Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳияти (3)

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳияти (3)

 image(132587-698)Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

 Қудратли Аллоҳнинг сўзи бўлмиш Қуръони Карим золим ва ситамкорларни жазолаш муқаррарлигини эълон қилади:

«وَتِلْكَ الْقُرَى أَهْلَكْنَاهُمْ لَمَّا ظَلَمُوا وَجَعَلْنَا لِمَهْلِكِهِمْ مَوْعِدًا»

 «Ана у шаҳарлар (аҳолисини) зулм қилишгач, «ҳалокат» пайтларини аниқлаб, белгилаб ҳалок қилдик.» (Каҳф сураси, 59-оят)
  Барча диний раҳбарлар инсоният жамиятининг келажагига ишонч билан қарадилар, шунинг учун улар ҳаётда ўзларининг бош мақсадлари қилиб адолатни ўрнатдилар. Улар инсон ҳаёти тараққиётида нуқсонларни кўрганларида зулмкорларнинг ҳақсиз ҳаракатларига қарши кўтарилиб, ушбу нуқсонларни тузатишга уриндилар. Кўп ҳолларда улар зулмкорларни ағдариб ташлаб ғолиб чиқдилар.
  Қуръони Карим таълимотига кўра, одамларни зулмкорларга қарши курашга кўтаришда маънавий раҳбарларнинг ахлоқи муҳим омилдир:

«لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنْزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ »

  «Биз ўз элчиларимизни ҳужжат (муъжизалар) билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон туширдик.» (Ҳадид сураси, 25-оят)

 Исломнинг оммавий ва бош мақсади жамоа орасида умумий адолатни жорий этиш экан, у ўзига эргашганларга унвонлари ёки шахсий мулоҳазалари нима бўлишидан қатъий назар ўзаро ва бошқалар билан тўла адолат юзасидан итоат этишни буюради. Шунингдек, у одамларни ҳар қандай гуруҳларини ўз ҳуқуқларидан маҳрум қилишни ман этади.

«يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى»

   «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз; бир қавм (кишиларни) ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир.» (Моида сураси, 8-оят)
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) истибдодга қарши оёққа туриб адолатнинг ҳақиқий маъносини кўрсатиб берганлар. Мангу асрлар бўйи давом этадиган тарих саҳифаларида ушбу юксак зот ҳақидаги қиссалар ҳозиргача нур сочиб инсонларнинг қалбини ёритиб келмоқда.
  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) олий сифатлари ва гўзал феъл-атворлари билан бошқаларга ёрқин намуна бўлган инсонлардан бўлганлар. Ул ҳазрат азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суюкли неваралари, ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг фарзандлари эдилар. Имом Ҳусейн (алайҳис салом) Аҳли-Байт ғоясининг маънавий фазосида тарбия ва таълим олиб, камолотга етганлар. Имом Ҳусейн (алайҳис салом) оталарининг ушбу сўзларини доимо ёдларида сақлаганлар: «Инсон ўзининг ақли ва фикри билан гўзалдир.» Ул ҳазрат ушбу йўлдаги ҳаракатда иззат ва ифтихорнинг энг баланд чўққисига эришдилар.
   Аллоҳнинг буюк валийлари инсон учун иззатни энг муносиб сифат эканлигини таъкидлаб, таҳсинга сазовор ушбу сифатга эга бўлишни одамларга талқин қилишган.
Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нигоҳидан иззатга эга бўлган ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида доимо матонатли ва мағлубиятга учрамайдиган бўлади. Иззатли инсон эркин ҳаётни иқтидор ва шарофат билан танлайди ҳамда ўзини такомиллаштириб, юксалишларга эришади.
 Ул ҳазратнинг ақидаларига кўра, инсондаги гўзаликнинг нишоналаридан яна бири мол дунёга эътибор қаратмаслик ҳамда ҳавою ҳавасга берилмасликдир.
 Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бу борада буюрганлар:

  «Ер юзида қуёш нурлари остида кўзга кўринадиган ҳар бир нарса, шарқдан ғарбгача, денгиздан саҳрогача, тоғдан яйловларгача ва бошқа нарсалар художуй ва маърифат аҳли учун тез ўтгувчи соядир ва уларга боғланиб қолиш ярамайди… Эй халойиқ! Ўзларингизни ўтгувчи дунёга сотманглар! Сизга энг муносиб нарса жаннатдир. Мол дунё билан ўзини рози қилган киши Аллоҳ наздида энг паст нарсага рози бўлган кишидир!»

