Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Аллоҳни таниш ҳақида маълумотлар

Аллоҳни таниш ҳақида маълумотлар

Бу ерда биз Аллоҳни яхшироқ таниш учун ва шунингдек, мантиқан англаган ҳолда ибодатларимизни амалга оширишимиз учун қуйидаги баҳсга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Шу мақсадда баҳсимизни бир неча қисмларга бўлиб қараб чиқамиз.

  1.Оламга тафаккур билан назар ташлаш – Аллоҳнинг мавжудлигига далолат қилади;
  2. Инсоннинг олам билан бўлган муносабатига бошқа бир назар;
  3. Зот ва сифат;
  4. Худованд сифатларининг маъноси;
  5. Аллоҳ сифатлари ҳақидаги изоҳлар;
  6. Феълий сифатлар;
  7. Қазо ва қадар;
  8. Инсон ва ихтиёр

1.Оламга тафаккур билан назар ташлаш – Тангрининг мавжудлигига далолат қилади.

  Оламга диққат билан назар ташлаган инсон ундаги тартибва интизомни кўриб Худонинг мавжудлигига мутлақо шак қилмайди. Масалан; агар бирон-бир чиройли бинони кўрсак, уни қурувчи-ю меъморларига таҳсин айтамиз. Шунда биров сизга: «Бу бинони ҳеч ким қурмаган, балки ўз ўзидан пайдо бўлиб қолган» деса, ишонасизми? Албатта йўқ. Чунки, ҳар бир нарса бирор бир сабаб орқали вужудга келади. Ёмғир ёғишига булут сабабчи, булут пайдо бўлишига сув сабабчи, сувнинг булутга айланишига қуёш сабабчи ва ҳоказо…

  Шундай экан, дунёдаги барча нарсалар сабабчилик қонуниятига асосланиб, ўзаро узвий боғлиқдирлар. Бутун сабабларнинг сабаби эса – Аллоҳ таолодир. У ҳамма нарсанинг сабабчиси бўлиб, Ўзи эса  барча сабабларнинг устида турган мутлақ сабабчидир.Шу боис, унинг сабабчиси йўқдир!

2. Инсоннинг олам билан бўлган муносабатига бошқа бир назар;

  Инсон илоҳий табиат ва фитрага эга бўлгани сабабли, қалбан Аллоҳнинг борлигини ҳис қилади. Агар тарих лавҳаларига назар ташласак, кўрамизки, азал-азалдан одамлар нималаргадир сиғиниб яшашганлар. Ҳарчанд, бу сиғинишлар асоссиз бўлса-да, лекин одамзот бирон нимага сиғинмасдан яшаши амри маҳол экани маълум бўлади. Шу боис, Аллоҳ таоло инсонларни тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун пайғамбарларни юборган. лекин моддий оламда ҳаёт кечираётган инсон баъзи ҳолларда бу дунёга алданиб қолади ва ҳатто Худони инкор қилиш даражасигача етиб боради. Лекин нима бўлганда ҳам инсон табиатнинг бир бўлаги бўлгани учун ҳаёти давомида табиатга уйғунлашиб яшашга мажбурдир. Қишда қалин кийиниши ва турар жой қуриб яшаши бу даъвонинг очиқ исботидир. Ҳатто Аллоҳни инкор қиладиган материалистлар ҳам бу ҳақиқатни тан олмай иложлари йўқдир.

  Айрим тоифадаги одамлар дунёдаги барча нарсалар ва ҳодисаларни тасодифий деб ўйласа, бошқалар эса дунёдаги ҳар бир ҳодиса ўзига хос сабаб орқали вужудга келган ва ҳеч қандай ҳодиса тўсатдан ва тасодифан юз бермайди деб, ҳисоблашади. Бу тоифадаги одамлар нафис санъат асарини кўрганда асарнинг яратувчиси борлигига шубҳа қилмайдилар. Назм ва тартиб билан яралган бу кенг оламни кўрган ҳар қандай оқил инсон, бу ёруғ дунёнинг моҳир яратувчиси борлигига ҳеч шубҳа қилмайди.

3. Зот ва сифат;

  Агар инсонни ақлий равишда таҳлил қиладиган бўлсак, унда зотни, яъни инсонийлигини ва сифатларини кўришимиз мумкин. Масалан; кўзларининг ранги, қомати ва бошқа сифатлар зотга боғлиқдир ва зот сифатлар орқали ошкор бўлади. Бу тушунча Аллоҳнинг зот ва сифатларини тушунишимизга ёрдам беради. Зероки, агар зот чексиз бўлса, бу дегани; унинг сифатлари ҳам чексиз экани муқаррар, натижада сифат ва зот ўзаро бир бутунликни ташкил қилади. Шу боис, Аллоҳнинг зоти ва Унинг сифатлари узвий яхлитликни ташкил этади.

