Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Карбало ётган виждонларни уйғотди

Карбало ётган виждонларни уйғотди

 Меҳрибон ва раҳмли зот бўлмиш Аллоҳ таолога шукроналар айлаб, Аллоҳнинг энг азиз ва севимли бандаси ва пайғамбари Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига ва ул зотнинг Аҳли-Байтларига ва ҳақиқий саҳобаларига салому салавот йўллаб, ушбу мақоламизни сизга тақдим этамиз.

  Тарихий воқеаларга бой муҳаррам ойи жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис-салом) ва ул ҳазратнинг Карбало даштида шаҳодат жомини ичган ёронларини эслаш айёмидир. Маълумки, муҳаррамнинг 10-куни, яъни Ошуро кунида имом Ҳусайн (алайҳис-салом) Карбало даштида шаҳодат топдилар. Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга, мўмин ва мўминаларга ҳамдарлик изҳор этамиз.   Азадорлик маросими асосан мусибат кўрган кишиларга ҳамдарлик билдириш учун барпо этилади.

  Имом Ҳусайн (алайҳис-салом) инқилоблари шу даражада мусибатли ва қайғулики, мусулмонлар ўзларини ўша тарихий ҳодисага шерик деб билишади. Карбало шаҳидларига мотам тутиб, ўзаро бир-бирларига ва бу мусибатнинг асосий соҳиблари Исломнинг азиз ва улуғ пайғамбари Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларига тасалли берадилар. Имом Ҳусайн (алайҳис-салом)га азадор бўлишнинг ўзига хос хусусияти, унинг мусулмонлар орасида энг халқчил ижтимоий маросим сифатида ўтказилишидир.   Имом Ҳусайн (алайҳис-салом)га мотам тутиш илдизларини ул зотга бўлган чексиз муҳаббатдан қидириш керак. Бу буюк муҳаббат азадорлар қалбинининг туб-тубига сингган. Бу айёмда имом ҳазратларига бўлган меҳр-муҳаббат ва боғликликлари сабабли имом Ҳусайн (алайҳис-салом) учун шукуҳли бир тарзда азадорлик маросимини ташкил этишади. Бу нарса эса пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак ҳадисларининг амалдаги исботидир. Расулуллоҳ буюрадилар:

  «Ҳусайн(алайҳи-ссалом) шаҳодати мўминлар қалбида алангаланувчи ҳароратдир. Бу ҳарорат ҳеч қачон сўнмагай.»

  Ўзининг қадр-қиймати ва обрў-эътиборини билган ҳақталаб ва адолатхоҳ инсонлар имом Ҳусайн(алайҳи-ссалом)га эргашадилар. Улар ҳеч қачон замонанинг тақозосига, ҳукмрон гуруҳларнинг қудратига, душман лашкарларининг кўплигига эътибор беришмайди. Балки жабр-зулмга қарши, озодлик учун кураш йўлида иккилланмай қадам ташлашади. Муҳаррам ойи кириб келиши билан уларнинг қалбларида имом Ҳусайн (алайҳи-ссалом)нинг инқилобий ҳарорати жўш ура бошлайди.  

  Имом Ҳусайн (алайҳи-ссалом) ҳазратлари барча давру замонларга тааллуқли мужоҳиддир. Ул ҳазратнинг орзу-армонлари наслдан-наслга ўтиб, авлодлар қалбининг серҳосил заминини сероб айлайди. Бу орзу-армонлар қалбларда кўкарган озодлик, эркинлик, ҳақиқат, адолат ва ўзликни англаш каби ташна ниҳолларга ҳаёт бахш этади.  Имом Ҳусайн (алайҳи-ссалом) озодлик ва эрк йўлида ўлимга тик қарайдиган шаҳодатталаб мактабининг буюк муаллимидир. Имом Ҳусайн (алайҳи-ссалом) ва ул ҳазратнинг пок руҳларига саломлар бўлсин!  

