Home / Шариат қонунлари / Намоз / Таҳорат / Вузу / Вузу олганда оёқларга масҳ тортилиши ёки ювилиши хусусида олинадиган хулосалар

Вузу олганда оёқларга масҳ тортилиши ёки ювилиши хусусида олинадиган хулосалар

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? унвонли асардан қуйидаги хулосаларни олиш мумкин:

1. Қуръони Каримдаги таҳорат ояти, яъни Моида сурасининг 6-ояти фарз амал сифатида оёқларга масҳ тортишни англатади – хоҳ «أَرْجُلكُمْ» сўзи мажрур, яъни касрали ҳолда ўқилсин ёки мансуб, яъни фатҳали ҳолда ўқилсин, ҳеч фарқ қилмайди. Ҳар иккала қироатда ҳам таҳорат олганда оёқларга масҳ тортиш зарурлиги тушунилади. Чунки, «أَرْجُلكُمْ» сўзи «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феълидан кейин келган ва шу боис, «أَرْجُلكُمْ» сўзини ушбу феълдан олдин келган «فَاغْسِلُوا» «ювинглар» феълига боғлаб бўлмайди.

Шунингдек, Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларидан ривоят қилинган барча ҳадисларда таҳоратда оёқларга масҳ тортиш лозимлиги айтилган ҳамда Аҳли-Байтга тобе фақиҳларнинг фатволари ҳам шунга асосланган. Шу боис, Аҳли-Байт мактабида оёқларга масҳ тортиш зарурий масалалардан ҳисобланади. Ва шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда у зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва бошқа мусулмонлар таҳорат олганда оёқларига масҳ тортганлар. Бинобарин, таҳоратда оёқларни ювиш учун Қуръони Каримдан ҳамда ҳадиси шарифдан ҳеч бир асос ва далил йўқ, балки таҳоратда оёқларни ювиш бидъат амал бўлиб, учинчи халифа Усмон ибн Аффон даврида пайдо бўлган.

2. Аҳли суннатнинг уламо ва фуқаҳолари таҳоратда оёқ ювишни фарз деб биладилар, лекин уларнинг кўпчилиги оёқларни ювиш ўрнига маҳси ва пайпоқ каби оёқ кийимларга масҳ тортишни ҳам жоиз деб берадилар! Баъзилари эса ушбу амални фақат зарурат ва ночорлик ҳолатларига хос ва чекланган деб ҳисоблашади.

3. Аҳли суннат биродарларимизнинг китоб ва манбаларида оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақида ворид бўлган ҳадислар шу қадар бир-бирига қарама-қарши ва зиддиятлики, ҳар қандай тадқиқотчида ушбу масалага нисбатан шубҳа уйғотади. Баъзи ҳадисларда оёқ кийимга масҳ тортишга мутлақо рухсат берилган бўлса, бошқа баъзиларида бу амал қатъиян ман этилган ва учинчи тоифа ҳадисларда эса бу амал зарурат ва ночорлик ҳолатларига хос ва чекланган бўлиб, сафарда оёқ кийимга масҳ тортишнинг миқдори уч кунга ва ҳазарда (яшайдиган жойида) эса бир кунга белгиланган.

4. Бу уч тоифа ҳадислар ўртасини жамлашнинг энг яхши йўли шуки, таҳоратда асосий мезон оёқларга масҳ тортишдан (суннийларга кўра, оёқларни ювишдан) иборат бўлиб, уруш ва машаққатли сафарлар каби зарурат ва ночорлик пайтларида эса оддий чориқ ўрнига маҳси ва пайпоқ кийганда ва уларни оёқдан ечиш қийин ва машаққатли бўлганда, мусулмонлар оёқ кийимга масҳ тортганлар. Албатта, бу ҳолат Моида сурасининг 6-ояти нозил бўлишидан олдин бўлган. Бироқ ушбу таҳорат ояти нозил бўлгач, таҳоратда фақат оёқларга масҳ тортиш фарз бўлган, лекин уруш ва оғир сафарлар каби машаққатли пайтларда эса таҳорат ўрнига таяммум қилиш буюрилган.

5. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) барча мусулмонларга ўз Аҳли-Байтларининг сўзларини қабул қилиб, уларга эргашишни буюрганлар. У зот бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«إنّي تارك فيكم الثقلين كتاب الله وعترتي».

«Мен сизларнинг орангизда иккита қимматли нарсани – Аллоҳнинг Китобини ва Аҳли-Байтимни қолдираман».

Демак, Сарвари олам Аҳли-Байтларининг сўзлари ва кўрсатмаларига амал қилиш айнан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг айтганларига итоат қилиш бўлиб, ул зотнинг айтганлари фақат Аллоҳ таоло томонидан содир бўлган ҳақ сўздир. Шу боис, кимки Аллоҳнинг каломи Қуръони Карим ва Аҳли-Байт кўрсатмаларини маҳкам тутиб, уларга тобе бўлса, залолат ва йўлдан адашишдан нажот топади. Бинобарин, Қуръони Карим ва Аҳли-Байт кўрсатмаларига кўра, таҳорат олганда икки қўлни тирсакдан бошлаб бармоқларгача ювмоқлик ҳамда оёқларга масҳ тортмоқлик фарздир.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу шароитларининг аҳкоми

Вузу сувининг шартлари  1. Нажис ва музоф (аралашма) сув билан олинган вузу ботилдир, ўша сув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.