Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Систонийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Систонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний ҳижратнинг 1349-йили Рабиул-аввал ойининг 9-куни муқаддас Машҳад шаҳрида дунёга келганлар. Оталари яхши ният билан у кишига бобосининг исмини қўяди. Яъни у кишига Али исмини қўяди.

Отасининг исми – Саййид Муҳаммад Боғир, бобосининг исми эса Саййид Али бўлиб, у ўз даврининг етук уламоларидан бири бўлган. Марҳум Шайх Оғо Теҳроний ўзининг “Табақот аш-шиъа” китобининг 4-қисм, 1432-бетида бу борада айтиб ўтган. Ушбу китобда айтилишича, Саййид Али Нажаф шаҳрида Мавло Али Наҳовандийнинг, Сомиррода Мужаддид Мирзо Широзийнинг, кейинроқ эса Саййид Исмоил Садрнинг хос шогирдларидан бири бўлган. У 1308 йилда Машҳад шаҳрига қайтиб келади ва у ерда Шайх Муҳаммад Ризо Оли Йосинга шогирд тушади.

Систонийлар сулоласи Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шажарасидан бўлгани учун Сафавийлар даврида Султон Ҳусайн Сафавий Саййид Алининг бобоси Саййид Муҳаммадни Систон минтақасига “Шайхул Ислом” этиб тайинлаган. Ҳазрат Оятуллоҳ Систонийнинг аждодларидан биринчи бўлиб у кишининг бобоси Саййид Али Машҳадга қайтиб келиб, у ерда Мулло Муҳаммад Боғир Сабзаворийнинг мадрасасига таълим олиш учун киради.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний 5 ёшлик чоғидаёқ Қуръони Каримни ўрганишга киришиб, 1360-йилдан бошлаб оталарининг ижозати билан диний илмларни ўргана бошлайдилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний Араб тили адабиёти илмларига оид «Шарҳун фий Ибн Молик» китобини ва Ибн Ҳишомнинг «Ал-Муғний» китобини ҳамда «Мақомот ал-Ҳарийрий» китобини буюк аллома адиб Нишопурийдан, фиқҳ ва усул илмига оид «Шарҳул-лумъа» ва «Қавонин» китобларини устоз Саййид Аҳмад Яздийдан ҳамда «Макосиб» «Расоил» ва «Кифоя» китобларини эса устоз Ҳошим Қазвинийдан ўрганганлар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний баъзи фалсафий китобларни, жумладан Сабзаворийнинг «Ал-Манзума» китобини, Шайх Суҳравардийнинг «Шарҳул Ишроқ» ҳамда Мулло Садронинг «Асфорул Арбаъа» китобларини марҳум олим Ойисийнинг таълиб бериши остида ўргандилар. Шунингдек, Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний Мулло Садронинг «Шавориқул Илҳом» унвонли фалсафий китобини Шайх Мужтабо Қазвинийдан ўргандилар ҳамда фалсафий илмларни ўрганишда 1365-йилда аллома Муҳаққиқ Мирзо Маҳдий Исфаҳонийнинг дарсларидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний 1368-йилда муқаддас Қум шаҳрига ҳижрат қилдилар. У ерда Ташаййуъ оламининг буюк фақиҳ ва мужтаҳиди бўлган Ҳазрат Оятуллоҳ Буружердийдан «Фиқҳ» ва «Усул» илмининг сирларини мукаммал эгаллаб, «Рижол» ва «Дироятул Ҳадис» илмларини алоҳида иштиёқ билан таълим олдилар ва шунингдек, Аллома Саййид Ҳужжат Куҳкамарийдан ҳам фиқҳий илмларни ўргандилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний Қум шаҳрида бўлган чоғларида Аҳвоз шаҳрида яшаган буюк аллома ва фақиҳ Саййид Али Беҳбаҳоний билан мактуб ёзиш орқали илмий мубоҳаса юритганлар. Ушбу илмий баҳсларда бу икки олим ўз устозларининг назарияларини ёқлаб чиққанлар. Оятуллоҳ Систоний ўз устозлари Шайх Муҳаққиқ Теҳронийнинг назарияларини ёқлаган бўлсалар, Оятуллоҳ Беҳбаҳоний эса ўз устозларининг назарияларини ҳимоя этган эдилар. Сўнг эса Беҳбаҳоний Қум шаҳрига келиб, у ерда мубоҳаса юритишни давом эттиражагини маълум қилади.