  Бундан деярли бир йил олдин Ўрта Шарқ мамлакатларида зўравон қудратлар ва жаҳон босқинчиларига муте бўлган диктатор ҳокимларга қарши илк норозилик ҳаракатлари шаклланаётган пайтда, кўпчилик бу ҳаракатлар фақатгина миллатчилик ҳаракатларидир, деган фикрда эдилар. Аммо вақт ўтиши билан Тунис, Миср, Баҳрайн, Яман ва Ливия майдонларининг фазоси «Аллоҳу акбар» ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» садоларига тўлгач, исломий мамлакатлар улкан шаҳарларининг кўча ва майдонларида инқилобчи намозхонларнинг ададсиз сафлари тирбанд бўлган чоғи кузатувчилар бу норозилик ҳаракатларининг исломий эканлигини баралла айтишдан бошқа чора топиша олмади.  Исломий уйғониш, дарҳақиқат, Шарқ ва Ғарбнинг маънавий, сиёсий ва иқтисодий тажовузларига қарши бирлашган қудратли ҳаракатдир. Бир муддат бефарқлик ва сукут сўнгида яна Исломга қайтиш ҳаракати бўлган бу уйғониш кўпгина Исломий ҳаракатларни вужудга келтириб, янги шарт-шароитларни шакллантирди.  Бу янги вазият кутилмаган ҳолда юз берди. Зулм ва истибдод эгалари уни англаш ва унга қарши курашишда ожиз бўлиб, лолу ҳайрондирлар.  

  Бу ҳаракатнинг ички қадриятлари инсониятнинг илоҳий фитратига мос бўлиши билан бирга, моддий ўлчамлардан анча юксакдир.  Муаммоларга фақатгина Ғарбга хос моддий нуқтаи назардан қарайдиган киши учун янги вазиятлар мутлақо тушунарсиздир.  Исломий уйғониш ҳаракатининг яна бир хайрли натижаси шундан иборатки, бошқа динлар ҳам ўзларининг унутиб қўяётган ижтимоий ва сиёсий мавқеларини секин-аста тиклай бошладилар. Энг муҳими шуки, дин халқаро минбарларда муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди.  Бугунги кунда сиёсий Исломнинг «инқилобий Ислом» ва «Хумайний Исломи» истилоҳлари коммунизм, Шарқий блок, Ғарбий блок каби ибораларнинг ўрнини эгаллади.  

  Эндиликда жуда кўп таҳлилчилар исломий уйғониш ҳаракатининг омиллари ва илдизларини қидириш билан овора. Аммо бундай ҳаракатларни тўғри англаш учун мусулмонларнинг маънавий ва эътиқодий қарашларига таважжуҳ этмоқ даркор.  Эронда ғалабага эришган исломий инқилоб кейинги ярим аср давомида зулм ва адолатсизликка қарши қатъий курашнинг натижаларидан бири бўлса-да, аммо бу улуғ инқилоб қаҳрамонлик руҳи билан инсониятнинг ҳаётга нисбатан қарашларини ўзгартирган, тириклик фалсафасини янгича шарҳлаб, эрк, адолат ва инсоний қадрият ва юксакликни тасвир этган. Ушбу ютуқларнинг барчаси Ҳусайн ибн Али (алайҳимас-салом) барпо этган абадий жасорат ва довюраклик мактабининг самарасидир.

   Язид каби мустабид шахслар халқнинг ҳаётини зулм-ситам ила мотамсаро айлаган чоғи, имом Ҳусайн (алайҳис-салом) ҳазратлари инсониятни саодатли яшаш тарзига қайтариш учун Карбалонинг жасоратли ва мардона саҳнасини вужудга келтирдилар ва билиб туриб шаҳодат майдонига қадам қўйдилар.  Эрк, адолат ва озодлик учун олиб борилган бу инқилобий ҳаракатнинг натижасидан келиб чиққан таълимотга кўра, дин ва сиёсат бир-биридан ажралмаслиги, диндорлар жамиятнинг сиёсий ҳаётига бефарқ қарамаслиги ва элни обрў-эътиборли ҳамда муносиб яшаш тарзи томон бошлаш лозимлиги аён бўлади.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.