4. Аллоҳ сифатларининг маъноси;

  Оламдаги мавжудотларда камолот сифатларини кўришимиз мумкин. Гўзаллик, адолат, тўғрисўзлик ва бошқалар ижобий хислатлар бўлиб, яратувчи томонидан бандаларга ато этилгандир. Шубҳасиз, махлуқотларда мавжуд бўлган барча сифатлар Холиқнинг ўзида мавжуддир. Акс ҳолда махлуқотлар ҳам бу сифатларга эга бўлмасдилар. Қудрат, илм, ҳикмат, адолат, раҳмат  ва … Аллоҳнинг сифатларидандир.

  Аллоҳнинг зоти чексиз бўлгани учун Унга оид сифатларайни зотига тенгдир. Бошқа сўз билан айтганда, Аллоҳ айни илмдир ва шунингдек, айни қудратдир ва ҳоказо

5. Аллоҳ сифатлари ҳақидаги изоҳлар;

Умуман олиб қараганда,барча сифатлар иккига бўлинади:

а) Ижобий сифатлар.в) салбий сифатлар.

  Донолик, гўзаллик, қудрат, адолат; бир сўз билан айтганда, камолотга далолат қилувчи барча сифатлар ижобий ҳисобланади.

  Бунинг муқобилида эса салбий сифатлар бўлиб, нуқсон ва камчиликсаналади. Масалан; зулм, ёлғон, нодонлик, жаҳл, нотавонлик, кўзга кўриниш, жисмга эга бўлиш, замон ва маконга бўйсўниш каби сифатлар. Аллоҳ таоло ҳамма ижобий сифатларнинг эгаси бўлиб, барча салбий сифатлардан пок ва муназзаҳдир. Қуръони Каримда Аллоҳнинг сифатлари зикр этилган.

6. Феълий сифатлар;

  Аллоҳ таоло сифатларининг яна бошқа бир тақсимоти мавжудбўлиб,улар қуйидагилардан иборат:
  а) Зотий сифатларв) Феълий сифатлар. Айрим сифатлар зотий бўлиб, ҳеч бир махлуқотни назарга олмаган тақдирда ҳам доимо ошкордир. Масалан; илм, қудрат, ҳаёт ва бошқалар.

  Лекин, Аллоҳнинг шундай сифатлари ҳам борки, фақат махлуқотларга нисбатан бўлган алоқасини назарга олган ҳолдагинааён бўлади. Бу сифатларга Розиқ (ризқлантирувчи), Холиқ(яратувчи), Раҳийм (раҳмли) Рабб (тарбияловчи), Илоҳ (сиғинишга лойиқ зот), Мурид (ирода соҳиби), Ҳаким (ҳикмат эгаси), Содиқ (ростгўй) ва шунга ўхшаш бошқа сифатлар киради.

7.Қазо ва қадар;

  Жаҳондаги барча ҳодисалар сабабият қонунига мувофиқ вужудга келади. Бунинг маъноси ҳеч бир нарса сабабсиз пайдо бўлмайди. Шубҳасиз, Аллоҳ бу қоидадан ташқаридадир. Зероки, У барча ҳодисалар ва мажудотларнинг сабабичи-яратувчиси бўлгани учун  мутлақ сабабчи деб номланган. Оламдаги барча нарсалар сабаблар тизмаси орқали охир оқибат аслий сабабчи, яъни Аллоҳнинг изну иродасига бориб тақалади. Аллоҳ ниманики ирода қилса, демак, ўша нарсанинг воқе бўлиши шубҳасиздир. Қамар сурасида;

كل شي خلقناه بقدر

  «Биз ҳар бир нарсани тақдири билан яратганмиз», деган сўзнинг маъноси, оламдаги ҳамма нарсалар Аллоҳнинг изни билан бўлади, барча воқеа ва ҳодисалар Тангрининг тузган сабабият қонунига бўйсунади.