Вақт ўтиши билан Оятуллоҳ Беҳбаҳоний Оятуллоҳ Систонийга нома ёзиб, унда у кишига ўз миннатдорчилигини изҳор этади. Ниҳоят 1371-ҳижрий йили Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний Нажаф шаҳрига йўл оладилар. Нажафга боришдан олдин Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Арбаин кунларида Карбало шаҳрида бўладилар. Кейин Нажафга келганда, Баҳорои мадрасасига кириб, у ерда Оятуллоҳ Хуъий ва Шайх Ҳусайн Ҳиллий каби устозлардан «Фиқҳ» ва «Усул» илмларини мукаммал ўрганадилар ва шунингдек, Оятуллоҳ Ҳаким ва Оятуллоҳ Шоҳрудий ҳузурларидан ҳам баҳраманд бўладилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний 1380-ҳижрий йилда туғилган ўз ватанлари Машҳад шаҳрига у ерда қолиш ниятида қайтадилар. Лекин устозлари Ҳазрат Оятуллоҳ Хуъий ва Шайх Ҳусайн Ҳиллий тарафидан мактуб келиб, унда бу икки устоз Оятуллоҳ Систонийга «Ижтиҳод», яъни «Мужтаҳидлик» даражаси унвонини берганликлари хабарини етказгандилар. Ва шунингдек, буюк муҳаддис Оғо Бузург Теҳроний ҳам ўз тарафидан шогирди бўлган Оятуллоҳ Систонийга «Рижол» ва «Ҳадис» илмларида етук устозлик даражасига етганлик гувоҳномасини беради.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний 1381-ҳижрий йили яна Нажаф шаҳрига қайтиб, у ерда Хориж дарсини, яъни мужтаҳид тарбиялаш учун ўтиладиган юқори даражали дарсни бера бошладилар ва 1418-ҳижрий йилда «Рўза» китобини ёзиб тугатгандан сўнг «Эътикоф» китобини ёзишга киришдилар.

Шунингдек, Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний бу муддат ичида «Қазо», «Рибо», «Илзом» қоидаси ҳамда «Тақия» ҳукмлари каби фиқҳий масалаларни ўрганишда чуқур фаолият юритиб, илми «Рижол» бобида Ибн Умайрнинг маросилларининг ҳужжатга киритилишини ҳамда «Мушайхатул таҳзибин»нинг шарҳини ёзиб тугатдилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний 1384-ҳижрий йилнинг Шаъбон ойидан бошлаб «Усул» илмини дарс беришни ҳам йўлга қўйиб, 1411-ҳижрий йилнинг Шаъбон ойида учинчи марта дарс беришни тўлиқ тугатдилар ҳамда Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний шу кунга қадар Нажаф шаҳрида «Усул» ва «Фиқҳ» бобида илмий баҳслар юритиб ўз шогирдларига дарс бермоқдалар ва ҳозирда эса фиқҳий китоб бўлмиш «Урватул Вусқо» китобини шарҳлаб дарс бермоқдалар. Бу буюк мужтаҳиднинг 1397-ҳижрий йилдан (1977-милодий йилдан) бошлаб берган дарсларидан ёзиб олинган кассеталар ҳозиргача сақланиб қолган.