  Берилган маълумотлардан аён бўлмоқдаки, мусулмон бўлган кўплаб кишилар Исломнинг буюк пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг ворислари ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Имом Ҳусайн (алайҳис салом) каби улуғ шахсиятлардан таъсирланишган.
  Бугунги кунда ҳам инсонлар руҳий ташналикларини пок инсонлардан намуна олиш билан бартараф қилишмоқда. Кўплаб кишилар зўравон қудратларнинг тажовуз ва ишғолгарликлари қаршисида туришни, матонат, ҳақжуйлик ва иззатли бўлишни имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан ўрганишган.
 Ушбу тарихий эътиқодни Ливан насронийларининг ҳозирги замон адабиётида ҳам кузатиш мумкин.
 Хрестианларнинг шеър ва асарларида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қаҳрамонликлари ва ул ҳазрат бошлаган улкан ҳаракат кенг кўламда васф этилган.
 Ливанлик етук шоир ва адиб Булас Салома имом Ҳусайн (алайҳис салом)га бўлган меҳр ва ихлосини ўз асарларида маҳорат билан ифода этган. Унинг ёзишича:

  «Араб шоири, у хоҳ мусулмон бўлсин ва ёки насроний, Исломдан миннатдор бўлиши лозим. Чунки, унинг қалами Қуръон ёғдусидан илҳом олмас экан, фасоҳат билан ёзолмайди… Эҳтимол айримлар: «Нима учун бир хрестиан Ислом тарихини тарғиб қилмоқда?»,

деб эътироз қилишлари ҳам мумкин…

  Ҳа, мен хрестианман. Аммо қараш уфқлари кенг бўлган бир хрестианман. Ҳар вақт Али (алайҳис салом) ва унинг фарзанди Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаётларини эсласам, Ҳақ ёрдамининг алангаси ва адолатсизликка бўлган нафрат олови кўксимда кучаяверади.»

  Сурия аҳлидан бўлган хрестиан журналист ва ёзувчи Антуон Боро имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни бутун дунё аҳлига тааллуқли, деб ҳисоблайди ва ул ҳазратни «Ҳусайн динларнинг мангу гавҳари», деб номлаган. У шундай ёзади:

   «Ҳусайн (алайҳис салом) менинг қалбимдадир. Биз ҳар бир гўзал нарсани кўздан кечирганимизда маълум бўлдики, барча гўзалликлар Ҳусайн (алайҳис салом), Али (алайҳис салом) ва Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахсиятларида яширинган. Дамашқ шаҳрида барпо бўлган йиғилишларнинг бирида суриялик шоир Муҳаммад Рефоъий менга оид ажойиб бир иборани ишлатиб деган эди: «Антуоннинг дини насроний, ўзлиги мусулмон, ишқи шиалик ва тили арабчадир.» Гап шундаки, мен Ҳусайнни эъзозлайман, унинг инқилобий руҳининг шайдосиман.
«У душманлар қаршисида иззат, эркинлик ва ифтихорни айнан ҳис этиш билан биргаликда, хоксорлик руҳиясига ҳам эга эди. Ҳолбуки, ушбу хислатларни бир кишида кўриш мушкул.»

  Антуон Боро Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни йўлни ёритувчи ва нажот берувчи, Исломнинг чироғи ва ҳар қандай зиёнлардан дин ва эътиқодни ҳимояловчи сифатида Исломнинг қалқони, деб номлаган. Жозеф Ҳошим ҳам ўзининг қасидасида айтади:

   «Ширк ва фасод оламни қамраб олгани боис Аллоҳ таоло Аҳли-Байтни ўз бандаларини нажот бериш учун машъал янглиғ яратди ва улар ҳақиқатни умматлар орасида тарқатишди… Эй Фотима ва Алининг фарзанди! Бундан ҳам юқорироқ азамат ва юксаклик бормикан? Сен барча буюклик ва улуғликни мерос олгансан. Дунёнинг турли ранглари сени васвасага солмади ва алдолмади. Сен руҳ ва юксаклигингни қурбон бўлиш учун назр қилдинг…Агар сизлар бўлмаганда, Аллоҳнинг бирон-бир байроғи кўтарилмасди.
Сен фақат шиалар Имоми ва пешвоси эмассан, балки барча халойиқ ва бандаларнинг пешвосисан. Сен имон мавқеини баланд чўққиларгача олиб бординг ва инсон гўзаллигини кўрсатдинг.»

  Ливанлик ҳуқуқшунос ва ёзувчи Эдмонд Ризқ ҳам имом Ҳусайн (алайҳис салом)га доир кўплаб асарлар ёзган. У ўзининг бир мақоласида шундай ёзади:

  «Ҳижоздан Ироққа Али ва Заҳронинг фарзанди бошқариб борган карвондан бошқа дунёнинг бирон карвонига ҳамроҳ бўлишни орзу қилмаганман. Зеро у ўзини фидо қилиб, ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Фақат Аллоҳга таваккул қилиб, қиличига таянган Ҳусайн достонини ўқишдан олдин ҳеч вақт ўқ ва найза отишни истамаганман.»

  Эдмонд Ризқ фикрича, эркаклар ва уларнинг ҳимматлари ўртасида қарама-қарши истаклар мавжуд; Эркаклар ҳимматни яратишади ва ҳиммат уларни авжга чиқаради. Эй Ҳусейн, сеннинг чеҳрангни ифода этувчи ва замон чизиғида сенинг мавқеингни аниқлайдиган киши биладики, сенинг олий ҳимматинг фидо бўлиш учун эди. Сенинг қудратинг шундадир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.