8. Инсон ва ихтиёр;

  Инсон тарафидан амалга ошириладиган ҳар бир иш дунёдаги ҳамма ҳодисалар каби ўзининг сабабчисига узвий боғлиқдир. Чунки, инсон ҳам оламнинг бир бўлаги ҳисобланади. Инсон бир луқма нонни қўлга киритиш учун айрим нарсаларга чунончи, қўл, оёқ, оғиз, қудрат, истак ва бошқаларга муҳтождир. Ҳар бир иш амалга ошиши учун ўзига хос шарт-шароитлари ва шунингдек, Аллоҳнинг изну-иродаси бўлиши зарур. Бунинг маъноси, агар ҳамма шароит муҳайё бўлса, одам ўша ишни заруратанбажаради, дегани эмас, балкиинсон ихтиёр соҳиби бўгани сабабли ўз ирода ва истагига таяниб ишни бажариши ёки уни тарк қилиши мумкин. Ислом динининг янги пайдо бўлган даврларида икки катта оқим вужудга келади; бири жабрийлар ва иккинчиси эса мўтазила. Жабрийларнинг эътиқодича, инсон ҳеч қандай ихтиёрга эга эмас,балки уқилаётган ҳар бир амал фақатгина Аллоҳнинг иродасига асосланган бўлиб, инсон бажараётган ишида мажбур эканлиги уқтирилади. Мўтазила мазҳабининг ақидасига кўра, инсон мутлақо ихтиёр эгаси бўлиб, унинг бажараётган амалларида Аллоҳнинг изну иродасидахлсиздир. Бу иккала фирқа аҳли суннат ичидан келиб чиққандир.

  Юқоридаги оқимлардан буткул фарқли ҳисобланган Аҳли-байт мактабининг тарафдорлари эса Аҳли-байт таълимотларига асосланиб, «инсон ихтиёр эгасидир, лекин унинг ихтиёри мутлақ ва чексиз бўлмай, Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир.Зероки, одамзот борлиқнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, оламдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг иродасига узвий боғлиқдир», деган тушунчани кўтариб чиқдилар.

  Мазкур мактабнинг олтинчи имоми ҳазрати имом Содиқ (а.с) «жабр ҳам эмас, мутлақо ихтиёр ҳам эмас, балки бу иккисининг орасидир!», деб марҳамат қилганлар.

«На жабр ва на мутлақо ихтиёр» ақидаси мусулмонлар учун ҳаётданинг умид манбаидир. Шу боис, жабрга эътиқод қилганларнинг мафкурасига биноан, «пешанамиздагини кўрамиз», савоб қиласанми ёки гуноҳ, ҳар ҳолда жаннатий ёки дўзахий эканлигинг олдиндан белгиланиб қўйилган. Шундай экан, ҳаётнинг мазмуни йўқдек туюлади. Аҳли-байт мактабининг тарафдорлари бундайларга қарата шундай дейди: Дўзахий ёки жаннатий эканлигингнинг белгиланиши, сенинг қилган амалинг натижасидир. Шуҳасиз, Аллоҳ таоло илми азалийси билан бандаларининг охиратдаги оқибатини олдиндан билади ва бу илмида ҳеч қачон адашмайди. Лекин бунинг маъноси, Аллоҳ бандасидан танлаш ҳуқуқини олиб қўйди, дегани эмас. Акс ҳолда, жаннат ва дўзахнинг яратилиши фойдасиз бўлиб, бу эса Аллоҳ таолонинг ҳикматига зиддир.

  Булардан фарқли ўлароқ, «мўтазилийлар» инсонга шунчалик кўп ихтиёр берилдики, ҳатто бу йўлда ширкка йўл қўйдилар. Ахир Аллоҳнинг изнисиз бирор бир иш амалга ошмайди. Қандай қилиб бу ошкор ҳақиқатни инкор этиш мумкин?!

  Албатта шуни айтиб ўтиш керакки, кўпинча сиёсий можаролар исломдаги фирқаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Масалан; оддий халқни бўйсундириш учун «жабрия» оқимининг ақидаси ҳукмрон кучлар учун жуда қўл келарди. Иродасини қўлдан берган халқ ҳеч қачон ҳукмдорларга қарши оёққа туришга журъат қилолмаслиги аёндир. Тарихдан маълумки,доимоАҳли-байт мактабининг тарафдорлари зулм ва ноҳақликкақарши қатъий курашиб келганлар. Уларнинг шиори имом Ҳусайннинг шиорлари бўлиб, «ҳайҳот минназ зиллаҳ», яъни «зaлил ва хор бўлишга ҳеч қачон йўл қўймаймиз!» ёки «шарафли ўлим зиллатли ҳаётдан кўра афзалдир»

  Улар бутун тарих бўйлаб доимо зулму зўравонликка ва золим ва мустабид тузумга қарши курашиб келганлар.

Share

Check Also

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчи оятлар: Ушбу масалада мезон ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.