ИЛМИЙ ЕТУКЛИЛИК

Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Систоний ўз устозларидан илм чўққиларини эгаллашда сафдошлари орасида ўзининг истеъдоди билан ажралиб турар эдилар. Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний дарсларни яхши ўзлаштириш билан бирга таҳқиқотлар олиб борар, турли оқим ва фирқаларнинг назарияларини таққослар, бир сўз билан айтганда, бошқалардан ўз фаоллиги билан ажралиб турар эдилар. Шуни ҳам айтиш керакки, Оятуллоҳ Систоний ва шаҳид Садр орасида илмий рақобат мавжуд эди.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний ўз устозлари Шайх Ҳусайн Ҳиллийдан Ижтиҳод (Мужтаҳидлик) учун фатво олган эдилар. Ва маълумки Ҳазрат Оятуллоҳ Хуъий ҳам икки кишидан бошқага Ижтиҳод учун гувоҳнома бермаган эдилар. Бири – Оятуллоҳ Систоний бўлса, иккинчиси эса машҳадлик аллома Шайх Али Фалсафийдир. Оятуллоҳ Систоний 1380-ҳижрий йилда Шайх Оғо Бузург Теҳроний ҳам Оятуллоҳ Систонийга «Рижол» ва «Дироуатул Ҳадис» илмларида гувоҳнома берганди. Оятуллоҳ Систоний «Рижол» ва «Дироуатул Ҳадис» илмларида юқори мартабага эришдилар. Ваҳоланки, у пайт Оятуллоҳ Систоний эндигина 31 ёшда эдилар.

МУАЛЛИФЛИК ВА ФИКРИЙ ДАСТУРЛАР

Бундан қарийб 54 йил олдин Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний Хорижи «Фиқҳ», «Усул» ва «Рижол» илмларидан дарс беришни бошлагандилар. Шунингдек, у киши фиқҳий масалалар бўлмиш Макосиб, Таҳорат, Намоз, Қазо, Хумс, Рибо ва Тақия масалаларини ёритиб берганлар. Шунинг билан бирга, Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний «Усул» илми бўйича уч марта тўлиқ дарс беришни тамомлаган бўлиб, илмий услубда Таодул ва Тарожиҳ ҳамда Намознинг баъзи боблари, Тақия ва Илзом қоидаларини чуқур ўрганиб чиқиб ёзган асарлари нашр учун тайёрланиб, чоп этилиш арафасидадир.

Машур илм аҳлидан ҳисобланмиш Шайх Маҳдий Марварид, Аллома Саййид Муртазо Меҳрий, Аллома Саййид Ҳабиб Ҳусайниён, Саййид Муртазо Исфаҳоний, Аллома Саййид Аҳмад Мададий, Аллома Шайх Боқир Иравоний ва бошқалар Оятуллоҳ Систонийнинг илмий баҳсларига мурожаат қилганлар.

Ҳозирда Оятуллоҳ Систоний дарс бериш билан бирга китоблар ёзиш билан ҳам машғулдирлар.

ОЯТУЛЛОҲ СИСТОНИЙНИНГ БАҲС ЮРИТИШ ВА ДАРС БЕРИШ УСУЛЛАРИ

Оятуллоҳ Систонийнинг дарс бериш услублари бошқа мударрислардан фарқли ўлароқ, бу мужтаҳид «Усул» баҳсларида қуйидагича услубни қўллайдилар:

1. Ўтилаётган баҳснинг тарихи ва унинг асосларини ўрганиб чиқадилар. Зеро, ушбу услуб дарсни ўзлаштиришда енгиллик яратади. Ақидавий ва сиёсий масалаларда, мисол тариқасида Таодул ва Тарожиҳ бобида шундай деганлар:

Ҳадислардаги мавжуд ихтилофлар ўша замондаги фикрий ва сиёсий тўқнашувлар, имомлар давридаги сиёсий вазият сабаблидир.

2. Оятуллоҳ Систоний диний илмлар билан замонавий тафаккур ва урфий тушунчалар орасидаги алоқани муҳим деб ҳисоблайдилар. Бу мужтаҳиднинг «Ал-Kифоя» номли китобида ёзилишича, сўзларнинг маънолари маълум фалсафий назарияга асосан, яъни таксир идрокий назария асосида инсоният онгининг фаолияти яратувчанлик асосида яратилган. Яъни айни гапни турли маъноларда тушуниш мумкин.

Баъзилар эркин тафаккур юритиш билан чуқур фаҳмлаб теран тасаввурга эга бўлишади. Бунга “исм” дейилади. Бошқа баъзилар эса хулоса қилиб, гапнинг айрим жойларинигина ўзларига олишади. Бунга “ҳарф” дейилади.

