилмаса, КАБИРА ГУНОҲга йўл қўйилган бўлади. Лекин бу икки намознинг ҚАЗОСИни албатта ўқимоқ лозимдир.

Шом ва Хуфтон намозларининг АДО ВАҚТИ эса қуёш тўлиқ ботиб, машриқ томондаги шафақ ҳам йўқолгач бошланиб, то шаръий ярим кечагача давом этади ва шаръий ярим кеча ҳамма вақт ҳам соат 12 кечгача давом этмаслиги, балки куз ва қиш фаслларида шаръий ярим кеча соат 11:15 ёки 11:30 кеч пайти бўлиши мумкин.

Шаръий ярим кечани аниқлаш учун қуёш ботиши билан Бомдод намози азонининг ўртасидаги вақтни тенг иккига бўлсак, шаръий ярим кеча маълум бўлади ва ушбу шаръий ярим кеча Хуфтон намозининг охирги вақтидир.

Агар инсон қасддан ёки унутиш, ухлаб қолиш ва ҳайз ҳолатида бўлиш каби бирор узр сабабли, Шом ва Хуфтон намозларини шаръий ярим кечагача ўқимаса, эҳтиёти вожибга биноан, Бомдод намозининг азони вақти етиб келгунча ушбу икки намозни АДО ёки ҚАЗО ниятини қилмасдан ўқимоқлик зарур. АДО ёки ҚАЗО ниятини қилмаганда, «МО ФИЗЗИМАҲ», яъни «ЗИММАМДА БЎЛГАН НАМОЗ», деб ҳам ният қилинади.

Аммо баъзи фуқаҳо ва мужтаҳидларнинг фатвосига кўра, агар инсон Шом ва Хуфтон намозларини шаръий ярим кечагача УЗРСИЗ ҚАСДДАН ўқимаган бўлса, унда бу икки намозни шаръий ярим кечадан кейин ҚАЗО ниятида ўқиши керак. Лекин агар бирор УЗР сабабли ўқимаган бўлса, Бомдод намозининг вақти етиб келмай туриб ўқиб олиши лозим ва унинг ўқиган намози АДО деб ҳисобланади ва АДО деб ҳам ният қилинади.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.