Оятуллоҳ Систоний бирор бир мавзу ҳақида баҳс юритсалар, замонавий Ғарб фалсафасининг назарияларини назарга олган ҳолда сўз юритиб, замонга икки нарса ёруғлик ва зулмат макони деган қараш асосида назар соладилар. “Сийғаи амр” ва “Тажаррий” бобларида бугунги баъзи жамиятшунослар назарияларидан фойдаланиб, бу мужтаҳиднинг фикрича сўровчининг сифати унинг ҳақиқатидан жудо бўлиши керак ва уқубатнинг мезони қулнинг ўз мавлосига итоатсизлик қилишининг жазоси бўлиб, бу турдаги тақсим қадимдан сарварлар, қуллар, яхшироқ ёмонроқ ва ҳоказолар ўртасида азалдан мавжуд.

3. Усул билан Фиқҳ орасида боғлиқлик мавжуд бўлган масалаларга кўпроқ аҳамият бериш 

Бир талаба балки кўп баҳслар ва турли уламоларнинг илмий мунозараларини кузатиши мумкин, лекин ҳеч қандай илмий самарани қўлга кирита олмаслиги ҳам мумкин. Шундай экан, Оятуллоҳ Систоний ўзининг дарс бериш жараёнида мустаҳкам асосларга таянган усулий илмларни, «Истинбот» ҳамда «Таодул ва Тарожиҳ» мавзуларини умумий ва хусусий ҳолларда ўрганиб чиқишга ҳаракат қиладилар.

4. Янгилик ва яратувчанлик 

Ҳавзадаги кўпчилик устозлар изланувчанлик ва янгиликларни дарс жараёнида қўшишни ёқтирмайдилар, балки фақат китоб четидаги изоҳларни шарҳлаш билан чегараланадилар. Лекин Оятуллоҳ Систоний дарс бериш услубида изланувчанлик хусусияти яққол намоён бўлади.

5. Кенг қамровли ёндашув

Баъзи фақиҳлар матнларни фақат лафзий таҳлил қиладилар. Бошқача айтганда, улар сўзлар таржимасини фақат ўзларининг вазифалари деб ўйлайдилар. Баъзилар эса ҳадисларни атрофлича ўрганиб, сўнг ҳукм чиқарадилар. Масалан, Хайбар ғазотида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эшак гўштини ҳаром деб эълон қилдилар. Буни бир ёқлама қараган баъзи фақиҳлар эшак гўштини мутлоқ ҳаром деб биладилар. Ваҳоланки, Хайбар ғазотида яҳудийларга қарши оғир жангда мусулмонлар аслаҳа ва уловга муҳтож бўлишган. Шу сабабли, Пайғамбар (с.а.в) эшак гўштини вақтинчалик ҳаром қилганлар.

6. Истинбот қилишда Дироятул Ҳадис илми

Ҳазрат Оятуллоҳ Систонийнинг ақидасига кўра, фақиҳ Араб тили грамматикаси, ундаги киноялар ва шеърларни яхши билиши керак. Бу мужтаҳиднинг фикрича, бирор бир ровийнинг кимлигини аниқлаш учун, унинг ҳадисини “мурсал” ёки “муснад” дейишда табақот равишининг саҳиҳлигига ишониш керак. Бу назария айнан Оятуллоҳ Буружердийнинг назариясига мувофиқдир.

7. Аҳли ширк билан никоҳ масаласи

Усул ва фиқҳ олимлари «Тазоҳум» деб номланган қоидани ақлий қоида деб биладилар. Лекин Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний ушбу қоидани «Изтирор» қоидаси деб билиб, уни шаръий қоида деб ҳисоблайдилар. Масалан, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ҳамма нарса «Изтирор» пайтида ҳалол бўлиши қоидасидир. Дарҳақиқат, «Изтирор» – бу «Тазоҳум»дир.

8. Турли мазҳаб ва фирқаларни ўзаро муқояса қилиш 

Маълумки, кўпчилик олимлар масалани ёритишда бир мактабнинг нуқтаи назаридан келиб чиқадилар. Лекин Оятуллоҳ Систоний бу тоифа олимлардан эмаслар. Бу мужтаҳид олим Машҳад, Қум ва Нажафул Ашраф фуқаҳоларининг раъй-назарларини ҳам чуқур ўрганиб чиқиб, кейин бир хулоса чиқарадилар. Машҳаддаги машҳур мужтаҳид Оятуллоҳ Мирзо Маҳдий Исфаҳоний ва Қум шаҳридаги буюк фақиҳ Оятуллоҳ Буружердий ҳамда Нажаф шаҳридаги йирик фақиҳ Оятуллоҳ Хуъий ва Шайх Ҳусайн Ҳиллийларнинг раъй-назарларини ўзаро таққослаб ўрганиб чиқадилар. Бу услуб ўз навбатида олимнинг дунёқараши ва тафаккурини кенгайтиришга олиб келади.

9. Шиа ва бошқа мазҳаблар фиқҳини ўзаро солиштириш

Оятуллоҳ Систоний ўз мазҳабидан ташқари бошқа мазҳабларнинг ақидаси ва қараши билан ҳам танишиш керак деб биладилар. Масалан, Моликнинг «Ал-Муватто» ва Абу Юсуфнинг «Хирож» китобларини таҳлил қилиб чиқарканлар, биз у ердаги ҳадисларни ўзимизники билан солиштириш имконини беради деб айтганлар.

10. Фиқҳий баҳсларда ҳуқуқий масалалардан фойдаланиш

Оятуллоҳ Систоний Ироқ Миср ва Франсия давлатларининг конститусияларини ўқиб чиқиб, сўнг «Ал-Баъй вал-хиёрот», яъни савдо ва муомала қилиш китобини ёздилар. Чунки мавжуд конститусияларни ўқиб чиққач, инсонларнинг қонун тузишдаги камчиликларини таҳлил қилиш осонроқ кечади.

Баъзи фиқҳий уламолар фиқҳий масалаларда янги манбалардан кўра бор манбалардан фойдаланишни афзал билсалар, аммо Оятуллоҳ Систоний эса янгича ёндашишни хўш кўрадилар. Масалан, «Илзом» қоидасига баъзи фақиҳлар “маслаҳат” сифатида қарашади. Яъни ўз мазҳабида жавоб тополмаган масалаларни бошқа мазҳаблардан олишади, гарчи ўша мазҳаблар уларнинг мазҳабига монанд бўлмаса ҳам. Лекин Оятуллоҳ Систоний бу қонунни тўғри деб билмайдилар. У кишининг фикрича, ҳар бир қавмнинг ўзига хос никоҳи бўлганидек, ҳар бир мазҳаб ва унинг аҳкомларига ҳам ҳурмат кўрсатиш зарур.

ОЯТУЛЛОҲ СИСТОНИЙНИНГ ЎЗИГА ХОС ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА 

Оятуллоҳ Систоний билан яқиндан ҳамсуҳбат бўлган ҳар бир киши ҳақиқатан ҳам у кишининг намунавий ахлоқ соҳиби эканига ишонч ҳосил қилади. Биз бу ерда ушбу буюк мужтаҳиднинг айрим намунавий ахлоқ-одобларини зикр этамиз:

1. Бошқаларнинг фикр-мулоҳазасига эҳтиром билан ёндашиб, ҳурматини сақлаш

Оятуллоҳ Систоний илм ошиғи бўлганлари учун кучли ирода билан илм чўққиларини эгаллаш учун саъй-ҳараат қиладилар ва шунингдек, бошқа назария соҳибларига ҳурмат кўрсатиб, қўлларида доим китоби бўлади, ҳеч вақт уламоларнинг раъй-назаридан ғофил қолмайдилар. Баъзан ҳатто унчалик машҳур бўлмаган олимларнинг раъй-фикрларини ҳам эринмай мутолаа қилиб чиқадилар.

2. Илмий баҳс ва мунозаралардаги одоб-ахлоқ

Маълумки, баъзан илмий баҳс ва мунозаралар кескин ва қизғин тортишувлар билан ўтади ва баъзида Нажафул Ашраф мадрасасида бу ҳолат баъзи талабаларни тўғри баҳс юритишдан узоқлаштиради. Агарчи бундай тортишувлар фойдадан ҳоли бўлмаса ҳам, лекин одоб юзасидан мақбул эмасдир. Шунинг учун, Оятуллоҳ Систоний аввало ўз шогирдларидан бир-бирларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга асосланган баҳс қилишни талаб қиладилар ва ўзлари ҳам ҳатто унчалик асосли бўлмаган назарларни ҳам сабр билан эшитиб кейин муноқаша қиладилар. Шогирдлари бирон нарса сўрашса, жавобини улар тушунганча бир неча бор такрорлайдилар.

3. Устозлик – буюк шараф

Шак-шубҳасиз, дарс бериш бу фақат ишлаб пул топиш дегани эмас. Албатта, дарс бериб тирикчилик қилиш ёмон эмас, фақат пул топиш асосий мақсадга айланмаслиги керак, балки жамиятда муносиб шогирдларни тарбиялаш ва инсонларнинг илму-маърифат савияси ўсишига кўмаклашиш энг асосий мақсад бўлиши керак. Курмаксиз гуруч бўлмаганидек, баъзида шундай устозлар учрайдики, жонкуярлик қилмай, фақат маълум дарсларини бериб, бошқа ишларга эса аҳамият бермайдилар. Шуни ҳам айтиш керакки, Оятуллоҳ Ҳаким ва Оятуллоҳ Хуъий каби буюк мужтаҳидлар Оятуллоҳ Систонийнинг устозлари бўлиб, улар ўзларининг гўзал одоб-ахлоқлари билан танилганлар. Оятуллоҳ Систонийдаги ахлоқий фазилатлар у кишига устозларидан мерос қолган бўлса ажаб эмас. Оятуллоҳ Систоний ўз шогирдларига устозлари ҳақида айрим воқеаларни сўзлаб берарканлар, уларга устозлари каби олийжаноб бўлишни тилайдилар.

4. Тақво ва парҳезкорлик

Маълумки, баъзи уламолар даъво йўли билан ҳақиқатни барқарор қилмоқчи бўлсалар, бошқалари эса даъводан узоқроқ юришни хўшлайдилар. Оятуллоҳ Систоний бу борада фитналар ва жанжаллар кучайган пайтда сукутни ихтиёр қилиб, ҳар доим илмларига яраша амал қилишга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун, Оятуллоҳ Систоний кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлганлар. Оятуллоҳ Систонийнинг устозлари бўлмиш Оятуллоҳ Буружердий ва Оятуллоҳ Ҳаким (раҳматуллоҳи алайҳимо) вафот этишганида, Оятуллоҳ Систоний ўз устозларининг муносиб ўринбосари эдилар, лекин бу мужтаҳид устозларининг мансабларини эгаллашга интилмадилар. Оятуллоҳ Саййид Абул Қосим Хуъий 1409-ҳижрий йил, Робиуссоний ойининг 29-кунида бемор бўлганларида Оятуллоҳ Систоний устозларини кўргани бордилар. Шунда Оятуллоҳ Хуъий шогирдлари Оятуллоҳ Систонийга ўзларининг ўрнига «Ҳазро» масжидида имомлик қилишни таклиф этадилар, бироқ Оятуллоҳ Систоний устозларининг ушбу таклифларини қабул қилмайдилар. Шунда Оятуллоҳ Хуъий айтадилар:

«Агар қўлимдан келса эди, худди устозим Ҳожоғо Ҳусайн Қуммий каби мажбурлаган бўлардим».

Шундан кейин Оятуллоҳ Систоний ўйлаб кўриш учун устозларидан муҳлат сўрадилар ва ниҳоят, Оятуллоҳ Систоний 1409-ҳижрий йил, Жумодил аввал ойининг 5-кунидан бошлаб имомликни қабул қиладилар ва ушбу масъулиятни 1414-ҳижрий йилнинг Зулҳижжа ойигача, яъни «Ҳазро» масжиди ёпилгунча давом эттирадилар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний 1384, 1405 ва 1406-ҳижрий йилларда уч марта Ҳаж ибодатини адо этганлар.

5. Ҳазрат Оятуллоҳ Систонийнинг маржаъийяти

Нажаф Ашраф илмий ҳавзасининг баъзи устозлари Оятуллоҳ Хуъийдан Оятуллоҳ Саййид Насруллоҳ Мустанбиднинг вафотидан сўнг ўзларига муносиб ўринбосарни тайин этишларини сўрашади. Шунда Оятуллоҳ Хуъий Оятуллоҳ Систонийни тавсия қиладилар. Ҳазрат Оятуллоҳ Хуъий вафот этганларида Оятуллоҳ Систоний устозларининг жаноза намозларини ўқидилар.

Оятуллоҳ Систоний Оятуллоҳ Хуъийнинг муносиб давомчиси ўлароқ, ҳозирги кунга қадар устозларининг минбаридан туриб турли фатволар бериб Аҳли-Байт мактабига улкан хизмат кўрсатмоқдалар. Асримизнинг буюк мужтаҳиди Оятуллоҳ Систоний «Ҳазро» масжидидан туриб хумс ва закот тақсимотларини амалга ошириш билан Аҳли-Байт мактаби мусулмонлар орасида кенг ёйилишига катта ҳисса қўшиб, турли дарслар ўтиш билан етукли шогирдлар тарбиялаб ва мусулмонларнинг турли масала ва муаммоларини ҳал қилиб келмоқдалар.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систонийнинг бутун мусулмонларга, балки инсониятга қилган энг катта хизмаларидан бири шуки, бундан бир неча йиллар олдин мусулмон халқларининг бошига ёғилган катта бало ва мусибат бўлмиш террорчи ҳамда бераҳмона ва шафқатсиз қонтўкар ДОИШ ёки ИШИД гуруҳи Ироқ ва Сурия давлатларини ишғол этиб эгаллаётган бир пайт, Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний ушбу гуруҳга қарши ЖИҲОД қилиш вожиб эканлиги ҳақида фатво бердилар. Шунда Ироқ халқидан тўрт миллион ёш йигитлар бу буюк мужтаҳиднинг фатвосига ЛАББАЙКА деб оёққа туриб, ИШИД гуруҳига қарши кучли жанг қилишди. Натижада, ИШИД гуруҳи Ироқ ва Сурияда мағлубиятга учраб, бу буюк бало мусулмонлар бошидан кўтарилди.

Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний ўзларининг ушбу фатволари билан Ироқ ва Сурия ўлкаларини буткул нобуд бўлишидан сақлаб қолдилар. Бундай улкан ютуқ фақиҳ ва мужтаҳиднинг ВИЛОЯТИ, яъни раҳнамолиги остида амалга ошди. Асосан, ҒАЙБАТ асрида, яъни ўн иккинчи пешвоимиз Имом Маҳдий (алайҳис салом) кўзлардан ғойиб бўлган вақтда Аҳли-Байт мактаби издошларининг асрлар давомида эришган ҳар бир ютуқлари фуқаҳо ва мужтаҳидларнинг ВИЛОЯТИ, яъни раҳнамолиги остида амалга ошган.

Ҳозирги кунда Ҳазрат Оятуллоҳ Систонийнинг Ироқда, Эронда, Форс кўрфазидаги Араб давлатларида, Ҳиндистонда, Африка давлатларида ҳамда Кафказ ва Ўрта Осиё мамлакатларида кўплаб тақлид қилувчи тарафдорлари бор. Баъзи машҳур уламоларнинг гувоҳлик беришича, Ҳазрат Оятуллоҳ Систоний илмда «АЪЛАМ» даражасига етганлар.

Аллоҳ таолодан бу буюк аллома Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Саййид Али Ҳусайний Систонийнинг умрларини узоқ ва баракотли қилишини ва Аҳли-Байт мактаби издошларига янада кўпроқ хизмат қилишлари учун у буюк мужтаҳидга улкан тавфиқ ато этишини дуо қилиб сўраймиз!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Мусо Шубайрий Занжоний 1346 ҳижрий қамарий йил, 1306 ҳижрий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.